+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 19 Окт 2018
    Ҳашарчилар ёрдамисиз режа уддаланди
    Пахта - 2018 Олтинкўл туманидаги "Хонбоғ пахтакори" фермер хўжалиги пахта топшириш йиллик режасини бажарди. Хўжалик аъзолари томонидан 63,8 гектар майдонда етиштирилган пахта ҳосили илғор теримчиларнинг…
  • 19 Окт 2018
    АНДИЖОНДА ҚИЗЛАР САЙЛИ
    Халқаро қизлар куни муносабати билан Андижон шаҳридаги Олимпия захиралари коллежида "Биз - соғлом, баркамол ва оқила қизлармиз" шиори остида қизлар сайли бўлиб ўтди. Вилоят хотин-қизлар…
  • 19 Окт 2018
    ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИНИНГ ҲИСОБОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ
    Хўжаобод туманидаги 9-сонли мусиқа ва санъат мактабида туман хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди. Тадбирда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари раислари, қўмита ва маҳалла фаоллари иштирок…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:


10 Май 2018

ҲАЁТИ ҲИКМАТ БЎЛГАН ҲИКМАТХОН МОМО

Андижон вилояти, Олтинкўл туманидаги Жалабек қишлоғида ўзининг 101 ёшини қаршилаётган Ҳикматхон момо Ибрагимова эл-юрт эъзозида яшамоқда. Табаррук онахон нафақат фарзанд ва набиралари, оиласи, балки бутун маҳалланинг кўрки. Каттаю кичик у кишини зиёрат қилишга, пурмаъно суҳбатларидан баҳраманд бўлишга, дуоларини олишга интилади. Хотира ва қадрлаш куни олдидан онахонни йўқлаб унинг хонадонига бордик. Сўзлари содда ва самимий онахон билан суҳбатлашсангиз, ҳаётнинг оддий ҳақиқатлари - ҳалол меҳнат, бағрикенглик ва шукроналик инсонни  муродга, эъзозу эҳтиромга етказишига яна бир бор амин бўласиз.

Момо ҳаёти давомида кўп қувончу ташвишларни бошидан ўтказганлиги, айниқса, болалик, ёшлик даврлари ғоят машаққатли кечганлигини, оила қуриб,  фар-зандли бўлганида эса машъум уруш бошланиб, оиласи, ҳамқишлоқлари ниҳоятда қийналиб ҳаёт кечирганлигини гапириб беради.

 - Ёшлик пайтларим жуда оғир кечган, - дейди Ҳикматхон момо ёшлик йилларини эслаб. - Чунки у пайтлар ниҳоятда оғир эди. Айниқса, 30-йиллардаги қаҳатчилик кўп инсонларнинг ёстиғини қуритган. Тенгқурларим -12-14 ёшли болалар катталар билан бир қаторда нимаики иш бўлса, бажаришга мажбур бўлганмиз. Ўн олти ёшимда турмушга чиқдим, Афсуски, турмуш ўртоғим билан бирга яшаш насиб этмади, фарзандларимни ёлғиз катта қилдим.

Иккинчи жаҳон уруши йилларини эсласам, кўзимга беихтиёр ёш келади. Одамлар қанчалар хор-сарсон бўлган, кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлашарди. Қанча йигитлар урушга кетиб қайтмади, қанча ёш аёллар бева қолди. Тўрт акамдан иккитаси урушга кетиб қайтмаган.

Уруш бошланганда қизим етти, ўғлим беш ёшда эди. Эрта тонгдан кеч оқшомгача далада нима иш бўлса қилар эдик. 1942 йилнинг баҳорида  хўжалигимизда трактор минадиган йигит ҳам урушга кетди. Ўшанда раиса опа келиб, менга трактор ҳайдашни ўргатди. Маълум муддат трактор ҳайдашимга ҳам тўғри келган.

1943 йилда ота-онамдан рухсат олиб, "Андижон-2" станцияси яқинида жойлашган фронтдан ярадор бўлиб қайтган аскарлар даволанадиган шифохонага ишга кирдим. Кундузи беморларга қарардик, кечқурун эса бир маҳалгача ҳарбий тайёргарликдан ўтардик. Чунки ўша ерда ишлаётган бир гуруҳ қиз-аёл фронтга юборишларини сўраб, ариза ёзган эдик.

Урушдан кейин Ҳикматхон момо жамоа хўжалигида звено бошлиғи, кейинчалик молия тизимида меҳнат қилди. Меҳнатсевар, ҳалол-поклиги, ташкилотчилиги билан эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топди.

Онахон икки фарзандини ёлғиз ўзи вояга етказди, эл-юрт қаторига қўшди. Бугун 15 нафар набира, 50 дан ортиқ чевара ва эваранинг бувижониси бўлган момони йўқлаб келгувчи қариндош-уруғ, маҳалла аҳли, меҳмонларнинг қадами унинг хонадонидан узилмайди.

- Яратганга беадад шукрлар бўлсин. Шундай тинч, дориломон кунларда яшаяпмиз, - дейди онахон. - Бу кунларнинг қадрига етиш керак. Умрим меҳнат билан ўтди, ҳалол меҳнат, кўнгил хотиржамлиги, бағрикенглик, одамларга яхшилик қилиш инсон умрини узун ва зийнатли қилади.

Дарҳақиқат, Ҳикматхон аянинг келинлари, қўни-қўшнилари, маҳалладошлари уни ниҳоятда дилкаш, меҳнаткаш бўлганлигини таъкидлашди.      

  - Ҳикматхон ая уйида жим ўтиришни ёқтирмасди, - дейди "Найзақайрағоч" маҳалласи фаолларидан бири Наргизахон Тошматова.  -  Нафақага чиққанидан кейин кўп йиллар маҳалла фаоли сифатида кўплаб тадбирларга бош-қош бўлди, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Ҳатто, тўқсон ёшга кирган пайтларида ҳам ҳовлисига ўсма экиб, қўшни аёлларга, қизларга улашиб юрарди.     

Қувонч-ташвишларга тўла ҳаёт йўллари, пурмаъно сўзлари билан юртдошларимизга ибрат бўлиб, бугунги эркин ва фаровон ҳаётимизга шукроналар айтиб, юртга тинчлик, тўкинлик тилаб дуода яшаётган Ҳикматхон момо сингари табаррук нуронийларимиз ҳар қанча эъзозу эҳтиромга муносибдир.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ,

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА.