+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Яшил қути

(ҳикоя)

Жуда кичкиналигимда чойдан бўшаган яшил қутим бўларди. Унинг ичига ҳеч нарса солмасдим, қути доим  бўш турарди. У менинг хаёлимда қўғирчоқларимни "тирилтирадиган" сеҳрли қути эди. Қўғирчоқларим "қаригач", уларни шу қутига солиб, ўзимча сеҳрли сўзларни пичирлаб айтардим. Шуниси бор эдики, тилим келишмайдиган сўзларни ўзим ўйлаб топар ва улар кейинги сафаргача доим эсимдан чиқиб қоларди ва мен яна бошқатдан бундан-да мураккаброқ сўзларни айтишга мажбур бўлардим.

Кейинроқ - сал катта бўлганимда, мен қутини ташлаб қўйдим ва буткул унутдим. Бир сафар эски китобларимни қидираётиб, яшил қутимни топиб олдим. У ғубордан анча эскирган эди, бироқ уни қўлимга тутишим билан унда "тирилган" қўғирчоқларим ёдимга тушди. Қутини китоб-лар билан бирга қазноқдан олиб чиқдим. Дарс столим устидан жой олган бу қутига энди "Пандора қутиси" деб ном бердим.

У кейин ҳам бўш турди, унинг ичига ҳеч нарса солиб қўймадим - яшил қути менинг сирдошимга айланди. Унинг қопқоғини очиб пичирлаб айтган тилагим албатта, рўёбга чиқарди. Ундаги мўъжизавий куч нимада эканини билмас ва билишни истамас ҳам эдим. Аввалига орзуларим амалга ошганидан қувониб юрдим, бироқ уларни рўёбга чиқараётган мўъжиза ҳақида бировга айта олмасдим. Натижада орзуларим сабаб қўлга киритган бир дунё буюмлар, кийимлару узоқ кутилган сайру саёҳатлар ҳам мени у қадар хурсанд қилмайдиган бўлди.

Моддийлик мени хурсанд қилолмаслигини билгач, бир гал мен қутидан ота-онам менга эътиборли бўлишларини тиладим. Шу куни кечаси қаттиқ иситмаладим ва чиндан ҳам ота-онам тонггача менинг ёнимдан кетишмади. Шу воқеадан сўнг асл орзулар йўқотиш ёки оғриқ орқалигина амалга ошаркан, деб ўйладим.

Бахт нашидаси у ҳақдаги орзу ва хотирадагина гўзал бўлиши, ушбу икки туйғу ўртасидаги ҳақиқий онлар эса фақатгина вақт салмоғидан иборатлигини ўшандаёқ тушуниб етганман. Бориб-бориб амалга ошаётган тилакларим натижасидан шодланмай ҳам қўйдим, чунки мен уларнинг амалга ошишига сабабчи бўлган яшил қутининг мавжудлиги ҳақида бировга гапиролмасдим, назаримда, мени қувонтира оладиган ягона бахтим - шу қутида, унинг сеҳрида эди, холос.

Йиллар ўтди. Назаримда, катта бўлганим сари ўзим ҳам, менинг орзуларим ҳам бу қутига сиғмай қолдик, мен унинг мўъжизаларига ишонмай қолгандим. Яшил қути болалигим ўтган уйда қолиб кетди. Ҳар сафар у ерга борганимда қутини гоҳ ошхонада - бўғзигача чой ёки зиравор тўлдирилган ҳолда, гоҳида эрка жиянимнинг тақинчоқлари банд қилган пардоз ашёси сифатида, яна бир гал эса гултувак вазифасини ўтаётган ҳолатдада учратардим. Ҳар гал уни олиб, бирор пана жойга яшириб қўярдим, бироқ, бирор марта бўлсин уни ўзим билан олиб кетишга жазм этмадим. Чунки, ҳар гал унга кўзим тушиши билан ёшликдаги орзуларим ёдимга тушар ва худди у кўриб ёки ҳис этиб тургандек, бугунги ҳаётим, ундаги ғариб орзуларимдан уялардим.

Аслида мен шу юртда яшаб, уруш ва қаҳатчилик, оғир кунларни бошимдан кечирмаганман. Қирғинлар, табиий офатлардан азият чекмадим, турли қийинчиликларни кўрмадим, тушкунлик ва саросимани ҳис этмадим. Бироқ, қирғинлар ҳақида, улардан азоб чеккан инсонлар ўйларини юракдан ҳис этиб, улар ҳақида ёздим. Аммо, ўйлаб қарасам, ёзганларим айнан ўз юрагимда туғилмагани учун бўлса керак, сунъий туйғулар натижаси бўлган экан. Буни аввал тушунмагандим, албатта. Айни пайтда вазият, яъни бутун дунёга эпидемия хавф солаётган бугунги кунлар мени буткул ўзгартириб юборди. Билишимча, бу кунлар жуда кўпчиликни ўзгартирди. Одамлар бир-бирларига меҳрибонроқ, инсонпарварроқ бўлиб қолгандек, гўё. Кеча бозорда жисмонан бир оз нуқсонли аёл ўғли билан ун сотилаётган узун навбатга келиб қўшилиши билан олдинда турганлар ўз навбатларини уларга бажонидил беришди. Гап-сўзсиз. Ҳайдовчи йўловчиларни бир сўм ортиқча пул олмасдан манзилларига элтиб қўймоқда. Ота-онаси билан бекатда ўтирган 14 ёшлардаги қиз 9 ёшлардаги укасини қучоғига олиб унинг юзидаги ниқобини қайтадан боғлаяпти. Назаримда, атрофдаги одамлар бир-бирларига эътибор, қадр кўрсатишяпти.

Ана шуларни ўйлаб кекса ёшдаги инсонларнинг қадр ва эҳтиром ҳақидаги гап-сўзлари ёдимга тушади. "Уруш пайтлари ва ундан кейинги оғир дамлар одамларнинг оқибати бугунгидан кучли бўлган. Каттаю-кичик бир-бирига меҳрибон, олийжаноб эди". Бу каби фикрларга асло эътирозим йўқ. Чиндан ҳам шундай бўлгандир. Бироқ, бугунги кишиларда ҳам шундай ҳислатлар бор. Чунки бугунги авлод томирида ўша аждодларининг қони  оқмоқда. Асли одамларни бирлаштирадиган, мардликка, ҳамжиҳатликка даъват этадиган куч - бутун инсоният бошига тушадиган умумий ташвишлар, фалокатлардир. Инсоният ҳаловати, келажагига раҳна солувчи ҳалокатлар юз берганда одамлар бир нуқтада бирлашадилар, ҳамдардга айланадилар, офатга қарши бир жон, бир тан бўлиб курашадилар. Шунда раҳм-шафқат, олийжаноблик юзага чиқа бошлайди. Аслида ҳам ҳар қандай бало-қазони бирликдагина енгиш мумкин.

Негадир менинг болалигимга айланган ўша яшил рангли бойлигим - "Пандора қутиси" шу кунлар яна ёдимга тушди, уни қидирдим, лекин топа олмадим. Балки йиллар увадага айланган хотирасига яширгандир. Лекин аниқ биламан, у йўқолмаган. Тилакларни амалга оширувчи яшил қути ҳозир қанчалар зарур менга. Бир пайтлар жонсиз қўғирчоқларимни "тирилтирган" қутичам балки хасталарга шифо бериб, кўплаб инсонларни ўлимдан сақлаб қолармиди!? Эҳтимол, менинг яшил қутим инсониятни ташвишга солган бугунги воқеалар вақт ўтиши билан унут бўлиши, фақат одамларнинг аҳиллиги, бир-бирларига ҳурмат ва эҳтироми, инсонийлик унутилмаслигига барчани ишонтирарди. Бу сафар мен унинг мавжудлиги, сеҳрли ҳислатларини ҳеч кимдан яширмаган бўлардим.

Мен дунёда тилсимотлар мавжудлигига ишонаман. Биз тасаввур қила олмайдиган сеҳрли олам ва менинг ёшликдаги яшил қутим каби жодуга эга бўлган буюмлар борлигига ҳам шубҳа қилмайман. Ахир ҳаётда не-не мўъжизалар бўлмайди дейсиз. Инсон ақл-идроки ҳазм қила олмайдиган синоатлар борлиги ҳам ҳақиқат. Бироқ, асл ҳаётдаги улкан куч -  барибир одамларнинг бирлиги, меҳр-оқибатидир. Мен эса бугундан бошлаб "Пандора қутиси" воқеаларини сўзлаб беришда давом этаман ва ишонаманки, яшил қутичам болалигим ўтган уйнинг қайсидир бурчагида мени кутиб турибди. Энди ундан қандай тилак ижобатини сўрашни  яхши биламан.

 

 

Сабоҳат РАҲМОН