+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

25 Июль 2019

Эркакшодалик аёл кишига ярашмайди ёхуд нима учун аёллар қўполлашиб бормоқда?

Дам олиш куни рўзғорга ул-бул харид қилиш учун бозорга боргандим. Ҳаво ўта иссиқ. Ҳамма ўзини соя-салқин жойга, салқин ичимликларга урмоқда. Эндигина бозорга кирмоқчи бўлиб тургандим, газ сув сотиладиган жойдан бақир-чақир, шовқин эшитилиб қолди. Беихтиёр қарадим. Газ сув сотиб ўтирган сотувчи аёл бола етаклаб олган жувонни куракда турмайдиган гаплар билан шунақанги ҳақорат қилардики, очиғи, унинг сўкинишларини эшитиб ёнимдаги эркаклардан уялиб кетдим. Жувон ҳам сотувчи хотиннинг ҳақоратига жавобан "ўзинг шунақасан" дея боласини етаклаб кета бошлади.  Сотувчи эса тутақиб, жувоннинг адабини бериб қўйиш учун ортидан югурди. Яхшиям, шу атрофда участка инспекторлари айланиб юрган экан. Йўловчи аёлни шаллақи хотиннинг чангалидан қутқариб қолишди.Шунда ҳам сотувчи аёл тинмай сўкинар, болали жувонни уриш учун орган ходими қўлидан юлқиниб чиқишга уринарди.

Атрофга бирпасда тумонат одам тўпланди. Ҳамма томошани қизиқиб кузатар экан, бўлиб ўтган воқеани ўзича муҳокама қилар эди: Болали жувон газ сувнинг сифатига эътироз билдирибди. Сотувчининг бундан жаҳли чиқиб, стакандаги сувни аёлнинг оёқлари остига сочибди...

Астағфуруллоҳ! Аёл минг қилса ҳам аёл-ку. У ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини босиши, кўчада, бунинг устига бегона эркаклар кўз олдида шундай шармандали томошани кўрсатмаслиги керак эди.

Иш билан кўча-кўйда, бозорларда юрганимда айрим қиз аёлларнинг шанғиллаб гапириши, баланд овозда кулиши, сал нарсага уришиб кетиши, аёл кишига хос бўлмаган сўкинишларини кўриб хайрон қоламан. Мени қийнайдиган жиҳат - бу каби  ҳолатларга одамларнинг муносабат билдирмасдан ўтиб кетавериши, ёки шунчаки томошабин бўлишидир. Баъзан, аёллар уришаётганда томоша қилгани етмагандек, уларни телефонида суратга ё видеога олаётган эркакларни кўриб хафа бўлиб кетаман.

Муқаддас Қуръони каримда "аёллар эрлари, ота ва ака-укаларига омонатдирлар", дейилган. Эркак киши олдида аёл киши паст овозда гапириши, сўкинмаслиги ва ҳатто тик боқмаслиги ҳақида айтиб ўтилган.

Тарбия оиладан, маҳалладан бошланади. Яқин йилларгача қиз бола вояга етгач, отаси, ака-укасидан ҳам ўзини тортар, ибо-ҳаё қилар эди. Синфдош йигитлар, маҳалла ўғил болалари билан бирга ўйнаб катта бўлган шўх-шаддот қизчалар ҳам балоғатга етиш даврида уялиб ўзларини обқочар, гаплашиб туришдан уялар, андиша қилар эдилар. Йигитлар ҳам маҳалланинг қизларини ўз сингилларидай ҳимоя қилишарди. Қиз боланинг шаънини ҳимоя қилиш чексиз ғурур, ор эди улар учун. Аммо ҳозир-чи?

Ўша ор, ғурур қаерда қолди? Нега айрим йигитлар, эркакларимиз қўшни қизлар у ёқда турсин, оиласидаги опа-сингилларини кўчага чиқиб кетиши, маҳрамсиз чет давлатларда юриши, пул топиш, тирикчилик важидан ўзини ҳар кўйга солиши, энг муҳими, аёллардан ҳаё пардаси кўтарилиб, дағаллашиб боришини жим кузатаяптилар.

Кўча-кўйдаги одобсиз, очиқ-сочиқ кийинган аёл қизларни отаси, ака-укалари бўлмаса маҳалла-кўй бор-ку. "Менинг опам ё синглим эмас-ку, менга нима?", демасдан панд-насиҳат қилиш, уларни йўлга солишга ҳаракат қилиш керак эмасми?

Баъзан, айрим бозорчи аёлларни (ҳа-ҳа, айрим деяпман, чунки "беш қўл баробар эмас") мана шундай қўпол, арзимаган гап-сўзни ҳам кўтаролмайдиган асабий бўлиб қолганини кўрамиз. Яхшилаб ўйлаб қаралса, унинг бундай ҳолга тушишига етишмовчилик, атрофдаги муҳит, яшаш учун кураш, рақобат сабаб бўлади. Суриштириб кўрсангиз, бундай аёлнинг ё эри йўқ, ёки эри уйда ўтирадиган ишсиз. Табиийки, бундай аёл бола-чақасини боқиш учун кўчага чиқади. Тирикчилик ташвишида ўзини минг бир кўчага уради. Чунки, рўзғорининг камини тўлдириши, болаларини боқиши керак. Бу йўлда у турфа одамларга дуч келади, ҳар бири билан муомала қилиши, рақобатни енгиб ўтиши лозим. Турган гапки, ҳаётда ҳамма нарса силлиқ кетавермайди. Аёл чорасизликдан тушкунликка тушади, кўп ишлаб, кам дам олганидан асабийлашади, эркак кишининг ролини бажараётганидан эркак кишидек ишлаб, худди эркакдек фикрлайди. Шундай бўлганидан кейин,  назокату нафосат, ҳалимлигу мулойимлик борасида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. 

Рўзғорида ками бўлмаса, аёл беҳудага кўчага чиқмайди. Болаларининг егани овқати, кийгани кийими бўлса, аёл мусофирчиликда тентирамайди.  Рўзғорни эркак тебратадиган соғлом муҳитли оилада аёл киши ҳеч қачон пул топиш учун ўзини ўтга-чўққа урмайди.  Минг афсуски, ҳозирда рўзғор юкини эркаклардан кўра кўпроқ аёллар ўз бўйнига оляптилар. Рўзғорни бекам қилиш учун баъзан аёллар жиноят йўлига ҳам кириб қолмоқда.

Белида белбоғи бор, ориятли ака-укаларимиз - ўзбек йигитлари "бу менинг аёлим, синглим ёки қизим эмас, менга нима?", дейиш ўрнига "ҳар бир ўзбек қизининг елкасида миллат ғурури турибди", деган фикрда бўлишлари,  ўз опаси ё синглисидай кўриб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиши, аёллар билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатга бефарқ бўлмасликлари керак.

Ҳар бир аёлга меҳр, эътибор керак.  Оилада соғлом муҳит бўлиб, отанинг роли биринчи ўринда бўлган оилалардан маънавиятли, маърифатли, оқила фарзандлар тарбия топаётгани барчага маълум.

Қизларимизни келинликка тайёрлаш учун турли ўқув марказларида рўзғор ишларига, пазандаликка, оилага тайёрлансин деяпмиз, хўш, йигитларимизчи? Айрим йигитларимиз оила муқаддаслиги, эрлик маъсулияти, оталик бурчи нима эканлигини билмасдан, оилавий ҳаётга тайёр бўлмай туриб уйланмоқда. "Барча муаммоларни онам орқали ҳал қил" қабилида иш кўрмоқда. Аслида шу оилада отанинг роли бўлса, қайнона-келин муаммолари келиб чиқмайди. Азалий анъана - қайнона мактабини инкор этиб бўлмайди албатта, лекин оиладаги масъулиятни кўп ҳолларда фақат келинлардан талаб қиламиз. Эрликнинг ўзига хос масъулиятларини оила қуриш остонасида турган йигитларимизга ҳам жиддийроқ ўргатиш вақти келди, менимча.

Эркакшода аёл - ўзи чиройли-ю, ҳиди бадбўй гулга ўхшайди. Эркакшодалик назокат, нафосат тимсоли бўлган, мўътабар Она дея улуғланган аёл сифатига муносиб эмас. Нима бўлганда ҳам, Оллоҳ бизни аёл қилиб яратганини унутмаслигимиз керак. Эркакшодалик аёл кишига ярашмайди.

Эркакларимиздан эса ота-боболаримизга муносиб ориятли, бир сўзли, қатъиятли, масъулиятли, мард ва оилапарвар бўлишларини сўраб қоламан. Шунда балки, жамиятимизда, оилаларимизда эркакшода, енгилтабиат, жиноятчи аёллар умуман бўлмас.

 

Ирода СОДИҚОВА,

АДТИ стоматология кафедраси ассиссенти.