+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

БЕГОНА АЁЛ ҲИММАТИ

(39-сон) Ҳаётий қатралар

Сабохон тўнғич қизини чиқарди. Ёлғиз қўл эса-да, кам қилмади. Бироқ, девор жавоннинг яхшисига кучи етмади. Маҳаллий ҳунармандларникини олиб берди. Бу қудага ёқмабди. Қизининг юзига солибди.

Тўй ташвишлари, кейинги борди-келдилардан ҳориган Сабохон буни кўтаролмай, диққатчиликдан қон босими ошиб, ётиб қолди.

- Наҳот, қудам тушунмаса?.. Тўйгача "борингизга барака, озни кўп ўрнида кўрамиз", деган эди-я... Отаси бўлгандаям бир навийди...

Эртасига иккинчи қизи кўмагида поликлиникага борди. Одам кўплигидан узоқ навбат кутиб қолди. Бир пайт ёнида ўтирган аёл ҳол сўраб, сўз қотди.

- Айланай, рангингизда ранг қолмабди, нима бўлди?

- Давлениям қурғур ошиб кетибди, опа...

- Сиқилгандирсиз-да, айланай. Энди, одам деган сал нарсага диққат бўлавермаслиги керак-да. Бу дунёнинг ташвишлари тугамайди...

Аёл унга тасалли бериш умидида гапираётганини тушунса-да, Сабохоннинг энсаси қотди. "Кийи-ниши жойида. Демак, ўзининг бошига тушган ташвишлар унинг учун бегона. Бундайлар  насиҳатгўйликни қотиришади-да..."

- Ҳа, энди, ташвишлариям бор бўлсин, опа. Ҳозир қиз чиқарганнинг ғами нима бўларди...

Хуллас, гап гапга уланди. Савол кетидан савол ёғилди. Бир соат қандай ўтгани ҳам билинмади.

Сабохон докторга кўриниб чиқса, ҳалиги аёл кетмаган экан. Хайр-хўшлашиб кетмоқчи эди, у шундай деди:

- Эртага яна келасиз-а? Унда мен сизни шу ерда кутаман...

Нега кутади, нима иши бор? Сабохон буни ўйлайдиган аҳволда эмасди.

Эртасига текширув таҳлилларини топшириб бўлгач, маҳалла шифокори хонаси томон бораркан, йўлакда кечаги аёлни учратди.

- Яхшимисиз, - сўрашди аёл эски қадрдонлардек. - Анча яхшисиз, айланай. Бугун одам оз экан, дарров кириб чиқинг, кейин...

Доктор ҳузуридан чиққач эса, аёл унинг қўлидан тутди.

- Ҳозир икковимиз бир жойга бориб келамиз, - деди у.

- Нега?..

- Негалигини кейин биласиз...

Ҳар нарсадан шубҳаланиб юрувчи Сабохон бу сафар индамай, унга эргашди. Поликлиника дарвозаси олдидаги енгил машинага ўтиришиб, бир оз юришгач, аёл унга юзланди.

- Қизингизни қайси маҳаллага бергансиз?

Бу саволнинг берилиши унга ғалати туюлса-да, қизи тушган маҳалла ва кўча номини айтди. Ҳайдовчи (аёлнинг ўғли бўлса керак) унинг жавобидан сўнг қўл телефонда кимгадир қўнғироқ қилиб, нимадир, деди.

Машина қудаси дарвозаси олдида тўхтади. Ҳайрону лол ўтирган Сабохонни аёл тушишга таклиф этди.

- Энди гап бундай, айланай, - деди аёл. - Ҳозир қудангизникига кирамиз. Мен қизингизнинг аммаси, ўғлим эса тоғаси бўлади. Тушундингизми?

Йўқ, Сабохон тушунмади. Бу аёлнинг амма каби катта саватда сарпо ва ўғлининг тоға ўрнида хорижий девор жавон (у юкланган машинани кейин кўрди) олиб келаётганини дабдурустдан тушунолмади.

Қуда чақирилмаган меҳмонларни қошларини чимирганча кутиб олди. Кейин эса муддаони  англаб ва усталар девор жавонни машинадан тушира бошлаганини кўриб, очилиб кетди. Сабохондан ноўрин гаплари учун узр ҳам сўради.

Қайтишда эса Сабохон аёлдан нима учун бундай қилганини сўради. Аёл эса Сабохоннинг ўнг қўлини кафтлари орасига олганча, мулойим оҳангда деди:

 

- Аллоҳ учун, айланай, Аллоҳ розилиги учун!..