+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

03 Окт 2019

Ҳақиқий устоз - соҳили йўқ уммонга ўхшайди

Бу шарафли касбга бўлган меҳр Гулнора Ибрагимовага онасидан ўтган. Онаси Санобархон ая узоқ йиллар Андижон шаҳридаги 30-умумтаълим мактабида дарс берган, нафақага чиққач ҳам шогирдлари аянинг мактабни тарк этишига қўймай, ҳамиша унинг тажрибасини ўрганиб, маслаҳат олиб турардилар.

Кичкина қизалоқ учун ўқитувчилик - сеҳрли, мўъжизавий олам эди.

- "Касбимиз жуда машаққатли, бошқа соҳадагилар ишдан сўнг дам олса, ўқитувчи уйида ҳам ишлайди, дафтар текширасан, конспект ёзасан, қолоқ ўқувчилар билан шуғулланасан, ҳозирги болалар анча шўх, эркин, асабларинг тугайди, дадангга ўхшаб шифокор бўлақолсанг-чи?!", - маслаҳат берди онаси. Аммо, Гулнора ҳам, укаси Шомирзо ҳам аҳдларида қатъий туриб олишди.

Гулнора Андижон давлат тиллар педагогика институти (ҳозирги Андижон давлат университети хорижий тиллар факультети)да таҳсил олди. Институтнинг энг олди талабалари қатори ўқишни муваффақиятли тамомлади. Педагогик фаолияти давомида Андижон шаҳридаги 8-, Андижон туманидаги 18-умумтаълим мактабларида ишлади. Мана, 22 йилдирки Андижон шаҳридаги  4-умумтаълим мактабида рус тили ва адабиёти фанидан ўқувчиларга сабоқ бериб келмоқда.

- Ҳақиқий устоз - соҳили йўқ уммонга ўхшайди. Ундан чексиз хазина ва бойликларни топиш мумкин, -  дейди Гулнорахон Ибрагимова. - Устоз бўлиш учун одам энг аввало, ўзини тарбиялаши лозим. Шу туфайли ҳар қандай устоз ўз ишини ўзига устозлик қилишдан бошлаши керак. Ҳар бир инсон, аввало ўзига устоз, ўзига шогирд бўлиши лозим. Устозликни ҳис қилмаган киши устознинг қадрига етмайди.

Гулнора опа узоқ йиллик тажрибаси давомида  қўрс табиатли, тарбияси оғир, турфа феълли болалар билан ишлашга тўғри келгани, бир ўқув йилида 2 та синфга раҳбарлик қилгани, ўқувчиларига дўст тутингани, юзлаб   шогирдлар чиқаргани ҳақида гапирар экан, ўқитувчилик - фидоийлик, устоз ҳаёти - ибрат мактаби бўлмоғи лозимлигини таъкидлади.

- Ўқитувчи бўлганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман, - давом этади муаллима. - Тўғри, биз ўқитувчилар қадри арзон бўлган даврларни ҳам бошдан ўтказдик. Дала ишларими, ободончиликми, ҳаммасига биринчилардан бўлиб, ўқитувчилар сафарбар этиларди. Соҳанинг машаққатини чекмай туриб, роҳатини тотмайсан. Сабр қилдик, мактабни ташлаб кетмадик. Муҳтарам Юртбошимиз шарофати билан кўксимизга шамол тегди. Яратганга шукр, ўқитувчи яна элда азиз бўлди. Ойлик маошларимиз кўтарилди. Президентимиз "ўқитувчи фақат ўз иши билан шуғулланиши, ўқувчиларга таълим-тарбия бермоғи лозим" деганларида, хурсандлигимдан йиғлаб юборганман. Устозлари улуғланган шундай юртда яшаётганимдан ва айниқса, ўқитувчи бўлганимдан фахрланиб кетдим.

Гулнора опанинг ўқувчилари орасидан шифокорлар, инженерлар, ўқитувчилар, солиқ хизматчилари, ички ишлар ходимлари, таржимонлар етишиб чиққан.  Ҳар йили 1 октябрда устознинг қўйни гулларга, кўнгли хурсандчиликка, куни тилакларга тўлиб кетади.

- Ўқувчиларим доскаларга тилаклар ёзишади, синф хонасини безаб, "сюрпризлар" уюштиришади. "Ҳам устозимиз, ҳам онамизсиз", деб мени "йиғлатишади". Бундай бахтни берган касбни севмай, ардоқламай бўладими?

Муаллиманинг оиласини ўқитувчилар сулоласи дейиш мумкин. Қизлари Зулайҳо, Меҳрихонлар ҳам онаси изидан бориб, педагогликни танлашган. Гулнора опа бир қучоқ набираларнинг маърифатпарвар бувижониси, болаларнинг эртакчи момоси бўлиб юришни, ўқувчиларининг ютуғи, камолини кўришни орзу қилади. Биз ҳам унинг бу эзгу ниятлари ижобат бўлишини тилаб, дуога қўл очамиз.

 

Муаззам СОБИРЖОН қизи