+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 22 Авг 2019
    Кўнгиллар обод бўлди
    САХОВАТ Яқиндагина ўтган Қурбон ҳайити, қолаверса, яқинлашиб келаётган мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 28 йиллик байрами олдидан вилоятимизда меҳр-оқибат, ўзаро аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизга…
  • 22 Авг 2019
    МАКТАБЛАРДА КИМЛАР БЕПУЛ ДАРСЛИКЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАНАДИ?
    Буни билиб қўйинг! Биринчи синф, "Меҳрибонлик" уйи, махсус мактаб, мактаб-интернатлари ва ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ўқувчилари мактабнинг кутубхона жамғармаси томонидан дарсликлар тўплами билан бепул таъминланади.…
  • 22 Авг 2019
    ОЛТИНКЎЛДА ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАР КАМАЙДИ
    Олтинкўл туманида "Фикр, сўз, таҳлил, амалий иш бирлиги - фаолиятнинг муҳим мезони" мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Вилоят ҳамда Олтинкўл тумани хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:


Қўғирчоқ

Дил туFёни

"Ойимни интизорлик билан кутаяпман. Бозорга кетганлар. Менга қўғирчоқ олиб келишлари керак. Қў-ғир-чоқ. Қандай яхши, энди менинг ҳам ўз қўғирчоғим бўлади. Уни ҳар куни ювинтираман, сочларини тарайман. Зўр-а? Энди Нигора менинг устимдан кулолмайди. Майли, унинг қўғирчоғи кўп бўлса ҳам, меники битта бўлса ҳам. У ўз қўғирчоқларига қарашни билмайди: уларнинг кийимлари доимо кир, юзлари ювилмаган, ушлагинг ҳам келмайди. Қандай қилиб улар билан ўйнар экан, ҳайронман. Менинг қўғирчоғим уникига ўхшаган бўлмайди. Мен уни озода тутаман, вой қандай яхши, исмини ҳам Озода қўяман. Озодахон… Унга чиройли кўйлаклар тикаман. Бунга Муси ёрдам берармикин? Эй, Мусимас, Муслима опам. Ўрганиб қолганман-да уни шундай чақириб. Энди эса нимамиш, у катта бўлиб қолганмиш-у уни опа дейишим керак экан… Бўпти, агар Озодага кўйлак тиккани ёрдам берса "опа"мас,  "опажон" дейман!

Ана, ойим келдилар.

Қўғирчоғимни қўлимга олишни истаб югурдим, йўлимга ҳам қарамадим шекилли, йўлда турган тошга қоқилиб, йиқилдим. Ойим эса бепарво, қарамадилар ҳам. Қарасам, олиб келганларини бирма-бир рўйхати билан текширяпти, агар қараганларида, ҳўнграб йиғлаб юборардим. Лекин қарамадилар, майли, секин туриб, устимни ҳам қоқмай, олдиларига бордим:

- Ассалому алайкум!

Ойим бир қарадилар-да, усти-бошимнинг чанг эканлигини кўриб, койий кетдилар. Мен эса бундан хафа бўлмадим, агар бошқа пайт сўкканларида борми, қовоғимни солиб олдиларидан кетворган бўлардим. Лекин ҳозирмас, чунки менга қўғирчоғимни беришлари керак. Сабрсизлик билан, уларга ҳалақит бермаслик учун олаётган нарсалари ичига қарадим: аллақандай латта-путталар….. Ие, менинг қўғирчоғим кўринмайди-ку, қани у? Балки, кийимлар тагида қолиб кетгандир деб яна кутдим, лекин йўқ.

Кўзларим ёшга тўлди, ойим томонга қараяпман, лекин уларни кўрмаяпман, кўзимдаги ёшлар туфайли. Шундай бўлса ҳам, улардан қўрқа-писа сўрадим:

- Қўғирчоғим қани?

- Қанақа қўғирчоқ? Мен сенга қўғирчоққа кетибманми бозорга? Бошқа ишим йўқми, сенга бозордан қўғирчоқ қидириб юрсам? Устингни қара, нима дедим сенга, қоқ демадимми, нима қилдинг, ҳаммаёғинг чанг бўлиб ётибди-ку. Бор, бошимни оғритма. Ҳисобдан адаштирворасан.

Додлагим келди, фақат бу ерда - ойимнинг олдида эмас. Ўтган сафар ҳам худди шундай қилгандилар, мени ёмон кўрадиларми, билмайман, шунақа десам Муси: "унақамас, шунчаки, ишлари кўпайиб кетди" деганди. Уф, дадам бизни ташлаб кетмаганида ойим бунақа кўп ишламасдилар, асаблари бунақа чарчамасди. Ҳар куни мени эркалаб, сочларимни ўриб қўйгани вақтлари бўларди. Дадам албатта, менга қўғирчоқ олиб берган бўларди. Яхшиям анави исқирт Нигорага, қизғанчиқ Донога мақтанмаганим, улар яна устимдан кулишарди.

Ичкарига кириб роса йиғладим, йиғлай-йиғлай ухлаб қолибман. Туш кўрдим, ажойиб туш. Тушимда менинг жуда ҳам кўп қўғирчоқларим бор экан-у, бошқаларда битта ҳам йўқ экан. Менга, айниқса, ҳув анави сариқ кўйлакдаги, қора сочлари ўрилгани жуда ёқди. Худди мен хоҳлаган қўғирчоқнинг ўзгинаси, олдига бориб, уни қўлимга олдим, жуда ҳам хурсанд эдим: унинг кўзлари жигарранг, яноқлари пушти, сариқ кўйлагида ажойиб кўк рангли нақшлари бор… Қарасам, Нигора билан Доно хафа, ажаб бўпти, менинг устимдан кулишарди, баттар бўлишсин. Шундай дейман-у, лекин уларга қараб раҳмим келди. Шартта иккита қўғирчоғимни олдим-у, уларга бердим: улар ҳам хурсанд. Бирга мазза қилиб ўйнадик, Нигорага қўғирчоқни қандай тоза тутиш кераклигини ўргатибман…    Ажойиб туш-а? Тўғрими? Эҳ, мазза қилаётгандим тушимда.

Муси келиб уйғотиб юборди. Нимага уйғотади, тушни ҳам ўлдирди, шуни ҳам кўра олмайди, ўзи мазза қилиб юрибди-да, ишлаб. Мен бўлса, уйдан чиқмайман, шунга Муси менга "қоровул қизча" деб лақаб қўйиб олган. Мен эса уни  "чумоли" дейман, чунки саҳар эрталаб ишга чиқиб кетади-да, кечаси қайтиб келади. Кечаси? Ие, мен шунча ухладимми?

Кўзимни очдим, хира-шира Мусини кўрдим.

- Қарагин, Назо, нима олиб келдим. Ёқдими?

Нимага қарай? Нима ёқиши керак? Кўзим хирасини йўқотиш учун уни ишқаладим, қарасам, Мусининг қўлида тушимдаги қўғирчоқ, ҳа-ҳа худди ўзи: сариқ кўйлакли, кўк нақшлари билан, қора соч, жигарранг кўз, туфлилари ҳам кўк рангда. Уйқум очилиб кетди, Мусига қарадим: унинг кўзлари кулиб турарди, уни қаттиқ қучоқладим ва шу пайтда уни шунчалар яхши кўриб кетдимки..."

...Назокат ва ниҳоят қўғирчоқлик бўлганидан шу қадар хурсанд эдики,  Муси деб чақирадиган опаси "менга ўхшаб ўксимасин, отамиз йўқлиги билинмасин", дея синглисига қўғирчоқ олиб бериш учун бир ҳафта икки смена ишлагани, ўша дам синглисига қарар экан, киртайган кўзларидан ёш думалаганини ҳам сезмади.

Мунира ҲАМДАМОВА,

 

АДУ талабаси.