+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Ота тазарруси

Уильям Ливингстон ЛАРНЕД

Ўзбеклар болажон халқ. Фарзандни вояга етказиб, кези келганда набиралар ҳақида қайғуриш ҳам халқимизга хос фазилат. Аммо, ҳаёт ташвишлари билан андармон бўлиб, жигарбанди тақдирига, тарбиясига вақт топа олмаётган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Ана шундай инсонларга ибрат бўлишлиги учун эътиборингизга қуйидаги мўъжаз асарни тақдим этамиз.

Ўғлим, қулоқ сол: ушбу сўзларни сен уйқуга кетганингда айтмоқдаман, сенинг жажжи қўлинг лунжинг остида, жингалак, малла сочларинг эса нам тортган манглайингга ёпишиб турибди.

Мен ўзим сенинг ётоғингга бошимни эгиб кириб келдим. Бир неча дақиқа олдин, кутубхонада газета ўқиб ўтирганимда қалбим аянчдан ларзага келди. Сенинг ўриндиғинг олдида айбимга иқрор бўлиб турибман энди.

Болагинам: мен бузилган кайфиятим учун сендан ўч олдим. Мактабга тараддудланиб кийинаётганингда, сени жеркиб бердим, негаки юзингни ювиш ўрнига нам сочиқ билан артгандинг. Пойабзалингни тозаламаганинг учун уришдим.        Кийимларингдан қай бири ерга тушиб кетганда койиб бердим.

Нонушта вақтида ҳам заҳархандалик қилдим, ҳаракатларингдан айб изладим. Сен чойни тўкиб юбординг. Соғлом иштаҳангни очофатликка йўйдим. Тирсакларингни стол устига қўйдинг. Сариёғни нонга қуюқ суртдинг. Сўнгра сен ўйнагани, мен эса поездга ошиқаётганимда менга ўгирилиб боқиб, "Ҳайр, дада!" дея қўл силкдинг. Мен-чи, қовоқ уйиб, "Букчайма, қаддингни ростлаб ол!" дея ғўлдирадим.

Оқшомда барчаси яна такрорланди. Уйга қайтаётиб, сени пайқадим - чўкка тушиб қум ўйнаётгандинг. Пайпоқларинг тешилиб кетганди. Дўстларинг олдида изза қилиб, сени етаклаб кетдим. Пайпоқлар қиммат туради - уларни ўз пулингга олганингда, қадрини билардинг! Шу гапларни сенга ўз отанг айтганини қара, болам!

Сўнгра кутубхонада ўтирганимда қўрқа-писа, кўзларингни жавдиратиб кириб келдинг. Ҳалақит қилганинг учун норози нигоҳимни газета оша сенга қададим. Сен остонада иккиланиб туриб қолдинг. "Нега кирдинг?" - ўшқирдим мен.

Лом-мим демай бирдан яқинлашиб келиб, бўйнимдан маҳкам қучдинг-да, титраётган лабларингни юзимга босдинг. Қалбингдаги бепарволигим ҳам сўндира олмаган илоҳий муҳаббат қўлчаларингга қувват берди. Ва ортга ўгирилиб, жажжи оёқларинг билан майда қадам ташлаган ҳолда    ётоғингга йўл олдинг.

Шундан сўнг газета қўлимдан сирғалиб тушди ва мени беҳаловат қилган даҳшатли туйғулар юрагимни чулғади. Шу тобда иллат излаш одатимнинг қулига айланганимни фаҳмладим. Айб топиш, жазолаш - шу бўлди сендек беғубор гўдакка берган мукофотим. Сен ахир бор-йўғи кичкинтойсан-ку. Сирасини айтганда, ота меҳри менга бегона эмас. Гап шундаки, сени ўз қаричим, катталарга хос назар билан баҳолаганимда эди.

Сенинг табиатингда эса беғуборлик, нафосат ва самимият мужассам.   Сенинг жажжи юрагинг олис-олислардаги чўққилар узра отаётган тонг каби улкан ва бепоён. Буни юрак ютиб кутубхонага кириб келганингда, ўша қалбинг қатларидан отилиб чиққан меҳр ҳам исботлаб турибди. Залолат ботқоғига ботган отанг учун бугун бошқа ҳеч бир нарсанинг аҳамияти йўқ, ўғлим. Мен      қоронғида каравотинг олдига келиб, уялганимдан тиз чўкиб турибман!

Бу билан гуноҳимни аритолмайман, албатта. Уйғонганингда дилимдагиларни тўкиб солсам ҳам сўзларимнинг маъносини идрок этолмаслигингни биламан. Шу боис, эртадан яхши ота бўламан! Сен билан дўст тутинаман. Азият чекканингда бирга дардлашаман, қувонганингда ҳурсандчилигингга шерик бўламан. Оғзимдан иллат сўз чиқмаслиги учун тилимни тияман. Калима келтиргандек: "У ахир бор-йўғи гўдак-ку!", дея такрорлайман.

Шу чоққача сени катта йигит фаҳмлаб муомала қилган эканман. Аслида, ўриндиғингда ором олаётган мурғак болани кўриб, сен ҳали гўдаклигингни англадим. Кечагина онанг қўлидан тушмасдинг. Сендан кўп нарсаларни, жуда кўп нарсаларни талаб қилган эканман.

 

Саидаҳмад ШУКУРОВ таржимаси.