+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 09 Май 2020
    Инсонпарварлик карвони Сирдарёга йўл олди
    Бугун бутун халқимизнинг асосий эътибори "Сардоба" сув омборида юз берган тошқин асоратларини бартараф этишга, сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизга ёрдам кўрсатишга, уларни моддий ва маънавий…
  • 09 Май 2020
    Асл бойлигимиз соғлигимиз, тинчлигимиздир
    Оғир дамлар келганда асл инсонларгина бир-бирини қўллайди. Меҳр-оқибат шундай кунларда янада билинади, қадрли бўлади. Дарҳақиқат, вирусга қарши меҳри дарё халқимиз бирдамликда ҳаракат қилмоқда. Буни Хонобод…
  • 29 Апр 2020
    ХАРИДОРЛАРГА СИФАТЛИ НОН ЕТКАЗИБ БЕРИЛМОҚДА
    Андижон шаҳрида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор "Бобохўжаев Шуҳратбек" томонидан ташкил этилган нон цехида бир неча йиллардан буён аҳолига қолипли нон ва бир неча турдаги…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Сизни яхши кўраман

Кечинма

Анча бўлди, онамни кўрганим йўқ. Унинг иссиқ бағрига бош қўйиб ҳароратли меҳрини туймаганимга ҳам деярли бир ой бўляпти. Авваллари, онамни соғинсам, шартта уйдан чиқиб, болаларимни олмай ҳам ўзим кетаверардим. Ҳозир эса...

Ҳеч нарса бўлмайди, бир зумгина дийдорига тўйиб келаман дейману, шайтонга хай бераман.

Мана неча ойдирки, бутун дунё янги юқумли касаллик исканжасида. Олимлар унга тождор вирус деб ном ҳам қўйиб қўйишган. Қиш чилласида бошланган бу бало бутун ер юзини эгаллаб улгурди. Нима ҳам қила олардик, Оллоҳдан беизн бандага тикон ҳам кирмас. Демак, бунда ҳам бир ҳикмат бор. Демак, биз бандалар шунга муносибмиз.

Ахир бандаси эмасми, муштипар онаю отасини қариялар уйига обориб жойлаган?

Биз инсон боласи эмасми, юрагида бир ҳайвончалик раҳму шафқат уйғонмай, боласини ўрмонга ташлаган, сувга отган?

Ахир биз эмасми, табиатнинг жонини суғуриб, унинг бойликларини ўмарган, ўзини ҳалокат ёқасига олиб келган?

Ўз қизини, ўз синглисини хўрлаб,фаҳш ботқоғига ботган ҳам - биз.

Ўз миллатдоши, қўшнисини пул учун мусофирликда сотган ҳам - биз.

Жойнамозга бош қўймасдан, бўкиб ичиб, думалаб ётган ҳам биз.

Арзимаган дунёвий жанжал сабаб ўз жигарига пичоқ кўтарган ҳам биз.

Балким, бугун барча гуноҳларимиз учун шу фоний дунёдаёқ шу тариқа товон тўлаётгандирмиз.

Билмадим. Бироқ, билганим шуки, шу митти, кўзга кўринмас вирус кўзларимизни мошдек очиб қўйди.

Неча йиллаб йўқламаган ёри биродарларимиз ёдимизга тушди, бир-биримизга саломатлик, эзгулик тилаб йўқлашни бошладик. Топган бойлигимиз Яратганнинг иродаси олдида бир чақа эканлигини ҳис қила бошладик. Хайр-саховат ёдимизга тушди.

Фарзандлар тарбиясию, улар олдидаги масъулиятларимиз унут бўлганди. Тирикчилик, рўзғор ташвиши билан банд эдик гўё.

Балким, Поки парвардигор, меҳрсиз, эътиборсиз ўсаётган гўдакларга раҳм қилгандир. Унинг қудратини қарангки, ҳозир ҳаммамиз болаларимизни қанотимиз остига олиб ўтирибмиз.

Ўзим-чи?! Авваллари, дам олиш кунларини орзиқиб кутардим. Энди эса, ишлаб юрган кунларимнинг қадрига етаяпман.

Ишхонамда ўрик дарахти кўп. Бу йил ўрикларнинг қийғос гуллаганини кўролмадим.

Наҳот баҳорни шу тўрт девор ичида кузатиб, лолақизғалдоқлар гуллаган дамларни ўтказиб юборсак...

Инсон ҳамма нарсага кўникади, дейишади. Айниқса аёлларни Оллоҳим осон мослашувчан, барча шароитга кўнувчан қилиб яратган. Уйдан чиқмаганимга икки хафта бўлди, зерикканим йўқ. Болаларим уйга анча мослашиб қолишди. Куннинг биринчи ярмида дарс қилиб, компьютер ўйнашса, иккинчи ярмида телевизор кўришади. Менга уй ишларида ёрдам беришади. Баъзан ўтириб бирга шахмат-шашка ўйнаймиз. 

Аммо, сокин ва ҳамжиҳат оилавий ҳаётимда биргина кемтик бор. Онамни жуда соғиндим. У ўртанча акам билан ота ҳовлимда яшайди. Ҳар шанба йўлимга кўз тутишини ҳам яхши биламан. Агар банд бўлиб телефон қилолмасам, ҳол-аҳвол сўраб йўқлагувчим, касал бўлиб қолсам шифокорим, ҳали ҳам шеърларимнинг илк ўқувчиси, хушхабарларни илк етказувчи хабарчим, ака-опаларим билан боғлаб турувчи мустаҳкам риштам, ҳеч кимга айтолмаган сирларимни бўлишгувчи сирдошим, йиллар силсиласида синалиб, менинг ҳаётимда қолган ягона дўстим - Онам ёнимда эмас.

Ҳа, мен онамни кўргани бормаяпман. Ва карантин тугаб, бу бало даф бўлмагунча, бормоқчи ҳам эмасман. Чунки, унинг ёши 80 дан ошган. Бу қуриб кетгур вирус ёши улуғларни ёмон кўраркан. Олишгани ҳам шу кексалар, ёпишгани ҳам шу кексалар. Олисдаги акам ҳар телефон қилганида онамни эҳтиёт қилишимизни, уйдан чиқармаслигимизни бот-бот таъкидлайди. Касбим тақозоси сабаб турфа одамлар билан мулоқотда бўлдим. Шунинг учун соғинсам-да, онамнинг хавфсизлигини ўйлаб у кишини кўргани бормаяпман. Оёқларим қишлоғимга қараб тортқилайди. Юрагим дийдорсари талпинади. Гарчи доим телефонда хабарлашиб турсакда, унинг нуроний юзига боққим, ажин қоплаган иссиқ юзларини силагим, қўлларидан ўпгим келади. Ўзим туғилиб ўсган ҳовлида, отам эккан ўрикнинг тагидаги сўрида бирга чой ичиб суҳбатлашишни қўмсайман. Бироқ...

Ўша кун албатта келади, мен бунга ишонаман.

Карантин тугаши билан биринчи қиладиган ишим қишлоққа, онамнинг ёнига чопиб бориш бўлади. Ва мен унга эриш туюлиб, шу пайтгача айтолмаган гапим -  яхши кўришимни айтаман.

Онажон, мен сиз учун уйда қолдим, сиз мен учун ўзингизни асранг! Сизнинг хавфсизлигингиз, соғлигингиз мен учун соғинчимдан ҳам ортиқроқ. Сизни яхши кўраман!

 

 

Муаззам СОБИРЖОН қизи