+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 10 Авг 2019
    "Фаровон оила - саодат қасри"
    Давра суҳбати Миллий тикланиш демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган давра суҳбати шундай деб номланди. Партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғини мутахассислари, отинойилар,…
  • 10 Авг 2019
    ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ХОНАДОНМА-ХОНАДОН ЮРИБ, АҲОЛИ БИЛАН МУЛОҚОТ ЎТКАЗДИ
    Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Избоскан туманидаги Янги Бўстонобод маҳалласида хонадонма-хонадон юриб, маҳалла аҳлининг ҳаёти, турмуш тарзи билан танишди, аҳолини қийнаётган муаммолар билан қизиқди, фуқаролар…
  • 10 Авг 2019
    МЕНИ БАХТЛИ ЭТГАН ШУ ВАТАН!
    Тупроқлари тиллога тенгим, Кенг дунёда ягонам дедим, Сарҳад билмас меҳрингни сездим, Бағри бутун, бағри кенг маскан - Шодликларга тўла бу Ватан! Илк сўзимга доя остона,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:


Алла

(ҳикоя)

Болалигимда алласиз ухлолмас эдим. Олам-олам меҳр, фидойилик, дарду армон, орзу-умид ва қувонч, шукроналик мужассам бўлган алла қўшиғи шунчалар оромбахш эдики, ҳали-хануз унинг сеҳрли оҳангги қулоқларим остида жаранглаб туради.

Алла болам алла-ё, алла,

Жоним болам алла-ё, алла.

Алла жоннинг роҳати-ё, алла.

Уйқулар кўзнинг қуввати-ё, алла.

Полвоним болам, алла-ё, алла.

У пайтлар алланинг қудрати, мазмун-моҳиятига тўла тушуниб етмасдим. Йиллар ўтиб ўзим она бўлгач, онам алласининг қадрига етаётгандекман.

Бундан анча йиллар муқаддам бир воқеанинг гувоҳи бўлганман. Ўшанда ҳам рамазон ойи эди. Маҳаллий телевидениеда муҳаррир бўлиб ишлардим. Инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, инсофу диёнат, қадр-қиммат ва мурувват ҳақида кўрсатув тайёрлаш мақсадида  "Саҳоват уйи"га йўл олдим. Мен сизларга айтиб бермоқчи бўлган ҳикоямнинг қаҳрамони - Ихтиёр акани айнан ўша ерда учратдим.

Ихтиёр ака кекса ҳам, якка-ёлғиз қария ҳам эмас, нари борса 35-40 ёшлар атрофидаги киши эди. Бироқ унинг иккала кўзлари кўрмас, қўллари тинмай қалтирарди.

- Одатда бу ерда яшовчиларнинг аксарияти боқувчиси йўқ кишилар. Менинг эса аксинча, онам, опаларим бор. Бироқ, мени бу ерга улар олиб келиб ташлагани йўқ. Бу ерга келиб қолишимга ўзим сабабчи бўлганман, - деб гап бошлади у маҳзун қиёфада. - Ёлғиз ўғил бўлганлигим учун арзанда ўсдим. Катта бўлгач ҳам, ота-онамнинг корига ярамадим. Аксинча, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказиб қўйгандан сўнг ҳам, улар мени таъминлаб турардилар. Мен уларнинг меҳр-муҳаббатларини суиистеъмол қилдим. Ўтган ҳаёт йўлим, қилган разилликларимни айтиб берсам, илон пўст ташлайди. Буларни сўзлаш тугул, эслашнинг ўзи мен учун жуда оғир. Ароқ ичдим, наша чекдим, ёмон аёлларга юрдим, қимор ўйнадим, ўғирлик қилдим, энг аянчлиси, ўз отамнинг умрига зомин бўлдим. Қайтар дунё деганлари рост экан. Мен қилмишларим учун бу дунёдаёқ жазо олаяпман.

Бир куни қиморда ўтириб, даврадагилар билан гап талашиб қолдик. Fирромчиликни сира кўтаролмасдим. Ёнимда турган ароқ шишасини олиб қарта сузаётган шеригимнинг башарасига туширдим. Бироқ бу ҳаракатим ўзимга зиён бўлишини, бир умрга ёруғ дунёни кўриш бахтидан маҳрум бўлиб қолишимни хаёлимга ҳам келтирмагандим. У ўрнидан турдида, печкада қайнаб турган сувни кўзларимга сепиб юборди. Оғриқ ва кўзларимнинг ачишишидан хушимдан кетибман... Ҳартугул улфатлар мени касалхонага жойладилар. Айб ўзимдан ўтганлиги учун ҳеч кимга бўлган воқеани айтмадим. Бироқ, тақдирнинг ишими, онамнинг қарғишими, билмадим, кўзларим нуридан маҳрум бўлдим. Мана энди ҳеч кимга кераксиз сўқир, ишга яроқсиз нотавонман. Онам ва опаларим мендан аллақачон юз ўгиришган. Бахтимга бу ердагиларнинг ҳаммаси меҳрибон, яхши инсонлар. Илтимос, кўрсатувингизда "Саховат уйи" ходимларига атаб битта яхши қўшиқ қўйиб берсангиз! Менинг гапларимни эса албатта чиқаринг, ёшларга сабоқ бўлсин.

Орадан бир неча кун ўтди. "Саховат уйи"дан тайёрлаган кўрсатувим тайёр, негадир уни ҳамон эфирга узатгим келмас, кўнглим ғаш эди. Бир куни ишхонага келсам ҳамкасбларим мени "Саховат уйи"дан йўқлашганини айтишди.

У ерга борганимда Ихтиёр аканинг аҳволи оғир эди. Шифокорлар унинг юрак касали хуруж қилганини айтишди.

Ихтиёр ака овозимни эшитиб, қўли билан мени ёнига имлади.

-Узр, синглим, сизни мен чақиртиргандим. Йўқ демасангиз, бир илтимосим бор эди. Ҳарқалай аёл қалбини аёл тушунади. Онамга тушунтирсангиз. 3-4 кунлик умрим қолдими-йўқми, ўлимим олдидан онамдан рози-ризолик сўраб олсам дегандим. Мени кечирсалар бас, бир бора онамнинг овозини эшитиб ўлсам, армоним йўқ эди. Қанийди умрни ортга қайтаришнинг иложи бўлса, ҳеч бўлмаса болаликка қайтиб бўлсайди! Онамнинг эркалашлари, аллаларини жуда соғиндим.

...Fам юкидан қадди дол бўлган, юзларини ажин босган онахон ўғлининг олдидан "элчи" бўлиб келганимни эшитиб, анчагача йиғлаб ўтирди. Сўнг аста гап бошлади:

"Ихтиёржон 5 қиздан сўнг туғилган якка-ю ёлғиз ўғил эди. Шунинг учун ҳам дадаси оғзидан чиққанини муҳайё қилиб, жуда бино қўйиб, эркалатиб ўстирди. Ўғлимизни юртнинг олди боласи бўлишини орзу қилардик. Емай едириб, полапондай авайлаб, аллалар айтиб катта қилгандим уни.

Тескари дунё экан. Кўзимизнинг оқу қорасини биз орзу қилгандай эмас, аксинча, кўчабезори, ахлоқсиз, маишатпараст ва худбин бўлиб ўсишини ким ўйлабди, дейсиз?! Мактабни зўрға битирди. Битиргач ҳам тайинли ишнинг бошини тутмади. Бекорчи болаларга қўшилиб ёмон йўлларга кириб кетди. Ароқ ичди, гиёҳвандликка берилди, оёқда туролмайдиган даражада маст бўлиб келадиган одат чиқарди. Ихтиёрни орқасидан кўрмаган куним, эшитмаган маломатим қолмади. Тартибга чақирган отасига қўл кўтарганда эса, бола тарбиясида хатога йўл қўйганимизни тушундим.

Кейин-кейин қиморда бой бериб бор-будимизни обчиқиб сотадиган бўлди. Отасининг тез-тез қон босими ошиб турарди. Бир куни...

Дадаси касал ётганди. Ихтиёр яна маст-аласт келиб дадасидан пул сўради. Пул ололмагач эса, уйдаги бузоқни етаклашга тушди. Буни не-не умидлар билан, "Ихтиёрни уйласак тўйига ишлатамиз", деб боқаётгандик. Мен бузоқнинг арқонига ёпишдим, ялиндим, ёлвордим. Йўқ, кор қилмади. Ўғлим касал ётган  жойидан туриб келиб, қўлига ёпишган дадасини итариб юбориб, бузоқни етаклаганча чиқиб кетди. Йиқилганда дадасининг миясига қон қуйилган экан, ўша заҳоти оламдан ўтди. Ишонасизми қизим, якка-ю ёлғиз ўғил ўз отасини сўнгги йўлга кузатишга келмади. Қаерларда учиб ётган ўша пайтда билмадим, аммо отасининг қабрига ўз боласининг эмас, бегоналарнинг қўлидан тупроқ тушди. Бунга қандай чидайман, жон қизим?

Ҳа, мен боламни уйдан ҳайдаб юборганман. Берган оқ сутимга рози эмасман, деб қарғаганман ҳам. Ўз отасининг қотилига айланган нобакор ўғилни қандай кечираман? Бориб айтинг, ўшанда ҳам  айтгандим, ҳозир ҳам айтаман, мени ундай болам йўқ! Ўлса, Оллоҳнинг иродаси. Мен бормайман, умидвор бўлмасин!"

Онахонга гап топиб беролмадим. Нима ҳам дердим? Бу ерда таскин ҳам, илтимос ҳам ортиқча эди.

Ихтиёр акага онасининг гапларини айтмадим. Мазаси йўқ экан, "озгина тузалгач, албатта бораман", деди, деб қўяқолдим.

Орадан бир ҳафта ўтди. Арафа куни бозорда "Саховат уйи" ходимасини учратдим. У бундан 3 кун аввал онахон келганини ва Ихтиёр ака онасининг алласини тинглаб ётиб, бағрида жон берганини айтиб қолди.

Уйга қандай етиб келганимни билмайман. Бошим оғриётганини баҳона қилиб онамдан алла айтиб беришини сўрадим. Бу биринчи марта эмасди, шу боис онам ҳам ҳайрон бўлмадилар. Бошимни кўксига олганча алла бошладилар:

 Алла болам алла-ё, алла.

Жоним болам алла-ё, алла!..

Аммо...Эвоҳ, онам алласи бу сафар мени ухлатмади. Онам алласи мени йиғлатди. Онамнинг бағрида, унинг чексиз меҳрини туйганча узо-о-о-қ йиғладим.

 

Муаззам  ИБРОҲИМОВА