+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Мен ҳам бахтли бўлишни хоҳлайман

Мактуб - кўнгил кўзгуси

Бир фарзандни дунёга келтириб, унга яхши тарбия бериш, жамиятга қўшишнинг ўзи катта иш. Фарзанд улғайгач, қиз бўлса турмушга узатиб, ўғил бўлса уйлаш ота-онанинг зиммасидаги бурч. Йигирма, йигирма икки йилдир кўз қорачиғидай сақлаган қизини бегона уйга келин қилиб узатиш қанчалар қийин бўлса-да, фарзандимиз бахти учун шунга мажбурмиз, бу ҳаёт қонуни. Қизимиз аёлини, келинини қадрлайдиган инсонлар қўлига тушишини сўраб дуолар қиламиз, фарзандимиз ўзидан тинчиб, униб-ўсишини, борган жойида қадр топишини, тошдай қотишини тилаймиз. Шундай бўлса, ҳамма бахтиёр, Аммо акси бўлса-чи...

Хўш, оиладаги ажримларга асосан нималар, кимлар сабаб бўлмоқда? Йиллар давомида ечими топилмай келаётган  бу муаммо қайси хатоларимизнинг маҳсули? Оилалар тинч, мустаҳкам бўлиши, болаларнинг тирик етим бўлиб қолмаслиги, ёш эр-хотинларга кўмаклашиш бўйича нима ишлар қиляпмиз. Ва бу ишларнинг бошида кимлар турибди?  Бу каби саволлар жуда кўп, лекин ҳаётда доим ҳам уларга ижобий жавоб топа олмаяпмиз. 

Таҳририятимиз электрон почтасига келаётган мактублар билан танишар эканман, кишини қувонтирадиган хатларни ўқиб хурсанд бўламан. Лекин хатларнинг аксариятида кўнгли доғ опа-сингилларимизнинг изтиробли қалб кечинмалари битилганлиги, оилавий муаммо ва можаролардан иборат эканлиги мени ташвишга солади. Мактублардан оилаларни мустаҳкамлаш борасида ҳали жуда кўп ишлар қилиниши кераклигини англайман. 

"Мактуб - кўнгил кўзгуси" деб номланган лойиҳамиз доирасида ана шу мактубларни қандай бўлса, шундайлигича сизнинг ҳукмингизга ҳавола этишга аҳд қилдик. Чунки мактублар ибратдир. Уни ўқиган муштарийлар тегишли хулоса чиқариб, оиласини мустаҳкамлашга, келинини ардоқлашга, қайнонасини ҳурмат қилишга, бир сўз билан айтганда, оиласида тинчлик-тотувликни, яхшилик, меҳр-оқибатли бўлишни таъминлашга интилса ажаб эмас.

Саҳифамизда эълон қилинаётган мактуб муаллифларининг исм-шарифлари, манзиллари ўзгартириб                берилади.

"Ассалому алайкум менинг кўп йиллик маънавий сирдошим, аёлларнинг дарду қувончларига шерик "Иқбол" газетаси. Мен Андижон вилояти, Избоскан туманидан Дилрабоман. Ёшим 28 да. Тўғри, инсон бошидан ўтган воқеаларни ҳаммага достон қилиши яхши эмас, лекин мактуб орқали қалбдаги дардларимни бироз аритишга аҳд қидим.

... Ёш бўлишимга қарамай ҳаётда жуда кўп қийинчиликларга дуч келдим. Оилавий муаммолар мени яшаш, ҳаёт завқини туйишдан мосуво қилди. Балки мактубим орқали ҳеч кимга айта олмайдиган сирларни айтишим, ҳаётим битиклари эҳтимол, кимларгадир хулоса қилиб олишга, мулоҳаза юритишига ёрдам берар...менинг каби ҳаёт зарбасига учраган дугоналаримга, бахтли ҳаётидан нолиётган аёлларга ибрат бўлар.

Мени 19 ёшимда ота-онам ўзлари ёқтирган, маъқул деб топган инсонга турмушга узатишди. Қўшни маҳаллага келин бўлиб тушдим. Аммо, менинг орзу ҳавасларим бошқача эди. Мен олийгоҳда ўқишни,  ўқитувчи бўлишни орзу  қилардим. Лекин отам "қиз болага ўқишнинг кераги йўқ" - деб, рухсат бермади. Чеварликни ўргандим, аёллар ва болалар либосларини тикардим.

Оила қурганимдан кейин тез орада ҳомиладор бўлдим. Ҳомиладорлик давримни жуда оғир ўтказдим. Буниси холва экан, туққанимдан кейин хақиқий    қийинчилик бошланди. Болам кечаси билан ухламай, йиғлаб чиқарди. У жуда инжиқ бўлди. Турмуш ўртоғим ишлагани боис, кечаси менга ёрдамлаша олмасди. Уни безовта бўлмаслиги учун боламни бошқа хонага олиб чиқиб қарардим.  Тонгга яқин ухларди. Кўпинча мен ҳам чарчаб, ухлаб қолардим. Қайнонам    тонгда туриб кўча супуриб, чой тайёрламаяпти, дея мендан кўп ранжирди. Эрим кунда бу каби сўзларни эшитавергач, менга бошқача кўз билан қарай бошлади. Аввалгидек, эркалаши, ширин сўзлари камайиб борарди.

Фарзандимиз бир ёшга тўлгунга қадар бу каби қийинчиликлар гирдобидан чиқолмадим. Мени тушунадиган, ёрдам берадиган инсон йўқ эди атрофимда. Ота-онамнинг ёнига тез-тез кетадиган, ўша ерда бироз жоним ором оладиган бўлиб қолгандим. Фарзандим икки ёшга тўлгач, энди анча енгиллаб, уй ишларига ҳам, чеварчилигимга ҳам улгурадиган бўлдим. Аммо, қайнонамни кўнгли мендан совиган, эрим эса бефарқ бўлиб қолганди. Уларнинг меҳрини қозонишга ҳар қанча ҳаракат қилмай, уддасидан чиқа олмадим. Балки дангасалик қилдимми? Балки ҳолатимни тушунтира билмадимми? Буниси менга қоронғу.

Оиламизда кунда жанжал, тўполон бўладиган, қайнонам ҳар куни ишларимдан хато топиб, сиқувга оладиган одат чиқарди. Бир куни ўғли ишдан келганидан сўнг навбатдаги уришни бошлаб, эримга "хотинингни жавобини берасан" - деб туриб олди. Эрим қаршилик қилди, албатта. "Аяжон, қўйсангизчи, фарзандим бор, ахир. Унинг келажаги нима бўлади? Бас қилинглар шу ғалва-жанжалларни. Охирги бор огоҳлантиришим яна бир марта уйда уриш бўлса бошимни олиб чиқиб кетаман." - дея, қизимизни кўтарганича хонадан чиқиб кетди. Бундан кўнгли тўлмаган қайнонам бор заҳрини менга сочди. Шу йўсинда яна бир йил сабр қилиб яшадим.

 Охирги жанжалдан сўнг  турмуш ўртоғим «мени Тошкентга ишга чақиришяпти. Бориб кўриб келаман»,  дея уйдан чиқиб кетди. Шу кетганича бир ҳафта дараги бўлмади. Ака - укалари уни излаб, таниш-билишлардан суриштиришди. Ҳеч ким кўрмаган, ҳатто Тошкентга бормаган ҳам экан.

Ўн кунлардан сўнг ўзи қўнғироқ қилди. "Мен Россиядаман. Уйдаги жанжаллардан зерикдим. Ошна-оғайниларимнинг оилалари тинч, хотиржам ишларини қилишади. Лекин мени оиламда хотиржамлик йўқ, ишимда ҳам барака бўлмайди. 

Энди хоҳласангиз бирга, иноқ бўлиб яшанглар, хоҳласангиз келинингизни уйига жўнатиб юбораверинг". 

Бу гапларни эшитган қайнонам ғазаб отига минди. "Мени ўғлимдан айирдинг, шумқадам"  - деб мени уйдан қувди. Хозир ота эшигимдаман. На турмуш ўртоғим қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрайди, на қайнонам боламдан хабар олади.

Агар қайнонам менга оналик қилиб, уй юмушларида, бола тарбиясида ёрдам берганида, эримга ёлғон гапириб ёмонламаганида эди, балки бугунги ҳолатга тушмаган бўлар эдик. Қайнонам мени сиғдирмади, турмуш ўртоғим қийинчиликларга чидамай хорижга кетиб қолди, мен эса ота уйимдаман. На мен, на турмуш ўртоғим бахтлимиз. Ёши улуғ бўла туриб қайнонам буни кўра олмади. Нега қўни-қўшни, маҳалла-кўй аралашиб, қайнонамни йўлга солмади. Ахир ҳар куни телевизорда ана шундай маҳалла фаоллари ҳақида кўрсатишади. Нега менинг ҳаётимда улар бўлмади? Андиша қилиб, ўзим маҳалла идорасига чиқмаганим айбимдир.

Қийин аҳволга тушиб қолганим учун кимларнидир айбдор қилиш фикридан йироқман. Мана салкам бир йилдирки, отамнинг уйидаман, Ота-онам кўнглимга қарасалар-да, сиқиламан. Нимага менинг ҳаётим бундай бўлди? нега? нимага? деган саволлар кўнглимга тинчлик бермайди.

Умид қиламан, қайнонамга инсоф кириб қолар, ахир набираси бор. Бизни ташлаб қочиб кетган эрим эрта-индин келиб, эҳтимол олиб кетар. Бундай ўй-хаёллар гирдобида яшаш осон эмас экан. Лекин тақдирда борини кўраман. Муборак Рамазон рўзасини тутяпман. Ҳар куни ўз хонамга кириб олиб, унсиз йиғлаб, дуолар қиламан. Аллоҳим қайнонамга, турмуш ўртоғимга инсоф бергин, оилам тиклансин, фарзандим тирик етим бўлиб улғаймасин.

Вақтлар ўтиб, оилам яна тикланармикан? Ана шу кунлар қачон келар экан? Фақат ўша кунлар келгунга қадар ўй-хаёллар мени еб битирмаса бўлгани...

Мен ҳам оилам бут, бахтли бўлишни хоҳлайман".

* * *

Мактубга баҳони сиз ўзингиз беринг, ўзингиз хулоса чиқаринг. Бугун вилоятимизнинг қайсидир маҳалласида минг бир изтиробда яшаётган ўша аёл бор. Ҳаётнинг аччиқ зарбаларидан ўзини йўқотган, дард-аламларини сир тутаётган ўша аёлга ёрдам берайлик. У ҳам ҳаётда бахтли инсонлар қаторига қўшилсин.

Азиз муштарийлар! Сизлардан "Мактуб - кўнгил кўзгуси" лойиҳамизга дил номаларингиз кутиб қоламиз.

 

 

Сожида САИДОВА тайёрлади.