+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ЯНГИ ЙИЛ СОВҒАСИ

 (Ҳикоя)

- Гули, тузукмисан, ахир бугун Янги йил кириб келади. Иложи борича, қувноқ бўлишинг, яхши ниятлар қилишинг керак. Аллоҳ барча эзгу ниятларни ижобат қилади, дейишади-ку.

       Эрининг эрта тонгдан насиҳатомуз гап бошлагани Гулизарнинг дил ярасини янгилаб, бироз малол келган бўлса-да, сездирмади. Неча-неча тунлар ухламай Аллоҳга илтижо қилаётганини Миржалол билса-да, аёлига далда бериш учун айтганди бу гапни. У  яна нимадир демоқчи бўлди-ю, айтолмади. Гулизар буни айтмаса ҳам билади. Бугун турмуш қуришганига ўн йил тўлди. Миржалол аёлига "Бугун қўшалоқ байрам" дейишдан истиҳола қилди. Чунки кейинги пайтларда умидсизликка тушиб қолган Гулизарга бу гап акс таъсир қилиши, кўнглини янада чўктириши турган гап эди.

Ёшлигидан бир-бирига кўнгил қўйган, бир-бирисиз ҳаётни тасаввур этолмайдиган икки инсонни Аллоҳ фарзанддан қисди. Бу йиллар ичида улар гоҳ биргаликда, гоҳ алоҳида-алоҳида даволанишди. Бормаган жойлари-ю, учрамаган докторлари қолмади. Миржалолга ҳам осон бўлмади. Ота-онаси "Тақдирга тан беринглар, ажрашинглар, бошқасига уйлан" дея қистовга олишганига ҳам беш йилча бўлди. Таъна-ю дашномларга чидай олмаган қайнота-қайнонаси қизларини олиб кетмоқчи ҳам бўлишди. Бироқ Миржалол бунга йўл бермади. "Пешонамизда борини кўрамиз" дея оёқ тираб туриб олди. Шундан кейин икки томоннинг ҳам "Ёшларнинг ўзига қўйиб берайлик-чи" дейишдан ўзга чоралари қолмади. Ўтган йили қариндошлардан кимдир Миржалолнинг онасига "Уларни кўч кўтартириб кўриш керак, ирими шунақа бўлади" дебди. Малика холанинг қалбида яна бир умид учқуни пайдо бўлиб, чоли билан маслаҳатлашди. Эрта баҳорда ёшларга шаҳардан бир хонали уй олиб беришди. Миржалол бир ҳафта ўтар-ўтмас банкка ишга жойлашди. Бироқ Гулизарга ҳадеганда иш топила қолмади. У ёлғиз ўзи уйда ўтириб анча сиқилиб қолди. Миржалол аёлининг кўнглига қарар, у билан бирга тез-тез шаҳар айланишга тушарди...

Ўша куни болалар байрами эди. Ёшлар истироҳат боғида сайр қилиб юришарди. Гулизар боғни тўлдириб юрган, фарзанд етаклаган тенгқурларини кўриб ўксидими, ҳар ҳолда мунғайиб қолди.      

- Шу ерда бир оз ўтирайлик, - деди у Миржалолга ва жавобини ҳам эшитмай ўриндиққа чўкди.

       Миржалол уни чалғитишга ҳаракат қилиб, ёшлик пайтларидан гапириб кетди. Гулизарнинг чеҳраси ҳам ёришгандек бўлди. Шу пайт 15-20 чоғли болаларнинг ичидан бир қизча ажралиб чиқиб, улар томонга югуриб кела бошлади. Оқ юзли, қош-кўзлари қора, сочлари жингалак бу қизалоқ уларга яқин келгач, Гулизарнинг юзларига бир оз тикилиб турди-да ортига қайтди. Югурганича тарбиячи опаси ёнига борди. Унга нималардир деб кўзларини ишқалади. Кўнглида қўзғолган ғалаённи боса олмаган Гулизар беихтиёр болаларнинг ортидан юрди. Миржалол ҳам унга эргашди. Болаларни аттракционларга жойлаштиргач, уларни кузатиб турган тарбиячи ёнига яқинлашган Гулизарга "У сизни онасига ўхшатибди, бояқиш" деди. Шундан сўнг тарбиячи Гулизар ва Миржалолга бу кичкинтойларнинг "Меҳрибонлик уйи" болалари экани, 5 ёшли бу қизчанинг исми Моҳимбегимлиги-ю, унинг ота-онаси автоҳалокат туфайли вафот этишганини гапириб берди.

Шу кундан бошлаб Гулизар бутунлай оромидан айрилди. Киприкларини пирпиратиб турган гўдак кўз олдидан кетмай қолди. У болалар уйига тез-тез борадиган одат чиқарди. Ҳар борганда қизчага ўйинчоқми, ширинликми илинарди.

Бир ойларча аввал Миржалол Гулизарнинг кўзларига тикилиб сўради: "Шу қизчани асраб олсакми, а? Нима дейсан? Ҳеч кими йўқ экан, савоб бўлади" деб қолди. Гулизар бу гапдан севиниб кетди: "Шуни сизга қачондан буён айтолмаётган эдим". Улар шу куниёқ болалар уйига боришди. Мудира уларга қандай ҳужжатлар тайёрлаш кераклигини тушунтирди.

       Гулизар ўзида йўқ хурсанд эди. У эрини қўярда-қўймай бозорга бошлаб, қизча учун ётоқхона жиҳозлари, ўйинчоқлар, нимаики зарур бўлса барчасини олдирди.

Янги йил киришига бир ҳафта қолганди. Миржалол ҳужжатларни топшириш учун болалар уйига борди.            

 - Ҳаммаси жойида, - деди мудира. - Мен Моҳимбегимни ҳам тайёрлашим керак. У ҳамма болалар қатори янги йилда мўъжизалар юз беришига ишонади. Шунинг учун бу улуғ ишни янги йил кечасига қолдирсак, нима дейсиз?

- Жуда яхши-куя, лекин Гулизар ҳар бир дақиқани орзиқиб кутяпти-да. Ҳа, майли, унга ҳам тушунтирарман.

 - Янги йилдан кейин беришаркан, -деди Миржалол гарчи Гулизарни хафа қилаётган бўлса-да, ёлғон гапириб.

Бу гапни эшитган Гулизар бўшашиб кетди. Қўли ишга бормай қолди. Қизчанинг дийдорини кўришдан қувватланаётган кўнглига яна умидсизлик чўккандек бўлди. Бироқ олисда бўлса ҳам уни бахт кутаётганини ўйлаб, ўзини қўлга олди. Янги йил киришини орзиқиб кута бошлади. Байрам куни дид билан дастурхон тузади. Миржалол ишдан келгач, иккиси қишлоққа, ота-оналарига қўнғироқ қилиб, байрам билан табриклашди, эртага албатта етиб боришларини айтишди. Кексалар иккисини ҳам дуо қилишди. Бундан уларнинг кайфияти янада кўтарилди. Яхши ниятлар айтишиб, янги йилни катта умидлар билан кутиб олишди. Янги йил кириб келганига ўн дақиқача вақт ўтиб-ўтмай эшик қўнғироғи жиринглади. Гулизар ҳайрон бўлиб эрига қаради. Миржалол шоша-пиша эшикни очди. Остонада Қорбобо ўзининг жажжи Қорқизи билан турарди. Гулизар уларни ўз қадрдонларидек  кутиб олди. Айниқса, Қорқиз унга жуда танишдек кўринди. Қорбобо ўз Қорқизини совға қилиб олиб келганини айтганида Гулизарнинг қувончи ичига сиғмай кетди. Моҳимбегимни қучганча кўтариб олди. Бошидан юқори кўтариб, икки-уч бор айлантирди. Кўзлари ёшга тўлиб уни ерга қўяркан, боши айланиб кетди. Йиқилиб кетмаслик учун стулга ўтириб олди. Кўнгли ўқчиб ўзини ёмон ҳис эта бошлади. Аёлининг ранги докадек оқариб бораётганини кўрган Миржалол тез ёрдам чақирди. Шифокорлар Гулизарни текшириб кўришиб, ҳеч қандай касаллик аломати йўқлигини, бу ҳомиладор аёлда юз берадигани оддий ҳолат эканини айтишди.

Бу кутилмаган янгиликни эшитган Миржалол ҳам, Гулизар ҳам аввалига қулоқларига ишонишмади. Шифокорлар кета туриб, Гулизарга ўзини эҳтиёт қилишини тайинлашганидан сўнг ўзларига келишди.

Янги йил кечаси Аллоҳ норасида гўдакка меҳр аталмиш тенги йўқ совғани тортиқ қилган, қалби эзгуликка тўла инсонларнинг ўзларига ҳам ўз совғасини юборганди.

 

 

 Барно ШЕРАЛИ қизи