+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 22 Авг 2019
    Кўнгиллар обод бўлди
    САХОВАТ Яқиндагина ўтган Қурбон ҳайити, қолаверса, яқинлашиб келаётган мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 28 йиллик байрами олдидан вилоятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга…
  • 22 Авг 2019
    МАКТАБЛАРДА КИМЛАР БЕПУЛ ДАРСЛИКЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАНАДИ?
    Буни билиб қўйинг! Биринчи синф, "Меҳрибонлик" уйи, махсус мактаб, мактаб-интернатлари ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ўқувчилари мактабнинг кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади.…
  • 22 Авг 2019
    ОЛТИНКЎЛДА ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАР КАМАЙДИ
    Олтинкўл туманида "Фикр, сўз, таҳлил, амалий иш бирлиги - фаолиятнинг муҳим мезони" мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Вилоят ҳамда Олтинкўл тумани хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:


Бугун онамнинг тугилган куни

ҲИКОЯ

Ойхон ҚОРАТОШ

Аёл уй ичида безовталик билан кезарди. Гоҳ уй анжомларининг ўрнини алмаштирар, гоҳ стол-стулларни тўғрилар, гоҳ ошхонага ўтиб печда пишаётган пишириқ, қозондаги овқатидан хабар олиб, яна меҳмонхонага ўтиб тузалган дастурхон устидаги ноз-неъматларни кўздан кечирарди.

Кўчадан қадам товуши эшитилса, деразага яқинлашар, қулоғига эшик қўнғироғи чалингани эшитилса, эшикка чопар, қўшнилари эканлигини билиб, ҳафсаласизлик билан ортига қайтарди. Узоқ шаҳарга иш излаб кетган ўғли ҳам йўл узоқлиги ва ишхонасидан рухсат     ололмаётгани учун икки ойдан бери келолмаётганди. Аёл қаттиқ соғинч билан ўғлининг келишига умид қилар, оёқ товуши ва қўнғироқнинг жиринглашига безовталик билан қулоқ тутиши шундан эди. Ҳар йили туғилган кунида ўғли:

- Онажоним, туғилган кунингиз муборак бўлсин, - деб уни бағрига босиб, ўпиб қутларди. Олдинги йиллардаги ўғлининг табригини кўз олдига келтирган она худди ҳозир эшикдан ўғли кириб, бағрига отилаётгандек ҳаяжонланиб кетди. Гарчанд ўғли қўнғироқ қилиб, келишини айтмаган бўлса-да, она унинг келишини астойдил истагани учунми, дилбанди хуш кўрадиган таомларни тайёрлади. Аммо, ўғлидан ҳануз дарак йўқ эди.

"Ёки келолмайди, ё ишхонасидан рухсат ололмаган..." - онанинг қалбини соғинч оташи ёндирди.

Аёл эрталабдан ҳозирлик кўришни бошлаганида, ундаги безовталикдан эри ҳайрон қолди:

- Нега бунча безовтасан? Бу тайёргарликлар ким учун?

Аммо аёл эрига тайинли бир жавоб беролмади.

Ҳадеб саволга тутаверганди, аёл эрига: Бугун уйда ишим кўпроқ эди. Сиз кўчага чиқиб бироз айланиб қайтинг. Кўча кезиб, дўстларингиз билан учрашинг, - деди. "Бу тайёргарлигим нимага эканини отаси билсаю, ўғлим келмаса, менга қўшилиб отасининг ҳам кўнгли ўксийди", деган хаёл кечганди кўнглидан. "Келолмаса" деган ўй миясидан ўтган заҳоти, юраги бир қалқиб кетарди.

Бир неча соатлар ўтиб, баттар кўнглига изтироб чўкди: "Келолмасанг ҳам бир марта қўнғироқ қилиб, "Онажоним, десанг, нима қиларкин-а?!"

Охири ичидан қиринди ўтиб, ўзи қўнғироқ қилишга тушди. "Туғилган куним билан қутлаш учун ҳатто қўнғироқ ҳам қилмасми бу бола, ажабо? Ҳа, мен бу тарзда соғиниб кутяпман, у балки эсламагандир ҳам. Кўздан йироқ бўлган, кўнгилдан ҳам йироқ бўлар, деган гап оналар учун ҳам айтилган эканми? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Ҳеч бўлмаганда бир қўнғироқ қилади. Жуда соғиндим-а, соғиндим полвонимни, қора кўзим, эркатойимни... "Эркатойим" деганимни эшитса, "мени ёш боладек эркаламанг" дейди. Гўдакдек беғубор болажонимни ёш боладек эркалаб-суяманда...

Ўғлини ўйлаб, у билан сўзлашаётганларини тасаввур қилиб юз-кўзида табассум ўйнар, ўзи тушунмаган ҳолатда завқланарди. Девордаги соатга кўзи тушиб, ўзига келди. Сўнг "Келолмайди, қўнғироқ қилса-чи? - деди истамайгина ўрнидан туриб, - овозини эшитардим-а..." Шу хаёлларда оғриниб ўтирганида мобил телефонининг қўнғироғидан хаёллари тўзғиб кетди. Ҳорғинлик ва умидсизлик билан телефонни қўлига олиб, экранга қаради; қўнғироқ қилган ўғли эди. Севиниши керакмиди? Аммо у севинмади. "... Ажабо... Э, воҳ, келолмаслигини айтиш учун қўнғироқ қиляптими? Шунчаки телефонда қутлаб қўя қоладими? Ахир, ҳар йили онасининг туғилган кунини қанчалик илҳақ кутарди ўғли?.." Қўнғироққа ғамгин оҳангда жавоб берди:

- Алло?..

- Алло, ассалому алайкум, онажоним! Яхшимисиз?.

- Ваалайкум ассалом. Шукур, болажоним. Ўзинг яхшимисан?

- Яхшиман, онажон.

- Нималар қиляпсан? Ишларинг қандай?

- Бошида бироз қийин бўлди. Аммо энди ўргандим, бегона шаҳарга ҳам, ишга ҳам анча кўникиб қолдим.

- Ундай бўлса яхши, болажоним.

Ўғли уни на туғилган куни билан қутлади, на келиш-келмаслигини айтди. Она маҳзунлик билан сўради:

- Ишингдан рухсат олдингми, болажоним?

- Ҳа, онажоним, рухсат олдим. Сиз қаердан билдингиз буни?

- Қаердан билдим...- чайналди она бояқиш.- Ахир... туғилган кунга деб рухсат олмадингми?

- Ҳа, айтгандай бугун туғилган кунингиз-а? Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин, онажоним! - Ўғил оддий гапни гапиргандек табриклаб қўйди.

- Сен... Сен бу учун ишдан рухсат олмаганмидинг?

- Оҳ, онажоним, менинг учун жуда севимли, ҳаммадан муҳим бир хонимни кўришга боришимни айтиб, хўжайиндан рухсат олдим. Ҳозир унинг олдига    боряпман.

Аёл титраб кетди. Овозини тетик тутишга уриниб деди:

- Шунақами?.. Ким экан у хоним?

- Онажоним, менга ишонинг, сиз авваллари тайёрлайдиган таомлардан-да ортиқ лаззатлисини, олдинги ширинликларингиздан-да энг ширинини тайёрлаб мени кутяпти ўша хоним!

- Мен... англаб турибманки, у сени жуда севади...

- Севишига ишонаман, онажоним! Шунинг учун ҳам ишимдан унинг учун рухсат олдим, унинг ҳузурига ошиқяпман. Отам қаерда, онажон?

- Кўчага чиқиб кетганди, болажоним... Ҳаҳ, эшик қўнғироғи чалиняпти. Отанг келди, чоғи. Эшикни очай ўғлим...- Аёл йиғлаб юбормаслик учун лабларини қаттиқ тишлаб олди.

- Хўп бўлади, онажон. Отамга салом айтинг. Мен олтин каби ҳамманинг кўзини қамаштирадиган, дунёдаги энг бебаҳо,  қадрлилар орасида қиймати баланд дунё гўзалининг эшиги ортидаман.

- Хўп ўғлим, саломингни отангга етказаман. Яна қўнғироқ қил. Аллоҳга омонатимсан! - Аёл телефонини ўчирди. Эҳ, қанчалик соғинганди, қанчалик кўргиси келаётганди ўғлини. Эшикни очиш учун қўл узатаркан, аёл кўз ёшларини тўхтатолмаётганди. Эшик очилган эди ўғлининг бағрига отилиб:

- Жоним онажоним, туғилган кунингиз қутлуғ бўлсин! - дея қийқиргани гўёки тушдек туюлди унга.

Ўғли: - Онажоним, сизни хурсанд қилиш учун бир сюрприз қилай дегандим, илтимос, йиғламанг, - деса-да, она кўзларидан томаётган севинч ва шукроналик ёшларини тўхтатолмасди...

Туркчадан Умида АДИЗОВА таржимаси.