+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ҲАҚИҚИЙ ШОИРЛАР ЎЛМАЙДИ

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф агар ҳаёт бўлганида эди, бу йил ўзининг қутлуғ олтмиш беш ёшини нишонлар эди.

 Муҳаммад Юсуф бетакрор шеърлари билан одамларнинг дардини, қалбидаги қувончу шодликларни, халқига, она   юртга муҳаббат, садоқат ва фидойилик туйғуларини содда ва гўзал мисралар орқали тараннум этган ўзига хос ижодкор эди.

Мен дунёни  нима қилдим?

Ўзинг ёруғ жаҳоним.

Ўзим ҳоқон, ўзим султон,

Сен - тахти Сулаймоним...

Қаранг, оддийгина таърифда она юртга беқиёс меҳр мужассам. Шоирга дунё керакмас, унинг учун дунё бу - туғилиб ўсган қишлоғи, ўз Ватани. У юрт-нинг озодлигидан, халқининг ўзига хон эканидан масрур...

Муҳаммад Юсуф бутун ижодида миллийликни, ўзбекона удумларни, ўзбекона ҳаётни мадҳ этиб яшади. Айниқса,    халқимизнинг ўтмишдаги қаҳрамонлари тимсолида ўқувчи қалбига она-юртга муҳаббат, фахр-ифтихор туйғуларини сингдирди.

Қалби, юриш-туриши ўзидай содда Муҳаммад Юсуфда Худо берган иқтидор бор эди. Унинг қалби болалигидан адабиётга, шеъриятга ошуфта эди. Ана шу ошуфталик йиллар давомида ўсди, сайқалланди ва йиллар ўтиб, уни халқнинг суюкли шоирига айлантирди.

- Муҳаммаджон ёш пайтидан ўзгача бўлган, ҳар нарсага қизиқувчанлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди, - дейди шоирни ўқитган ўқитувчилардан бири, меҳнат фахрийси Рўзибой ота Ўтанов. -  Далаларда қўй-мол боқиб юрганда ҳам шеър айтиб юрарди, қўшиқ хиргойи қиларди. Айниқса, у қишлоқ табиатининг гўзалликларини, ариқларда оқаётган сувнинг зилоллигини кўриб яйраб кетарди, одамлар билан кўришганда дилдан, самимий суҳбатлашарди.

Муҳаммад Юсуфнинг ўзи бир суҳбатида шундай деган эди: "Мен шеърий илҳомни туғилган гўшамдан оламан. Шунинг учун тез-тез Марҳаматга бориб келаман. Йиллаб она қишлоғига бормайдиган шоирларга ҳайронман: қандай қилиб шеър ёзар эканлар.

...Қишлоғимнинг тупроғи менга илҳом бағишлайди, шунинг учун Марҳаматга борсам, оёқ кийимларимни ечиб ялангоёқ юришни ёқтираман. Шунингдек, уйимга борганимда энг севган машғулотим онамнинг тиззасига бошимни қўйиб ётаман". Бу шоирнинг дил сўзлари, қалб иқрори эди.           

Марҳум шоир кўплар ибрат олса арзийдиган инсоний фазилатлар соҳиби ҳам эди. Ундаги юртига муҳаббат, меҳнатсеварлик, мақсадга интилиш, камтарлик, олийжаноблик, яқинларига, дўстларига садоқат хислатлари   ҳақида жуда кўп гапириш мумкин.   

 - Муҳаммаджон болалигидан жуда камтар, сахий, дўстларига меҳрибон эди, - дейди шоирнинг синфдош дўсти Расулжон Раимов. - Дўстларимиздан кимдир касал бўлиб қолганини ёки бошига мусибат тушганини эшитса,  келиб холидан хабар оларди, кўнглини кўтарарди. Яна у бир сўзли, кимга нима ваъда берса, албатта, сўзини устидан чиқар эди. Шу боис ҳам болаликдаги дўстлари орасида нафақат машхур шоирлиги билан, балки инсонийлиги билан ҳам катта ҳурмат-эътибор топганди.

Шоир вафотидан сўнг  марҳаматликлар, шоирнинг ҳамқишлоқлари у билан ифтихор қилибгина қолмай, шоир хотирасини улуғлаш, номини абадийлаштириш баробарида ҳам эътиборга молик ишларни амалга оширди. Жумладан, Қовунчи маҳалласидаги хонадони, таҳсил олган мактабида музей ташкил этилиб, шоир ҳаёти, ижодига оид жиҳозлар, кўргазмали воситалар, китоблари билан безатилди. Шоир дафн этилган Fиштмозор қабристони ободонлаштирилиб, шоирнинг бюсти ўрнатилди.

Ҳар йили апрель ойида   Марҳамат, айниқса, Қовунчи қишлоғи адабиёт, шеърият мухлислари билан гавжум бўлади. Нафақат Андижон, балки қўшни Фарғона, Наманган, ҳатто, Қирғизистондан шоир ижодининг мухлислари ташриф буюриб, шеърият кечалари, мушоира, шоир шеърлари билимдони беллашувлари ўтказилиши анъанага айланган.        

- Россияда одатга айланган ана шундай анъана бор, - дейди марҳаматнинг зиёли инсонларидан бири Ортиқали Хусанов. - Ҳар йили рус халқининг улуғ шоири А.С.Пушкин туғилган куни шеърият мухлислари шоир ҳайкали олдига келиб, унинг шеърини ўқийди. Беш-олти киши келиб эшита бошлайди. Яна кимдир шеър ўқийди. Шу тариқа минглаб кишилар тўпланиб, Пушкинхонлик кечгача давом этади. Энг қизиғи, шеърхонлик ҳеч кимнинг кўрсатмаси ёки ташкилотчилигида ўтмайди. Кечанинг ташкилотчиси халқнинг буюк шоирга бўлган муҳаббати бўлади.

Бугун минглаб адабиёт, шеърият мухлисларининг  Муҳаммад Юсуф хотирасини ёд этиш учун унинг қишлоғига, у мангу қўним топган қабристонни зиёрат қилиб келаётганликлари ҳам шоир хотирасига, унинг ижодига бўлган ҳурмат ва муҳаббатнинг намунасидир.

Шоир таваллуд топган кун Марҳамат, айниқса, Қовунчи қишлоғи байрам оғушига чўмади, шоир ва ёзувчилар, ижодкор ёшлар, адабиёт, шеърият ихлосмандлари иштирокидаги тадбирлар шеърият байрамига айланиб кетади. 

Дарвоқе бу байрамга келиш учун ҳеч кимга таклифнома юборилмайди. Лекин, минглаб одамлар ана шу байрамда иштирок этиш, халқимизнинг севимли, соддадил ва соддатил шоири Муҳаммад Юсуф хотирасини ёд этиш учун келадилар. Ҳақиқий шоирлар ўлмайди. Ўзидан бетакрор ва ўлмас шеърлар қолдирган Муҳаммад Юсуф ҳам юртдошларимиз қалбида  барҳаётдир.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ