+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ЭСКИ ОДАМЛАР

ҲАЁТ САБОҚЛАРИ  

Тандирда ёпилган нон иси бутун маҳаллани тутган. Сўрида куёв тўн тикиб ўтирган Саломатхоннинг уйига қўшни дугонаси Шарофатхон иссиқ нон ва сомса кўтариб кириб келади.

- Ўртоқ, уйдамисан, вой худойимей, мундоқ чиқмайсан ҳам, "нима қиляпсан?" деб. Иссиқ нон ёпдим, тандирни "жағи"га қизилчанинг баргидан   сомса ёпдим, сенга ҳам олиб    чиқяпман, бирга тушлик қиламиз, чой қўйгин!

Кампирларнинг бир-бири билан сенлашиб муомала қилиши эшитган одамга эриш туюлади. Лекин, бу икки дугона ёшликдан бирга катта бўлишган, кейинчалик тақдир тақозоси билан қўшни бўлишди. Ўртада дарча бор. Ҳар куни бир-биридан ҳол-аҳвол сўраб туришади. Бир кун бир-бирини кўрмаса, худди ойлар ўтиб кетгандек, аввалига иддао қилиб, кейин яна ҳол-аҳвол сўрашишади.

Шарофатхоннинг нос чекиши Саломатхоннинг ғашига тегади. Айниқса, носини шолчанинг тагига туфлашини жуда ёмон кўради. Ўртоғига:

- Шу ўлгурни уйингда чексанг бўлмайдими, ҳаммаёқни расво қиласан-а, ташласангчи энди, қариб ҳам эсинг кирмади кирмади-да, - дея танбеҳ беради.

Шарофатхон эса:

- Ҳа энди, ўрганган кўнгил, нима қилай, ташлолмаяпманда, - дер эди.

- Ҳой, шолчанинг тагига туфлама, ўзинг билан бирор идиш олиб юрсанг бўлмайдими, сенга гапиравериб чарчадим.

Саломатхон ўртоғига енгилгина дакки берар, сўнг индамай палоснинг остини тозалаб қўярди.Уларнинг ўзаро гапларини эшитган одамнинг юзига табассум югуради. Қанчалик яқин дугона эканликларига ҳаваси келади.

Боши берк кўчамизда бор-йўғи 8 оила яшарди. Ҳар бир оилада катта бувилар бор. Биз болалар уларнинг ҳар бирини ўзгача атардик. Саломатхон ача, Шарофатхон эна, Саодат буви, ёши каттароқларини эса катта ача деб айтардик. Уларнинг ҳар бири биз учун қадрли эди.

Саодат буви анчайин илмли ва зукко кампир бўлиб, маҳаллада ҳамма ҳурмат қилар, аёллар ҳикматлар айтиб беришини илтимос қилиб кирар эдилар. Биз болалар ҳам ёнларида ўтириб олиб, завқ билан   тинглардик. Саодат бувидан кўп ҳикматларни эшитганмиз. 

Шарофатхон эна билан Саломатхон ача миллий чопоннинг усталари эдилар. Гоҳ униси, гоҳ бунисиникида ўтириб чопон тикишар, маҳалладаги ёш қиз-жувонларга ҳунар сирларини ўргатар эдилар.

Назаримизда, "Маҳаллада дув-дув гап" кинофильми худди шу уч аёлга ёзилгандек. Шу фильмни ҳар кўрганимда кўчамиздаги уч ўртоқ ёдимга тушаверади. Уларни сўрида куёв тўн тикиб, баъзан чой ичиб ўтирганлари кўз олдимга келади.

Ҳозир кўчамизнинг файзи қолмагандек, гўё. Чунки, болаларга ҳикматлар айтиб берадиган, тандирда нон ёпиб илинадиган, ҳунарини беминнат ёшларга ўргатадиган онахонлар энди орамизда йўқ. Ҳар сафар ота эшигимга борсам, улар яшаган қўшни ҳовли тарафга қараб-қараб қўяман. Болалик хотираларим уйғонади, беғубор даврларимни қўмсайман. Бу онахонлар ҳозирги ёшлар таъбири билан айтгандек "Эски одамлар" бўлса-да, улардаги самимият, оқибат ва меҳрни мен бошқа жойда учратмадим. Охиратлари обод бўлсин!

 

Мавжуда УМРЗОҚОВА