+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

КЎМИЛГАН СУМАЛАК

Ҳаётий воқеа

Юртимизга яна баҳор келди. Уни орзиқиб кутган ҳамюртларимиз Наврўзни муносиб кутиб олишга тайёргарликни бошладилар. Ҳашарлар уюштирилди, сумалак сайллари бошланди. Маҳаллаларда, ҳатто кўп қаватли уйларда яшовчи аёллар йиғилишиб сумалак пишираяптилар. Азизлар оши деб аталмиш бу муқаддас таом илик узилди пайтда организмни керакли витаминларга тўйдиради. Сумалакнинг келиб чиқиши ҳақида кўплаб ривоятлар, афсоналар мавжуд. Бироқ, ҳозир сизларга сўзлаб бермоқчи бўлганим унинг тарихи ҳақида эмас. Бу воқеани менга кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи Латофат    исмли аёл айтиб берган эди. Воқеа мени жуда таъсирлантиргани боис, уни сизларга ҳам ҳавола этишга қарор қилдим.

"Баҳор келиши билан барча маҳаллаларда Наврўз тадбири, сумалаклар бошланади. Биз ҳам қўни-қўшнилар билан ҳар йили йиғилишиб сумалак пиширамиз, - деб гап бошлади Латофат опа. - Кўп қаватли уйларда яшаганимиз боис қозон-ўчоқни "дом"имизнинг ҳовлисига ўрнатамиз. Буғдойини янчиш, сумалак масаллиғини тайёрлаш, меҳмондорчилик, қўйингки, келди-кетдини ҳам 1-қаватдаги қўшниларнинг уйида кузатардик. Бу йил ҳам шундай бўлди. Қўни-қўшнилар пул йиғдик. Меҳмондорчилик учун эса ҳар ким имконияти даражасида дастурхон қиладиган бўлди. Хуллас  8 килограмм буғдой ундириладиган бўлди. Буғдойни 3 кун димлаб, стол  устларига ёйиб қўйдик. Ҳисобимиз бўйича буғдой айни Наврўз кунлари униб, етилиши керак.

Ҳар куни буғдойни ҳовлига олиб чиқиб қуёшга солганимиз боис, у жуда чиройли, барра бўлиб униб чиқди.  "Кўз тегмасин, бир текис униб чиқяпти-я, кўпчиликнинг ошида барибир, эсон-омон зўр қилиб пишириб олайлик" дердик ўзаро.

"Жума куни кечқурун "дом"имиздаги катта ёшли онахонлар буғдойни кўриб меъёрига етганини ва эртаси, яъни шанба куни сумалак солиш мумкинлигини айтишди.

Уч-тўрт киши бўлиб 1-қаватдаги Мамлакат опаникига кирдик (сумалак пишириш учун унинг уйидан фойдаланадиган бўлгандик)

- Вой, эртага деяпсизларми? Йўқ-йўқ, бунинг иложи йўқ, - деди Мамлакат опа. - Эртага мени дугоналарим билан  ўтиришим бор, бормасам бўлмайди.

У дедик, бу дедик, Мамлакат опа "Гап"дан кўзи қиймадими, кўнмади.

- Майли бўлмаса, бошқа одамникида қила қолинглар, масалан ана Зумрадхонникида, - деди Мамлакат опа.

- Зумрад опанинг чақалоғи бор-ку, рози бўлмайди, - деди Халимахон деган қўшни аёл.

- Ундай бўлса, якшанбани кутасизлар, бир кун минг кун бўлмас, ахир!-деди яна Мамлакат опа.

Хуллас шанба кунги сумалак якшанбага кўчди. Бироқ эртасига сумалакни қиймалагичдан чиқараётганимизда буғдой анчайин ўсиб кетганини кўрдик.

"Во-о-ой, ўсиб кетибди, тахир бўлиб қолмасмикин? - деган хаёл ўтди миямдан.

Ўша куни ўйин-кулги, бақир-чақир билан сумалагимизни пишириб ҳам олдик...

- Аяжон, нимага бу сумалак аччиқ, - деб қолди эртасига биринчилардан бўлиб қозон бошига етиб борган ўғлим.

Ўйлаганимдек, сумалак шунчалик тахир эдики, оғизга олсангиз ютишингизни ҳам, туфлашингизни ҳам билмасдингиз.

Барча қўни-қўшниларга сумалак улашилди. Сумалакка қўшилганларга ҳатто бир челакдан.

Бир пиёла тугул, бир қошиқ ҳам еёлмадик. Музлаткичда турган сумалакка қараб ичим ачирди. Бир кулгим келарди, бир йиғлагим.

"Муқаддас таом бўлса, буни ҳар қаерга ташлаб бўлмаса, энди нима қиламан", деб бошим қотди. Бошқа қўшниларда ҳам шу муаммо кўндаланг турарди.

Бизда тоза оқин сув бўлсаки, оқизсанг. Нима ҳам қилардик, кўпчиликнинг маслаҳати билан сумалакни  обориб кўмдик...

Ўшандан бери ўйланиб виждоним қийналади. Балки Мамлакат опа бир-икки соатлик "гап"идан кечганида, сумалакни шанба куни пишириб олганимизда шу воқеа бўлмасмиди? Ёки бўлмаса бошқа қўшнини кўндиришимиз керакмиди?

Биз эса муқаддас таом - азизлар ошини увол қилдик!

Онам ҳар йили маҳаллада биринчилардан бўлиб сумалак қилардилар. "Кўкламга эсон-омон етказгани учун Яратганга шукроналик, хайр-эҳсон бу!" дердилар. Очлик, йўқлик пайтида одамлар жонига оро кирган, қорнини тўйдирган сумалак, наҳот тўқлик замонига келиб қадрсизланган бўлса? Балки тўқликка шўхлик, деганлари шудир".

Латофат опанинг ҳикоясини эшитиб, увол бўлган сумалакка ачиндим. Менинг фикримча, агар сумалак шунчаки хўжакўр-синга қилинадиган, севиб тановул қилинмайдиган бўлса, яхшиси пиширилмагани маъқул...

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА