+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 21 Май 2020
    Улуғнорлик пиллакорларнинг шашти баланд
    "Пилла - 2020" Жорий йилда Улуғнор туманида 1 минг 190 қути ипак қурти парваришланиб, 65 тонна пилла тайёрлаш режалаштирилган. Шу кунларда етиштирилган "кумуш тола"ни йиғиб-териб…
  • 21 Май 2020
    БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
    Эъзозли отахон ва онахонлар, мухтарама опа-сингиллар, қадрли ака-укалар, азиз андижонликлар! Сизларни Ийд Рамазон байрами билан муборакбод этамиз. Шоду ҳуррамлик, Яратганнинг улуғ ажрлари насиб этадиган ушбу…
  • 01 Июнь 2020
    Диққат, қидирув!
    Андижон тумани Отчопар МФЙ, Боғи Эрам кўчасида яшовчи, 1977 йилда туғилган Турғунов Азизбек Маҳмудович шу йилнинг 14 март куни уйидан чиқиб кетиб бедарак йўқолган. Унинг…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Кўзларинг чиройли, Бибижон!

Ҳикоя

85 ёшли дуогўй, меҳрибон бобом бор. Хабар олгани борсак, бизга доим ҳаётий ҳикоялар айтиб беради. Бир куни бобом болалиги, иккинчи жаҳон уруши ҳақида гапириб берди. Урушдаги ноҳақ қурбонликлар, армонли муҳаббат қиссаси эди бу. Мени таъсирлантирган бобомнинг ҳикоясини қандай бўлса ўшандоқлигича газетхонларга ҳавола этишга қарор қилдим.

Эрта тонгда Анварнинг нақ ўн кундан бери пойлаётган тарғил сигири енгиллаб олди. Ўзи қоп-қора, фақатгина, бир қулоғида озгина оқ қашқаси бор бузоқча жуда дангаса чиқди. Анварнинг бугунги куни мана шу бузоқчани ўрнидан турғазиш, қорнини тўйғазиш билан ўтди. Бугун асрдан кейин Мўмин тоғанинг узум боғида Бибигул билан учрашиши асло хаёлида йўқ эди.

 Бибигул - қўшни қиз. Кўзлари қуралай, қошлари камон, ким кўрса суйгудек, хўп сулув. Қизнинг отаси билан Анварнинг отаси қалин дўст. Учта ўғил фарзанддан кейин топган қизини, туғилганида Анварга унаштириб қўйишган эди.

Қатор - қатор ишкомлар. Кузнинг таъсиридан узум барглари сариқ-қизғиш тус олган. Узумзор ўртасида йигитнинг елкаларига бош қўйганча Бибигул пиқ-пиқ йиғлаяпти. Бир зум йиғлашдан тўхтаб, Анварнинг кўзларига қаради:  "ваъда берасизми?" Анвар чуқур хўрсинди…

- Яна қанча ваъда берай, Бибижон? Минг марта, миллион марта ваъда бераман. Шу қуралай кўзларингга қасам, Бибижон, қон кечиб бўлса-да қайтаман. Сен ҳам ваъда берасанми?

- Момомнинг мозори ҳаққи, номусим ҳаққи, орим ҳаққи, миллион минг баҳор ўтсин, кутаман. Ажал забтига олгунча кутаман. Кўзларимни тўрт қилиб кутаман. Йўлингизни пойлаб, термулиб кутаман, - деди-ю, қиз елкалари учиб-учиб, тўлиб-тўлиб йиғлай бошлади.

Шу пайт узоқдан шитирлаб одам шарпаси эшитилди. "Биров кўриб қолмасин", дея қўрқиб кетган  Бибигул Анвар билан хайрлашолмай, тез-тез юриб, кетиб қолди. Анвар қўлларини бошига қўйганча,  ўтирган     жойида хаёлга чўмди.

Орадан тўрт кун ўтиб, Анварни кузатишди. У урушга кетди. Урушга!!!

Анвар қонли урушнинг оловларидан сира қўрқмас эди. Унинг хаёли  фақат мардонавор курашиб, қуралай кўзли, камон қошли севгилисининг олдига тезроқ қайтиб бориш эди. Машинада кетаётган Анварнинг лаблари беихтиёр  шивирлай кетди. Бибижон, Бибигул… уруш бизни асло севгимиздан айира олмайди…

Анвар фронтда сидқидилдан хизмат қилди. Унинг  ён чўнтагида доим Бибигулнинг сурати юрарди. Йигитнинг лаблари доимо, "сенинг олдингга ёруғ юз билан боришим учун ҳам мен Ватан ҳимояси йўлида ғалаба қозониб, халқим ишончини оқлайман", дея шивирларди.

Қонли уруш ҳеч кимни аямас экан. Аёвсиз жанглардан бирида Анварнинг дўсти қаттиқ яраланди. У Бибигулнинг акаси эди. Анвар Шодмонни елкасига кўтарганча панага олиб чиқишга уринар, бор кучи билан тиришар эди. Шодмон жанггоҳдан чиққунча жон берди. Анвар дўстининг жонсиз жасадини кўриб, оёқлари титрар, ўзини йўқотиб, дуч келган томонга ўқ отар эди.

Fалабага яқин қолганда Анвар яраланди. Ўқ чап кўкрагининг ости, шундоққина юрагининг ёнига теккан эди. Олти кун госпиталда ётиб даволанган аскар яраси ҳали яхши битмасада, оёққа турди.

Шифокорлар: "Кўп юрманг, жароҳатингиз очилиб кетади", -  деб тайинлашларига қарамай ташқарига чиқди. Отряд олдида бир рус кампир  саватчада гўзал мунчоқлар сотаётганди. Анварнинг кўз олдига Бибигул келиб, унга атаб мунчоқ сотиб олди.  Юраги севгилиси томон энтикар, уни тезроқ кўриш учун ҳар нарсага тайёр эди. У Бибигулига мактуб ёзди:

"Салом, менинг гўзал фариштам! Қуралай кўзлигим, камон қошлигим. Аҳволларинг яхшими? Уйдагилар, қишлоқдагилар омонми? Онамни кўряпсанми? Куни кеча улардан хат олдим. Мени интизорлик билан кутаётганингни ёзибди. Мен сенга, "албатта,  ғалаба қозониб, қайтаман", дегандим-ку. Мана ғалаба ҳам қозондик, аҳволларим яхши. Ярам ҳам битяпти. Сенга бир совғам бор. Албатта, яна ўша узумзорда кўришамиз. Уни ўшанда бераман. Айтганча, Бибижон, бузоқчам қалай? Ўзини ўнглаб олдими? Катта ҳам бўлиб қолгандир-а? Мен борсам танирмикин? Нима дейсан, Биби?

Майли, Биби, сен билан ҳозирча хайрлашай, бир неча ҳафтадан сўнг кўришамиз. Ҳаммага салом де. Онамнинг олдига чиқиб тур. Чиройли кўзли Бибижоним, ўзингни эҳтиёт қил. Сени соғиниб, Анваринг".

Йигитнинг кайфияти чоғ. Хаёлида фақатгина Бибининг олдига тезроқ бориш. Аммо, оғриқлар уни анча қийнаб қўйди. Ўғлонлар йўлга чиқдилар. Олис йўлда Анварнинг аҳволи оғирлашиб қолди. Жароҳати очилиб кетди. Йўлда кўп қон йўқотди. Манзилга етишга озгина қолганда, у машинани йўлнинг четида тўхтатишни сўради. Анвар чўнтагидаги суратни олиб, унга тикилганча, нималарнидир шивирлай бошлади. Ҳолсизланиб: "Кўзларинг чиройли, Бибижон. Онамни ёлғизлатма...", - дея жон берди.

 

Бокира  МЎЙДИНОВА.