+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

26 Дек 2019

Менинг ёшимга етиб юринглар, - дейди 111 ёшли онахон Ўғилча момо.

Табаррук момоларимиз

"Қариси бор уйнинг - париси бор", дейдилар. Дарҳақиқат, кексалар - уйимизнинг кўрки, қалбимизни мунаввар қилиб тургувчи чироқ, беминнат дуогўйимиз, панд-насиҳатлари билан умримизни ёритгувчи қуёш, тажриба-ю маслаҳатлари билан ёшларимизга тўғри йўл кўрсатувчи йўлчи юлдуздир.

Марҳаматлик Ўғилча момо Шўрқишлоқ маҳалла аҳолисининг пиру бадавлат онахони, фахри ва маслаҳатгўйи. Табаррук онахон бу йил 111 ёшни қарши олди. Ўғилча момонинг 7 фарзанди, 45 та невараси, 80 та чевараси ҳамда 20 нафар эвараси бор. Невараси Мадинахоннинг айтишича, момо ёшига нисбатан анча тетик, гаплари бурро, хотирасидан нолийдиган эмас.

- Бувим биз невара-чевараларининг отларини бемалол айтиб бера олади. Кўзлари ҳам ўткир, оёқлари худога шукр, юради, таҳоратга ўзи бориб келади. Аммо, ҳали юздан ошганда чиқадиган тишлари чиққани йўқ. Бувим ҳар замон-ҳар замонда тиш чиқаяптими, йўқми деб, оғизларини текшириб турадилар, - дейди кулиб Мадинахон.

Ўғилча момо Шўрқишлоққа 16 ёшида келин бўлган. Турмуш ўртоғи Абдурайим ота билан узоқ йиллар бахтли-саодатли умр кечирди. Биргаликда 2 ўғил, 5 қизни тарбиялаб вояга етказдилар, уйлаб-жойладилар. Энг кенжа фарзанди Холисхон ҳам бу йил 55 ёшга тўляпти.

- У пайтлар турмушга эрта узатишарди, - эслайди момо. - Яхши ўқирдим. Шеърлар ёдлардим. Шундо-о-о-қ, мактабни битирар-битирмас, турмушга узатилдим. Биргаликда жамоа хўжалигида ишладик. У кишим раис, мен бригадада ошпаз бўлганман. Ҳам жамоа хўжалиги аъзоларига овқат пиширардим, ҳам шийпонда бола боғчалик қилардим. Одам етишмаса кетмон ҳам чопардим. Хуллас, ёшлик умрим далада, меҳнат билан ўтган. Кейин мактабда фаррошлик қилдим. Абдурайим тоғангиз эрта ўтиб кетди. Пешонамга узоқ умр кўриш, ҳозирги дориломон замонларга етиб келиш ёзилган экан-да. Бўлмаса, нон-авлиё, ош-пайғамбар бўлган не-не замонларни кўрмадим, дейсиз.

Жисмоний фаоллик узоқ умр кўриш ва кексалик гаштини суришнинг кафолатидир. Ўғилча момо узоқ умр кўришининг сирини фаол турмуш тарзида, ҳалол меҳнатда деб билади.

Аслида ҳам бутун умр давомида меҳнат қилиб, фарзандларини тарбиялаб, ватаним деб яшаётган ҳар бир инсон кексайган кунида ҳурмат-иззат кўришга ва эъзозланишга муносиб ва лойиқдир. Ўғилча момо ҳам жорий йилда ҳукуматимиз томонидан "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.

- Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор, - дейди Ўғилча момо. - Шукрки, тўқчилик, фаровон ҳаётга эришилган кунларни ҳам кўрдим. Дуо билан эл кўкаради, дейдилар. Қани, қўлларингни очинглар, бир дуо қилай: юртимиз тинч, дастурхонларимиз барокатли бўлсин. Ҳамманглар менинг ёшимга етиб юринглар. Қўшганинглар билан қўша қаринглар. Меҳнат қилиб, роҳатини кўриш, пиру бадавлат бўлиб юриш насиб этсин, илоё.

Кексалар оиланинг устунидирлар. Шундай экан, устунларимиз-кексаларимизни эъзозлаб, бу дунёда уларнинг қадрига етиб яшайлик.

 

Муаззам СОБИРЖОН қизи.