+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

02 Авг 2018

МАЪРАКАЛАРНИ ЎТКАЗИШДА ТЕНГЛИК БЎЛСИН, - дейди Избоскан туманидаги Қораянтоқ МФЙ отинойиси Фаридахон Ҳошимова

Табиатан мулоҳазали, босиқ, камтар ва сабру қаноатли бўлган Фаридахоннинг ҳамқишлоғи Фозилжон билан турмуш қурганларига 53 йил тўлди.Ота-онасидан эрта айрилиб, акаси ва келинойиси қўлида тарбия топган меҳнатсевар, Фозилжон қишлоқдаги тўй-маъракаларда ошпазлик қилиб, маҳалла корига яраб келади. Ширинсухан Фаридахон эса болалигидан диний илм олишга катта эътибор қаратди.

- Уй юмушлари, дала ишлари билан бир қаторда,  китоб ўқиб, диний илмни ҳам қунт билан эгаллаб бордим, - эслайди Фаридахон Ҳошимова. - Аллоҳга минг шукр, мана бугун маҳалла отинойиси сифатида элимиз, юртимизга хизмат қилиб келмоқдаман. Қишлоқдаги барча маросимларни ўтказишда уй эгалари билан ёнма-ён тураман. Ҳамқишлоқларимни янгиликлардан воқиф қилишга, уларни қийнаётган саволларга жавоб беришга, оилалардаги айрим келиша олмаётган қайнона ёки келинлар ўртасидаги муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қиламан. Яхши ҳадислардан айтиб бераман. Бу нафақат ёшларимизни тарбиялашда, балки, нотўғри фикрлайдиган катталар фикрини ўзгартиришда ҳам қўл келади.

Бугун ҳар бир отинойи диний ва    дунёвий илмларни пухта билиши ва одамларнинг саволларига аниқ жавоб бера олиши лозим. Фаридахон ая Ҳошимова ҳам маърифатли, диний илмни дунёвий илмлар ила бойитиб яшайдиган, ишлайдиган фаол отинойилардан бири.

Маҳаллада, айниқса аёл-қизлар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратади. Ёрдамга муҳтож оила ва ёлғиз аёлларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш, ўз жонига қасд қилиш, жиноятчилик ва   бошқа салбий ҳолатларга қарши тушунтириш ишларини олиб боришда албатта, Фаридахон аянинг алоҳида ўрни бор. Айниқса, тўй-издиҳом, маърака ва маросимларни рисоладагидек ўтказишда унинг роли катта.

- Маҳалламизда "Бир болага етти қўшни ота-она" мақолига катта эътибор қаратилади, - дейди Фаридахон Ҳошимова. - Шукрки, юртимиз тинч, замонамиз осуда, аммо шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш жоиз. Қишлоғимизда сеп-сидирғаларни ўз ўрнига қўйиш муаммоси ҳали ҳамон кўп оилаларни қийнаб келмоқда. Тўғри, ҳар бир инсон орзу-ҳавас билан яшайди, унга интилади. Афсуски, айрим аёлларимиз сеп-сидирға борасида ҳамон меъёр тушунчасини  англаб етганлари йўқ. Қизларига ҳаддан ташқари кўп либос, буюм олиб бериш, куёв томонга қуллуқ қилиш билан оворалар. Қизларимизнинг обрўсини, қадр-қимматини оналаримизнинг ана шундай ҳаддан зиёд   "меҳр"лари тушириб қўймоқда.

Фаридахон ая нафақат тўйларни, балки эҳсонларни ҳам ихчам, камчиқим ўтказишга астойдил ҳаракат қилади.

-"Эҳсоннинг кўпи ҳам ози ҳам эҳсон. Муҳими, ана ўша эҳсон Яратганнинг даргоҳида қабул бўлсин!", - дейди отинойи.

Ҳар бир хонадоннинг тутуми ўзгача. Ҳар бир жойнинг ўзига яраша тош-тарозиси бор. Кимгадир камчиқим маросим, шовқинсиз издиҳом ёқади, кимдир дабдабани орзу қилади. Фаридахон отинойи эҳсон ва маъракаларни ўтказишда ҳам тенгликни сақлашга, қишлоқдошларининг ҳам кўнглини қолдирмасликка, ҳам шариат аҳкомларига мос келадиган тадбирлар ўтказишга ҳаракат қилади. Бу йўлда у биринчи навбатда, аёлларни йўлга солишга уринади.

- Қишлоғимиз аёллари ақлли, меҳнатсевар. Ҳаммаси ўз ишининг моҳир усталари, - давом этади у. - Шукрлар бўлсинким, бизда бекорчи аёллар йўқ. Ҳаммаси қайсидир иш билан банд. Уйда дўппи, кашта тикувчи чеварларимиз ҳам талайгина.Ўқувчи қизларимиз ёзги таътил бошланиши биланоқ, дарров тикувчи опалари ёнига шайланадилар. Кимдир бичиш-тикишни ўрганса, кимдир пазандачилик сир-асрорларини ўрганади. Юртбошимизга раҳмат, ёшларимиз учун алоҳида эътибор қаратмокда. Ўша имкониятлардан улар кенг фойдаланмоғи лозим. Ҳозир фақат дангаса, ишёқмас, ўз устида ишлайдиган ёшларимиз қийналмоқда, холос. Аммо ғайратли, эпчил, меҳнатсевар ёшлар учун барча эшиклар очиқ.

Маҳалла отинойиси, шунингдек, ибратли қайнона ҳамдир. Фаридахон ая уч келинини ўз қизларидай кўради. Учаласи ҳам ақлли, одобли, меҳнатсевар.Фаридахон ая  уларни дуо қилишдан чарчамайди. Ширинтой набираларининг тарбиясига доимо эътибор қаратади. Уларга ҳадислар, эртаклар, аллалар айтиб беришни ёқтиради.

-Ота-оналар кўпроқ фарзандларининг тарбиясига эътибор қаратсалар, фарзандлари, набиралари учун кўпроқ вақт ажратсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Турли бадиий китоблар олиб берсинлар, урф-одатларимизга, она-Ватанга  ҳурмат, эътиқод тушунчаларини сингдириб борсинлар. Бекор қолдирмасликка ҳаракат қилсинлар. Шунда ишонаманки, меҳр билан, эътибор  билан ул-ғайтирган фарзандларимиздан ҳеч ҳам ёмонлик чиқмайди.

«Инсон эътиқодли бўлиши, яхши яшаш учун ҳамиша ҳаракатда бўлиши керак». Бу - Фаридахоннинг севимли ибораси. Ҳамқишлоқлари уни айнан мана шундай эътиқодли, меҳнаткаш, мулойим бўлганлиги учун ҳам яхши кўришади, ҳурмат қилишади.

Гулнора МАҲКАМОВА,

 

Избоскан тумани.