+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 28 Дек 2023
    Талабалар ташаббуслари қўллаб-қувватланади
    ёшлар ҳаёти Андижон давлат чет тиллар институтида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда институтнинг биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов талабалар билан мулоқот ўтказди. Дастлаб у…
  • 28 Дек 2023
    Ватан ҳимояси - муқаддас бурч
    Мамлакатимизда ўтказилаётган "Ватанпарварлик" ойлиги доирасида Булоқбоши туманидаги 55- ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида "Ватан ҳимояси - муқаддас бурч" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўқувчи ёшларнинг юртга…
  • 28 Дек 2023
    ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ ЎРНИ
    "Китоб - беминнат устоз" деб ёзганди буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Дарҳақиқат, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи китобдир. Шунингдек, китоб тарбия…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ТУШ

 

(Ҳикоя)

 

Россиянинг қорлари остидан ҳам майсалар кўриниб қолди. Баҳор ҳавоси барибир киши қалбига ўзгача, илиқ туйғулар солади.

  Хаёлларим узоқларга кетади. Ҳозир бизнинг юртимизда қуёш иссиқ тафти билан ёшу қарининг юзларини силаётгандир. Юртим баҳорини қўмсайман, кўклам мен учун ўзгача қадрли.

 Эртага туғилган куним. Бу вужудимга илиқлик беради, аммо ҳавонинг авзойи бузуқ. Ажаб, бир ҳафтадан бери баҳор ҳавоси югуриб қолган бўлса-да, гоҳ қор ёғади, гоҳ ёмғир. Бу кайфиятга таъсир кўрсатмай қолмас экан.

Эртага ишхонадаги Гавҳар опам билан айланишни режа қилиб қўйганмиз. Турли ўй-хаёллар оғушида деразадан ташқарига тикилганча кўзимни уйқу олибди.

...

Туш кўрдим.

Ёшлигимизда қўйларимизни ўтлатадиган адирлик ён бағрида юрган эмишман.

Чор-атрофни ўт-ўлан қоплаган. Димоғим таниш ифордан энтикди. Ҳа, ўша мен яхши кўрадиган шафтолининг иси келадиган ўтнинг ифори эди бу. Яшил танаси устини оқ тўр қоплаган бу ўт ўзидан хушбўй ифор таратардики, ҳар сафар адирга чиққанимда, уни тўйиб-тўйиб ҳидлашни одат қилгандим. Мен унга “шафтоли барги” деб ном қўйиб олгандим.

...

Шафтоли баргларидан анча тўпладим. Югуриб қирга чиқдим. Майин, хушбўй шаббода эсарди. Бепаён кенгликда қизим Эъзоза қўйларни қувлаб, ўйнаб юрганмиш, уни кўриб шодланиб кетдим. Кўзларимдан сизиб чиққан қувонч ёшлари юзларимни намлади.  

Қизим, деб бақирдим. Эъзоза, қизим, мен онангман жоним, кел бағримга. У тарафга юрай дейману негадир юролмайман. Қизим борган сари мендан узоқлашади. Болажоним, мен онангман, дейман, у эшитмайди. Тўсатдан қўйларнинг бири уни туртиб юборди. Йиқилиб, чирқираб йиғларди.

Оёқларим занжирлангандек қотиб қолдим. Эъзозани на юпата оламан, на ёнига бора оламан. Овозим бўғилганича, қизим, дейман холос.  Унинг ёнида кимнингдир шарпаси кўринди, лекин ким эканлигини таний олмадим. Ҳайрият, Эъзозни тургизди. Қизим ёшли кўзларини унга тикканча онам келдими, дея берган саволини аниқ эшитдим. Нотаниш кимса: “Сенинг онанг бу дунёни тарк этган, у ўлган” дея берган жавобини эшитиб, вужудим музлаб кетди, негадир менга ҳаво етишмасди.

Қизим йиғлашдан тўхтаб, жим бўлиб қолди. Унга қараб, “Ёлғон” дея бақирдим. Мен ўлмаганман, мен тирикман, қизим, дейман. У эса эшитмайди. Кўйлагим этагига тўплаганим - “шафтоли барги” ўтлари тўкилиб кетди.  Ҳаммаёқни шафтоли хиди тутиб кетти.

“Мен тирикман, мен ўлмаганман, қизим”.

Гавҳар опам, қўшни хонадан нега бақирасиз, нима бўлди, дея чопиб кирди. Уйғониб кетдим.

Йўқ, ҳаммаси жойида опажон, ёмон туш кўрибман.

Аниқ ҳаммаси жойидами, сўради хамхонам. 

Ҳа, жойида.

Ҳа, майли ўтиб кетади, тушга нималар кирмайди, дейсиз?

Ҳа, тушга нималар кирмайди. Юрагим увишди. Тушга нималар кирмайди, дейману ўзимга келолмай. Қандайдир хадик, хавотир вужудимга оғриқ берарди.

Гавҳар опам гапида давом этиб,

Эртанги режалар ҳам ўлди, қаранг, қор ёғяпти, - деди Гавҳар опа мени чалғитишга уриниб.

Бундан олинг, дея олдимга тоза ювилган бир дона тукли шафтоли қўйди.

Ажабо, тушумда шафтоли ифорини хидладим, ўнгимда эса шафтоли турибди, Бунинг қандай ҳикмати бор экан, деган фикр хаёлимни чулғаб олди.   Юрагимдаги ғашлик йўқолмасди.

Гавҳар опа, мен Ўзбекистонга кетмоқчиман. Қизимни соғиндим.

Э, кетиб нима қиласиз? Ҳозир топпиш-тутишингиз яхши бўлса, мана кредитларингизни ёпиб олдингиз. Яна ҳаракат қилсангиз, топганингиз бирон камингизни тўлдирар?! 

Гавҳар опа гапида давом этарди, лекин мен унинг гапларини эшитмас, англамасдим. Деразага тикилганча, май ойининг ноз-карашмаларини менсимай ёғаётган қорга термулиб ўтиравердим. 

 Димоғимда шафтоли иси, қалбимда болажоним соғинчидан ўртанганча  бир нуқтадан кўз узолмасдим.

Эртага туғилган куним. Бу пайтда юртимизда қулупнайлар ғарқ пишади. ...

Ҳаёлларим тўзғигандан тўзғиди. Кечки овқатдан сўнг ухлашга ётдим. Яна туш кўрдим. Қизимни кўтариб олиб, “шафтоли барги» ўтларини териб юрган эканмиз. Қизалоғимни маҳкам бағримга босдим. Юрагимдаги соғинч олови сусайгандай бўлди. Меҳрим жўшиб, беихтиёр хаёлимга шоирнинг қуйидаги мисралари келди:

 

Ўзим шодман, сени эркалаб,

Майингина сочларинг силаб,

Манлайингга аста босдим лаб,

Жаннат бўйли райхоним, қизим.

 

Балолардан асрасин эгам,

Эй, бугуним, эй менинг эртам,

Кўзим нури, қароғим, эркам,

Жоним қизим, жаҳоним қизим.

 

Комила ТУРСУНОВА