+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Шеърият гулшани

Ўпгин Ватан тупроғин...

Ватаним мустақил, фаровон замон,

Элу юрт тинч бўлса, қалбда йўқ армон,

Мустаҳкам оила - шукуҳли достон,

Ўп ватан тупроғин, кўзларингга сурт.

 

Ҳовлида алвон гул, ишкомида дур,

Бахтиёр санамлар, нигоҳида нур,

Мукаммал аёлли уй сариштадур,

Ўп ватан тупроғин, кўзларингга сурт.

 

Нуроний, хушсухан фахрийлар шунча,

Фарзандлар жон эрур, невара ғунча.

Неъматлар фароғат, нонлари кулча,

Ўп ватан тупроғин, кўзларингга сурт.

 

Ватандир ягона, бебаҳо, аъло,

Муқаддас остонанг ҳаётга маъно.

Элу юрт жон қадар, севимли, зебо,

Ўп ватан тупроғин, кўзларингга сурт.

 Дилором АСЛОНОВА,

Булоқбоши тумани.

 

Шукрона

Оҳиста отади Ватанимда тонг,

Тоғ узра милтираб кўринар қуёш.

Майналар чуғурлаб урадилар бонг,

Янги кун муборак, эй кекса-ю ёш.

 

Тўлқинлар бошини урар қирғоққа,

Булоқлар қайнайди, тўлиб тошади.

Бундай манзарани кўриб, албатта,

Бу гўзал юртимга меҳрим ошади.

 

Яратган оширар бу юрт қудратин,

Қурган бинолари қай юртдан камдир?!

Қайга борса бошда миллий дўпписи,

Албатта, белида белбоғ маҳкамдир.

 

Асли, биз ўзбеклар меҳнаткаш халқмиз,

Ниҳоллар экамиз, ер қадрин билиб.

Минг шукр, бир кафтдек Ватанимизни,

Тангри яратибди серқуёш қилиб.

Акмалжон АБДУРАҲМОНОВ,

Андижон тумани.

 

ҲАЁТ ГЎЗАЛ, ЧУНКИ - МЕН БОРМАН!

Бир маромда чиқиллар соат,

Шеър ёзмоқчун тунлар бедорман.

Асли ижод - илоҳий неъмат,

Илҳомингга мен интизорман.

 

Бахтга дўстман, омадга ҳам дўст,

Кулфатга-чи, табиий ағёрман.

Ниятлар-ла йўқ менда кам-кўст,

Орзу-мақсад бирла илғорман.

 

Чиндан ошиқ кўксимда юрак,

Тан олгайман, бунга иқрорман.

Шеърлар ёзай бисёрдир истак,

Шеърни севдим, шеърга хуморман.

 

Ёқар кунни кулибон бошлаш,

Ҳам қизиққон, шитоб, қарорман.

Ватан обод, эркиндир яшаш,

Ҳаёт гўзал, чунки - мен борман.

Мубинабону АБДУҚАҲҲОРОВА,

Пахтаобод тумани.

 

ОНА, СЕН ЙИҒЛАМА ҲЕЧ ҚАЧОН...

 

Она, сен йиғлама ҳеч қачон,

Аламлар ахир сенга ёт.

Сен йиғласанг, йиғлайди осмон,

Юраклар ўксийди бот-бот.

Она, сен йиғлама ҳеч қачон,

Бағримни йўқламайди шамол.

Кўксингни кер, бўлди онажон,

Ахир, ёнингда боланг бор.

Боланг бор, ўзингга ўхшаган,

Кўзларингда кўрган дунёни...

 

Хуршида СУЛТАНОВА,

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқувчиси.

 

 

 

 

УСТОЗ ДУОСИ

 

Меҳрибон устозим, сизга минг таъзим,

Меҳрингиз тафтидан эриб кетар тош.

Бизни ўқитдингиз толиб, қийналиб,

Қанчалар шўх эдик, қанчалар бебош.

 

Баъзида дарсларга кечикиб келиб,

Дарсингизни бузиб, қилдик беҳузур.

Энди англаяпмиз, қадрингиз устоз,

Ёшлик қилган бўлсак кечиринг, узр!

 

Қалбимиз тўрида сизнинг жойингиз,

Сиздан олгандик-ку ҳаёт сабоғин.

Ҳеч кам бўлмагайдир дунёда инсон,

Агар олган бўлса устоз дуосин.

 

Маъмура МЕҲМОНОВА

 

 

ОНА ТУПРОҚ

 

Яратган Оллоҳимиз,

Меҳрибон илоҳимиз,

Бизларга тортиқ этган,

Муқаддас тупроғимиз.

Бебаҳодир, гавҳардир,

Қадрлидир, меҳвардир.

Руҳимдаги ботиним,

Қалбимдаги олтиним.

Она тупроқ - зар тупроқ,

Тиллоларга тенг тупроқ.

Оппоқ пахта, конимиз,

Олтин, буғдой донимиз.

Боғларнинг йўқ баҳоси,

Сарин қушлар навоси.

Саховатим, химматим,

Неъматим - асал-қандим.

Ҳар бойликдан қимматим,

Ўзбекистон - жаннатим.

 

Оқибатхон МАДАМИНЖОН қизи,

Булоқбоши тумани.

 

 

Аёл - буюк мўъжиза!

 

Дўст тутиниб, ҳам савобу гуноҳи билан,

Юлдузларга сирин айтиб нигоҳи билан,

Яшай дейди, бир умр сиздек ҳамроҳи билан,

Кўзларига қараб туриб деманг ожиза,

Асли аёл Худо берган буюк мўъжиза.

 

Ёнингизда маликадир бахтли қилингиз,

Ишончини ўзингизга тахт деб билингиз,

Икки дунё Ҳақ олдида покдир дилингиз,

Кўзларига қараб туриб, деманг ожиза,

Асли аёл Худо берган буюк мўъжиза.

 

Яхшиликнинг, эзгуликнинг олтин тумори,

Яноғида лола ўсган гулгун баҳори,

Юртнинг фахри, бошда тожи, номуси, ори,

Кўзларига қараб туриб, деманг ожиза,

Асли аёл Худо берган буюк мўъжиза.

 

Қаноат ва матонатда ҳамиша ҳалол,

Алла айтиб чарчамаган, эй, мунис аёл,

Сиз қуёшми, ё тунни ёритган ҳилол,

Кўзларига қараб туриб, деманг ожиза,

Асли аёл Худо берган буюк мўъжиза.

 

Нафосату назокатнинг келинчагидир,

Садоқату саховатнинг беланчагидир,

Шу юрт, шу миллатнинг келажагидир,

Кўзларига қараб туриб, деманг ожиза,

Асли аёл Худо берган буюк мўъжиза.

 

Муслима МАМАТОХУНОВА

 

Оила - офтоб қучоғи...

Оила - олам ўчоғи, кўз очиб, кўрган Ватан,

Оила - офтоб қучоғи, нур сочиб кулган Ватан.

Оила - бобом қўлида бир ниҳолдир яшнаган,

Оила - бувим тумори, сандиғида асраган.

 

Уй кичик тажрибахонам, кашфиётим, хизматим,

Илк китобий севгида девона бўлган узлатим.

Отланиб, остона ҳатлаб ўтгунча олдим дуо,

Ҳар ишни қилдим, хайрли бўлди интиҳо.

 

Олами одил не билдим бул чаман оғушида,

Ота-онам чин баҳосин англадим ҳар ишида.

Неки орзу бўлса мезон айладик оилани.

Удир ҳузур-халоват, меҳр-оқибат маскани.

 

Оила - олам ўчоғи, кўз очиб кўрган Ватан,

Оила - офтоб қучоғи, нур сочиб кулган Ватан.

Шоҳиста СИДДИҚОВА

 

 

ТОҒ ЛОЛАСИ

Тоғ лоласи гўзалсан бунча,

Турибсанми тебраниб, ёниб?

Етолмас сенга унча-мунча,

Кўргим келди сени, уйғониб.

 

Кел, дугона, сирдошинг бўлай,

Сенинг каби менинг бағрим қон.

Дардингни айт, бир ўзим олай,

Дилим яйрар, сени кўрган он.

 

Сўнгра мен ҳам ёрилай аста,

Қулоғингга сирим айтаман.

Кўз ёшимга демагин, басда,

Қалбим юмшаб, ортга қайтаман.

 

Яна келай қошингга шошиб,

Тўкилмагин, дўстим, яхши қол.

Қир-адирлар, тоғлардан ошиб,

Унутмагин, мени ёдга ол.

Донохон ИБРАГИМОВА

 

Соат

У  учун жой туради,

Уйимизнинг тўрида.

Аммо бобомлар уни,

Илиб қўйган сўрига.

 

Жуда меҳнаткаш, сергак,

Ҳатто билмайди уйқу.

Бир жойдан жилмас, аммо,

Тинимсиз юради у.

 

Доира бўлиб тизилган,

Рақамлар тартиб билан.

Унга қараб ойимлар,

Тузиб қўяди план.

 

Ўйлаб -ўйлаб топдингиз,

Қилмасдан сабр-тоқат.

Қарайвериб тўймаймиз,

Ҳа, бу - дўстимиз соат.

Нодирахон ЙИГИТАЛИЕВА,

Пахтаобод тумани.

 

Севгинг учун

Ёниб айтгин, дунёларга донг таратиб,

Ҳамма билсин қалбингдаги ишқинг кучин.

Не бераркин тақдир сенга туҳфа қилиб,

Жигарингдан устун бўлган севгинг учун?

 

Ёниб айтгин, тониб айтгин хақиқатдан,

Севги қиссанг харчанд эрур узун-узун.

Кўзинг минг бор ёшланди-ку хиёнатдан,

Жигарингдан устун бўлган севгинг учун.

 

Кўзингни юм, эслаб қўйгин бир ёшлигинг,

Дўст эди-ку, хануз сенга дўстлар бугун.

Яширарди шўхлигинг-у бебошлигинг,

Жигарингдан устун бўлган севгинг учун.

 

Бир пайтлари бошқачайди кулгулари,

Ёш қоплабди бутунлайин киприк учин.

Сен туфайли кўп ўксибди туйғулари,

Жигарингдан устун бўлган севгинг учун.

 

Далданг бўлиб, ёшинг артган шикаста дил,

Айтмай десам, куйиб кетар суяксиз тил.

Сени омон асрабди-да ўн саккиз йил,

Жигарингдан устун бўлган севгинг учун.

Садоқат  АВАЗБЕКОВА,    

Қўрғонтепа тумани.

 

Қалбимнинг тўрида яшанг, отажон!

 

Қалбим тўридасиз, мўътабар, азиз,

Сиз-ла бахтлар билан тўлган ҳар оним.

Отажон сиз учун такрор ва такрор,

Майли, фидо бўлсин минг битта жоним.

 

Ҳаёт боғларимнинг боғбони бўлиб,

Умид чечакларим гуллатган отам.

Бошим мағрур тутдим, қаддимни букмай,

Яшадим шунча йил, айтинг кимдан кам.

 

Сиз борсиз, баҳорлар мен билан буткул,

Яшайман шукрлар айтиб ҳар бир он.

Гар кулбам бўлмаса сизга тунашга,

Қалбимнинг тўрида яшанг, отажон!

Моҳимбону СОБИРОВА

 

Кетасан

"Кетаман", дейсан, ҳа, кетишинг тайин,

"Майли бор", дейишга кўзим қиймайди.

Айрилиқ фурсати етгани сайин,

Арзи ҳол этишга тилим иймайди.

 

Маъюс кўзларимда умид, илтижо,

Зора бир термулсанг, кўрардинг балки...

Охирги илинжим нигоҳингда жо,

Кетасан, кипригинг кетади қалқиб.

 

Азалдан қизларга шумикан тақдир,

Юрак туғёнини ичга ютамиз.

Кўз ёш тўкмоқликдан йўқ бошқа тадбир,

На ошкор этамиз, на унутамиз.

Умида ЖЎРАЕВА,

 

Андижон шаҳри.