+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 28 Дек 2023
    Талабалар ташаббуслари қўллаб-қувватланади
    ёшлар ҳаёти Андижон давлат чет тиллар институтида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда институтнинг биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов талабалар билан мулоқот ўтказди. Дастлаб у…
  • 28 Дек 2023
    Ватан ҳимояси - муқаддас бурч
    Мамлакатимизда ўтказилаётган "Ватанпарварлик" ойлиги доирасида Булоқбоши туманидаги 55- ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида "Ватан ҳимояси - муқаддас бурч" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўқувчи ёшларнинг юртга…
  • 28 Дек 2023
    ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ ЎРНИ
    "Китоб - беминнат устоз" деб ёзганди буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Дарҳақиқат, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи китобдир. Шунингдек, китоб тарбия…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Кундошим - сирдошим

Турмуш чорраҳаларида

Муқаддас барвақт уйғонди. Негадир туни билан алоқ-чалоқ тушлар кўриб чиқди. Яхшиликка бўлсин, ишқилиб. Хорғин гавдасини зўрға кўтариб турди-да, дарёдек тўлқин урган қоп-қора сочларини йиғиштириб, ювиниш хонасига ўтди.

Турмуш ўртоғи Аҳмаджонни аллақачон уйғониб, қандайдир чизмалар устида мук тушиб ўтирганини кўрди: "Нечук, бу киши саҳарлаб уйғонибди? Эслолмайди. Ўзи кечқурун ётоқхонага кирдими ёки туни билан шу ерда ўтириб чиқдими? Бир-икки кундан буён Аҳмаджон негадир безовта!"

Унга ҳам қийин. Катта шаҳарнинг меъмори, ёзув-чизув ишлари бошидан ошиб ётибди. Баъзида Муқаддас инжиқлик қилиб: "Сиз ҳам ҳамма эркакларга ўхшаб уйга вақтида келсангиз бўлмайдими?", деганида ҳам индамай қўя қолади. Ярим тунда келса ҳам ўзи билан аллақандай чизмаларни олиб келади. Балки айб Муқаддаснинг ўзидадир?! Яқин ўн йил бўлди оралари бузилганига. Ўшанда Муқаддас учинчи ўғли Аҳрорбекни туққан эди. Рўзғордаги камчиликлардан юраги сиқилган аёл эрига: "Қачонгача латта чайнаб юрасиз? Бирин-кетин уч бола, орадаги фарқи 2-3 ёшдан. Уларни кўтариб болалар боғчасига боргунимгача мадорим қолмаяпти. Битта болалар аравачасини олиб беришга ҳам кучингиз етмайдими? Ё бўлмаса хизмат машинангиздан фойдаланишга рухсат беринг! " - деди. Эри:

- Муқаддасхон, сабр қилинг! Эндигина шаҳар бош меъмори бўлдим. Кеча лавозимга миниб, бугун хизмат машинамга аёлимни чиқариб келолмайман-ку!" - деди.

- Эсон-омон шу боламни уч ёш қилиб олиб, ишга қайтсам, сизга ялинмайман.

Муқаддас силтаниб кўчага чиқиб кетди.

Жувон тиббиёт олийгоҳини тугатган, шаҳардаги нуфузли болалар шифохонасида бош шифокор бўлиб ишлайди. Онаси Маҳфуза опа "Сен ёлғиз қизсан, болаларинг кўп бўлиши керак", деб мажбурлагани учун учта фарзандли бўлди. Тўғри, Аҳмаджон билан севишиб турмуш қурган. Шунга ҳам 18 йил бўлибди. Катта ўғли Акмал коллежда ўқийди. Ўртанчаси олтинчи синфда. Кенжаси Аҳрорбек тўртинчи синфда. Бир қараганда, бу оиланинг ҳеч қандай ками йўқдай. Эрталаб иккита хизмат машинаси келиб, эшик тагида туради. Бири Муқаддасга, бири эса Аҳмаджонга. Уйларида эса яп-янги, ёғи артилмаган хорижий русумдаги машина турибди. Фақат ораларида меҳр деган нарса йўқ. Эр-хотин деярли бир дастурхонда бақамти ўтириб, кўзларига қараб сирлашмайдилар, дардлашмайдилар. У ҳам лоқайд, бу ҳам. Ана шуларни ўйлаб эгнидаги оппоқ халатининг тугмасини қадаётган аёлга эшикни оҳиста очиб кирган ҳамшира сўз қотди:

- Мумкинми, Муқаддас Алимовна? Кеча келган боланинг онаси сиз билан учрашмоқчи.

- Майли, кирсин!

Эшик оҳиста очилиб, хонага хушбичим, хушрўй жувон кириб келди. Унинг эгнидаги одмигина халат ўзига шундай чиройли ярашган эди-ки, Муқаддас унга қараб бир шоирнинг "майсаларинг синглимдай майин" деган сатрларини эслади. Мана шундай аёлларни ҳақиқий аёл деса бўлади. Орқасига шунчаки турмаклаб қўйилган қоп-қора сочлари, учишга шайланган қалдирғочнинг қанотидай қошлари жуда ҳам жозибали эди.

- Ассалому алайкум, доктор опа!

Жувоннинг қоп-қора кўзлари намланган.

- Келинг, синглим. Ўтиринг! Йиғламанг! Мен йиғлаганларни ёмон кўраман. Кўз ёш ожизлик белгиси. Болангизни ўзим текшириб кўрдим. Худо хоҳласа, яхши бўлиб кетади. Бугун-эрта операцияга тайёрланади. Ташвишланманг. Мен ўзим операция қиламан. Ўғлингиз ҳам ўзингизга ўхшаб ширингина экан, синглим. Фақат отасидан операция учун розилигини олишимиз керак. Эрингиз бугун бир келиб кетсин.

Муқаддаснинг гаплари оғзида қолди. Қаршисидаги жувон овоз чиқариб йиғлаб юборди:

- Опажон, опажоним!

Муқаддас аёлга сув тутиб, тундай қоп-қора сочларини силади.

- Нима гап, синглим?

- Опажон, мен оддий қишлоқ қизи эдим. Ота-онам ўзига тўқ оила бўлгани учун мени 17 ёшимда қўшнимизга келин қилиб берди. Турмуш ўртоғим Россияга қатнаб савдогарлик қилар эди. У менга уйлангандан кейин бир ой ўтгач сафарга кетди. Уйга ҳар йили бир марта, беш-ўн кунга келарди. Шундай қилиб, орадан ўн йил ўтди. Қайнона-қайнотамнинг дуосини олиб юравердим. Фарзандли бўлмадим. Кунларнинг бирида қайнонам, сўнг эса қайнотам касал бўлиб қолди. Ҳар икки беморга қарашдан қийналиб кетгач, эримга телеграмма юбориб, чақиртирдим. Турмуш ўртоғим уйимизга бир рус аёлни икки ўғли билан етаклаб келди... Уни ўша ёқда оиласи, фарзандлари бор экан. Индамай қайнона-қайнотамдан розилик олиб, чиқиб кетдим. Ўз хатоларини тушунган ота-онам менга шаҳардан уй олиб беришди. Кичикроқ қурилиш ташкилотига котиба бўлиб ишга кирдим. Ҳаётимнинг ана шундай қоп-қора кунларининг бирида ишхонамизга текширувчилар келди. Уларнинг орасидан бир йигит билан яқин бўлиб қолдим. Биз аввал телефонда гаплашиб юрдик, сўнг кўришиб юрдик, ундан кейин енг учида тўйимиз бўлиб ўтди. Ишонинг, опажон, мен уни севиб қолдим. У менга шахсий ҳаёти ҳақида гапирмайди.

Мен у кишига ҳар доим "хотинингиз билан учраштиринг, мен ўзим тушунтираман. Озми-кўп кундошлик дардини     тортган аёлман" десам, кўнмайди. Агар хотини билан учраштирса, мен ўша аёлнинг оёқларига йиқилиб, ялинардим-ёлворардим. Ахир, эрим эр бўлиб кўча-кўйда етаклашиб юролмаса, бирор кеча ўғли ва менинг ёнимда қололмаса! Агар аёл билан учрашсам, ундан ўша мен севган одам ҳафтанинг олти куни у билан, лоақал бир кун биз билан қолишига рухсат беришини сўрардим.

Муқаддас аёлга яна ҳам яқинроқ келиб, опаларча меҳр билан қучоқлади. - Менга суянинг, синглим. Мен эрингиз билан ҳам, кундошингиз билан ҳам гаплашиб бераман..

Жувон кўз ёшларини артмоқчи бўлиб, халатининг чўнтагига қўлини солган эди, у ердан рўмолчага илашиб бир варақ букланган оқ қоғоз чиқди.

- Опа, мана, эримнинг сурати, - деди у қоғоз орасидаги  расмни Муқаддасга кўрсатиб.

Муқаддас ҳайратдан тахтадек қотиб қолди. Не кўз билан кўрсин-ки, суратда унинг эри Аҳмаджон машинага суянганча хиёл жилмайиб турарди.

 

 

 Умида ЙЎЛЧИЕВА