+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ХУДБИН

Ҳикоя

Даврада маҳзун куй янгради. Усиз ҳам кайфияти тушкун бўлган Ботиралининг юраги сиқилди. Аста ўрнидан туриб, ташқарига йўналди.

- Ҳа, бой бола, давра ёқмадими?- рўпарасидан чиққан Шерзод унга пичинг қилди. - Энди айтаманда, катта охурда ем еб ўрганиб қолдингиз, бунақа тўйларни назарга илмаяпсизми, деяпман-да! - Шерзод барибир қитмирлигини қўймади.

- Оғзингга қараб гапир! - Ботирали ростмона аччиқланди. - Арпангни хом ўрган ерим борми, намунча менга пичинг қиласан?

- Ўзингни босиб ол, - Шерзод ундан баланд келди. - Сирканг сув кўтармай қоптими?! Ҳали кўрамиз, сени боқиб катта қилган ота-онангга қилган нонкўрлигинг қанчага тушишини?

- Сенга нима, менинг шахсий ҳаётимга нега аралашасан? - Ботиралининг бирдан жаҳли чиқди, ўзини тутолмасдан, Шерзоднинг юзига мушт туширди.

У ёғини эслолмайди, ҳар қалай анча қий-чув, ёқалашув бўлгани хотирида. Кўзини очса, уйида ётибди, бошида хотини сочиқни хўллаб пешонасига босиб ўтирибди.

- Болалар қани?

- Дадам келганди, ўрик боққа олиб кетди, - жавоб берди Гулчеҳра.

- Нима қилади боғда, тупроққа аралашиб? - сўради Ботирали қийиқ ахтариб.

Гулчеҳранинг кўзларига ёш тўлди:

- Қанақа тошбағир одамсиз? Дадам невараларини соғиниб келса, "йўқ, уст-боши кир бўлади, ўғлингиз рухсат бермайди", деб олиб қоламанми?

- Болалар меники, хоҳласам бераман, хоҳламасам, йўқ! - Ботирали қўлидаги пиёлани деворга отиб бақирди.

- Эсингизни йўқотаяпсиз, дадаси! - Гулчеҳра унинг дағдағасидан қўрқмасдан яна гапирди. - Тоға бўлсаям, ота ўрнида боққан у одам сизни, сиз ҳам у кишига боласиз, момонгиз эса она ўрнида, шунча йил бағрида катта қилган! Жон, дадаси, илтимос, қайтайлик, ота-онангизнинг ёнига!

- Улар менинг ота-онам эмас... - Ботирали ҳамон аламзадалик билан бақирди, - бу дунёда менинг ота-онам йўқ!!!

- Уялинг... туққан онангиз тирик, азбаройи бир оилага фарзандлик бахти насиб қилсин, деб сизни тоғангизга берган, улардан ҳам, булардан ҳам воз кечасизми? - Гулчеҳра энди нафрат билан гапирди.

У шундай дея йиғлаганича ташқарига югуриб чиқиб кетди. Ботирали эса бошини чангаллаганича диванга узала тушиб ётиб олди. Ростдан ҳам хато қилаётганини билиб турибди, аммо ички ўжарлик туфайли бир кунда ҳаммани ҳанг-манг қилганича кўч-кўронини машинага юклаб чиқди-кетди! Шунга ҳам ярим йилдан ўтаяпти. Ўзининг туққан аяси келиб роса ялинди. Ботирали бўлса, очиқдан-очиқ онасини айбдор қилди. Аяси йиғлади, тақдирини қарғади. Аслини олганда, аяси ҳам айбдор эмас. Ботиралининг дадаси автоҳалокатда вафот этгач, катталар уни қайта турмушга узатишган. Ўгай дада Ботиралини унча хушламади. Ана шу пайтларда раҳматли дадасининг катта амакиси Фазлиддин ака фарзанд кўрмаганлари учун бола асраб олиш ҳаракатида эди. "Ўз жигариники, яхши бўлади", деган ўйда кўпчилик кенгашиб, уни ҳозирги дадасига берган. Улар Ботиралини еру кўкка ишонмай катта қилишди, борини сарфлаб ўқитишди, уйлашди. Мана уч фарзандли бўлди. Энди эса …Ота-онасининг олдига ҳам ҳушига келса боради, бўлмаса йўқ. Аммо Гулчеҳра ҳар куни катта ҳовлида.

Онаси бу уйга умуман келмади, "остонамни босиб чиқиб кетган боланинг остонасини босмайман" деб аҳд қилган экан, аммо дадаси келиб дуо бериб кетган, онда-сонда невараларини олиб кетгани келиб туради.

Ташқарида болаларининг овози келди. Ботирали ҳовли ўртасида кетишга чоғланаётган дадасини хушламайгина қарши олди. "Ўтиринг", дея шунчаки мулозамат қилди.

- Борай... онанг кутаётгандир, - дадаси дарвоза томон юрди, шу вақт Гулчеҳра ошхонадан сочиққа ўралган нарса кўтариб чиқди.

- Дадажон, бувимга олиб кетинг, кеча шунақа овқат егим келаяпти девди...

- Овора бўпсан-да, қизим, илойим умрингдан барака топ! - Фазлиддин аканинг овози титраб чиқди.

- Бувимга салом айтинг, - Ботирали бу гапни самимий айтишга харакат қилса-да, қуруққина чиқди. Дадаси "хўп" дегандек бошини қимирлатди, холос.

Шу куни Ботирали кўчага чиқмади, негадир юраги ғашланиб, сиқилди. Телевизор қаршисида ўтириб кўзи илинган экан, бир маҳал кимнингдир бақиргани эшитилди. Сесканиб кўзини очди, аллақачон тун ярмига етибди.

- Дадаси! - ташқаридан Гулчеҳранинг ваҳимали овози келди.

Ирғиб ўрнидан туриб, ҳовлига отилди.

- Собирали йўқ! - Гулчеҳранинг кўзлари тўла ёш, бутун танаси қўрқувдан титрарди.

- Шу маҳалда қаёққа кетади? - Ботиралининг ҳам ҳуши бошидан учди.

- Эрта ухлаб қолувди, жойига ётқизиб чиққанман. Хабар олай, деб чиқсам йўқ.! - Гулчеҳра қалтироғини босолмасдан йиғлади, - дарвозанинг занжирини илгандим, очиқ турибди.

Эр-хотин икки томонга тарқашиб, изиллаб боласини қидиришди. Собирали йўқ! Гулчеҳра эрининг ҳай-ҳайига қарамай, катта ҳовлига кетди. Ботирали эса талвасага тушиб ҳовлида у ёқдан бу ёққа юрди. Кейин ерга чўккалаб олиб, қўлини осмонга чўзганча нола қилди. Анчагача шу алфозда ўтирди. Сўнг папирос чеккиси келиб, ичкарига кирди. Костюми ётоқхонада экан, чироқни ёқиб, чўнтагини пайпаслаётган маҳал, диваннинг тагида кимнингдир оёғи кўрингандек бўлди. Шошиб энгашди. Не кўз билан кўрсинки, Собирали улар ётадиган диваннинг бош томонида ҳеч нарсадан бехабар пишиллаб ухлаб ётибди. Ҳам қувончдан, ҳам қўрқувдан томоғига йиғи тиқилди. Чамаси уйқусираб кўча дарвозани очган, кейин эса ортига қайтиб ўз хонасига кириш ўрнига бу ёққа кириб, ердаёқ ухлаб қолган!

Аста бориб, ўғлининг бошини қучоғига олди, олди-ю кўзларидан ёш қуйилди. Бу ишнинг бежизга содир бўлмаганини дилидан ҳис қилди. Боланинг дийдори, боланинг ўти ёмон бўлишини Аллоҳ унга кўрсатди. Атига бир соатми, икки соат жон талвасаси кирди танасига шу боласи туфайли. У ташлаб кетган ота-онасига қандай аламли тўлғоқ кирган экан-а? Бир соат эмас, бир кун эмас, мана салкам бир йилдан бери у ҳозиргина тортган азобни ота-онаси тортаяпти. Қандай чидаяпти экан? Ахир, ўзининг юраги ёрилиб ўлиб қолай, деди-ку? Яна ҳам Худога айтгани бор экан. Собирали уйига эмас, ўйлаганидек кўчага чиқиб кетганида борми … ўйлашга ҳам қўрқади.

- Кўрнамакман, аблаҳман, худбинман, - ўзига ўзи пичирлади Собирали.

Шу маҳал хонага Гулчеҳра билан бирга ота-онаси кириб келди. Ҳаммалари ваҳимада.

- Топилибди-ку, вой, менинг тойчоғим! - Онаси келибоқ унга қарамасдан Собиралининг бошини силади. - Қўрқиб кетдим, болам, сал бўлмаса, юрагим ёрилай, деди. Сизларнинг ўтингизга чидамайман-а, чидамайман!

Шовқиндан Собирали уйғониб кетди, тепасида турганларга ҳайрон бўлиб бир-бир қаради-да, бувисига:

- Ия, бувижон, бизникига келдингизми? - деди.

Шундагина Ботирали улардан хавотир олгани учун онаси қасамини бузиб, унинг остонасини босиб кирганини тушунди. Тушунди-ю, ўзини унинг қучоғига отди:

- Бувижон, мени кечиринг... мен гумроҳ болангизни кечиринг, кетамиз, уйга кетамиз... бу ерда яшамайман... катта ҳовлига кетамиз...

- Ур-рэ... уйимизга кетамиз!!!

Тун қоронғусида Собиралининг бу ҳайқириғи ҳамманинг кўзига севинч ёшларини тўлдирди...

Матлуба ЮСУФ ОХУН