+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Дуварак олма

(12- сон) Ҳикоя

Мавлуда даҳлиз эшигини шахд билан очиб кирди-да, сабзи арчиб ўтирган аясининг қаршисига чўк тушди.

- Ая, олма! - деди лабларини чўччайтириб.

- Ҳм, дабдурустдан олма егинг кеп-қолдими? - кенжатойига эркалата қаради Саида опа. - Эртага даданг бозорга тушса…

- Йўқ, ҳозир ейман! - чўрт кесди Мавлуда. - Келинойим еяптику, менга қолганда  йўқми?

- Келинойинг?

- Ҳа-да. Ошхонага кирсам еб бўлай деган экан. Мени кўриб шошилиб пўчоғини яширди.

Саида опанинг кўнглига муз тушгандек бўлди. Ўғлидан ранжиб кетди. Онадан яшириб хотинчасига ташияпти экан-да. Қолганлар-ку майли, биттагина синглисига илинса бўларди. Мавлуда ёлғизгина қиз бўлса, ҳатто дадасиям кўнглига қараб, папалайди. Шу хотинини деб уч йилдан буён тирноққа зор, нимасига сийларкин. Қиш арафасида палон пулга олгандир… Ичидагисини ташига чиқармай, қизини овутган бўлди:

- Қўй энди, бирон марта яширса яширибди. Эртага биз ҳам энг сарасидан олиб келамиз.

Мавлуданинг қовоғи баттар уюлди. Шу пайт эшикдан келини Муниса кириб келди.

- Менга берақолинг, аяжон, - дея лаганга қўл чўзди у. - Қолганини ўзим тўғрайман.

- Олмадан қолдими, келинпошша?

Қайнонаси охирги сўзга шундай урғу бердики, Муниса қўли муаллақ ҳолича қотиб қолди. "Вой шарманда, аям ҳам билибди-да!"

- Ўзи биттайди, ўғлиз…

- Ҳа энди ўғлимиз шунақа, сиз турганда бизни эслармиди.

- Ая, ҳафа бўлманг, ҳозир тушунтириб бераман.

 - Ҳм, биз тушунмайдиган бўп қолдикми энди? Боринг, менга эс бўлгунча ишингизни қилинг!

Мунисанинг бирдан хўрлиги келиб кетди. Бола кўрмагани учун шунчалик тили қисиқ бўлаётгани алам қилди. Изоҳ бериш ўрнига, беихтиёр ўпкалашга тушди:

- Битта олмага шунчами, ая? Шунгаям арзимадимми?

Қайнона бирпасда ловуллаб кетди. Шу баҳона туғмас келинидан боплаб аламини олди. Аллақачон ҳайдаш керак эди аслида, бирон сабаб тополмаётганди…

Шу-шу иккисининг ўртасига совуқлик тушди, айниқса Саида опанинг арази асти ёзилмади. Ахийри бир кун Муниса оппоқ орзулар билан кириб келган хонадонидан боши эгик чиқиб кетди.

Орадан талай вақт ўтди. Саида опа ўғлига "яхши" келин излаб кўча кезиб қолган бир пайтда эса қуда томондан кутилмаган хушхабар келди:  Муниса бош-қоронғу эмиш!

Она ўғли ишдан келгунича бетоқат бўлиб, тинмай ҳовлининг у бошидан бу бо-ш-ига бориб келарди. Асилбек дарвозадан кириб улгурмай унга пешвоз чиқди-да:

-Суюнчи бер, ўғлим, суюнчи! Мунисахоннинг бўйида бор экан! - деди ҳовлиқиб.

Ўғил эсанкираб қолди. Ўзига келгунича аяси анча гапларни гапириб юборди-ю, ярми ҳам қулоғига кирмади. "Мунис, Мунисам, наҳотки?!" Гўё шу тобда кўнгил қуши "пирр" этиб кўксидан учиб чиқиб, суюклисининг ҳовлиси томон қанот қоққанди...

Оқшом пайти эса онасининг ёлғиз қолган фурсатини пойлаб туриб, ёнига келди.

- Ая, сизда гапим бор.

- Кел, ўтир. Фақат айтиб қўяй, иш-пишингни билмайман, эрталаб ғизиллаб бориб Мунисани опкеласан.

Асилбек жавоб ўрнига бош ирғаб қўяқолди. Сўнг ўйчан  гап бошлади:

- Ўртада кўнгил совуш бўлмасин, ая. Ўшанда жанжалга сабаб бўлган олма… Сизга айтолмагандим. Дуварак олма эди.

- Қанақа?

- Дуварак дейишар экан-ку. Ишхонада бир опахонимиз бор, иримларга жуда ўч. Ўша куни кичкинагина бир олмани бериб, шундай деганди. "Бу кеч кузда бинога келган мева, хотинингга бер, есин, фарзандли бўласизлар", деб тайинлади. Бунақа мева дарахтнинг иккинчи гулидан ҳосил бўлармиш. Ўзиям тирноқдеккина экан. Аяжон, чўкаётган одам ҳасгаям ёпишаркан. Мен ҳам гўё шу билан армоним ушаладигандек, тушликка келганимда келинингизга берувдим. Уям уйга киргунча тоқат қилмай… Бор гап шу. Ўшанда айтсам бўларди-ю, фойдаси йўқ эди. Муниса боласиз барибир бу уйга сиғмасди.

Саида опа нигоҳини ерга тикканча жим ўтирарди. Бир қарашда ўйга толгандек, аммо ич-ичида туйғулари остин-устун  бўларди. Ўзи-ку, Асилбегининг мушкулига бирон чора изламай қўйган, келинини ҳайдашдан ўзга муддаоси йўқ эди. Қилмишига ўғилгинасининг умидини бўғизлаган экан-да… Шу тобда гўё набирасининг вужудга келишига ўша дуварак олма сабаб бўлгану, Саида опа душманлик қилгандек изтиробга тушди.

- Ўғлим, - деди анчадан кейин сўниқ овоз билан, - эрталаб бирга борамиз.

… Авжи куз арафасида, қуёш дуварак олмаларни-да тезроқ пишишга шошилтираётган кезда Асилбек ва Мунисалар қиз кўришди. Қош-кўзлари попукдек, юзлари эса нақш олма…

 

 

Гулчеҳра АСРОНОВА