+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

АЛИШЕР НАВОИЙ ОРЗУЛАРИ

Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги олдидан

Алишер Навоий феодал тузум ва реакцион кучлар аёлларни ҳар тарафлама камситиб келган бир пайтда уларни илмли, маърифатли, ҳунарли бўлишлари билан бирга йирик давлат арбоблари бўлишларини ҳам орзу қилди ва ўз асарларида хотин-қизларга алоҳида ўрин берди. "Фарҳод ва Ширин" достонидаги Меҳинбону тимсолини ўзи орзу қилган ҳар томонлама мукаммал, барча фазилатларни ўзида мужассамлаштирган замонасининг етук раҳбари тарзида яратиб берди. (Меҳинбону-улуғ бека дегани бўлиб, унинг асл исми Шомира (Семирамида) экан. Унинг номи билан боғлиқ афсона ва ривоятлар кўпдир.)

Меҳинбону маърифатпарвар, ўз ватанини, халқини чин дилдан севиб, ардоқлаган адолатли ҳукмдор аёл тимсолидир. У ўз саройида истеъдодли қизларни тўплаб, уларни маънавий гўзаллик, маърифатпарварлик йўлида илм-фанни ривожлантиришларига ҳомийлик қилди:

Бири ашъор баҳри ичра ғаввос,

Бири адвор даври ичра раққос.

Бири мантиқ русумида рақамкаш,

Бири ҳайъат руқумига қаламкаш.

Бирининг шеваси илми ҳақойиқ,

Балоғатда бири айтиб дақойиқ.

Бири тарихда сўз айлаб фасона,

Бири ҳикмат фани ичра ягона.

Ҳисоб ичра бирининг зиҳни ортиб,

Муаммода бириси от чиқориб.

Бу фанларда булар бир-биридан аҳсан,

Юз ул фанлиқ аро ҳар қайси якфан.

Дилором-у, Дилоро-ю, Дилосо,

Гуландон-у, Суманбў-ю, Сумансо.

Паричеҳру, Паризоду, Париваш,

Парипайкар зиҳи ўн исми дилкаш.

Фарҳод тоғ қазиш ишларини битириб, ариққа "Наҳрулҳаёт" ("ҳаёт ариғи") сув омборига "Баҳруннажот" ("Нажот денгизи") номини бериб, Меҳинбону саройига қайтди.

Меҳинбону Фарҳодга мардонавор бу ишлари шарафига саройда катта базм-зиёфат ташкил қилди. Базмга кўп одам йиғилди. Фарҳоднинг жасоратига қойил қолган Меҳинбону уни тахтга ўтиришга таклиф қилди ва ўзлари тахт пойига гиламлар тўшаб, қизлар билан давра олиб ўтирдилар. Меҳинбону қизларнинг ҳар бирига алоҳидадан савол бериб, улардан жавоб олди.

Даврада бу қизлар ўз билим ва      санъатларини намойиш қилдилар.

Дилором шеърият денгизида ғаввос бўлиб сузди, ажойиб дилтортар шеърлару ғазаллар ўқиди. Ҳаммани ўзига қаратди. Ҳамма уни олқишлади.

Дилоро рақслар майдонида ўз      санъатини намойиш қилди: елдек айланди, қушлардек парвоз қилди. Базмдагилар унга таҳсин ва офаринлар ёғдирдилар.

Дилосо барча фанларга алоқадор бўлган мантиқ илмини боғлаб, унинг маъносини-афзаллигини тушунтирди.

Гуландом мусиқа илми билан шуғулланувчи бастакор ва моҳир созанда эди. У соз чалди, куйлади, барча меҳмонларни мафтун этиб, олқишга сазовор бўлди.

Суманбўй ҳақ илмини эгаллаган исломшунос олима бўлиб, Қуръонни ёд биларди. У етти хил усулда Тиловати Қуръон қилди. Ҳамма таъсирланди. Офаринлар айтишди.

Сумансо қўшиқчи-шоира эди. У ўз даврининг булбули бўлиб, бахт ҳақида куйлади.

Базмдагилар  офарин, дея    олқишладилар.

Паричеҳра тарихчи олима эди. У йиғиндагиларга турли эртаклар, афсоналар айтиб берди. Олима сифатида шоирлар ёзган шеърлардан тарихий саналар чиқарди.

Бу ҳижрий 889 йил бўлиб, милодий ҳисоб бўйича 1484 йилга тўғри келади. Базмдагилар "аҳсан! аҳсан!" дея офаринлар айтдилар.

 Паризод ҳикмат фани соҳасида яъни физика фани бўйича етук олима эди. У ўз даврида ривож топган шу фан ютуқлари асосида илмий тажрибалар ўтказиб, барчани лол қолдирди.

Ҳалойиқ бу олима қизни ҳам олқишладилар.

Париваш математика фанининг етук алломаси бўлиб, амалий тажрибалар кўрсатди. Мусо ал-Хоразмий ва унинг асарлари мазмуни билан таништирди. У ҳам офарин ва олқишлар уммонига ғарқ бўлди.

Парипайкар муаммо соҳасининг соҳибасидир. Муаммо шеъриятдаги кичик жанр бўлиб, бирон сўзни яшириб, жумбоқли шеър ёзиш санъатидир. Парипайкар бир нечта муаммоларни ечади:

Отим чиқсин десанг, солғил иморат,

Иморатни солиб отни чиқорғил.

"Иморат" сўзидаги "от" қисмини чиқариб юборсак, "Имар" ёки "Умар" сўзи аниқланади. Яна бири:

Бобомнинг белида дудук,

Биз ҳам бир муаммо дедук.

"Бобо" сўзи араб тилида "жайд", "дудук" сўзи "най" деб аталади.  Жайд (бобо)нинг белига дудук (най)ни қистирсак, Ж+найд-Жунайд сўзи келиб чиқади.

Бу қизларнинг донолиги, зукколиги, илм-фанни, адабиёт ва санъатни мукаммал эгаллаганлиги ҳаммани лол қолдиради.

Алишер Навоий мазкур достони  орқали қилган орзулари бизнинг замонамизга келиб амалга ошди. Бугунги кунда ўзбек хотин-қизларидан юзлаб олималар, фан арбоблари, ҳуқуқшунослар, ёзувчи ва шоиралар, бастакор-у қўшиқчилар, раққосалар-у мусаввирлар, фермерлар, ҳокимлар, врачлар-у муаллималар етишиб чиқмоқдалар. Улар улуғ бобомиз ҳазрат Навоий орзу-армонларини рўёбга чиқариш йўлида жонбозлик кўрсатмоқдалар, халқимизни илмли, маърифатли, маданиятли, шунингдек, бой-бадавлат бўлиб яшаши учун   фидойилик қилмоқдалар, эл-юрт эъзозига мушарраф бўлмоқдалар.

Дилдора ЭРГАШЕВА,

 

 Балиқчи тамани