+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Хайрли иш

Хонамнинг телефони қўнғироқ бўлганини билдириб қисқа-қисқа чалинди. Гўшакни кўтардим, котибамиз Лайло экан. - Соат 15.00 да мажлислар залида йиғилиш бўлишини айтди.

Идорамизда йиғилишлар кўп бўлади. Лекин бугунгиси иш юзасидан эмас, балки янги йил байрами муносабати билан жамоада зиёфат ўтказиш масаласи ҳақида эди. Ўйин-кулгу, зиёфатга ўч ҳамкасбларимиз аллақачон  қайси ресторанда ўтказиш, қанақа кийиниш муҳокамасини бошлаб юборишганди.

- Соат учда йиғилишар эканмиз, Юлдуз опа,- ҳамкасбим Дилноза қаҳва кўтариб хонамга кирди.

- Ҳа, ҳозир Лайло қўнғироқ қилди.

- Ҳамма гапириб юрган янги йил  зиёфати муҳокама қилинса керак-а?

- Билмасам, Дилноза, - Қаҳвани қўлимга олиб,  Дилнозага тикилдим.- Ҳа, нега    авзойингиз бузилган?

- Нимасини айтасиз, опа, байрамлар яқинлашса юрагим зириллайди. Эримнинг феълини биласиз-ку? "Ароқхўрлар даврасида ўтириб ўшалар билан ўйнашасанми?!" деб дўппослайди. Қайнонам ҳам ўғлини қўллаб-қувватлайди. Ўтирмайман, десам ишхонадагиларга ёқмайди. Ҳар гал жамоавий зиёфатдан кейинги кўнгилсизликлар туфайли уйда байрамона кайфият бўлмайди...

- Менга ҳам ёқмайди. Бундай ўтиришларнинг аслида кераги йўқ. Турган-битгани зиён. Зиёфатга кетадиган пулни ўзимизга беришса, оила даврасида ўтириб, болаларни қувонтириб байрам қилган, рўзғорнинг кам-кўстини бутлаганга нима етсин?

- Бошлиқлар буни ўйлашмайди-да...

- Айтиш керак. Зиёфатни хуш кўрадиганлар бемалол базм қилаверишсин. Бошқаларни тинч қўйишса бўлди.

Дилноза қўл-қаноти синган қушдай хонамдан оҳиста чиқиб кетди. Эри жуда рашкчи. Ўтган йили Янги йил базмига келганида орқасидан эри келиб роса тўпалон қилганди.  Бояқиш ҳамкасабимиз бир неча кун изза бўлиб, ишга чиқолмаганди. Балки кўпчилик аёлларнинг уйида зиёфат туфайли кўнгилсизлик бўлар, лекин Дилнозанинг уйидаги уруш-жанжаллар ишхонамизгача етиб келади.

- Эрингиз сизга ишонмас экан-да?- деди шундай зиёфатларнинг биридан кейин ишга келган Дилнозага зиёфату ўтириш деса ўзини томдан ташлайдиган жамоадош опа. - Сиз ҳам аёлсиз,  чиройли кийиниб, ҳамкасблар билан байрамларда яйрасангиз нима бўлибди? Эр-хотин бир-бирига ишонмаса ҳаёти дўзах бўлади.

- Эрим менга албатта ишонади, лекин бундай ўтиришларда қатнашишимни истамайди, - деди қисқа қилиб.

Шу кунларда йил охирлаб, ҳамманинг хаёлида жамоанинг янги йил зиёфатини қаерда, қандай ўтказилиши ҳақида гап-сўзлар кезаётган пайтда Дилнозанинг кўнглидан нималар кечаётганини тушунаман.

Ўйлаганимиздек йиғилиш жамоа байрамини ўтказиш ҳақида экан. Бошлиқ ўринбосари йиғилишни очиб:

-          Йил якунланаяпти, иш кўп. Вақтингизни олмайман-да, янги йил байрами муносабати билан жамоамизнинг янги йил байрамини қандай ўтказиш масаласини келишиб олсак,- деди. Ер остидан секингина ёнимда ўтирган Дилнозага қарадим. Бармоқларини асабий ўйнаяпти. Ўринбосардан йиғилиш мақсадини эшитган ҳамкасблар жонлангандай бўлди. Ҳамманинг юз-кўзига разм солдим. Аксарият аёлларга зиёфат оқшоми ҳақида мунозара ёқмаётгани авзоидаги безовталикдан аён. Шундай пайтларда аёлнинг ҳақиқий юзи, оиласидаги тутуми, эрига бўлган муносабати намоён бўлади.

- Аввал ҳисобимиздаги маблағ ҳақида билайлик, - деди ўринбосар бир-бирига гал бермай шаҳардаги емакхоналарни муҳокама қилаётган жамоадошларнинг гапини кесиб. - Бошлиқ ўринбосари ташкилотимизга шу йил бошида тайинланган эди. Жиддий, ёш, билимли ва камтар йигит тез орада жамоанинг юрагига айланиб олди. Ёш бўлишига қарамай, ходимлар ундан ҳайиқиб турадилар. Ҳозир ҳам қошларини чимириб, кескин гапирган эди ходимларнинг нафаси ичига тушиб кетди.

- Иқтисодий аҳволимиз ўтган йилгидан яхшироқ,- деб сўз олди бош ҳисобчи. - Ўтган йили фақат жамоа зиёфатини уюштирган эдик. Бу йил ҳам байрам оқшоми ва ҳам ходимларга мукофот пули беришни мўлжаллаяпмиз...

- Яхши... Менда бошқача таклиф бор, - бир нуқтага тикилган кўйи ўйчан оҳангда гап бошлади ўринбосар. - Байрам муносабати билан барча ходимларга мукофот пули ёзилади. Фарзандларимиз учун касаба уюшмаси томонидан томошаларга чипта ажратилади. Лекин зиёфат тадбири ўрнига бошқа бир иш қилсак... - Мажлислар зали сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Ҳамманинг бутун вужуди қулоққа айлангандек ўринбосарга тикилиб турарди. - Байрам ўтиришига кетадиган сарф-харажатлар пулига озиқ-овқат, ширинликлардан совға халтаси тайёрлаб, эҳтиёжманд хонадонларга ҳадя қилсак, дегандим...

Енгил тин олдим. Ён-атрофга кўз қиримни ташладим. Зиёфатни хушламайдиган ҳамкасбларимнинг чеҳрасида мамнунлик ифодаси зоҳир эди. Ишқилиб, бу фикр ҳаммага маъқул келсин-да...

- Ташкилотнинг пули - ҳаммамизнинг пулимиз. Пешона теримиз, меҳнатимиз билан топган пулимиз. Менимча, топганимизнинг маълум қисмини яхшилик йўлида сарфлашни ҳаммамиз истаймиз. Сизларга маъқулми таклиф?..

Уч-тўрт кишини айтмаганда, ҳеч кимдан деярли садо чиқмади. Ходимлар ёқламаса ўринбосаримиз ҳам фикридан қайтиб қоладигандек сўз олиш учун қўл кўтардим:

-          Жуда яхши ўйлабсиз, Азизбек Аҳрорович! - Эҳтиёжманд инсонларни узоқдан қидириб юришнинг ҳам ҳожати йўқ. Аввало, ташкилотимизда ишлаган, марҳум, нафақага чиққан ҳамкасбларимизнинг фарзандларини йўқласак, кўнгиллари кўтарилади. Қолаверса, ҳар биримиз маҳалламиздан биттадан эҳтиёжманд оиланинг рўйхатини берганимиз ҳам маъқул, деб ўйлайман.   Фарзандлари мактабда яхши ўқийдиган оилаларга китоблар совға қилсак бўларди. Балки фарзандлари тўгараклар, пуллик курсларда ўқийдиган ҳамкасбларимизга ёрдам берармиз? Менимча,  бунинг учун эҳтиёжмандларни излаш шарт эмас. Аслида савоб қиламиз десак, ён-веримиздан ортмайди. Мен таклифингизни қўллаб-қувватлайман.

- Раҳмат, опа! Яхши фикр, менга маъқул келди таклифларингиз. Хўш, нима қиламиз? Сизларга қай бири маъқул?..

Ҳамон хонада жимлик ҳукмрон эди.

- Менимча ҳаммамизга маъқул,- деди касаба уюшма раисимиз. - Фақат айнан нима қилишни келишиб олганимиз дуруст. Марҳум ҳамкасбларимизнинг фарзандларига озиқ-овқат ва кийим-кечак учун пул ажратамиз. Икки нафар собиқ ходимимиз вафот этган. Қайсинисининг вояга етмаган болалари бўлса, ўшаларга моддий ёрдам ажратишни тавсия қиламан. Фарзандлари ўқув курси, тўгаракларга қатнашадиган ходимларимизнинг болалари учун бир ойлик тўловларни ҳам тўлаш яхши таклиф.

- Демак, бу таклифни    маъқуллаймизми?- Ўринбосар ҳаммага бир-бир тикилди.

Қўл кўтариб тасдиқладик. Йиғилиш якунланиб, ҳамма хонасига тарқалаётганида Дилнозанинг чеҳрасидаги хушнудликни кўриб мамнун бўлдим.

- Қандай яхши бўлди-а, опажон!

- Нимасини айтасиз? Хайрли ишнинг нияти шунчалик қувонтирса, амали қанчалик севинтирар экан?

- Шукр, бу йил байрам арафаси уйимизда дилхиралик бўлмайди. Мен ҳаммасидан ҳам шунга  хурсандман. Ҳар гал байрам ўтиришидан кейин уйдаги кўнгилсизлик, дадаси икковимизнинг тортишувимиздан болаларим эзилиб кетарди. Аслида бу йил тинч-хотиржам ўтиришимизнинг ўзи катта совға бўладиган бўлди!..

-          Худо хоҳласа!..

Хонамга кириб яна бир марта енгил нафас олдим. Қувончимни бўлишиш учун эримга қўнғироқ қилдим.

Елкамдан, йўқ, юрагимдан улкан тоғ ағдарилгандай, савоб ишга бош қўшганим учун ҳамма мушкулим осон бўлиб, йўлларим ёришиб кетгандай кўнглимга нур инди...

 

Умида АДИЗОВА