+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Бир куни изимни излаб қоласиз...

Рашида Жавлон билан танишган кунлари чор тараф оппоққина қорга  бурканган эди. У Жавлоннинг муҳаббат изҳор қилишларини эшитиб, юзлари дув қизарди. Бу изғиринли совуқдан эмас, унинг юрагидан чиққан дил розлари Рашиданинг бошини айлантириб қўйди. Ёноқларини қирмизи олмадай қизартириб юборди. У авваллари ҳам Жавлоннинг кўз қарашларидан, гап-сўзларидан  кўнгли борлигини сезиб юрарди-ю, лекин  юрак ютиб бундай бирданига севги изҳор қилишини кутмаганди. Довдираб қолди. Нима дейишини билмай "бундай гапларни гапирманг, биз ахир дўстмиз", дея уни чалғитишга уринди. 

Лекин тақдирлари бир эканми, уларнинг тўйлари бўлди. Бирин-кетин муҳаббат мевалари - фарзандлар туғилди. Оила аталмиш қўрғон мустаҳкамланиб борди. Жавлон Рашидани еру-кўкка ишонмас, болаларини жонидан ортиқ кўрарди. Уйим-жойим, хотиним, болаларим деган Жавлоннинг юриш-туриши ўзгариб қолди. Унинг кунда ширакайф келиши, бақир-чақиридан Рашиданинг ғазаби келди.

Энди Жавлон ва Рашиданинг ҳаётида қайғу ва алам булутлари суза бошлади.

Эр-хотин энди бир-бирларидан яхши хислат қидирмас, фақат ёмон жиҳатларнигина кўрарди. Рашида ҳар гапида эрининг рўзғорга  аввалгидай қайишмаётгани, топгани ўзидан, ичкиликдан ортмаётганини айтиб, эрининг "қитиқ пати"га тегарди. Албатта, ширакайф келган Жавлон ҳам қараб турмас,  шунда шайтон оралаган бу хонадонда қиёмат бўларди. "Эр-хотиннинг уриши - дока рўмолнинг қуриши" деган мақол энди уларнинг андозасига тўғри келмай қолганди.

Бундай кезларда уларни ўртадаги норасидалар қизиқтирмасди. Санжар ҳам, Барно ҳам кўзларини пирпиратганча қўқувдан дағ-дағ титрарди. Рашида ҳам кейинги пайтда асаблари таранглашганидан ўзини тутолмай қоларди.Жавлон-ку ичкилик таъсирида нима деяётганини билмас, оғзига келганини қайтармасди.

Ўшанда унинг энг оғир ҳақорати Рашидани нопокликда айблади. Хатто, бегуноҳ ота-онаси ҳам қуруқ туҳматдан бенасиб қолмади. Рашиданинг устидан биров қайноқ сув қуйиб юборгандай сесканиб, жони халқумига келди. Ўзини тутиб туролмади.

- Исботлаб берасан, - дея эрининг ёқасига ёпишди. Бу унинг эрини илк бор сансираши эди. Жавлон оғзидан тупик сачратиб, ғўлдирай бошлади. Ўзини ҳимоя қиламан, деб Рашиданинг сочига ёпишди. Унинг бақириқ овозига болалар хоналаридан югуриб чиқишди.

- Онамни урманг, жон дада, - дея Барно дадасининг оёғидан тортқилади. Санжар қўшниси Ойниса холани чақириб чиқди.

Хола эр-хотиннинг важохатини кўриб, "хай-хай"лади.

-      Эсингизни йиғинг, ўғлим, аёл кишига ҳам қўл кўтарадими, - дея Жавлоннинг билагидан тортди.

Рашида патила бўлиб кетган сочларини тўғрилаб, алам билан ўкириб йиғлади. Болалари ҳам онасининг пинжига суқилиб ҳиқиллашди.

Жавлон эса ҳиссиз кўзларини бақрайтириб, оғир-оғир нафас ола бошлади.

Ранглари докадай оқарган, бежо ҳаракатлари билан яна ичкиликни қумсай бошлаганди...

... Аслида ҳам оиладаги хотиржамликка шу ичкилик путур етказганди. "Қўли гул уста" деб танилган Жавлоннинг қишлоқдошлари орасида ҳурмати баланд эди. Манаман деган пулдорлар ҳам унинг олдига бош эгиб келар, хизматидан фойдаланишарди. Бу эса Жавлонга мойдай ёқар, ўзини баланд тутишга ҳаракат қиларди. Зиёфатдаги ичкиликлар аввалида унинг бош-кўзини айлантирди. Бора-бора эса қаерга борса ҳам ўша савилнинг бўйини кўрмаса, иши юришмайдиган бўлди.

Жавлоннинг хурмача қилиқлари ичига шайтон оралагандан кейин бошланарди.

Кеч кирди дегунча Рашида ҳам, болалари ҳам унинг қай аҳволда келишидан ваҳима қила бошларди. Энг ёмони унинг заҳарли, аччиқ тили эди.

Аввалига Рашида кайфи тарқагунча унга лом-лим демасди. Негаки, у оғзига келганини қайтармас, хумордан чиққунча хотинининг устидан мағзава ағдарарди. У уйқуга кетгандан сўнг, ёнига қайнатилган муздек сув ва чойнакда аччиқ кўк чойни қўйиб, оёқ учида юриб чиқиб кетарди.

Шундан сўнггина болалари билан эркин нафас олар, уйқуга кетгунигача телевизор кўришарди. Лекин кўнглидаги тунги ҳадикни фақат ўзи биларди.

Қани энди уйқу келса. Йўқ у ёққа ағдарилиб, бу ёққа ағдарилиб, тунни тонг қилди. Рашида бошини лўқиллаб оғришига қарамай, ҳовлини супириб-сидирди. Мол-қўйга қаради. Болаларга чой бериб, уларни мактабга кузатди.

Жавлоннинг ёнига келди. "Ишингизга бормайсизми", - деди мажбуриятдан унинг елкасига туртиб.

-      Ўзим биламан, қачон туришни. Қоққан қозиқдай тепамда турма.

Рашиданинг юзи қаҳрли тус олди. Жавлон билан танишган кунларига лаънатлар ўқиди. Қани энди ўша кунларни ортга қайтариб бўлса.  Йўқ, энди иложи йўқ. "Чидайсан", деди ички бир овоз. "Ўнгланиб қолар", деди умиднинг сўнгги нафаси. Рашида болалар ҳаққи ҳурмати умиднинг қўлидан, сабрнинг этагидан тутди.

Ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бўлади. Лекин Жавлон оиласи, болаларини ўйламади. Маишатга берилди. Топган пуллари ўзидан ортмай қолди.

Рашида ҳаловат нима эканлигини ёдидан чиқарди. Бор-э, деб ота эшигига кетворай деса, у ҳовлида ҳам уч келин, бола-чақалар. Қаерга сиғади. Ўзи сиғса ҳам болалари туртиниб қолмайдими? Ўзининг ҳаловатини ўйласа, болаларининг бошини эгиб қўймайдими? Ахир уларнинг ҳам бўй етиб қолди. Бировнинг эшигига бориши бор...

Энди болалари учун ҳар қандай қийинчиликка, ситамларга чидай олишига ўзида куч топди. Эгилиб бораётган қаддинги тик тутди. Қўлидан анча-мунча бичув-тикув ишлари келарди. Шундан фойдаланишни ўйлади. Бир тадбиркор очган цехга ишга кирди. Болалари мактабдан қайтгунча иш олиб келадиган, тайёрларини топшириб қайтадиган бўлди. Қўли пул кўрди, қозонига гўшт тушди. Анча-мунча ошинганига қизининг кўрпа-тўшагини қилди. Яхши ният билан эрига инсофу, ўзига сабр тилади. Қишлоқчилик эмасми, Рашиданинг қаноатлилиги, уйдаги гапни кўчага чиқармай яшаётганини кўпчилик биларди. Цех бошлиғи Маннон ака ва хотини Зубайда опа ҳам унинг шароитини билгани учун цехда кўп ушлаб қолишмас, тикадиганларини уйга олиб кетишга рухсат беришарди. Чунки чоки текис, қўли ҳам тез эди.  Хайит, байрамларда эса кўпчилик қаторида уларнинг оиласинини ҳам йўқлаб туришарди.

Жавлон бу "йўқлов"дан ҳам айб қидирди. "Бошингда эринг бор, нега сенинг уйингга гўшт, ёғ киргизади", - дея Рашидага зуғум қиларди.

Қишлоқдаги баобрў хонадон соҳиби ишсиз аёлларни иш билан таъминлаб, уларга рағбат тарзида байрамларда йўқлаб, боши балога қолди.

- Иккинчи у уйга қадам босмайсан, ишингни йиғиштир, - деди кайфи тароқ Жавлон уйга кирар-кирмас.

- Харом пулларинг керак эмас.

- Бу нима деганингиз. Игналаб топяпман. Кўнглингиз қинғирлигидан уйга олиб келиб тиксам ҳам кун бермаяпсиз.

Жавлоннинг оғзидан боди кириб, шоди чиқди.

Рашиданинг жони халқумига келди. Таранг тортилган асаб торлари чирт-чирт узилди. У ҳам ханжар янглиғ сўзларини эрининг кўксига суқиб-суқиб олди. Жавлон эса аламини ичкиликдан олиб, тўйгунча ичди. Ярим тунда бошланган тўст-тўполон, хўрлашлар Рашиданинг юрагини тилка-пора қилди.

Ноўрин рашк, қуруқ туҳматни Рашиданинг юраги кўтара олмади. Тонг отмай у омонатини топширди.

Жавлоннинг одамийликдан йироқ қиёфаси ҳозирги ҳолатни идрок этолмасди. Рашиданинг ярим-юмуқ кўзи жон ҳолатда "она"лаб ўзига ёпишган болаларининг кўзига қараб қотиб қолди...

Жиноят  бир сонияда содир этилмайди. Бўғзига пичоқ тортмасдан ҳам қотиллик қилиши мумкинлигини Жавлон жуда кеч англади. Ётса ҳам, турса ҳам унинг руҳи атрофида айланаверди. Ичкиликдан кўнгли совиганида, соғлом ҳаётга қайтганида эса ёнида шу кун умиди билан яшаган Рашидасини тополмади. У фақат бир кишинигина эмас, болаларини ҳам йўқотди.

Қишнинг рутубатли кунлари изғириндай унинг ҳаётини зулматга айлантирди. Тун чачвонини ёйганда эса Рашида тим қора сочларини ёйиб, оппоқ либосда унинг қаршисида намоён бўларди.

Қўрқинчли тушдай кечаётган кимсасиз ҳовлида Жавлонга ойнаи жаҳонда янграётган қўшиқлар бироз таскин бергандай бўларди. Ўзини чалғитиб, бутун борлиғи билан тинглашга ҳаракат қиларди. Янграган қўшиқ эса анчадан буён дийдаси қотиб кетган Жавлоннинг юрагини сел қилиб юборди.

   Хўрлайверманг менинг ҳам уволим бор,

   Бир куни изимни излаб қоласиз.

   Қадрим ўтганида эй ҳоли абгор,

   Ортимдан мунғайиб бўзлаб қоласиз.

 

 

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА