+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Хаёт нақадар гўзал

Ҳикоя

Куз. Кечагина яшилликка бурканган дарахтлар бугун зафарон тусда товланади. Бандидан узилиб тушаётган япроқлар айрилиқ куйига рақс тушаётгандай оҳиста чайқалиб, ўз дарахтини тарк этмоқда. Дераза ёнида буни кузатиб турган Элнур хотиралар оғушида чуқур ўйга толганди. Сўнгсиздай туюлган сукунатни эшикнинг тақиллаши бузди.

- Киринг - деди Элнур   ташқаридаги манзарадан кўз узмай.

- Ассалому алайкум - деди маҳзун ва синиқ бир овоз.

Бу овоз Элнурнинг юрагини ўртаб юборди. У кескин ортга ўгириларкан, қаршисида ўтмиш хотиралари ва армонларини юрагига жойлаб кетган қиз Нигорани кўрди-ю, гўё кимдир бошидан муздек сув қуйгандек бўлди. Ўртада узундан-узун жимжитлик муаллақ туриб қолгандай эди. Сўнг бу сукунатни Элнурнинг дардли овози сочиб юборди:

- Нигора! Бу ерда нима қиляпсиз? Шунча вақт ғойиб бўлиб, бугун яна қаршимда турибсиз?

- Кечирасиз, мен шу ерда фаррош бўлиб ишлайман, - деди ўзини тутиб олган Нигора ҳеч нарса бўлмагандай, - доим шу вақтда хоналарни тозалаб чиқаман.

У беихтиёр ишга уннар экан, ногоҳ стол устида турган ўзининг суратига кўзи тушди-ю, ўзини тутиб туришга сабри чидамади.

- Кечирасиз, мен кейинроқ, - деди-ю, хонадан шошилиб чиқиб кетди.

Элнур бир дам нима қилишини билмай, сукутда қолди. Хаёлидаги ўйлар унга тинчлик бермасди. "Нега, нега бундай бўлди, наҳотки, бу тақдирнинг аччиқ ҳазили бўлса?"

Қачонлардир қалбини бутунлай асир этиб, ишқ оловида беаёв ёндирган муҳаббат яна пайдо бўлса. Аввали шайдо қилиб, сўнг индамай ташлаб кетса-ю, яна масхаралагандай унинг эшигини чертаётган бўлса. Бу саволлардан Элнурнинг боши қотиб бир зум хаёлларга берилди...

Улар Нигора билан тиббиёт олийгоҳининг биринчи босқичида ўқиб юрган чоғлари танишган эдилар. Иккиси ҳам чекка қишлоқлардан илм истаб боргандилар. Улар учун бир зумгина меҳрли нигоҳ ҳамма нарсадан устун эди. Йўл четидаги ўриндиқда ўзини бемажол ҳис этган қиз ёнига басавлатгина йигит келиб, ўз ёрдамини таклиф этди. Қиз унга ийманиб, сал боши оғриётганини, бу ҳолат ўтиб кетишини айтди. Лекин йигит уни олийгоҳнинг ётоқхонасигача кузатиб қўйди. Шу-шу иккови танишиб, орада дўстона муносабат пайдо бўлди. Улар бир вилоятдан бўлиб, қўшни туманларда истиқомат қилардилар. Ўқишнинг учинчи йилига келиб, уларнинг юрагида чин муҳаббат пайдо бўлди. Ҳатто ота-оналари учрашишиб, ёшларга дуои фотиҳа қилиб, келгуси ёзда уларга тўй қилмоқчи бўлишди. Лекин аста-секин Нигора турли баҳоналар билан ўзини Элнурдан олиб қочадиган ва эътиборсизлик билан жавоб берадиган бўлиб қолди. Йигит бундан ҳайрон бўлди. У суюкли маҳбубасига нима бўлаётганини билолмай боши қотарди. Қиз эса борган сари ундан ўзини олиб қочарди. Тўйларига бир ой қолганида, Элнур ундан қатъий равишда кўнглидаги бор гапни айтишини сўради. Шундагина Нигора унда кўнгли йўқлигини,      бошқа йигитни севиб қолганини очиқчасига айтди. Узр айтиб, тўйни тўхтатишни сўради. Шу тариқа икки қалб айрилдилар.

Нигора ўқишни ташлаб, қишлоғига қайтди. Элнур эса бор аламини ўқишдан олди. Унинг учун дунёда муҳаббат деган туйғу мавжуд эмасдай бўлиб қолганди. У Нигорани унутиш учун ҳам фақат илмга берилди. Ўқишни тамомлаб, ўзи туғилиб ўсган жойда, марказий шифохонада врач бўлиб иш бошлади. Лекин, биринчи муҳаббатига содиқ қолиб бошқа қизга кўнгил беролмади. Ота-онасининг тўй ҳақидаги таклифларини эса эътиборсиз қолдирди. Мана бугун ўша алдамчи ёр кутилмаганда қаршисидан чиқиб ярасини янгилаб юборди. Элнур хонада узоқ вақт нима қиларини билмай туриб қолди. Сўнг     навбатчи ҳамширани чақирди.

- Менга айрим маълумотлар керак, - деди хонага кириб келган ҳамширага ўйчан боқиб. - Фаррош бўлиб ишлайдиган Нигорани танийсизми? У бу ерда қачондан буён ишлайди? Оилавий шароити қанақа?

Ҳамшира аввалига ҳайрон туриб қолди. Сўнг кўп гапиришни ёқтиргани учун тўлиб-тошиб, бор гапни тўкиб солди.

- Нигоранинг бу ерга келганига бир йилдан ортди. У саратон касалига чалинган. Мунтазам шифокор назоратида туради. Менимча, давоси йўқ. Шифокорнинг айтишига қараганда, умрининг саноқли кунлари қолган. У бу ерга бир неча йил олдин оиласи билан кўчиб келган. Эшитишимча, Нигора оғир хасталикка чалингани учун унаштириб қўйилган йигити ва ўқишидан ҳам воз кечишга мажбур бўлган. Бечора йигитни ҳам бахтсиз қилишни истамаган. У шу ерда ҳам даволаниб, ҳам ўзини чалғитиш мақсадида фаррош бўлиб ишлаб юрибди.

Ҳамшира яна нималарнидир қўшимча қилди. Лекин унинг гаплари энди Элнурнинг қулоғига кирмасди. У нафратланиб келган муҳаббат олдида ўзини айбдор ҳисоблаб, ўз хаёллари билан овора эди. Наҳот, унинг бахти учун ўз севгисини қурбон қилган қиздан шунчалик         нафратланиб келган бўлса, наҳот, қизнинг дардини, ички ҳис-туйғуларини тушунмаган бўлса? "Ўзи мен унинг муҳаббатига арзирли иш қилдимми? Нафратланишга у эмас, мен лойиқ эмасманми?" Бундай фикр-ўйлар уни тамом гаранг ҳолатга солиб қўйди.

Ишдан сўнг Элнур ҳамширадан Нигоранинг манзилини олиб, унинг олдига боришга қарор қилди. Эшикни очган онаси аввалига қизи уйда йўқлигини айтиб, уни кеткизмоқчи бўлди. Керак бўлса, эрталабгача кутиб туриши мумкин бўлган йигитга раҳми келди чоғи, уни уйга таклиф қилди. Йигит ва қиз ёлғиз қолишгач, йигит гап бошлади:

- Нега менга тўғрисини айтмадинг? Ахир сендан яширадиган бирор сирим йўқ эди-ку ёки кейин ташлаб кетишимдан қўрқдингми?

- Элнур ака, бундан нима фойда эди? Бекорга ўзингизни қийнаганингиз қоларди. Бу дардимнинг давоси йўқ. Мен ҳалокатга маҳкум одамман, мендан воз кечинг, бошқасини топинг. Албатта, сиздай йигит бахтли бўлишга лойиқ.

- Ундай дема, Нигор, мен бутун умр сени деганман, агар муҳаббатимиз учун чин дилдан курашсак, йўлдаги ҳар қандай тўсиқ ва дардларни енгиб ўтамиз, ноумид бўлма.

Икки дардли юрак анча    вақтгача суҳбатлашди. Кўнгли сал бўлса-да таскин топган Элнур хотиржам уйига қайтди. Йўлда кетиб бораркан, фикри Нигоранинг дардли хаёли билан банд эди. "Ноумид бўлмаслик керак!" деб ўзига-ўзи такрорларди...

...Йиллар ўтди. Яна ўша дераза ёнида Элнур дарахтлар новдаларида секинлик билан бўй чўзаётган куртаклар қуёшга интилишини кузатар экан, ҳаётнинг нақадар гўзаллиги ҳақида ўйларди. Шу вақт эшик тақиллаб қолди.

- Киринг, - деди Элнур вазмин оҳангда ортга бурилиб.

- Ассалому алайкум, - эшик олдида оғироёқ Нигоранинг анордек юзи кулиб турарди.

 

Раҳимахон ЭРМАТОВА,

 

Шаҳрихон тумани.