+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Севгим менинг - андуҳим менинг

Муҳаббат дардлари

Менинг ёзганларим сизга унча ёқмайди, биламан. Аммо илтимос, бу хатни сабр-тоқат билан охиригача ўқиб чиқишга ҳаракат қилинг. Эҳтимол, шунда мени оз бўлса-да тушунарсиз, деб умид қиламан.

...Ва ниҳоят, барчасини тан оладиган пайт келди. Ҳа, сиз учун ортиқча ташвиш келтирган, турли жумбоқлар билан бошингизни қотирган, дилингизни хира қилган номард мен эдим. Буни шу пайтга қадар билмасангиз, пайқамасангиз, сизнинг зийраклигингизга шубҳа қилган бўлардим. Ҳаммасини сиз билишингиз, тўғрироғи, ўзимни билдириш учун қилдим. Фақат негадир, нима учундир, қачонлардан бери, юрагимни ғижимлаб келаётган бу дардни бевосита эмас, билвосита айтмоқчи эдим. Ва айтдим.

Даставвал турли хаёлларга боришингиз, турфа саволларга рўбарў келишингиз тайин. Илтимос, сиз сиқилманг. Ҳеч ким сизнинг устингиздан кулгани йўқ, аҳмоқ қилган ҳам эмас. Зотан, сиз бунга лойиқ ҳам эмассиз. Ҳаммаси ҳақиқат. Фақат ўз вақтида айтилмаган, холос. Аммо ҳадисларда айтилганидек, кимдир кимгадир кўнгил қўйган бўлса, ўз севгисини билдириб қўймоғи лозим.

Бу туйғу юрагимда кеча ёки ўтган куни пайдо бўлгани йўқ. Бундан бир йил, беш йил аввал ҳам сизни севганман. Балким, бу сиз учун ғалати туюлар. Эҳтимол, умуман қизиғи йўқдир. Маълумот учун айтиб қўйишим мумкин. Шу пайтгача ҳеч кимни сизчалик севмаганман. Янаям тўғрироғи, сиздан бошқа ҳеч кимни севмаганман.... Албатта, бу фикрни рад этишга асос қидирасиз. Хоҳ ишонинг - хоҳ ишонманг, ҳеч қачон айни дамдагидек ростгўй бўлмаганман.

 Ўзимни бу йўлдан қайтариш учун нималар қилмадим? Сиздан ўзимни олиб қочишга уриндим, бўлмади. Ўзимни эътиборсиз кўрсатишга тиришдим, қўлимдан келмади. Кўнглимни совитиш учун сизга танқидий кўз билан қарашга ҳаракат қилдим, бирор натижа чиқмади. Бошқалар билан кўнглимни овутмоқчи бўлдим, оқибатда бу ишнинг хато эканини тушундим.

Бировни севмасдан туриб, унга севги изҳор қилиш - бориб турган аблаҳлик. Бундай разолат менинг қўлимдан келмайди. Сизни эса барибир, саволлар тинч қўймайди. Хўш, нега шунча пайтдан бери дил изҳорини айтмай келдим. Чунки, мен сизни ростдан ҳам севар эдим.

"Сизни севаман!" деган сўзни ҳар қандай, ҳатто дудуқ одам ҳам қийналмай айтиши мумкин. Аммо, бутун вужуди билан севган киши учун бу сўзларни талаффуз қилиш қанчалик оғир эканини балки, билмассиз.

Сиз мени қўрқоқ, дедингиз. Бу гапни атайин иззат-нафсимга тегиш учун айтдингизми ёки бу сизнинг якуний хулосангизмиди, билмадим. Сиз ҳам ҳақсиз, ҳам нохақсиз. Ҳақлигингиз шундаки, қўрққаним рост. Сизга бўлган муҳаббатимни ошкор қилсам, мендан тамомила юз ўгиришингиздан, сизни тамомила йўқотиб қўйишдан, қалбингизни вайрон қилишдан қўрқардим. Мени ундан бошқа ҳеч нарса қўрқитолмайди.

Шу пайтгача мени сукут сақлашга мажбур этиб келган яна бир куч бу -ўзимга номуносиб ғурур ҳиссидир. Қиз болага севги изҳор қилиш ғурур, ор-номусни унинг пойига  пояндоз қилиш  билан баравар. Чунки, ошиқ ҳар доим маъшуқасидан қуйи туради. Бошқаларни билмадим. Йигитнинг ўз қалбини очиши мен учун мағлубият қоғозига имзо чекишни эслатади. Маъшуқа ўзини ҳар қачон ошиғидан устун сезади. Борди-ю, ошиқнинг севгиси тош устига томган ёмғир томчиси сингари абас ва  бесамар кетса-чи? Бундан бечора ошиқ сўнгги ўқини тубсиз жарликка отиб, ўзи ваҳший хайвонлар қуршовида қолган ночор овчининг аҳволига тушмасмикин?!

Шу пайтга қадар мен ўз мағлубиятимни тан олмай келдим.

Сукут сақлаб келганимнинг яна бир сабаби, ўзимни сизга муносиб кўрмаганимда эди. Сизни севишга ҳам, севгимни ошкор қилишга ҳам ўзимни ноҳақ санаб келдим. Сабабини биласиз. Ҳатто ҳар иккимизнинг имкониятларимиз тенг бўлган пайтда ҳам оғиз очишни эп билмагандим, буни сизга айтгандек "ўткинчи ҳис" бўлса керак, деб юргандим. Лекин маълум бўлишича, ана шу ҳис эмас, йиллар ўткинчи экан.

Дунёда инсонга бир илашиб қолса, умрининг охиригача ҳамроҳ бўлиб борадиган дардлар кўп. Севги шуларнинг бири экан. Акс ҳолда мен ҳам аллақачон "тузалиб" кетган бўлардим.

Лекин ишонинг, ҳар доим бахтли бўлишингиз тарафдори  бўлиб келдим. Сизга бўлган хайрихоҳлигимни муҳаббатимдан устун қўйдим. Тақдир сизнинг муҳаббатингизга лойиқ, сизни ҳар томонлама бахтли қилишга  қодир инсонга  дуч келишингизни сиздан кам хоҳламадим. Гарчи, бу сизга эриш туюлсада, рост айтяпман. Ҳеч қачон менинг ҳис туйғуларим, барчага хос ғурур ва худбинлигим сизнинг ҳаётингизга даҳл қилиши, йўлингизга тўғаноқ бўлишига йўл қўймайман. Шундай экан, мендан заррача хавфсираманг, ўз ҳою-ҳавасларим йўлида хоҳ ошкора, хоҳ пинҳона бўлсин, сизга озгина бўлса-да, зиён етказишни хаёлимга ҳам келтирган эмасман ва келтирмайман ҳам.

Шу чоққача қўлингизда "жиноятчи"ни "фош" этиш учун етарли далил бўлсада, барчасига ўз оғзим билан иқрор бўлишимни кутгандирсиз? Мана ўша "гумондор шахс" бор айбига иқрор бўлди. Қанақа ҳукм чиқариш ўзингизга ҳавола. Севишдан қўрқмаган одам ҳеч қандай жазодан ҳам қўрқмайди

Фақат, мен туфайли азият чекишингизни, қийналишингизни, лоақал таъбингиз хира тортишини истамайман. Зеро, мен бунга арзимайман. Сизни ўйлантирган, ташвишга солган, ажаблантирган, борингки, ранжитган бундай беадабликлар замирида фақат биргина илинж бор эди ва аминманки, сиз буни тушуниб етдингиз.

Сизни безовта қилган,  кўнглингизни оғритган, дилингизни хуфтон қилган бўлсам, минг бор узр. Сизга шу чоққача яхшиликдан бошқа нарсани соғинмай келган бир ошиқнинг гуноҳидан ўтарсиз, деб умид қиламан. Агар шундай қилсангиз, ҳамманинг, жумладан, барча ошиқларнинг дил тубидаги сўзни айтишга изн беринг,     кейин нима бўлса бўлар... мен сизни севаман... фақат, шу холос...

 

Йигитнинг дил сўзларини  Зилола оққа кўчирди.