+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

07 Фев 2019

Мақсадимиз оилаларни бахтли ва фаровон бўлишини таъминлаш, - дейди мутахассис Матлубахон Абдуллаева.

Мутахассислар фаолиятидан

Халқимиз азал-азалдан маҳаллани тарбия ошиёни, миллий қадриятларимизнинг бешиги, деб билган.  Қолаверса, инсон ҳаёти туғилганидан бошлаб, то сўнгги манзилга кетгунига қадар маҳалла билан узвий алоқадор. Айни кунда маҳалланинг нуфузини  ошириш, ваколатларини янада кегайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас.

Жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш маҳалла фаоллари, умуман, кенг жамоатчилик олдида турган муҳим вазифалардандир. Бу борадаги ишларни амалга оширишда фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари фаолияти эътиборга молик. Улар хотин-қизларимизнинг яқин кўмакчиси сифатида опа-сингилларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги нуфузини ошириш, оилаларини мустаҳкамлаш бўйича ибратли ишларни олиб бормоқда. Ана шундай аёллардан бири Бўз туманидаги Янгиобод маҳалла мутахассиси Матлубахон Абдуллаевадир.

Матлубахон опа тумандаги 15-умумтаълим мактабида қарийб 38 йил ҳалол меҳнат қилди. Шу боис, унинг мутахассис сифатида иш бошлаши қийин кечмади. Чунки, ўзи истиқомат қилаётган маҳалла ва маҳалладошлари ҳақида етарлича маълумотга эга эди. Қолаверса, бутун маҳалла аҳли опани педагог-устоз сифатида ҳурмат қилади. Табиатан оғир-вазмин, мулоҳазали бу аёл ҳар тонг ишга киришаркан,  олиб бориладиган ишларни режа асосида бошлайди. Маҳалла айланиб, ҳар бир аёл билан суҳбат қуришга, бу орқали уларнинг кўнглига кириб боришга ҳаракат қилади. Айниқса, кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор хотин-қизлар холидан хабар олиш унинг биринчи галдаги  вазифасига айланган.

- Олиб бораётган фаолиятимиз кишидан катта масъулият талаб этади, - дейди Матлубахон опа. - Кўпчилик билан ишлаш осон эмас. Айни дамда маҳалламизда 4 минг 300 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг ҳар бири алоҳида дунё. Кимгадир қаттиққўл, талабчан бўлиш, яна кимгадир самимий муносабатда бўлиш керак. Шундагина ишлар кўнгилдагидек кетади.

Маҳалламиз раиси Раҳмонали Абдужалилов бошчилигидаги жамоамиз ҳамжиҳатликда, хизмат вазифамизга сидқидилдан ёндашамиз. Биринчи      навбатда, фуқаролар мурожаатлари обдон ўрганилади. Мавжуд муаммоларни маҳаллага бириктирилган тегишли ташкилот ва муассасаларнинг ходимларига етказамиз, соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда муаммоларга амалий ечим топишга ҳаракат қиламиз.

Туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари, қишлоқ врачлик пункти патронаж ҳамширалари билан ҳамкорликда аҳоли саломатлигини сақлаш,  соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича мулоқот ва давра суҳбатлари мунтазам равишда ўтказиб борилади.

Ногиронлиги бор, оғир шароитларда яшаётган аёллар рўйхати шакллантирилиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Донохон Давидова, Зулфизар Қорабоева, Нуринса Хўжаниёзова, Наргиза Мусаевалар имтиёзли равишда саломатликларини тикладилар. Бувинсо Маматова, Нуринсо Хўжаниёзоваларга эса ногиронлик аравачалари берилди.

Матлубахон опа ҳар бир оила билан бевосита иш олиб боришга ҳаракат қилади. Профилактика инспектори Муроджон Жўраев, қайноналар кенгаши раиси Ўринхон Солижонова, отинойи Шаҳринса Норматова, имом-ҳатиб Абдукарим Мелибоев, дастурхончи Гулнорахон Холматовалар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ижобий самаралар бермоқда. 

Ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги фуқароларга ёрдам кўрсатиш, оилавий низоларни бартараф этиш, эрта никоҳларнинг олдини олиш, ажримларга йўл қўймаслик ишлари доимий назоратга олинган.

Яқинда маҳаллада ажрим ёқасида турган 2 оила яраштирилганлиги мутахассис Матлубахон опанинг саъй-ҳаракатлари самарасидир.

- Оилаларни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Чунки, асосий мақсадимиз жамиятнинг кичик бўлаги бўлган оилани бахтиёр ва фаровон бўлишини таъминлашдир.

Опа маҳаллада атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Айниқса, ҳар бир хонадон соҳибасидан уйи ва кўчасини озода, саранжом-саришта тутишни талаб қилади, бу борадаги ишларга ҳамиша бош-қош бўлади.

Маҳаллада ишлаш кишидан катта тажриба, сабр, қаноат, куч-қувват талаб этади. Маҳалла-кўй ишига камарбаста бўлиш, одамларнинг мушкулини осон қилиш, муаммоларини ҳал этишга ёрдам бериш хайрли иш. Ана шундай хайрли ишларни олиб бораётган Матлубахон опанинг фаолияти янада самарали бўлишини тилаб қоламиз.

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ,

 

Бўз тумани.