+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Сабрнинг таги олтин

Терговчининг ҳикояси

Ушбу ҳикояни менга вилоят прокуратурасининг терговчиси Ойбек Каримов айтиб берганди. Ойбек билан ёшликдан дўстмиз, бирга катта бўлганмиз. Мен мактаб директори бўлиб ишлар эдим. Ойбек ишдан қайтаётганда гоҳида менинг олдимга кириб ўтарди. У билан узоқ суҳбатлашар эдик. Кунларнинг бирида, Ойбек бир ишни қайта тергов қилиб, охирига етказганлигини айтди...

"Абдураҳмон олийгоҳни имтиёзли битириб, ўз қишлоғига қайтди. Мактабда ўқитувчилик қила бошлади.

Абдураҳмоннинг ота-онаси тезроқ ўғлини уйлантирса, шириндан-шакар набиралар кўрса. Улар ўғлини уйлантириш учун тайёргарлик кўришган.

Кунларнинг бирида Абдураҳмоннинг онаси Шарофатхон ая ўғлидан гап олди:

- Ўғлим маҳалламиздаги Ойшахон холанинг қизи Лобар заб гўзал, келишган қиз бўлибди-да, - деди ўғлига қараб.

- Қайси Лола? - деди Абдураҳмон қизиққандай бўлиб.

- Вой - ху, Тешавой аканинг қизичи Лола, - деди онаси қўли билан дарвоза тарафни кўрсатиб.

- Ҳа танидим, - деди Абдураҳмон.

- Ўшаларникига совчиликка борсам, нима дейсан болам?

- Эй, ая энди ўқишни битирдим ишлай, у-бу нарса орттирай, уйланиш қочиб кетмас, - деди Абдураҳмон ерга қараб.

....Кўп ўтмай Абдураҳмон билан Лоланинг тўйи бўлди. Бу икки ёш жуда бахтли эди. Лола эркатой келинчак бўлди. Эркатой келинчак бу бахтли хонадонга икки қўчқордек ўғил туғиб берди. Бирининг исмини Ҳайдарали, иккинчисининг исмини Қамбарали қўйишди.

Кеч кузнинг совуқ кунлари. Абдураҳмон бирга мактабни битирган синфдош қўшниси Бахтиёр билан тўйга боришади. Тўй қизигандан қизийди. Йигитчиликда, оз-моз ичкилик ҳам ичишади. Шира кайф ҳолда уйга қайтишади. Уйларига яқин қолганда:

- Қўшни, - дейди кайфи таранг Бахтиёр Абдураҳмоннинг елкасига қўлини қўйиб, - мен ёқтирган Лолани сен илиб кетдинг. Лолага сен уйландинг. Сендан олдин, ўқишдалигингда неча марта совчи қўйдим. Навбакор қайнотанг Тешавой ака менга қизини бермади, номард. Сенинг уйингдагилар бир марта боришига рози бўлди. Мени сендан қаерим кам, а айтгин Абдураҳмон, қаерим кам. Ҳали ҳам аламзадаман, - дея қўлини    муштлаб кўкрагига урди. Кутилмаганда айтилган бу таъна тошлари Абдураҳмонга жуда қаттиқ ботди. Оқибат икки қўшнининг муштлашиши билан тугади. Аслида бу жанжал тугагани йўқ эди. Бирининг бурни, бирининг эса лаби қонаган ҳолда уй-уйларига кириб келишди. Қўшниларнинг тинчи бузилган эди. Бахтиёр ярим тун бўлишига қарамай, лаблари қон ҳолда Абдураҳмоннинг кўча дарвозасини оёғи билан тепа бошлади. Абдураҳмон ўзини-ўзи бошқара олмай қолган эди. У хотини ҳақида бўлар бўлмас гаплар эшитди. Хотинига нисбатан нафрати ортди. Қўшниси Бахтиёрга эса бу ғазаб, бу нафрат бундан-да ортиқ эди. Бахтиёрни ўлдиришга ҳам тайёр. Шундай ҳам бўлди.

* * *

Бахтиёрнинг жони шифохонада узилди. Ўтмишдаги қанчалик рост-қанчалик ёлғон, бўлар-бўлмас ўткинчи гапларни деб, бир одам нобуд бўлди, иккинчиси эса саккиз йил қамоқ жазосини олди. Икки қўшни ўртасига бир умр совуқчилик тушди.

Умр оқар дарё, дегани рост экан. Хаш-паш дегунча саккиз йил ҳам ўтди. Абдураҳмон жазони ўтаб уйига қайтади. Ўғли Ҳайдарали ўн икки ёшда, кичик ўғли Қамбарали эса тўққиз ёшда. Бу гўзал ҳаёт яна давом этади. Оллоҳим бу оилага ўша меҳр-муҳаббатни, ўша садоқатни, ўша жўшқинликни яна бир бор қайтариб берди.

Абдураҳмоннинг хотини Лола учинчи фарзандни кутмоқда. Эри қамоқда ётганда болам-чақам, деб елиб югурди. Болаларини ҳеч нарсага муҳтож қилмади. Едирди-ичирди, оппоқ кийинтирди.

Абдураҳмон одатдагидай эртанги ўтиладиган дарсга тайёрланмоқчи бўлди. "Ўзбекистон адабиёти тарихи" китобини топиш учун, эски уйдаги сандиқни очди. У китобни топиб, чанг босиб кетган муқовасини латта билан артди. Абдураҳмон китобнинг керакли бетини очаётганда, тўрт букланган варақ китоб ичидан ерга тушди. У ерда ётган варақни қўлига олди ва ичини очди. Хатни ўқий бошлади. Хатни ўқиган сари Абдураҳмоннинг юзидаги ранг оқариб борарди.

"Салом Лола! Сен билан кўча-кўйда ҳеч гаплаша олмайман. Нима учунлиги ўзингга маълум. Эринг Абдураҳмон ака акам Бахтиёрни пичоқлаб ўлдириб қўйди. Икки хонадонга совуқчилик тушди...

Синфдошларнинг битирганига ўн йил тўлиши муносабати билан бўлган кечага борганинг яхши бўлди. Ёнимда битта столда ўтирганинг ундан ҳам яхши бўлди. Синфдошлар олдида кўзимиз билан гаплашдик. Тўғрими? Сен билан бирга ўтирганимиз менга жуда ёқди. "Шунчалик ёқар эканман нега уйланмадинг", -  дерсан. Сезган бўлсанг керак, акам Бахтиёрга қарши бора олмадим. Акам ҳарбий хизматдан келиб, сени бир кўришдаёқ ёқтириб қолган эди. "Мана бу хатни синфдошинг Лолага бериб қўй" - деганда, сал қолган эди "дод" деб юборишимга. Нима қилай, акамда, унга қарши бора олмадим. Хатга жавоб ёздинг. Аслида кўнглинг менда бор эди. Ҳа ўтган ишга саловат. Лола кечага кийиб келган атлас кўйлагинг жуда ярашибди. Ўша ўшасан. Сени ҳеч ким икки фарзанднинг онаси демайди. Сенга сўз беришганда ўрнингдан туриб ҳаммага яхши тилаклар билдирдинг. Жойингга ўтирганингда майдалаб ўрилган тим қора сочларингни бир тўпи ўнг тарафимдаги билагимга тушди. Мен алла нечук бўлиб кетдим. Менда бундай ҳолат мактабни битираётган йилимиз, қиш ойида, қор бўрон ўйнаётганимизда бўлган эди. Эсингдами юзингга қор  суртганларим. Ўшанда икки яноғинг қип-қизил бўлиб кетган эди. Пайт пойлаб ўпиб олган эдим…."

Абдураҳмон хатнинг у ёғини ўқимади. Билдики хатни Бахтиёрнинг укаси Дониёр ёзган. У хатни буклаб чўнтагига солди. Эски уйдан ҳовлига чиқди. Хотини Лола оғир оёқ. Ниманидир хиргойи қилиб, уй юмушларини қилар эди. Абдураҳмон ичимдагини топ деганлардан. Аммо унинг ҳозирги ҳолати ўзгача эди. У яна ўзини-ўзи бошқара олмади. Абдураҳмон ўғилларини чол-кампирнинг хонасига киргизиб юборди. Хотини Лолани олдига бориб:

- Мен қамоқдалигимда      синфдошинг Дониёр билан фақат хат ёзишдингми, ё..., - деди жахл аралаш овозини кўтариб. Томдан тараша тушгандай айтилган бу гап Лолани эсанкиратиб қўйди. Унинг юзи докадай оқариб кетди. Бўғиқ овоз билан:

- Бу нима деганингиз!

- Нима деганингиз, - деб шитоб билан Лоланинг узун сочини ўнг кафтига ўради.

- Вой сочим, - деди Лола бошини эгиб.

- Мана бу хат сирингни айтиб турибдику, - деб қўлидаги хатни Лоланинг юзига отди...

Абдураҳмон ўзини тўхтата олмади. Нима қилиб қўйганини англамас эди. У қўллари қон ҳолда дарвозадан чиқиб, боши оққан тарафга кетди.

Шарофат ая набираларини ухлаб қолганини кўриб, ташқаридан хабар олгани чиқди. Ошхона остонасида қонга беланиб ётган келини Лолани кўрди.

Лоланинг бадани совий бошлаган эди. Ҳеч қанча вақт ўтмай хонадонига қўни-қўшнилар, маҳалладагилар кириб келишди. Ҳамма ҳайратда, вахимада эди.

* * *

Қишнинг изғирин кунлари. Абдураҳмон ҳеч ерда дам олмасдан тонггача йўл юрди. Ниҳоят катта йўл бўйидаги бекатнинг ўриндиғига бориб ўтирди. Унинг бутун аъзои-бадани совуқданми, қўрқувданми дир-дир титрар эди. Бекатнинг орқа тарафидаги хонадон дарвозасининг зулфини шарақлатиб очган аёл, эшиги рўпарасидаги бекатда қалтираб, мунгли овоз чиқариб ўтирган бир эркак кишига кўзи тушди. Аёл ҳовлисининг ичкарисига қараб югурди.

- Дадаси, хой дадаси. Дадаси дейман! Бекатда бир одам музлаб қолибди, шекилли. Ўлиб нетиб қолмасин яна, бир хабар олинг, - деди ховлиқиб. Аёлнинг эри бекатга қараб югурди. У бекат ўриндиғида совуқдан қалтираб ўтирган нотаниш эркак кишига қараб:

- Оғайни, кимсиз, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз, - деб Абдураҳмоннинг елкасини қўли билан туртди. Абдураҳмон ўрнидан турар турмас ерга йиқилди.

Абдураҳмон хушига келди. Унинг кўзи оппоқ халатли ҳамширага тушди. У шифохонада эканлигини фахмлади. Ётган кроватининг икки ёнида ички ишлар ходими турар эди...

* * *

Ўғлини суд залида кўрган Шарофат ая овозини чиқармай тинимсиз йиғлар эди. Унинг кўзларидан оққан ёш рўмолчасини жиққа хўл қилиб юборган эди. Ўғли ўзини анча олдирган. Ая кўзлари тўла ёш билан ўғлига термулди. Бу термулиш, бу нигоҳлар ая учун видолашув онлари эди. Шарофат ая якка-ю, ягона ўғлининг умрининг охиригача кўрмаслигини билар эди...

Икки набирани катта қилиш Шарофат аяга оғирлик қиларди. Сабаби касалманд чоли Карим ота ўғлининг доғида ёниб кўрпага михланиб қолган эди. Ўғлидан сўнг ота бир йил ҳам яшай олмади. Кампири ва икки невараси билан бир умрга видолашди.

Шарофат ая тонг отмасдан турарди. Ая чолидан ёдгорлик қолган сигирни соғар, бозорга сотиш учун сут-қатиқ тайёрлар эди. У шу тариқа рўзғорни базўр тебратар эди. Ҳайдарали бу йил мактабни битиради. У мактабда аълочи ўқувчилардан. Унинг орзуси олийгоҳ талабаси бўлиш. У ўқишга астойдил бел боғлаган. Бир кам дунё экан. Ҳайдаралини оиладаги етишмовчилик, ночорлик жуда қийнар эди. Унга авваллари билинмас эди. Бунга эътибор ҳам бермас эди. Бунинг барчаси юқори синфга ўтганда бошланди.

 

Ҳайдарали мактабга эскирган шим, ёқаси ювилавериб майда-майда титилган оқ кўйлак, орқа товони йиртилган эски туфлида борар эди. Қишнинг совуқ кунларида эса битта этикни ака-ука алмаштириб, навбатма-навбат кийишиб мактабга қатнашарди. Кунларнинг бирида:

- Буви шимимни ямасам ҳам йиртилиб кетяпти. Менга янги шим олиб беринг, - деб ялинди Ҳайдарали бувисига.

- Вой ўзим яхшилаб ямаб бераман болам. Ошинсам албатта олиб бераман, - деди бувиси. Ҳайдарали "хўп" дегандай бошини қимирлатди. У кўпроқ синфдош қизлардан уялар эди. Шарофат ая кўзойнагини тақиб:

- Ҳайдар шимингни олиб келчи, - деди. Ҳайдарали шимини бувисига берди. Шарофат ая астойдил шимни ямади. Ая қўли билан тиришган ерларини теккисламоқчи бўлди. Аммо ямалган жойи сиртилиб кетди.

- Ҳа сенга шим олмасак бўлмас экан. Бир-икки кун эплаб тургин хўпми болам, - деди бувиси Ҳайдаралига шимини узатиб. Ҳайдарали "хўп" дегандай бошини қимирлатди.

Эртаси куни Ҳайдаралининг бувиси янги шим олиб келди. Дўкондор сотилмай анча туриб қолган, бели кенг шимни арзон нархда сотган эди.

- Кийиб кўрчи, - деди бувиси шимни Ҳайдаралига узатиб. Ҳайдарали шимни кийиб кўрди.

- Буви бели намунча кенг.

- Ҳа, болам камар тақасанда.

- Камарим йўқ-ку.

- Дурра-пуррани белбоғ қилиб, маҳкам боғлаб оларсан, - деди бувиси. Ҳайдарали индамади. У янги шимли бўлганига хурсанд эди. Ҳайдарали эрталаб турди. У эски дуррани иккига бўлиб, янги шимга белбоғ қилди. Хуллас эплади.

Ҳайдарали мактабдан синфдоши Нодир билан ҳар куни бирга қайтади. Бугун ҳам шундай бўлди. Нодир ўзларига бир мунча тўқ оиладан. Қишлоқнинг катта-кичиги ҳурмат қиладиган Нозимбой аканинг ўғли. Нодир Ҳайдарали билан ёшликдан дўст. У билан жуда самимий. Ҳайдарали яхши ўқигани учунми ёки унинг характери Нодирга ёқадими, ўзига жуда яқин олади. Нодир уйига яқинлашганда:

- Тўхтаб тур Ҳайдар дўстим, ҳозир чиқаман, - деди дарвоза эшигини очиб. Нодир ҳовлисига кириб кетди. У бир оздан сўнг қўлида эскироқ камар кўтариб чиқди.

- Мана шуни ол Ҳайдар, бир оз эски - лекин хизмат қилади, - деди Нодир камарни Ҳайдаралига узатиб.

- Э, қўйсангчи керакмас, - деди Ҳайдарали уйи томон бурилиб.

- Агар мени "дўстим" десанг шу камарни оласан. Ёки эски деяпсанми.

- Ие, нима деяпсан, қўй энди, - деди Ҳайдарали юришда давом этиб, - синфдошлар кўриб қолишса Нодирнинг камарини тақиб олибди дейишади.

- Бу камар меники эмас, акамники, - деди Нодир кўзида жиққа ёш билан камарни Ҳайдаралига узатаркан. Нодирнинг акаси ўн олти ёшга кирганда, қишлоқ четидаги каналга чўмилгани бориб, чўкиб нобуд бўлган эди. Ҳайдарали беихтиёр камарни қўлига олиб, кўзлари ёшга тўлган Нодирни маҳкам қучоқлаб олди...

* * *

Ҳайдарали олийгоҳ талабаси бўла олмади. Дўсти Нодир эса университетга ўқишга кирди. Ҳайдарали Нодирни талаба бўлганидан хурсанд эди. Рўзғор юмушлари энди Ҳайдаралининг бўйнига тушган. У Янги бозорда картошка-пиёзни улгуржа нархда олар, устига оз-моз қўйиб харидорларга сотар эди.

Ёзнинг иссиқ кунлари. Бозор авжида. Ҳайдаралининг қўли қўлига тегмайди. Ҳайдаралини кузатиб турган Нодир унинг олдига бориб:

- Хорманг "бозорчи ака!" - деди ярим хазил аралаш. Нодирни кўрган Ҳайдарали қўлидаги челакни ерга қўйди. Нодир билан қучоқлашиб кўришди. Нодир Ҳайдаралини маҳкам бағрига босди. Ҳайдарали ён тарафида картошка сотаётган шеригига:

- Қараб тур ҳозир келаман, - деди қўли билан уюлиб ётган картошка-пиёзни кўрсатиб. Икки дўст бозорни холироқ жойига ўтишди.

- Картошка-пиёз сотаяпсанми? - деди Нодир.

- Ҳа энди, тирикчилик, - деди Ҳайдарали қўлидаги дуррага терлаб кетган пешонасини артиб.

- Ўқиш нима бўлади?

- Қанақа ўқиш?

- Ахир бу йил қайтадан олийгоҳга ҳужжат топширмайсанми? - деди Нодир куйиниб.

- Э, қўй ўша ўқишни. Рўзғорни ким тебратади. Менинг ўрнимга ана, Қамбар ўқишга киради. Ўшани ўқитаман.

Вақтни тўхтатиб бўлмайди. Кўз очиб-юмгунча орадан икки йил ўтди. Учинчи босқичга ўтган Нодир яна қишлоққа келган куннинг эртасигаёқ Ҳайдаралини уйига борди.

- Ҳайдар, хой Ҳайдар, бормисан, - деди Ҳайдаралиларнинг кўча дарвозасини очиб, ҳовлида нима биландир овора бўлиб юрган Шарофат ая Нодирни кўриб:

- Нодиржонмисан, - деди қучоқ очиб.

- Ҳа, эна, мен Нодирман, - деди Шарофат ая Нодирнинг пешонасидан ўпди. Ҳол-ахвол сўрашди.

- Ҳайдар қани эна?

- Бир таниши билан Ҳаканда ғишт қуйишяпти, - деди ая бошидаги рўмолини тўғирлаб.

 Нодир Хайдаралинини топганида у пешонасига дурра боғлаб, ғишт қуяётган эди. Икки дўст қучоқ очиб кўришишди. Улар узоқ суҳбатлашишди. Дўстлар ниманидир режалаштиришди.

Кўп ўтмай, Ҳайдарали Нодир билан цементли ғишт (шлокоблок) қуядиган кичик цех очишди. Икки дўстнинг ишлари бароридан келди. Буюртмачиларнинг кети узилмас эди. Орадан икки ой ўтди. Цех бутун кетган ҳаражатни қоплади. Нодир Тошкентга ўқишга кетди. Цехни юритиш Ҳайдаралига қолди. Ҳайдарали анча-мунча сармоя йиғди. Қўшни қишлоқда икки гектарли боғ сотиб олди. Мол-қўй орттирди. Ҳовлисидаги эски уйлар ўрнига икки қаватли уй солди. Укаси Қамбаралини  Тошкентда олийгоҳида ўқитди.

"Етимликда ўсган бу болаларни бошидан қанча ишлар ўтди. Борига ҳам, йўғига ҳам сабр қилишди. "Сабрнинг таги олтин", - деб шунга айтсалар керакда", - дея сўзларини якунлади терговчи дўстим.

Мадамин ЖЎРА,

 

Асака тумани.