+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 19 Сен 2019
    СОFИНГАН ДИЛЛАР СУҲБАТИ
    Ижодий учрашув Мамлакатимиз хотин-қизларининг севимли нашрларидан бири бўлган "Саодат" журнали бош муҳаррири, шоира Мунаввара Усмонова вилоятимизда бўлиб, қатор меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ижодий учрашувлар ўтказди.…
  • 19 Сен 2019
    Ёшлар сайли талабалар фаоллигини янада оширди
    беш муҳим ташаббус Андижон машинасозлик институтида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижроси…
  • 19 Сен 2019
    "ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲИМОЯСИ - ИЖТИМОИЙ ФАОЛЛИК ПОЙДЕВОРИ"
    Андижон туманидаги Қоратут маҳалла фуқаролар йиғинида "Хотин-қизлар ҳимояси - ижтимоий фаоллик пойдевори" мавзусида семинар бўлиб ўтди. Туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда маҳаллалар…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:


АРМОНГА АЛДАНИБ ҚОЛДИМ

Ҳикоя

Аъзам бугун яна ишдан кеч қайтяпти. Яна одатдан ташқари бошланган мажлис ҳамманинг асабини қайраса-да, тошдек қотган раҳбар ҳеч нарсани тушунишни истамасди. Вақт алламаҳал бўлиб қолган, аксига олиб унинг манзилига борадиган машиналар кам ўтар, шунинг учун ҳам ҳар бир машинага қўл кўтариб чарчаган Аъзамнинг асаблари қақшарди. Бунинг устига ёмғир ҳам шивалаб ёғар, уст-боши анчагина хўл бўлиб улгурган эди. "Ҳозир уйга борсам, Диля яна койирмикан? Бўлар-бўлмасга жанжал чиқаравериб..." кўнглидан ўтказди у. Кейин онасини ўйлади. "Онам ҳам қийналиб кетди. Ҳар куни Дилфуза ҳақида гапиради. Дилфуза эса..." Аъзам Дилфуза билан ўтказган ўша олис талабалик йилларини, курсдошлар орасида энг гўзал қизга уйланганини, энг бахтиёр кунларини, шаҳар бўйлаб оқшом чоғи сайр қилишларини ўйлаб ширин энтикди.

Ҳамма айб Аъзамнинг ўзида. Гарчи ўзига тўқ оиланинг эркатойи бўлса-да, Дилфуза соддагина қишлоқ боласи Аъзамни севди, севгисига содиқ қолиб, ота-онасига ундан бошқасига турмушга чиқмаслигини айтди. Турмуш ҳам қуришди. Аввалига улардан бахтли жуфтлик йўқ эди. Қайин акалари Аъзамни ҳам мойликкина ишга жойладилар. Тез орада йўлини топиб кетган Аъзам жуда тез ўзгарди. Икки йил бўлди ҳамки, Оллоҳ уларни фарзанддан бенасиб қиларди, бу ҳол Дилфузани қийноққа соларди.  Камқонлик касали эса унга ортиқча бўлди. Шифокорлар тавсияси билан касалхонага ётишига тўғри келди.

Ана шундай кунларнинг бирида Аъзам Дилобарни учратиб қолди. Унга кўнглини очгандай бўлди, гўё. Энди иккиси тез-тез учрашадиган, Дилфузага аталган совғалар Дилобарга тақдим этиладиган бўлди. Бундан эса, табиийки, Дилфуза бехабар эди. Дилобар оиласи борлигини била туриб ота-онасига Аъзамни севишини айтганда, Дилфуза ҳомиладор эканини шифокорлардан эшитиб, қувончини ҳеч қаерга сиғдира олмаётган эди.

Дилфуза касалхонадан бир дунё севинчлар билан чиқди. Уйда Аъзам телевизор кўриб ётарди.

- Аъзам ака, бугун чиқишимни билардингизку! - деди секинлик билан.

- Чарчагандим. Мана келибсанку бинойидек, нима бўлибди? Осмон узилиб, ерга тушибдими?

- Мен, шунчаки...

- Энди, бор, ишингни қил...

Аъзамнинг совуқ муомаласи Дилфузани эсанкиратди. Карахт ҳолда у ер-бу ерни йиғиштирди-да, кечки овқатга уннади.

Орадан ойлар ўтиб, оилага кутилган чақалоқ кириб келди. Бундан биргина Аъзамнинг қувонганини билиб бўлмасди. Негаки, Дилобар аллақачон Аъзамнинг ақлу ҳушини ўғирлаб бўлганди.

Аммо Аъзам Дилобарни аёллар касалхонаси олдида учратди-ю, нималар қилиб қўйганини англагандек бўлди. Унинг ҳомиладорлигини эшитган йигитнинг ҳуши бошидан учди. Энди нима бўлади? Дилфузага нима дейди? Неча йилда кўрган норасида гўдаги-чи? У ўйлай-ўйлай ўйининг охирига етолмади. Кейин... ҳаммаси кейин бошланди. Хонадони жанжалнинг ўчоғига айланди. Дилобарнинг ота-онаси келиб, Аъзамнинг қизларига уйланишини талаб қилиб туриб олишди.

Ўғилчасини бағрига босиб ўксиб-ўксиб йиғлаётган Дилфузанинг бардоши етмади. Кўксини нимталаётган аламини ташқарига чиқарди. Орада жанжал кўтарилди. Аъзам эса аламини Дилфузадан олиб, юзи-кўзи аралаш ура бошлади. Шу аснода набирасидан хабар олгани қайнонаси келиб қолди-ю...

... Дилфуза кетгач, хонадонга янги келин келди. Дилфузани эса акалари кафтида авайлаб-асрадилар, фарзандига чин меҳрларини бердилар. Тўйдан кейин Дилобарнинг ҳомиладорлик ҳақидаги гапи ёлғон бўлиб чиқди...

* * *

Аъзам негадир ўтган кунлар ҳақида аччиқ алам билан ўйлаб йўл ёқалаб кетаркан, узоқдан келаётган машинанинг чироқлари кўзларини қамаштирди. Шошиб қўл кўтарди. Машина тўхтади. Аъзам машинага ўтиргач, танасига иссиқ югурганини ҳис қилди. Орқа ўриндиқда ёш бола пишиллаб ухлар, рулда эса аёл киши эди.

- Ивиб кетибсиз-ку! Кечга қолибсиз-да?

Бу овоздан Аъзам сесканиб тушди. Бу бир вақтлар унга меҳр-муҳаббат билан сирли нигоҳлар ҳадя этган Дилфузанинг овози эди.

- Дилфуз, Дилфуза?!

Аъзам эсанкиради. Нима десин, ҳол-аҳвол сўрасинми? Орқа ўриндиқдаги болага қаради, катта бўлиб қолибди. Ўшанда икки ойлик эди...

- Умид, - деди Дилфуза. - Бундан тўрт йил олдин ўзингиз шундай атаган эдингиз.

- Дилфуз, мени кечир, агар кечиролсанг...

- Қайси гуноҳингиз учун, Аъзам ака?

Бу савол Аъзамнинг юрагига ханжардек ботди. Шу онда Дилфузага ялиниб-ёлворгиси, қалбидаги дардларини тўкиб-солгиси келди.

- Мен катта гуноҳ қилдим, Дилфуза... Мен сизларни яхши кўраман...

Дилфуза унга аламли нигоҳ билан бир қаради, аммо индамади. Бироздан сўнг:

- Тушкунликка тушманг, Аъзам ака, хали ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Мана кўрасиз, сиз Дилобарни бахтли   қилишингиз керак. Унинг барча умиди сиздан.

- Сен-чи, Дилфуз?

- Мен-ми? - Дилфуза орқа ўриндиқдаги ўғлини кўрсатди. - Ана менинг бахтим! Сиз чилпарчин қилиб, оёқларингиз билан топтаган орзу-умидим, бахтим ана шу ўғлим бўлади! Энди менга ҳаётнинг қувончи ҳам, шодлиги ҳам шу фарзандим орқали бўлади. Сиз ўйламанг, менга эр, вафодор умр йўлдош керак эмас. Бахтнинг кетидан бахтсизликни ҳам кўриб бўлдим. Сиз омон бўлинг, сиз   бахтли бўлинг. Кўнгилга буйруқ бериб бўлмайди.

Бу орада машина Аъзамларнинг маҳалласига етиб келди. У машинадан кўча бошида тушиб қолди. "Аямга салом айтинг", - деди Дилфуза Аъзам машинадан тушаркан.

Аъзам анчагача ўзига келолмади. Уйга кирганда эса Дилобарнинг норози оҳангдаги койиниши эшитилди...

 

Феруза ОРИПОВА