+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

14 Нояб 2019

Тўй-маъракаларни ихчам, ортиқча олди-бердиларсиз ўтишига отинойи масъул бўлиши керак

Бизнинг суҳбат

Отинойи - илм, одоб-аҳлоқ, маънавият тарғиботчиси. У ўзининг диний, дунёвий билими, олиб бораётган хайрли ва эзгу амаллари билан юртдошларимиз ўртасида яхшилик уруғларини сочаётган жамиятимизнинг энг илғор вакилларидан биридир. Бугунги кунда маҳаллаларимизда маънавий муҳит барқарорлигини, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси, аҳоли, айниқса, қиз-аёлларимиз маънавиятини юксалтириш, уларнинг фаоллигини оширишда отинойиларнинг алоҳида хизматлари бор.

Вилоятимизда иш олиб бораётган отинойилар фаолияти, уларнинг жамиятдаги ўрни ва роли хусусида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Андижон вилоят вакиллиги, вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар ишлари бўйича ёрдамчиси, вилоят бош отинойиси Шоирахон Қосимова билан суҳбатда бўлдик.

- Айтингчи, бугун отинойилар зиммасига қандай вазифалар қўйилган? 

- Аёлларимиз азал-азалдан қизларни бекаликка тайёрлаш, диний, маърифий билимларини бойитиш, ёшларга одоб-ахлоқ беришда отинойиларга мурожаат қилиб келган. Отинойилар Қуръонни тавжид билан ўқиш, тафсир, ислом дини арконларини билиш билан бир қаторда, юксак одоб-ахлоқ соҳибаси ҳам бўлганлар. Бугунги кунда хам уларнинг зиммасига диний қадриятларни ривожлантириш билан бирга, халқ фаровонлиги, оилалар тинчлиги, фарзандлар тарбияси, қўни-қўшниларнинг ўзаро аҳиллигини, оилада, маҳаллада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, қизларни оилага тайёрлаш, эрта никоҳларнинг олдини олиш каби қатор масъулиятли вазифалар қўйилган. Айни кунда вилоятимизда фаолият юритаётган 488 нафар расмий, 256 нафар норасмий отинойилар зиммаларидаги ана шу ва бошқа вазифаларни сидқидилдан адо этиб келмоқда.

- Олиб борилаётган    тарғибот ишлари ҳақида тўхталсангиз ва бундан кўнглингиз тўляптими?

- Отинойиларимиз томонидан хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла мутасаддилари билан ҳамкорликда ёшлар тарбияси, оилалар тинчлиги ва мустаҳкамлигини таъминлаш, миллий, диний қадрият ва урф-одатларимизни сақлаш, опа-сингилларимизнинг диний-маърифий билимларини оширишга қаратилган тарғибот ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.

 Фаолиятимизда муҳтарам Призидентимизнинг "Миллий тикланишдан, миллий юксалишгача" ғоясини ўзимизга шиор қилиб олганмиз.  Тарғибот ишлари маҳаллалардаги кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган онахонлар, маҳалла фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакилларилари билан биргаликда олиб борилмоқда. Айтиш жоизки, ўзига хос оилавий муносабатларнинг шаклланиши, фарзанд тарбияси, оила камолоти сингари кўплаб масалаларда отинойилар зиммасида улкан масъулият ва вазифалар борки, улар чиройли тарзда адо этилмаса, оила ҳаётининг изга тушиб кетиши, маҳаллада, оилада    маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш анча оғир кечади. Шу боис ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тадбирлар таъсирчанлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида  маҳаллалар, шунингдек, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида 2 мингдан ортиқ учрашув, давра суҳбатлари ўтказилди.

Тўғри, кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бироқ бу билан тўхтаб қолмаслигимиз зарур. Чунки хали айрим соҳа ва йўналишлардаги натижаларимиз кўнгилдагидек эмас. Шу маънода бугунги фаолиятимиздан тўла қониқиш ҳосил қиляпман, деб айта олмайман.

- Шоирахон опа, отинойи сифатида оилавий муносабатлар қандай бўлиши керак деб ҳисоблайсиз?

- Оилавий муносабатлар хусусида муқаддас Қуръони каримда, ҳадиси шарифларда ва бошқа диний китобларимизда аниқ ва тиниқ баёнлар мавжуд. Лекин мен бугунги ҳаётимиздан келиб чиқиб, отинойилар биринчи навбатда оилада аёлларга, фарзандларга оила бошлиғини, эркакни ҳурмат қилишни тушунтириш зарурлигини алоҳида таъкидлайман. Оилада эркакларни ҳурмат қилиш, улар хонадоннинг раҳбари эканлигини ва фикри доимо биринчи ўринда инобатга олиниши ва бажарилиши лозимлигини уқтиришимиз керак. Чунки айрим оилаларда эркакнинг ҳурмат топмаганлиги учун миллий, диний қадриятларимизга путур етмоқда, тарбия мезонларимиз қайсидир даражада таназзулга юз тутмоқда. Буни биз эрининг гапига эътиборсиз қараётган аёллар отасининг фикридан, гапидан қўрқмайдиган қизларнинг ўзбошимчаликка йўл қўйишида кўряпмиз. Бундай ҳолат вақтлар ўтиб, маънавиятимизда, тарбиямизда тузатиб бўлмас хатоларни келтириб чиқариши мумкин.

- Тўй-маъракалардаги дабдабабозлик, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олиш ҳақида қанча кўп гапирилаётганлигига қарамай, бугун бу иллат барҳам топаётгани йўқ. Кўпчилик ана шу иллатлар аёллар томонидан содир этилаётганлигини таъкидламоқда. Сиз бунга нима дейсиз?

- Тўғри, кўп ҳолларда ана шундай иллатларнинг урчиб кетишига аёлларимиз сабаб бўлаётгани бор гап. Лекин шу ўринда мен бир нарсани алоҳида таъкидлашни истар эдим. Миллатимизда оила бошлиғи эркак ҳисобланади. У тўй-маъракаларда бу каби иллатларга йўл қўймаслиги, аёлини ўз измига солиши лозим. Мазкур масалада эрнинг айтганига итоат қилгувчи аёл шубҳасиз, мулоҳазали аёлдир. Юқоридаги каби иллатларнинг олдини олишда кексалар, кўпни кўрган онахонлар, фаол аёллар, айниқса, отинойилар томошабин бўлиб турмасликлари керак, бунга йўл қўяётган аёлларга нисбатан кескин чоралар кўриш лозим.

Афсуски, бугунги кунда айрим кишилар тўйни кўз-кўз қилиш, бойлигини, бошқалардан ўзининг устунлигини кўрсатишга уринмоқдалар. Бу жуда ҳам ачинарли ҳол. Кибрга берилиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш исломда ҳам, инсонийликда ҳам қораланади. Айримлар "Тўйнинг ортиқча удумлари, сарф-харажатлари аёллардан чиқади" деб ҳамма айбни аёлларга ағдаришади. Бу фикр бир томонлама айтилган фикр. Юқорида айтганимдай, эркак тўйнинг бошида туриб, аёлига гапини ўтказа олмаса, кераксиз сарф-харажатларнинг олдини ололмаса нима қилиб юрибди? Эркак киши оиланинг устуни бўлиб, аёл кишини йўлга солиши керак.

Шу ўринда тўй-маракларни ихчам, ортиқча олди-бердиларсиз ўтишига отинойилар ҳаммадан кўра кўпроқ масъул эканликларини унутмасликлари керак.

 - Отинойиларнинг хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фаоллари, мутахассислари билан ҳамкорлиги қандай йўлга қўйилган?

Вилоятимиздаги барча отинойилар кенг кўламли тарғибот ишларини олиб боришда хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фаоллари, мутахассислари билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Чунки фаолиятимиз бевосита улар билан боғлиқ. Ана шу ҳамкорлик асосидаги ишларимиз ижобий самаралар бермоқда. Жумладан, парокандалик ёқасида турган жуда кўп оилалар тикланди, ажримларнинг олди олинди, шаръий никоҳ асосида яшаётган оилаларнинг никоҳлари расмийлаштирилди, тўй ва   бошқа маросимларнинг ихчам, камчиқим ўтказилиши йўлга қўйилди.

Ана шу ҳамкорлик бундан буён ҳам давом этттирилади ва янада мустаҳкамланади.

- Отинойиларнинг билим, тажриба ва малакасини ошириш бўйича нима ишлар қилинмоқда?

- Тараққиёт жадаллик билан ривожланиб бораётган бугунги давр отинойилардан ҳам билим, малака ва тажрибасини мунтазам ошириб боришни тақазо этади. Ана шундан келиб чиқиб, отинойиларимиз нафақат диний, балки дунёвий билимларни ўрганиш билан бирга, жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги жараёнлар билан ҳам яқиндан танишиб боришга ҳаракат қилдмоқда. Агар у бундай йўл тутмаса, замондан орқада қолиб кетади, фаолиятини самарали юрита олмайди. Қолаверса, уларга мурожаат қилган оилаларга, аёл ва қизларга тўғри йўл кўрсата олмаслиги мумкин. Шу боис, отинойиларимизнинг билим ва малакасини янада бойтиш мақсадида яқинда 72 соатлик ўқув курси ташкил этилди. Курс машғулотларида диний, сиёсий, умумкасбий мавзуларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, имом-хатиблар, қайноналар мактаби билан биргаликда касбий малака ва тажрибаларини ошириш бўйича семинарлар ҳам мунтазам ўтказиб борилмоқда.

 - Фарзанд тарбияси ва оилавий ажримлар борасидаги муаммоларни бартараф этишда кўпроқ нимага эътибор бериш лозим?

Фарзанд тарбияси, ёшларни ёт ғоялар, турли иллатлар таъсиридан асраш, адашганларни тўғри йўлга қайтариш, уларни жамиятнинг фаол аъзоларига айлантириш масалалари отинойиларнинг доимий диққат-эътиборидаги масалалардир.

Дарҳақиқат, биз бугун маҳаллаларда, оилаларда бўлганимизда мамлакатимизда олиб борилаётган одилона сиёсат, осойишталикнинг қадри, халқимизга яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар ҳақида ёшларга кенг тушунча бериш билан бирга, тўғри йўлдан     адашганларга, уларнинг оила аъзоларига ислом динининг мақсади тинчлик, эзгулик эканлигини ҳаётий мисоллар ёрдамида, асосли қилиб тушунтириб беришимиз зарур. 

Ёшларга диний таълим бериш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Айрим ота-оналар ўз фарзандларини чаласавод мулланинг қўлига топшириб қўймоқдалар. У болани ўқитаман, деб ўзидан ҳам гумроҳга айлантирмоқда. Оқибатда билимсиз бола диний оқим тарафдорларининг тайёр ўлжасига айланмоқда.

Сир эмаски, бугун ажримлар бизнинг энг оғриқ нуқталаримиздан бири бўлиб турибди. Назаримда кейинги пайтларда йигит-қизларимиз ҳаётга енгил-елпи қарашадими, ёки биз катталар тарбияда хатога йўл қўйяпмизми, ёш оилалар ўртасида ўзаро келишмовчиликлар кўп учрамоқда. Биласиз, бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетади. Албатта бу можаролар оила муҳитига, ўртадаги муносабатлар совуқлашишига сабаб бўлади. Ёш йигитларимиз никоҳнинг муқаддаслиги, идданинг нималиги, талоқ ҳақида тушунчага эга эмаслар. Талоқ сўзи оғизларидан осонликча чиқиб кетаверади. Менимча, оилаларни мустаҳкамлаш учун нафақат қизларни, балки йигитларни ҳам турмушга тайёрлашимиз лозим. Бунинг учун мутасаддилар, айниқса, отинойилаимиз ёшлар билан кўпроқ мулоқотда бўлишлари керак.

- Отинойилар фаолиятини янада самарали бўлиши учун уларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

Отинойи номига муносиб бўлиши учун одамлар ишончини оқлаши, юришда-туришда, илму урфонда барчага ибрат бўлсинки, ҳамма унга ҳавас қилсин, эргашсин.

Отинойилар энг аввало, ўзининг, яқинларининг оилалари тинчлигини сақлаб бошқаларга намуна кўрсатиши, кўп китоб, газета ўқиши, билимларини доимий ошириб бориши, муносабатда хушмуомала, юксак     маънавиятли бўлиши, ортиқча хашамдор кийимлар киймаслиги мақсадга мувофиқ. Янада муҳими, ишлашдан, изланишдан тўхтаб қолмаса, одамлар билан доимий мулоқотда бўлса, шубҳасиз , унинг фаолияти янада самарали бўлади.

- Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА суҳбатлашди.