+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

17 Окт 2019

Мактабгача таълим-тарбия сифати мутахассисларнинг билим ва малакасига боғлиқ

Мутахассис минбари

Фарзанд - инсонга ато этилган энг олий неъмат. Жажжи чақалоқнинг дунёга келиши хонадонларга қувонч, оилага бахт олиб келади, келажакка бўлган ишонч ва умидни мустаҳкамлайди. Чунки, фарзанд - ҳаётимиз гултожи, наслимиз давомчисидир.

Ҳаётимиз мазмуни бўлган фарзандларимиз тарбияси эса ҳамма нарсадан устун. Шундай экан, бугун дилбандларимизнинг униб-ўсишига, айниқса, уларнинг мактаб давригача бўлган тарбиясига алоҳида эътибор қаратишимиз ниҳоятда муҳимдир. 

Боланинг ўсиши ва ривожланиши узлуксиз давом этадиган жараён. Бу жараёнда у мустақилликка ўргатиб борилади. Эндигина тетапоя қилиб қадам қўйишни, юришни ўрганган бола қўлини қўйиб юборишни хоҳлайди. Тили чиқиб гапиришни ўрганиши билан унинг тарбиясида янги давр бошланади. Умуман, болаликнинг ҳар бир даври ривожланиш хусусиятлари ва эҳтиёжларига кўра ўзига хос босқичларга бўлинади. Боланинг мактабгача бўлган даври эса унинг тарбияси, дунёқарашининг шаклланиши ва камолотида муҳим давр ҳисобланади.

Шу боис ҳам мамлакатимизда болаларнинг мактабгача бўлган даврдаги таълим ва тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан,  Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги "2017 - 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва унинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжат асосида болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий дастур ва технологияларни татбиқ этиш, болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.

Агар фактларга мурожаат этадиган бўлсак, 2018 йил бошида вилоят бўйича жами 451 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритган бўлиб, бола қамрови 27,7 фоизни  ташкил этган бўлса, соҳага қаратилаётган эътибор туфайли бугунги кунга келиб, мактабгача таълим ташкилотларининг сони 900 тадан ортди. Натижада болаларнинг мактабгача таълимга қамрови 45 фоизга етди.

Мактабгача бўлган даврда боланинг ахлоқий тушунчалари қатъийлаша боради. Ахлоқий тушунчалар манбаи сифатида, уларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланаётган ота-оналар, тарбиячилар, шунингдек, тенгдошлари ҳам бўлиши мумкин. Ахлоқий тажрибалар асосан мулоқот, кузатиш, тақлид қилиш жараёнида, шу билан бирга, катталарнинг айниқса, ота-онанинг мақтови ёки танқидлари таъсирида ўтади ва мустаҳкамланади. Бола доимо баҳо, айниқса, мақтов олишга ҳаракат қилади. Ана шу баҳо ва мақтовлар боланинг муваффақиятга эришишга бўлган ҳаракатларининг ривожланишида, унинг шахсий ҳаёти, илм олиши, касб танлашида муҳим аҳамият касб этади.

Мактабгача ёшдаги болалар учун катталар берадиган баҳолар жуда муҳимдир. Болалар биринчи навбатда, маънавий-ахлоқий меъёр ва қоидаларини, ўз мажбуриятларига муносабат, кун тартибига риоя этиш, уй ҳайвонлари ёки бошқа жониворлар билан муомала қилиш кўникмаларини эгаллайдилар. Боғча ёшининг охирларига келиб, кўпчилик болаларда аниқ бир ахлоқий қарашлар, шунингдек, одамларга муносабат билан боғлиқ бўлган шахсий сифатлар шаклланади.

Биламизки, боғча ёшидаги болаларнинг онги турли-туман ўйинлар орқали ўсиб боради. Шу боис ҳам мактабгача таълим ташкилотларида машғулотлар, умуман, таълим-тарбия жараёнлари кўпроқ ўйинлар шаклида олиб борилиши яхши самара беришини асло унутмаслик лозим. Бу билан болаларнинг фикрлаш, ўзини мустақил тутиш қобилятлари ўсиб боради. Бу эса ўз навбатида болаларнинг ҳаётий таассуротлари бой, тафаккури ранг-баранг бўлишини таъминлайди.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, эртаклар - боғча ёшидаги болалар тафаккурининг ривожланишига фаол таъсир қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Болалар ҳайвонлар ҳақидаги турли эртакларни эшитганларида шу эртаклардаги образларни тасаввур қиладилар, уларга нисбатан маълум муносабатлари юзага келади,

Унутмайликки, боғча ёшидаги болаларда ёқимли ва ёқимсиз ҳис-туйғулар алмашиб туради. Бу беқарорлик бола органик эҳтиёжларининг қондирилиши ва қондирилмаслиги билан боғлиқ. Бу эҳтиёжларнинг қондирилмаслиги сабабли болада нохушлик, норозилик, изтиробланиш туйғулари юзага келади. Болалар билан бевосита ишлайдиган тарбиячилар мана шу нозик жиҳатга алоҳида эътибор қаратишлари лозим.

Мактабгача таълимнинг мақсади,  бола шахсини соғлом ва етук, шу билан бирга, мактабга тайёрлаган ҳолда     шакллантиришдир. Таълим-тарбия қанчалик эрта бошланса, унинг  самараси шунчалик эрта намоён бўлади ва инсоннинг бутун ҳаёт тарзига ижобий таъсир қилади.

Мухтасар айтганда, бола тарбияси билан шуғулланувчи мутахассис, ҳар бир тарбиячи энг аввало ўз ишининг билимдони, юксак маҳорат эгаси бўлиши лозим. Улар томонидан берилган тарбия ёш авлод хатти-ҳаракатида, дунёқарашида акс этади. Ҳар томонлама ривожланаётган мурғак инсон ўзи ишонган, яхши кўрган ва ўхшашни истаган кишисига тақлид қилади. Унинг юришидан бошлаб, гапириш оҳангги, ҳатто кўз қарашларигача ўхшатишга уринади. Биз соҳа мутахассислари фаолиятимизни илғор усуллар асосида самарали олиб борсак, шубҳасиз, биз тарбиялаётган ёш авлод ҳар жиҳатдан етук инсонлар бўлиб камол топади.

Саидахон ХОДЖАЕВА,

Избоскан туманидаги

7- мактабгача таълим

 

ташкилоти мудираси.