+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 24 Апр 2024
    Ишчи гуруҳ фаолияти ва ҳамкорлик янада кучаяди
    Андижонда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш бўйича ёшлар…
  • 18 Апр 2024
    Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
    Танлов Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар - муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. 18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш…
  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

29 Сен 2018

Андижонда аёллар футболи ривожланади

аёл ва спорт

Маълумки, кейинги йилларда юртимизда миллионлар ўйини ҳисобланган футболга, хусусан аёллар футболи ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда футболни ривожлантириш, футбол клублари, ихтисослаштирилган футбол мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Натижада кейинги йилларда ўзбек футболи юксалиш йўлига кирди.

Жумладан, аёллар футболи ҳам тез ривожланиб бормоқда. Ёш қизларнинг футбол билан шуғулланишлари, иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишлари, аёллар футбол жамоаларининг тўлақонли фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Хотин-қизлар ўртасида футболнинг оммавийлигини  оширишда мамлакат чемпионати олий лигасида иштирок этаётган аёллар жамоаларининг ўрни ва роли ниҳоятда катта, - дейди Андижон вилояти футбол федерацияси вице-президенти Бекзод Каримов. - Бу борада Ўзбекистоннинг етакчи жамоаларидан ҳисобланган "Андижанка" клубида, умуман, вилоятда аёллар футболини ривожлантириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

 Дарҳақиқат, "Андижанка" мамлакатимиз спорти тарихида ёрқин из қолдирган номдор жамоалардан бири ҳисобланади. Бой тажриба мактаби ва ўзига хос анъаналарига эга "Андижанка" футбол жамоаси кўплаб мусобақаларда муваффақият қозонган. Хусусан, Марказий Осиё аёллар чемпионатида тўрт бора, Ўзбекистон чемпионатида саккиз бора ғолибликка эришган, мамлакат кубогини қўлга киритган.

Клубда иқтидорли қизларни излаб топиш, ёш, маҳоратли футболчилар тайёрлаш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Клуб, вилоят жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, футбол федерацияси ташаббуси билан кейинги йилларда Андижон олимпия захиралари коллежи футбол бўлимида, шунингдек, Хўжаобод, Асака, Улуғнор, Қўрғонтепа, Бўз, Жалақудуқ, Пахтаобод, Шаҳрихон туманлари болалар-ўсмирлар спорт мактабларида қизлар футбол гуруҳлари ташкил этилди. Айни пайтда ана шу гуруҳларда 300 нафарга яқин қизлар футбол билан мунтазам шуғулланмоқда.

- Мактабимизда 3 та қизлар футбол гуруҳи ташкил этилган бўлиб, уларда 46 нафар қизлар футбол билан шуғулланади, - дейди Асака тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Илҳомжон Устахонов. - Қизларимизнинг футбол техникаси, қонун-қоидаларини пухта ўзлаштиришлари учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Футбол майдонларининг ҳолати яхши, барча талабларга жавоб беради, машғулотлар ўтказиш учун махсус макетлар, тренажерлар, етарли миқдорда футбол тўпларига эгамиз. Умуман, барча гуруҳларда назарий ва амалий машғулотлар юқори савияда ўтказиб келинмоқда.

Етук футболчилар тайёрлаш энг аввало, мураббий ва мутахассисларнинг тажриба ва малакасига, профессионал савиясига боғлиқ, албатта. Айниқса, қизлар гуруҳларида аёл мураббийларнинг иш олиб бориши самарали натижалар беради. Шу боис ҳам қизлар гуруҳлари машғулотларига аёл мураббийлар жалб этилмоқда. Айни кунда вилоятда футбол йўналишида 10 га яқин малакали аёл мураббийлар фаолият олиб бормоқда.

- Футбол билан шуғулланиш истагидаги қизлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда, - дейди Жалақудуқ тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби мураббийи Ҳилола Юнусова. - Улар орасида иқтидорли қизлар жуда кўп. Мақсадимиз ана шу ёшларни профессионал футболчи қилиб тарбиялаш, қолаверса, қизлар ўртасида футболнинг оммавийлигини ошириш орқали уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашдир.

Жорий йилда аёллар ўртасида "Андижон баҳори", "Яшил майдон маликалари" турнирлари ҳамда болалар ва ўсмирлар футбол мактаблари ўртасида вилоят чемпионати ўтказилди.

Андижон шаҳри, Улуғнор, Шаҳрихон, Пахтаобод, Бўз, Жалақудуқ, Асака ва Хўжаобод туманлари жамоалари иштирокида ўтган ушбу мусобақалар ёш футболчи қизларга ўз имкониятларини тўлақонли намойиш этишлари учун кенг имконият яратди.

- Қатор турнирларда иштирок этиб, ўз имкониятларимизни синовдан ўтказдик, - дейди Улуғнор тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби футбол гуруҳи тарбияланувчиси Умидахон Хомидова. - Қолаверса, ана шу мусобақаларда маҳорат, тажриба ва ўйин амалиётимизни янада оширдик.

Вилоятдаги болалар ва ўсмирлар футбол мактаблари жамоаларининг ўзаро ҳамда "Андижанка" жамоаси билан ўртоқлик учрашувлари ўтказилиши йўлга қўйилганлиги тарбияланувчиларининг маҳорат ва тажрибаларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, "Андижанка"нинг Ойгул Ёқубова, Адиля Раҳимова, Омадой Мингбоева, Ҳурматой Камолхўжаева сингари тажрибали футболчилар иштирокида маҳорат машғулотлари ташкил этилаётганлиги ҳам ёш футболчи қизларни янада руҳлантирмоқда.

Олиб борилаётган юқоридаги каби саъйи ҳаракатлар самараси ўлароқ, келгусида Андижонда аёллар футболи янада ривожланади. Қолаверса, бугун ўзининг ғолиблик анъаналарини бироз унутиб, мамлакат биринчилигида ўртамиёна жамоалар сафига тушиб қолган "Андижанка" жамоаси ҳам албатта, юқори ўринларга кўтарилади.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ