+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 19 Сен 2019
    СОFИНГАН ДИЛЛАР СУҲБАТИ
    Ижодий учрашув Мамлакатимиз хотин-қизларининг севимли нашрларидан бири бўлган "Саодат" журнали бош муҳаррири, шоира Мунаввара Усмонова вилоятимизда бўлиб, қатор меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ижодий учрашувлар ўтказди.…
  • 19 Сен 2019
    Ёшлар сайли талабалар фаоллигини янада оширди
    беш муҳим ташаббус Андижон машинасозлик институтида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами муносабати билан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижроси…
  • 19 Сен 2019
    "ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲИМОЯСИ - ИЖТИМОИЙ ФАОЛЛИК ПОЙДЕВОРИ"
    Андижон туманидаги Қоратут маҳалла фуқаролар йиғинида "Хотин-қизлар ҳимояси - ижтимоий фаоллик пойдевори" мавзусида семинар бўлиб ўтди. Туман хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда маҳаллалар…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:


АРО ЙЎЛДА ҚОЛГАН ГЎДАКЛАР

Турмуш чорраҳаларида

Мендан «дунёда энг ширин, энг самимий кулгу кимники?», деб сўрасалар, гўдак кулгуси, деб жавоб берар эдим. «Инсон учун энг улкан бахт не?» деб сўрасалар, гўдак кўнглининг бутунлиги, деб жавоб берган бўлар эдим.

Ҳа, гўдак кулгусидан беғубор кулгу, унинг қувончидан-да ортиқроқ қувонч дунёда бўлмаса керак. Ота-она борки, фарзанди учун яшайди, унинг келажаги учун қайғуради. Болани ҳар томонлама етук, маънан бой ўсишида оиланинг таъсири катта, албатта. Бола муомала маданиятининг юксаклиги, руҳан соғломлиги ҳам ота-онанинг ўзаро муносабатига боғлиқдир. Шундай экан, тинчлик, осойишталик хукм сурган хонадонда гўдак кўнгли бутун, асаблари мустаҳкам бўлиб ўсади.

Минг афсуслар бўлсинки, кўнгли ярим, ўксик гўдаклар ҳам борки, уларнинг кўзларидаги мунг, дилларидаги оғриқ, нидо қалбингизни ўртаб, вужудингизни титратиб юборади. Уларга берилиши керак бўлган бахтни беролмасликдан, кўнглининг кемтик жойини тўлдиролмасликдан афсусланиб кетаман. Шундай фарзандларни дунёга келтиргану, лекин ўз тинчини ўйлаган ота-оналардан нафратланаман. Наҳотки, қачонлардир бир-бирларисиз туролмай, муҳаббат деб аталмиш бахтдан сармаст бўлиб юрган келин-куёв бугун ота-она бўлгач, бир-бирларини тушунмай қолсалар. Бундай пайтда улар осонгина ажралишадилар. Бечора гўдак эса аро йўлда қолади. Фақатгина ота-онасининг қилган хатолари жабрини тортади.

Одатдагидек, бир куни ишдан қайтаётсам, бир қизалоқнинг исмимни айтиб чақирганини эшитиб қолдим. Ўгирилиб қарасам, бир танишимнинг қизи Дилдора мен томон шошиб келарди. Қизча мен билан кулиб сўрашди. Мен унинг онасини яхши билардим. Бу аёл эридан ёлчимаган, унинг барча қилиқларига чидаб, яшаб келарди. Эри кўп ичарди. Ҳар куни улфатларини тўплаб, ароқхўрлик қиларди. Хотини бундан жиғибийрон бўлар, фақат болаларини ўйлаб ажрашишни истамасди. Эр эса охирини ўйламай ичкиликка шу қадар ружу қўйдики, охир-оқибат жиноят кўчасига кириб қолганини билмай қолди. У ўзига ўхшаган ҳамтовоқлари билан маст ҳолатда жиноят содир этиб, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилди. Қамоқхонадан қайтгач, тузалиш ўрнига баттар касал бўлиб қолди. Яна эски ҳунарини бошлади. Энди ҳар куни ичиб олиб, хотинини дўппослайдиган одат чиқарди. Хилола эрининг бу зулмига чидолмай, болалари билан уйдан чиқиб кетиб, алоҳида яшай бошлади. Эри эса қайнонаси билан қолди. Мен шуларни хаёлимдан ўтказар эканман, қаршимда турган Дилдора билан сўрашиб, дилдан суҳбатлашдик.

- Қаердан келяпсан? - сўрадим ундан.

- Дадамникидан.

- Дилдора, дадангни соғинасанми?

- Ҳа, жудаям соғинаман. Яқинда акам иккимиз "Биз билан бирга яшанг", деб дадамга роса ялиндик. Дадам бўлса, бизларни сўкиб берди. Биз биламиз, дадам аям билан ҳеч қачон бирга яшамайди. Агар яшаган чоғидаям аямни яна хўрлайди. "Ичмайман", деб ваъда бериб сўзида турмайди.   Уйимиздан уриш-жанжал аримайди. Биз шундан жуда безиганмиз. Дадамни аям билан бирга яшашини бувим ҳам негадир хоҳламайди. Лекин нима бўлгандаям, ўша одам бизнинг дадамиз. Мен барибир, уни соғинавераман. Дадам қамалиб кетганидаям кечалари йиғлаб чиқардим. Дадамни тезроқ қамоқдан чиқишини худодан сўрадим. Ўртоқларим дадаси олиб берган кийимларини кўрсатиб мақтанганларида ўксиндим, уларга ҳавасим келарди. Шунда мен дадамни қаттиқроқ соғинардим. Ҳалигача уни соғинавераман, яхши кўраман.

Мана, сизга биз гўдак деб қараган нозик бир қалбнинг изтироблари. Афсуски, Дилдора кабилар орамизда йўқ эмас. Мен ажралиш мақсадида юрган ота-оналар билан кўп маротаба суҳбатлашганман. Улардан ажралиш сабабларини сўраганимда, эр зўр бериб хотинини, хотин эса эрини оиланинг дарз кетишида айблайди. Уларнинг гап-сўзларини эшитиб, бу эр-хотинлар қандай қилиб шунча йил бирга яшаб, бола-чақа орттирди эканлар, деб ўйлаб қоламан. Тўғри, ажралишлар ўз-ўзидан бўлмайди. Баъзи ҳолларда орзу-ҳавас билан келин туширадилару, кейинчалик келин бечорани ёқтирмай, шундай ўғлимга шуни олиб бердимми-а, дея афсусланишади ва уни тезроқ ота-онасиникига бутунлай кетишга мажбур қилиб минг хил найранг кўрсатадилар. Келинчакни бездириб ўз хоҳиши билан оиласини ташлаб кетишга мажбур қиладилар.

Кейин қайнона ўзи ёқтирган қизни ўғлига олиб беради, "хатосини тузатади", кўнгли тинчийди. Охир-оқибат, кимнингдир бахтсизлиги эвазига кимдир бахтли бўлади. Дунёга келган гўдак эса ота меҳридан бебаҳра ўсади. У ўғил-қизларини эркалаётган оталарни кўриб, ўксийди. Тушларидагина отасини кўради, у билан суҳбатлашади. Айрим ҳолларда бундай фарзандларнинг оналари ўзга эркак билан турмуш қуради. Агар у фарзандини олиб кетолмаса, бола бувижонисининг қўлида тарбия топади. На ота, на она меҳрига тўяди. Йиллар ўтади. У улғаяди. Балки ўша бола эл таниган инсон бўлиб етишар, ота бўлиб фарзандларини тўғри тарбиялаб, ўзига насиб этмаган меҳр-муҳаббатини ўғил-қизларига бериб ўкситмай эркалатиб ўстирар. Лекин у ўқтин-ўқтин аро йўлда қолган болалигини эслайди. Армонга айланган болалик хотиралари гирдобида қийналади. Ҳар гал аччиқ болалик қисматига назар ташлаганида, юраги ачишади, ички бир оғриқдан ороми йўқолади.

Биз ажралишмоқчи бўлган оилаларга фарзандларингизни ўйланглар, ажрашманглар, десак улар бировнинг ҳаётига аралашманг, нима қилишни ўзимиз биламиз, дейишади, ўз билганларидан қолмасликка ҳаракат қилишади.

Азиз замондош, сиз оғирроқ бўлинг. Кўнглингиз қаттиқ оғриган дамда тилингизга эрк берманг, ҳаммаси ўтиб кетади. Шундай кезларда сиз кўзлари мўлтираб турган фарзандингиз чеҳрасига бир назар солинг. Унинг кўнглини ўкситманг. Ахир "Нима бўлса ҳам, ўз ота-онасидан қўймасин", деган нақл бежиз айтилмаган-ку.

 

 

Мавлуда АЗИМОВА