+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 08 Окт 2020
    МАРҲАМАТДА ВОЛЕЙБОЛ БЎЙИЧА ҚИЗЛАР ЎРТАСИДА ЎЗБЕКИСТОН ЧЕМПИОНАТИ БОШЛАНДИ
    Марҳамат туманидаги Эркин Воҳидов номли шахмат ва волейбол саройида 2002-2003 йилларда туғилган қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўйинлари бошланди. Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Хоразм, Фарғона, Наманган ва…
  • 08 Окт 2020
    Партия ёшлари янада фаол бўлади
    Ёшлар анжумани Вилоятимизда O'zLiDeP ёшларининг конференцияси бўлиб ўтди. O'zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Ёшлар қаноти томонидан ўтказилган конференцияда Ёшлар қаноти ҳамда партия вилоят кенгашининг ёшлар билан…
  • 08 Окт 2020
    "БИЛИМДОНЛАР БОFЧАСИ" ИШ БОШЛАДИ
    Янги иншоотлар Андижон шаҳрида "Билимдонлар боғчаси" деб номланган 100 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Тадбиркор, олий маълумотли педагог Назокатхон Иброҳимованинг саъй-ҳаракати билан 2…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ГЎРКОВНИНГ ЎFЛИ

ҳикоя

Инсон болалигидан яхши бир касбнинг бошини тутишни, обрўли, мартабали, инсонларга фойдаси тегадиган касб-кор эгаси бўлишни орзу қилади. Аслида, касбнинг ёмони бўлмайди. Барчаси ҳам бирдек керакли. Бироқ, отам эгаллаган касб шундай эдики, хоҳ у мартабали шахс бўлсин, хоҳ оддий ўғри-ю каззоб, барчасига керакли, барчанинг бирдек иши тушадиган, савдолашиб бўлмайдиган касб эди. Балки, сиз бир умр инженер нима иш қилишини билмассиз, балки архитекторга бир умр ишингиз тушмас, бироқ бу касб эгаси нима иш қилишини яхши биласиз ва албатта, унга ишингиз тушади.

Ҳа, менинг отам гўрков эди. Қўрқинчли ва хунук эшитилади, тўғрими? Лекин умрингиз поёнига етганда энг сўнгги ишингиз тушадиган одам бу - гўрков. Мен ана шундай касб-кор эгаси бўлган инсоннинг фарзанди эдим. Болалик якун топиб, балоғат остонасига қадам қўйгунимизча, мен отамнинг гўрковлигидан уялмаганман. Отам маҳаллада жуда ҳурматли одам бўлган деб айта олмайману, бироқ, ўзига яраша обрўси бор эди. Тўғрида, маҳалладаги не-не казо-казолар учун ҳам қабрни айнан отам қазиган. Айниқса, қазо қилганларни қабрга қўйишда майитдан қўрқадиган не-не киборлар отамнинг бир имосига маҳтал турардилар. Бу эса менга чексиз ғурур бағишларди.

Мен оилада тўнғич фарзанд эдим. Юқори синфда ўқиётган кезларим синфимиздаги бир қизга кўнгил қўйдим. Нозима(унинг исми шундай эди) аълочи бўлиш билан бирга, жуда гўзал эди. Очиғи, синфимизда уни ёқтирмаган боланинг ўзи йўқ эди. Табиийки, барчамиз унга ёқиш учун минг ҳунарларга тушардик. Бир куни дарсдан сўнг уни уйига кузатиб қўймоқчи бўлдим ва сумкасини уйигача олиб бориб қўйишимни айтдим.

Шунда у менга қараб:

- Вой Худойим-ей, энди куним гўрковнинг ўғлига қолибди-да, тошингни тер, келиб-келиб сен билан кетаманми?", - деб қолди.

Шу пайтгача ҳеч ким гўрковнинг ўғли эканимни юзимга солмаганди. Бу ҳам етмагандек, эртасига унинг синфдош қизларга менинг гап отганимни қандай масхаралаб гапириб бераётганини эшитиб қолдим.

Дилим оғриди. Отам гўрков бўлса нима қилибди? Нима, гўрков одам эмасми?! Ҳалол, лекин камбағал инсоннинг масхараланишини ўзимга сиғдира олмасдим. Анчагача ғалати бўлиб юрдим. Бир куни:

- Сен менинг отамни масхара қилаяпсанми, қараб тур, кун келиб мен судьянинг қизига уйланаман! - дедим.

Нозима кулиб:

- Тенг - тенги билан, тезак - қопи билан! Кўрамиз, ҳалитдан чиранма! - деди-ю, чиройли лабларини буриб кетиб қолди.

Шу кундан бошлаб, менда ўзгача иштиёқ, буюк мақсад пайдо бўлди. Бор аламимни ўқишдан олдим. Бўш вақтимни фақат китоб ўқиш, ўқишга тайёргарлик кўриш билан ўтказардим. Ичим ёнарди, бировга айта олмасдим. Нозимага нималарнидир исботлашга, оддий гўрковнинг ўғли нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйишга уринардим.

Ҳаракатларим зое кетмай, мактабни битирган йилиёқ ўқишга кирдим. Тиришиб-тирмашиб, институтда ҳам энг олди талабалардан бирига айландим. Лекин, ишонасизми, одамнинг кўнгли бир қолмасин экан. Ёшим йигирма иккига кирса ҳамки, биронта қизга қиё боқмасдим.

Бир куни институтимизда "Ёшлар карнавали" ташкил этилди. Унга барча талабалар таклиф этилди. Чиройли безатилган саҳна, тўрида эса таклиф этилган меҳмонлар учун алоҳида жой ҳозирланган. Ҳамма байрамона ясаниб-тусанган. Қизлар домлалар учун дастурхон тузаш билан овора, йигитлар эса шарлар, турли безакларни илишяпти.

Киргим келмасдан ташқарида бироз турдим. Чунки, азалдан бунақа базмларга ҳушим йўқ. "Мен билан бировнинг иши бўлмайди, ундан кўра ётоқхонага кета қолай" деб, хиёбон оралаб юра бошладим. Хиёбон деганимиз ётоқхонага олиб борадиган дарахтзор. Бу ер кундуз куни севишганлар макони, кечқурунда эса худди ўрмондай қоп-қоронғи бўлади. Бирдан, уч-тўрт йигитнинг бир қизга тегажоқлик қилаётганини кўриб қолдим. Қиз бақириб ёрдам сўрай бошлади. Йигитлардан бири "ҳамма ўйин кулгу қиляпти, сен билан ҳеч кимнинг иши йўқ, жонон, кел, биз ҳам бир шакаргуфторлик қиламиз", деб қизни қўлидан ушлаб тортар эди.

Бефарқ ўтиб кетолмадим. "Ҳой болалар, қани, яхшиликча қизни қўйиб юборинглар!" дедим тишимни ғижирлатиб.

-Ўҳ-ҳў, халоскори пайдо бўлибдими? «Ўргимчак одам» келдими дейман? Ошна, бировларнинг ишига тумшуғингни суқма, йўқса, ўзингга ёмон бўлади.

Безорининг бу гапидан аччиғим чиқди. Ортга тисландим-да, югуриб бориб, унинг қорнига калла қўйдим. Бир зумда олатасир муштлашиб кетдик. Шу ерда гўрковнинг ўғли бўлганим қўл келди, десам ишонасизми? Баъзан дадамга ёрдамлашганларим бор гап. Қабр ковлаш осон эмас, ахир. Озмунча куч талаб қилинадими? Баъзи инсонларнинг тупроғи енгил бўлади. Белкурак билан осонгина ковланади. "Тупроғи майин чиқди, мўмин одам бўлган экан" деб қўямиз. Аммо, шундай     пайтлар бўладики, ернинг қаттиқлигидан лаҳадни қазиб бўлгунча, қора терга тушиб кетамиз. "Гуноҳларини Оллоҳнинг ўзи кечирсин, ер ҳам қабул қилгиси келмаяптими, дейман" деб қўярди дадам. Бу иш менинг билагимдаги кучимни оширган, қўрқувни енгишга ўргатган.

Муштлашув узоққа чўзилмади. Йигитлик ғурури, ғайритабиий куч менга далда берди. Хуллас, шаҳарнинг бу олифталарини бир зумда саржин тахлагандай тахлаб ташладим. Орқасига қарамай қочиб қолишди.

- Қиз болага хилват жойда ёлғиз юришга бало бормиди? - тўнғилладим қизга қараб.

Қўрқиб кетган қиз апил-тапил, карнавалга кеч қолганини, шунинг учун қисқа йўл, деб хиёбондан ўтмоқчи бўлганини тушунтира бошлади.

Уни базмгача кузатиб қўядиган бўлдим. Йўл-йўлакай танишдик.  У билан бир институтда ўқисак-да, қизларга беэътиборлигим учун пайқамаган эканман. Фақат у биздан бир курс паст ўқир экан. Йўқса, Заҳро кўзлари чарос, қошлари ёйдек, жуда чиройли қиз эди.

- Сизнинг исмингиз нима? - сўради Заҳро уялиброқ.

- Мен Шахобман, гўрковнинг ўғли!

- Нима дедингиз? - деди қиз ҳайрон бўлиб.

- Ана, холос! Отам - гўрков деяпман!

- Мен отангиз ким?, деб сўрадимми? Қизиқ экансиз, гўрков бўлса нима бўлибди? Билсангиз, гўрков энг керакли одам. Чунки, унга ҳамманинг иши тушади. Қани, йўқ десинчи? Ўлиги кўчада қолади.

Гўрков ҳақида илиқ фикр билдирган қизни энди кўришим эди. Fалати бўлиб кетдим. Юрагимда Заҳрога нисбатан ҳурмат пайдо бўлди...

Шу-шу Заҳро билан тез-тез кўришиб турадиган бўлдик. Йўлда, талабалар ошхонасида, баъзан кутубхонада. Заҳро камтарин ва самимийлиги билан мени тобора ўзига ром этиб борарди.

Баъзан узоқ-узоқ суҳбатлашар эдик, қарашларимиз,    фикрларимиз ўхшаш бўлгани учунми узун суҳбатлардан у ҳам, мен ҳам ҳеч зерикмасдик.

Ўртамиздаги самимий муносабат, яқинлик қалбимда Заҳрога нисбатан муҳаббатни уйғотди. Доим уни ўйлайдиган, бирор кун кўрмасам, унга талпинадиган бўлиб қолдим.

Унга бўлган севгим гўё менга куч берарди. Баъзан, тонггача дарс қилсам ҳам чарчаш нималигини ҳис этмасдим. Дарслардан фақат «аъло» баҳолар олар эдим.

Шу тарзда талабалик йилларим тез ўтиб кетганини сезмай ҳам қолдим.

Энг қизиғини айтайми? Заҳро судьянинг қизи эди. Буни эшитган куним куларимни ҳам, ҳайратланишимни ҳам билмасдим. Фақат, мени бир ўй қийнарди. Агар у билан ҳаётимни боғламоқчи бўлсам, дадаси Заҳрони мендек гўрковнинг ўғлига берармикин?

Бундай ўй, хавотир кўнглимга тинчлик бермасди. Туйғуларим саробга айланишидан, қалбимга энг яқин бўлиб қолган, ҳаётим мазмунига айланган инсонни йўқотишдан чўчир эдим.

Ўқишни тугатар йилим Заҳроларникига совчи юбордим. Онам билан аммам эшикдан кириб келишгунича, нинанинг устида ўтиргандай бўлдим. Ҳайтовур, "йўқ" дейишмабди, "ўйлаб кўрамиз", дейишибди. Дадаси "мен йигитни кўрай, ўзим гаплашай!" деганмиш.

Мен қанчалик хавотир олсам, Заҳро шунчалик хотиржам эди. Унинг бунчалик хотиржамлиги сабабини кейинроқ, дадаси тўйимизга розилик берганидан сўнг, тўйга тайёргарлик асносида билиб олдим.

Заҳро оилада кенжа қиз экан. Унинг икки опаси турмушга чиқиб кетган, ҳозир хорижда яшармиш. Бир опаси эри билан Американинг Лас-Вегас шаҳрида, бир опаси Истанбулда. Дадасининг нияти кичик қизини шу ерда олиб қолиш экан.

Заҳро мен ҳақимда айтганида, дадасининг аввалига эси оғиб қолай дебди. Эрка қиз эса дадасининг олдига кириб шундай дебди:

- Дадажон, ота рози - худо рози, сиз кимни маъқул кўрсангиз, ўшанга турмушга чиқаман, бироқ, яхшилаб ўйлаб кўринг, йигитни сўраб-суриштиринг. Шахоб ака содда, меҳнаткаш одамларнинг боласи. Уларда бойликка, мансабга ҳирс қўйиш йўқ. Эришаётган ютуқларига ўз меҳнати билангина эришаяпти. Пулдор қайнотани кўзлагани йўқ. Менинг судьянинг қизи эканлигимни ҳам энди билди. Сиз шундай йигитни куёв қилишни истамаганмидингиз? Қолаверса,  "икки қизим олисда, невараларимни соғинсам компьютер орқалигина кўраман, уйимда болаларнинг кулгуси йўқ" дердингиз, мана, мен дипломат йигитни эмас, ота-она, яқинларини ташлаб хорижга кетмайдиган оилапарвар йигитни танладим. Худо хоҳласа, куёвингиз сизга куёв эмас, ҳақиқий ўғил бўлади!..

Бу ҳақда эшитганимда очиғи, Заҳронинг дадиллигига, муҳаббатимиз, бирга бўлишимиз учун астойдил ҳаракат қилганига қойил қолдим. Ҳар қандай қиз ҳам ўз отасига бундай гапларни айта олмаса керак.

Қисқаси, бўлғуси қайнотамнинг имтиҳонидан муваффақиятли ўтдим. Тез орада тўйимиз ҳам бўлиб ўтди. Ҳозир жуда бахтлимиз. Заҳро югуриб-елиб келинлик хизматларини бажариб юрибди. 

"Нозимага нима бўлди", дерсиз?! Уни мактабни битириши биланоқ, бой бир савдогарнинг ўғлига турмушга узатишган эди. Эри номаъқул чиқиб, Нозимани ўтдек куйдирибди. Кўп спиртли ичимлик ичар, бемаъни аёллар билан дон олишиб юрар эмиш. Шундай бўлса-да, оиласи бузилмади, лекин пароканда. Эшитишимча, уларнинг оиласида эр-хотин, қудалар ўртасида тез-тез жанжал бўлиб турармиш. Нозимага ачиндим.  Очиғи, кўнгил хотиржамлиги, оила бахти бўлмаган бундай ҳаётни ҳеч кимга раво кўрмайман.

Чархи кажрафторнинг ишини қаранг. Биров менсимаган гўрковнинг ўғли шундай бахтга эришади, деб ким ўйлабди дейсиз. Одамлар "Ҳамма нарса ниятга боғлиқ", "Оғзингдан чиққан гапга эҳтиёт бўл!", "Фаришталар омин дебди", деган ибораларни бежиз айтишмас экан.

Бундай бахт насиб этгани, қолаверса, мени тушунадиган, яхши инсонлар билан юзлаштиргани учун Яратганга чексиз ҳамд-у санолар айтаман. Ҳар бир инсон энг аввало, яхши ният қилиб, бахту саодатга эришиш учун интилсин. Шундагина у албатта, ўзи истаган нарсага эриша олиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, ҳаётда яхшиликка интилиб яшаган инсон кам бўлмас экан.

Фаридахон Тиллаходжаева,

 

Андижон шаҳри.