+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ОЙНИНГ ЎН БЕШИ ЁРУF...

(ҳИКОЯ)

Холида опа ишдан уйига шомдан ўтган пайтда кириб келиб, турмушга узатган қизи меҳмонга келганини кўрдию, севиниб кетди. Қизини бағрига босди. У боласини жуда соғинган эди. Феруза  барвақтроқ келган эканми, ҳамма уйлар тозаланиб, жиҳозларнинг ўрни ўзгариб қолганди... Хонтахтага дастурхон солиниб, пиёлалар қўйилибди. Қозонда кечки овқат ҳам тайёр...

- Ая, тезроқ чиқсангиз, овқатни соламиз. Дадам билан Санжар ҳам келишди, - деди Феруза чой дамларкан, уйга кириб кетган онаси томонга қараб.

Дастурхонга таом келтирилди.

- Уканг Собирнинг ҳам овқатини солиб қўй... У мультфильм тугагандан кейин ейди, - деди Холида опа.

Кеч оқшом оила жамулжам бўлиб телевизор қаршисида у ёқ, бу ёқдан гаплашиб ўтиришди.

- Шифокорга бордингми? - деди она ниҳоят, қизига ҳамма ётоғига кириб кетиб, ёлғиз қолишганда.

- Ҳа, куёвингиз олиб борди. Шамоллашим бор экан. Даволаниб, укол олдим.

- Шифокорга кўринганинг яхши бўлибди. Худо фарзанд бериб қолса ажабмас.    Илойим юзинг ёруғ бўлсин.

 - Мен эртага эртароқ ишга кетишим керак. Сен қачон уйингга қайтасан? Уйда бўлганимда кетишингга овқат қилиб берардим... ёки ўзинг бирор нарса..

- Қаний... Эрта бўлаверсин-чи, бир гап бўлар... Сиз мендан хавотирланмай ишингизга кетаверинг,  - деди ўйчан ҳолда Феруза.

Қизининг уйқуси келганини пайқаган она саволга тутавериш ноўринлигини англади. "Майли, ёш нарса бизникида тўйиб ухлаб олсин. У ёқда тўйиб ухлолмайди" - дея хаёлидан ўтказди. Унга     хайрли тун тилаб, чиқиб кетди.

Холида опа сув хўжалиги идорасида масъулиятли вазифада ишлайди. Ишлари жуда кўп. Баъзи кунлари анча кеч ҳам қолиб кетади. Ишини деб тўйларга, меҳмондорчилигу зиёфатларга ҳам бемалол боролмайди...

Эртаси куни Холида опа ишдан келиб, яна қизини уйда кўрдию, ҳайронлиги  ортди.

- Ҳа, бугун ҳам кетмабсан? Тинчликми ўзи?..

Феруза индамай, ўйчан кўзларини катта очди, пастга қаради.

- Ҳа, тинчлик... Куёвингиз иш билан сафарга кетган эди. Шунга, бугун ҳам қолавердим...

Орадан 3-4 кун ўтиб, ҳафта айланай деяптию, Феруза кетаман демасди. Вақт ўтган сари Холида опанинг хавотир, ҳадиги ошяптию, қизидан сўраб ҳеч қандай тайинли гап ололмаяпти. Қудасига телефон қилай деса, Феруза "йўқ" дейди.

Бир куни Холида опа ишда эди. Оила бошлиғи Содиқ ака кўчадан ҳовлиқиб кирди-да, қизига:

- Қайнаканг менга телефон қилиб, қизингизнинг юкларини олиб кетинглар деяпти - деди. - Мен, ҳа, тинчликми? Нима гап? Нима бўлди? Мундоқ тушунтириб айтинглар, десам, гапимни охиригача эшитмади...

Ферузанинг ранги оқариб кетди. Мажолсиз қўллари билан шойи рўмолини пешонасига тортди-да, бошини чангаллаганича ўзини уй ичига урди. Содиқ ака қаттиқ ғазабланаётган бўлса-да, ўзини босишга уринди...

Холида опа ишдан келиб, шумхабарни эридан эшитди. Қайнонасининг "Қизни эрга бериш осон, эрникида яшатиб юбориш қийин" деган гапини эслади. Раҳматли "Бу ҳаётда ғамим йўқ десанг, қуда тут" деган мақолни кўп такрорларди. Мана, унинг айтганларига тайёр мисол.

Она қизига қаради... Унинг кўзларида порилловчи нур, учқун йўқолиб қолганини сездию, дарров ўзини қўлга олди.

- Феруз... Ҳар хил гаплардан сиқилавермай, нима бўлганини бизга айтгин... Айбинг йўқ бўлса, куёвинг келади. "Сув ҳам бир лойқаланиб кейин тинади". Ҳаёт шундай, қийин нарса. Бир оила оила бўлгунча не-не ишлар, тушунмовчиликлар бўлиб ўтади, - деди.

Холида опанинг ўзи қизидан кўра кўпроқ ташвишланаётган бўлса-да, уни ичидан сиртига чиқармасди. Чунки у она. Болаларининг ортидан келадиган барча ташвишларни енгиб ўтиши керак. Шундай пайтда у қизига далда бўлиши, кўнглини кўтариши лозим. У қудаси Роҳатхон опага телефон қилди. Сўзни хушмуомалалик билан бошлаб, ҳол-аҳвол сўради. Гўё ўзини ҳеч нарса билмагандек тутди. Энди қизи ҳақида гап бошламоқчи бўлганида ўртада алоқа узилиб, гап эшитилмай қолди.

- Атай ўзи телефонни ўчириб қўйди шекилли, - деди ёнида турган қизи.

Шундай қилиб Феруза ота эшигида яшай бошлади. Куёви Олимжон телефон қилиб турди.

Кунлар ўтиб Феруза ишга отланаётган онасига:

- Ўтган куни поликлиникага бориб хомиладорлик тести топшириб келган эдим, Бугун натижаларини беришадиганди, ишдан қайтаётиб олиб келсангиз, - дея илтимос қилди.

Холида опа ишдан қайтаётиб поликлиникага кетаётганда кўчада Ферузанинг тўйида ўртада турган Нодирахонни кўриб қолди. Самимий саломлашди. Гап Ферузахоннинг ота уйига келиб қолганига тақалди.

- Қудангиз  билан гаплашдим, - деди у... - Яқинда Роҳатхон опа санаторийга даволангани борган экан. Орқасидан кўргани бормабсиз. Ёнидаги шерикларининг қудалари борибди. "Мени қудам кўргани бормади. Шерикларим олдида жуда ўсал бўлдим. Аччиқланиб бу ҳақида қизига айтдим", - деди. Шунда қизингиз: "Онам ҳам касал эди. Уйда даволаняпти, сизни санаторийда ётганингиздан хабари йўқ. Шу кунларда телефони ҳам ишламаяпти" дебди. Роҳатхон опа ўпкалаб яна анча аччиқ-тирсиқ гаплар гапирса, қизингиз ёшлик қилиб: "Сиз ҳам онам, ҳам опоқдадам касал бўлганини эшитиб туриб кўргани бормадингиз ёки мени ҳам жўнатмадингиз-ку?! Менинг онам ҳам ердан чиққанмас, дебди. Роҳатхон опа гап қайтарганидан аччиқланиб, ўғли йўғида қизингизни жўнатиб юборибди...

Уларнинг олдига "Дамас" машинаси келдию, суҳбат бўлинди. Нодирахон ярим гапи оғзида қолганча хайрлашиб унга чиқиб кетди.

Бу гапларни эшитган Холида опанинг бошига оғриқ кирди. Қизининг кетмаётганлиги сабаби ойдинлашгандай бўлди. Бу гапларни қизидан эшитмаганини ўйларкан: "Мени авайлаб айтмаган-да" деб қўйди.

У уйга келса ҳамки, эшитган гапларининг таъсиридан чиқа олмасди. "Ҳа, тўғри, ўша кунлари у оғриб қолди. Тавба, одам деган ҳам шунақа бўладими? Наҳотки, қуда аёлга ўғлининг оиласини сақлашдан кўра, ўша санаторийга олиб бориладиган умри калта ноз-неъматлар-у ён-атрофдагилар олдидаги обрў керак бўлса? У шу кунгача ёмон қуда бўлмади-ку? Қийналиб бўлса-да ҳамма орзу ҳавасларига етказди. Қизини бердиям, тугун ташиш билан машғул бўлди. Юз очди эртасиданоқ 2-3 маҳаллаб мазар ташишди... Йўқланди, ота кўрди, байрамлик, туғилган кун, Ҳайит, Янги йил... Ўҳ-ҳў... Ҳамма байрамларда йўқлов узилмади. Ҳаммасида чиройли мазар, совға-саломлар жўнатишга интилди. Ойлик олганда фақат ҳадялар тайёрлаш билан овора бўлди. Эрининг: "Сиз қудага мардикорлик қиляпсиз" деган аччиқ гапларига, қаршиликларига чидади. "Майли, дадаси, ундай деманг, нима бўлса ҳам қизим учун қиламан-да. Қизим тинч ўтирса бўлгани... Байрамликни чиройли жўнатмасак бўлмайди", деди. Рўзғор эрининг маоши билан аранг тебратилди. Охир-оқибат эса нима бўлди? Шунча қилгани қаерга кетди? Наҳотки, буларнинг барини биргина санаторийга кўргани боролмагани ювиб кетса? Қудаларни рози қилиш наҳотки шунчалар қийин бўлса?".

Холида опа қудасининг енгил-елпи ўйлаб, қизини шу кўйга солиб қўйганидан хафа бўлди..

Ферузанинг бир-икки кундан бери кўнгли беҳузур бўла бошлагандию, шубҳаларига ишонмаганди. Не бахтки, тест унинг ҳомиладор эканлигини кўрсатди. Бу хушхабарни у биринчи бўлиб онасига айтди.

Қаранг-а, шундай      қувончли хабар, қизи аразлаб келганда маълум бўлса. Холида опа севинчдан қувониб кетди. Оиласидаги ҳозирги муаммолар - барчаси қоришиб унинг кўзларини ёшлатди. У уйга дам олиш учун кираркан, шу маҳал кичик ўғли Собир ҳам олдига келди. У онасининг кўзларидаги ёшни кўриб сўради?

- Ая, нимага йиғлаяпсиз?

- Йўқ, ўзим, - дея у кўз ёшларини артди ва ҳолатини ўғлига изоҳламоққа уринди.

- Опанг бизникига қайтиб келганидан хафаман-да ўғлим... Бу ҳаётда киши кишини тушуниши, рози қилиши қийин экан... Опангга шунча нарсалар жўнатиб ҳам...

- Ашнақа-да... Янги йил куни ишхонангиздан олиб келган совғани ҳам бизга едирмай ўшаларга жўнатгандингиз, - деди бу йил биринчи синфга борган Собиржон болаларча соддалик билан.

Холида опа ўйга ботди. Унинг хаёлини телефон қўнғироғи бузди.

- Ие... поччам телефон қиляпти экан, опамга олиб чиқиб берайми? - деди Собиржон. Холида опа "ҳа" ишорасини қилди. Собиржон телефонни олди-да, опаси ўтирган қўшни хонага қараб югуриб кетди...

 

Ойдин МАМАДАЛИЕВА