+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

12 Апр 2018

ФИРИБГАРЛИК КЎЧАСИДАГИ АЁЛЛАР УЛАРНИ ЖИНОЯТГА НИМА МАЖБУР ҚИЛМОҚДА?

Келиб чиқиши шаҳрихонлик бўлган фуқаро Н.Н. Андижон туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро В.М. ва Улуғнор туманида яшовчи, 1983 йилда туғилган Э.Н.ларни Хўжаобод туманидаги "Дўстлик" божхона     пости орқали Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрига фоҳишалик қилишлари учун олиб ўтаётганида  ички ишлар ходимлари томонидан ушланди.

Суриштирувлардан маълум бўлишича, Н.Н. вилоятимиз ҳудудида яшовчи бир гуруҳ ёш қиз ва жувонларга 1000 - 1500 АҚШ доллари миқдорида ойлик иш ҳақи тўлашни ваъда қилиб, алдаган. Улардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун қўшмачилик фаолияти билан шуғулланиб келаётган таниши, ўшлик С. исмли аёлнинг ёнига юбормоқчи бўлган. Ҳозирда Н.Н.нинг жиноий ҳаракатлари бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бу вилоят ИИБ матбуот хизмати томонидан олинган маълумот. Таҳлилларга кўра, бугунги кунда фирибгарлик жинояти вилоятимиз бўйича жиноят турлари орасида юқори ўринни эгалламоқда. Кейинги пайтларда осон бойиш, мўмай даромад топиш илинжида фирибгарлик кўчасини танлаётган кимсалар, айниқса, аёлларнинг кўпайиб бораётганлиги барчамизни жиддий ташвишга солади.  Ахир ана шу опа-сингилларимиз ҳам кимнингдир онаси, кимнингдир турмуш ўртоғи, кимнингдир опа ёки синглиси, яна кимнингдир севимли инсони. Нима учун улар бу каби жиноятга қўл урмоқда, уларни жиноят қилишга нима мажбур қилмоқда?

Андижон шаҳрида яшовчи, 4 фарзанднинг онаси М.М. яхши ниятлар билан савдо-сотиқ ишларини бошламоқчи бўлганида алданиб қолишини ўйламаганди. У Андижон туманида яшовчи таниши Н.А. га "бизнес билан шуғулланамиз" деган алдовларига учиб, 143 миллион 114 минг сўм пулни бериб юборади. На пулдан, на даромаддан дарак бўлмагач, М. шаҳар ички ишлар бўлимига мурожаат қилади.

1-гуруҳ ногирони С.Ж эса отаси, мавсумий ишчи А.У. билан бирга Шаҳрихон туманида истиқомат қилади. Ўзини ҳокимият вакили деб таништирган Н.А. хонадон эгаларининг дардига гўёки қулоқ тутади. Савобли иш ниқоби остида уларга ҳокимият томонидан уй-жой олиб беришга ваъда қилади. Хонадондагилар ҳолидан тез-тез хабар олиб, уларнинг ишончига киради. Ногирон қиз ва соддадил ота аёлнинг сохта меҳр-эътиборига алданиб, унга 1100 АҚШ доллари миқдорида пул ҳамда  С.нинг ногиронликка оид ҳужжатларини бериб юборадилар. Фирибгар дом-дараксиз кетганидан сўнггина улар алданганини тушуниб етдилар.

Қанча-қанча тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилаётганлигига қарамасдан, ишга ёки ўқишга киритиб қўйиш ваъдаси билан фуқаролардан пул олишдек фирибгарлик ҳолатлари  содир бўлаётгани ҳам аянчлидир.  Асака туманида яшовчи, асли касби ўқитувчи бўлган О.Ҳ. коллежга ишга ўтишни анчадан буён орзу қиларди. Асака педагогика ва дизайн касб-ҳунар коллежида ишловчи таниши Ҳ.Қ. унга бу ишда ёрдам беришини айтди. Ҳ. мусиқа фани бўйича соатбай ҳисобида ўқитувчи вазифасига ишга қабул қилиш эвазига танишидан 200 АҚШ доллари беришини талаб қилади. "Холис" ёрдами эвазига пул ишлаб олмоқчи бўлган аёл ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган.

Пул, мол-дунё учун инсонийлик, меҳр-оқибатни йиғиштириб қўйган, энг асосийси қонунларимизни оёқ-ости қилаётган айрим аёлларимиз қизидай бир норасиданинг номусинида пуллашга тайёр аёллар, отаси тенги ногироннинг ишончига кириб, уй ваъда қилиб, кўзларидаги ёшдан дийдаси юмшамаган аёллар, талаба бўлиш илинжидаги йигит ёки қиз оиласи йиллаб йиққан маблағни тутқизганда қўллари қалтирамаган аёллар... Жиноий ҳатти ҳаракатларини англаб, билиб туриб, фирибгарликка қўл ураётган бундай аёлларда ор-номус, уят, фарзандларига ҳалолдан насиба бериш, қонунга ҳурмат деган фазилатлар наҳотки бўлмаса? Биз билан бир маҳаллада, қўни-қўшни яшаб туриб, уларнинг шу йўлга киришига нима учун кенг жамоатчилик лоқайд қараб турибди?

 

Неъматхон Йўлдашева, Хўжаобод тумани, амалиётчи-психолог:

- Ўқимаган, қонунларни яхши билмаган, пул топиш учун оқибатини ўйламай кўр-кўрона фирибгарлик содир этган аёлларни кўриб очиғи, "адашган-да бечора. Тирикчиликка қийналгандир?!" деб ўйлайсиз. Юрагингизда раҳм-шафқат пайдо бўлади. Аммо, фирибгарларнинг аксарияти олий маълумотли, ўқимишли аёллар эканлигини билиб, ҳайрон бўласан. Қадимдан муқаддас дея эъзозланган, ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром рамзи бўлиб келган, аёллик илми, маърифати билан дунёни тебратган аёлларнинг авлоди, нафосат ва назокат вакилаларининг фирибгарлик кўчасида тентираётгани кишини ўйлантиради.        

Фирибгардан жабр кўрган шахслар ҳам мўмай даромад, осон пул топишни кўзлаб, ноқонуний хатти-ҳаракатларни сезсалар-да, жимгина кўз юмиб, ўз фойдаларини ўйлашади. Алданиб қолганини билганларидан сўнггина жабрдийдага айланишади. Ваҳоланки, бошларига тушган бу кўргуликларга аввало ўзлари, қолаверса, уларнинг атрофидаги танишлари сабабчи.

* * *

Вилоят ИИБ матбуот гуруҳи маълумотларига кўра, ўтган 2017 йилда вилоят бўйича 615 фирибгарлик жинояти қайд этилган бўлса, шундан 147 таси аёллар томонидан содир этилган. Жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида фирибгарлик жиноятининг қарийб  30 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келди.

Ҳақиқатга тик қарайдиган бўлсак, фирибгарларнинг айримлари қўшнимиз ёки дўстимиз бўлиши ҳам мумкин. Бироқ лоқайдлигимиз, сен менга тегма, мен сенга тегмайман, қабилидаги кайфият сабаб, била туриб ноқонуний иш тутаётганлар орамизда бемалол ҳаракат қилмоқда.

 

Шерзодбек Нуриддинов, вилоят ИИБ матбуот гуруҳи бошлиғи:

- Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165-моддасида товламачилик "уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёҳуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади, дейилган. Шунингдек, 168-моддасида "фирибгарлик, яъни алдаш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёҳуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади", деб ёзиб қўйилган. Опа-сингилларимиз фирибгарлик кўчасига киришдан олдин жазо муқаррар эканлигини билиб олсин.

 

Мифтоҳиддин Рожиддинов, Андижон шаҳридаги "Девонабой" жомеъ масжиди имоми:

- Муқаддас динимиз таълимотларида ҳам фирибгарлик қаттиқ қораланган. Ҳадиси шарифларда пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳалол касб қилишга қаттиқ тарғиб этганлар. Ҳаттоки, хонадонининг  нафақаси учун ҳалол касби билан эрта тонгдан кечгача ҳаракатда бўлган кишини гўёки кун бўйи нафл ибодат қилганлик мартабасига кўтарганлар.

Аллоҳ Таоло Қуръони Кари нинг "Бақара" сураси 188-оятида "Бир-бирларингизнинг молларингизни ноҳақ еманглар", деб уқдиради. "Молларни ноҳақ ейиш" дейилганининг маъноси ўғрилик қилиш, омонатга хиёнат этиш, фириб-алдов билан бировларни молини ўзлаштириш, қарзга нарса олиб ундан тониш, пора бериш ва олиш, зўрлик билан бировнинг мол-мулкини тортиб олиш, қимор ўйнаш, ўлчов ва тарозидан уриб қолиш, одам савдоси, сеҳр ва фолбинлик билан пул топиш, ножоиз тижорат билан қўлга киритишдир.

* * *

Азал-азалдан халқимиз ўзининг ҳалол-поклиги, танти, мард ва сахийлиги, бағрикенг ва меҳмондўстлиги билан  шуҳрат топган. Ўзбек аёллари деганда эса бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратган, сабру бардоши, қаноат ва иродаси ила жуфтини беклик даражасига кўтарган мунис аёллар гавдаланган. Шундай экан, бугун биз ҳам ана шундай мақомга эришган авлодларимизга муносиб бўлайлик. Аёл - агар у она бўлса, фарзандига ибрат, турмуш ўртоғининг ори-ғурури, яқинларига суянч, ота-онасининг фахр-ифтихори, маҳалла-кўйининг юзи, қўйингки, барча учун севимли ва ардоқли бўлиши керак.

Опажон, сингилжон, фириб орқали топганингизда барака бўлмайди, тинчлик-хотиржамлигингизни ҳам йўқотасиз. Бу йўлга кириб нафақат ўзингизнинг, балки яқинларингиз, фарзандларингиз, оилангиз юзини ерга қаратманг. Қилмишингиз учун албатта, жазо муқаррар эканлигини асло унутманг!

 

 Муаззам  ИБРОҲИМОВА