+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

САККИЗИНЧИ МЎЪЖИЗА

"Китоб мутолаасига ҳавас аввало, оиладан бошланиши, ота-оналар фарзандларига китоб ўқишга меҳр уйғотиши учун ўзлари китобхон бўлишлари лозим", деб таъкидламоқда Президентимиз Шавкат Мирзиёев. Дарҳақиқат, саккизинчи мўъжиза сифатида эътироф этиладиган китоб инсон қалбининг чинакам ҳамроҳи, ақл ва фикр қайроғидир.

Шиддат билан тараққийлашиб бораётган даврда яшаяпмиз. Ранго-ранг, инсон онгу тафаккурига тез таъсир эта оладиган ғоялар, фикрлар шу қадар кўпки, уларни "ҳазм қилиш"имиз осон бўлмаяпти. Бугун ана шу маълумотларни сарагини сарак, пучагини пучлигини билишимизга йўл очувчи энг яхши восита бу - яхши китобдир.

Шу маънода китобхонлик маданиятини, мутолаа кўникмаларини янада юксалтиришда "Оилавий китобхонлик", "Бир фарзандга - бир китоб" каби эзгу тушунчаларни кенг тарғиб қилиш ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизда бу борада олиб борилаётган сиёсат ёш авлод қалбида китобга меҳр-муҳаббат туйғусини уйғотади. Шундай экан, ўқувчилар билан ҳар куни ва ҳар дарс жараёнида китоб ҳақида суҳбатлашмоғимиз лозим.

Ҳар бир болада мавжуд бўлган лаёқат, иштиёқ ва қобилиятларни эркин ва самарали ривожлантириш, ижобий-аҳлоқий масъулият, қатъият, ирода, жасорат, меҳр-мурувват каби сифатларни, миллий ва фуқаролик ҳис-туйғусини ҳамда миллий ғурурни ўстириш бошланғич синф ўқитувчилари олдига қўйилган вазифа ҳисобланади. Бошланғич синф ўқитувчилари ўз ўқувчиларининг ҳар томонлама ривожланишига замин яратиши, яъни ўқишга, таълим олишга қизиқтириши ва иштиёқ уйғотиши билан бирга, уларнинг идрок этиш, фикрлаш қобилиятларини, дунёқарашларини кенгайтиришда ўз касбий фаолиятини ишга солмоғи даркор.

Бошланғич синф ўқувчиларига ҳалол ва ҳаром, тўғрилик ва эгрилик, яхши ва ёмон, мардлик ва номардлик, маънавиятлилик ва ваҳшийлик каби тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини сингдиришда, боланинг эркин, мустақил ва тўғри, кенг кўламли     фикрлашларини шакллантиришда китобларнинг аҳамияти ва ўрни беқиёс.

1-синфга қадам қўяётган болаларнинг айримлари эртакларни эшитишга, тинглашга жуда қизиқади. Бу - оилада китоб ўқилишидан дарак беради. Айрим болаларда эртак эшитиш қобилиятлари ривожланмаган. Бунга сабаб, оилада умуман китоб ўқишга бўлган қизиқиш йўқ ёки ота-онанинг китоб ўқиб беришга вақтлари йўқ. Шунинг учун бошланғич синф ўқитувчилари ўқиш жараёнларида ўқувчиларга бадиий асар намуналаридан ўқиб бериш, ўқувчиларда тинглаш, эслаб қолиш ва сўзлаб бериш сифатларини ўстириб бориши керак. Ўқувчининг саводи чиққандан сўнг, у ўзи мустақил китоб ўқий олишини ҳисобга олиб, унда китобхонлик сифатларини ривожлантириб боради. Ўқиш, тарбиявий соатларда ўқувчиларнинг китобхонлик саводини ўстириш борасида "Китобхонлик дақиқалари"ни ташкил этиш мумкин.

1- ва 2-синфларда Ўқиш   дарслигидаги эртак, ҳикоя, ривоят, шеърлардан ташқари асарлардан фойдаланиш керак. Бунда ўқитувчи дарсга тайёрланиш давомида ўтиладиган мавзуга мос келадиган асарни топиб, уни ифодали ўқиб беради. Сўнг мазмуни юзасидан қисқа савол-жавоб ташкил қилинади. Шу билан ўқувчида асар мазмуни юзасидан тушунча ташкил топади. Ёки ифодали ўқий оладиган ўқувчига вазифа сифатида асар берилади. Ўқувчи кейинги дарс учун тайёрланиб келади. Ўқувчиларнинг  ўртоғидан асар эшитишлари улар учун янгилик. Шунинг учун ўқувчилар диққат билан тинглайдилар. Мазмунини эслаб қолишга ҳаракат қиладилар. Кейинги дарс учун тайёрланиб келувчи ўқувчилар сафи    кенгайиб боради.

3- ва 4-синфларда ўқувчилар мустақил китоб ўқишлари мумкин. Фақат уларни китоб ўқишларини назорат қилиб, қандай китоблар ўқиш керакликлари уқтирилади. Ўқувчилар Худойберди Тўхтабоев, Fофур Fулом, Абдулла Қаҳҳор, Ҳаким Назир, Ойбек, Ўткир Ҳошимов, Зафар Диёр, Турсунбой Адашбоев асарларини ўрганишга жалб қилинади. Бундан ташқари, жаҳон болалар адабиёти намоёндаларидан Ака-ука Гриммлар, Жонатан Свифт, Ганс Кристиан Андерсен каби ёзувчиларнинг асарларини ўрганиб боришлари тавсия этилади. Дарслар давомида таълимий ўйинлар ёки "Китобхонлик дақиқалари"ни ташкил этиб бориш мумкин. Бирор ёзувчининг асари танланиб, унинг энг қизиқарли жойи ўқувчилар ёрдамида саҳналаштирилади ва қолган ўқувчиларга ҳавола қилинади. Ўқувчилар кўнглида китобхонликка бўлган қизиқиш уйғонади.

Ёш авлодни одоб-ахлоқли, ростгўй, ҳалол, оддий ва камтар қилиб ўстириш бугунги даврнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Комил инсон фазилатларини таркиб топтиришда эса   китоблар муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсоннинг маънавий қиёфаси унинг бутун ҳаёти давомидаги тарбия жараёнида шаклланади ва ривожланади. Илк чоғидаёқ боланинг хулқ-атвори ва ҳатти-ҳаракатида намоён бўладиган эзгу ишларга интилиш белгилари, яъни ўзгага ёрдам бериш, садоқатли бўлиш, мардлик, жасурлик каби ажойиб фазилатлар кейинчалик уларда таркиб топадиган инсоний сифатларнинг асоси бўла олади.

 

Нодира ХОЛДАРОВА,

Балиқчи туманидаги

 

 34-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.