+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

"ОИЛАМ БУЗИЛГАНИДАН ПУШАЙМОНМАН"

(32-сон) Чоршанба - оилаларни мустаҳкамлаш куни

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди республика кенгаши ҳамкорлигида оилаларни мустаҳкамлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида махсус дастур ишлаб чиқилди. Дастурда турли йўналишларда оилаларни мустаҳкамлаш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланган. Шунингдек, дастурга асосан, ҳафтанинг чоршанбаси - "Оилаларни мустаҳкамлаш куни" деб эълон қилинган. Шу куни вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида кенг жамоатчилик томонидан оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар, тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича сайёр судлар ташкил этилмоқда.

 

"ОИЛАМ БУЗИЛГАНИДАН пушаймонМАН"

Ёхуд  эркак нима учун биринчи аёлидан воз кечди?

Таҳририятга келган  мактуб: "Ота-оналаримиз розилиги билан турмуш қурганмиз. Икки фарзандимиз бор. Эрим олий маълумотли, ишлайди. Ўзим ҳам таълим муассасасида ишлайман. Ўртамиёна турмуш кечирардик. Кунларнинг бирида эримнинг ҳаётида бошқа аёл борлигини сезиб қолдим. Жанжал-тўполон қилгандим, эрим у аёлни яхши кўриб қолганини, оиласини, мени ташлаб қўймаслигини, лекин у аёлдан ҳам воз кечмаслигини  айтди. Чидаёлмадим. Қайси аёл хиёнатга жимгина қараб туради? У аёлнинг олдига бордим. Мен уни енгил табиат бир аёл деб тасаввур қилган эдим. Уни кўриб, очиғи, оёғимдан мадор кетди. Ниҳоятда чиройли, сўзлари маъноли, кўзлари маъюс эди уни. Гаплашдик. У ўқиш, иш билан турмуш қурмай, ёши ўтиб қолган қиз экан. "Сизга, оилангизга хусуматим йўқ. Эрингиз бошида менга ҳаммасини айтган, сизни ҳурмат қилади, болаларини жуда яхши кўради. Сизларни ҳеч қачон ташлаб кетмайди. Менга ҳам севги-муҳаббат деб кўз очиб кўрганидан кечадиган эркакнинг кераги йўқ. Сиз билан болаларини қадрлагани учун эрингизни ҳурмат қиламан" деди. Бу гапларнинг самимийлигига ич-ичимдан ишонган бўлсам-да, эримнинг мендан афзал кўргани борлигини барибир қабул қилолмадим. Уйга қайтиб эримга "Ё мени, ё уни дейсиз. Ўшани десангиз ажрашамиз, сиз билан яшамайман" дедим. Эрим бизни танлади. Лекин ўртада дарз кетган муносабатларимиз борган сари совуқлашиб борарди. Арзимаган баҳоналар билан жанжал кўтарардим. Эрим уйга келишга безиллашини билардим. Шу тарзда ундан ўч олишни, устун туришни хоҳлардим. Афсуски, тинимсиз жанжаллар рўзғоримизнинг бузилиши билан якун топди. Ҳозир эрим ўша қизга уйланган. Гарчи қонуний ажрашмаган бўлсак-да, болаларни кўча-куйда кўради, уйга келмайди. Нима қилишга ҳайронман. Оиламни тиклаш учун энди кеч эмасмикан? Оилам бузилганидан минг бор афсусдаман..."                              

Нигора, Асака тумани.

 

Мактубда келтирилган каби ҳолатлар ҳаётимизда оз бўлса-да учраб туради. Эътибор қаратилса, турмуши бузилган аксарият аёллар эрининг бошқа аёл билан хуфёна муносабатлари маълум бўлгач, турмуш ўртоғи билан орани очиқ қилганлигини айтадилар. Хўш, эркак нега кўз очиб кўргани, уни оталик бахтига эриштирган аёл ва фарзандларидан осонгина воз кечади?

Тўғри, ўз оиласини ташлаб,    бошқага уйланган эркакни асло оқлаб бўлмайди. Лекин бундай бўлишига нима сабаб эканлиги масаласи бизни жиддий ўйлантириши керак. Қарс икки қўлдан чиқади деганларидай масаланинг моҳияти ва сабаблари хусусида айрим юртдошларимизнинг мулоҳазалари билан қизиқдик.

 

Фаридахон Аҳмедова Қорасув шаҳридаги Мирзо Улуғбек маҳалласи "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси аъзоси:

- Оила мустаҳкамлигини асраш, бахт-саодатга эришиш эркак ва аёлдан баб-баравар масъулият талаб этади. Оилавий ҳаёт - ҳар куни, ҳар соатда парваришга муҳтож. Турмушда бахт-саодатга эришиш осон эмас. Сабрли аёлларимиз ҳам жуда кўп. Бундай аёллар муаммолари, ғам-ташвишларини ҳеч қачон, ҳеч кимга ошкор этмайди. Уларни достон қилиб, бировга нолимайдилар.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ўзини ҳурмат қилган эркак енгилтабиат аёлга кўнгил қўймайди. Агар эркак суюқоёқ аёлни биринчи аёли, фарзандларидан устун қўйса, демак унинг ахлоқи нуқсонли. Ва у аввалдан нопок йўлда бўлган. Бу ҳолатни кўнгил ва ёки бахт излаш билан боғлаб бўлмайди.

Оилавий муаммолар, етишмовчилик, йўқчилик ҳамма оилада ҳам бўлади. Бежиз оилавий ҳаётни "рўзғор - ғор" деб қўйишмаган! Рўзғорнинг кам-кўсти эр-хотинни бир-биридан бездириш учун эмас, аксинча бир-бирини қўллаб-қувватлаши, авайлашига сабаб бўлиши керак.  Минг афсуски, айрим оилаларда бунинг аксини кўрамиз. Кўп ҳолларда эркакнинг аёлидан воз кечишига аёлнинг ношукурлиги, уйда меҳр кўрмаслиги сабаб бўлади. Аёл турмуш ўртоғини бундай ҳолатга туширмаслик учун нима иш зарур бўлса, барчасини қилиш керак. Мактуб йўллаган қизимиз бу ҳақда обдон ўйлаб кўрса яхши бўларди.

 

Одинахон Акбарова, Андижон туманидаги «Садда таги» маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси:

- Енгил ҳаётга ўч эркаклар масаласи энди бошқа гап. Суюқоёқ хотинларга ишқибоз эркаклар ўз қадрини билмайдиган, лаҳзалик роҳат учун икки дунёсини барбод қилган бадбахтлардир. Аммо орамизда шундай эркакларга сабр қилиб яшаётган аёллар ҳам йўқ эмас. Улар ҳеч қачон дардларини бировга ошкор қилмайдилар, оила шаъни, фарзандларининг келажаги, эрининг обрўсини ўз ғурури, бахтидан юқори қўядиган фидоий аёллардир.

Ана шундай аёлининг қадрига етмайдиган эркаклар оилада ҳам, жамиятда ҳам ҳурмат топа олмайди. Вақтлар келиб қилган бу ишидан албатта, пушаймон бўлади. Лекин  унда  хатосини тузатиш имкони бўлмайди.  Умрбод виждон азобида қолади ёки  қилган    қинғир ишлари касри фарзандларига уради, улар орқали хатолари жабрини тортади. Шу боис, хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин кўнгил кўчасига кириб, оиласини барбод, фарзандларини эл-юрт олдида мустар бўлишига йўл қўймаслиги керак.

 

Махфузахон АЛИМОВА,  психолог:

- Эр-хотиннинг ўзаро меҳр-муҳаббатли эмаслиги ҳам эркакнинг бошқа аёлга кетишига сабаб бўлиши мумкин. Инсонни кўнгил   бошқаради. Аёлнинг вазифаси фақат бола туғиш, уй-рўзғорни эпақага келтириш, пишириш-куйдириш эмас, эрга дўст, кўнгилдош ҳам бўлиш керак. Аёл жуфти ҳалолининг қалбини забт эта олиши, унинг кўнглига бегона хаёллар оралашига йўл қўймаслиги керак. Элимизнинг севимли ёзувчиси Ўткир Ҳошимов шундай деган эди: "Бахт - бу  эрталаб ишга шошилиш ва кечқурун яна уйга шошилиш".

Дарҳақиқат, оила, қадрдон уй ҳар қандай киши учун ҳамиша талпинадиган, халоват топадиган энг муқаддас, меҳр-муҳаббат масканидир.  Агар уйда меҳр-муҳаббат бўлмаса, эркак уйига келишни истамайди. Қолаверса, аёлнинг майдагаплиги ҳам эркакни бездиради. Эр ишдан чарчаб келганида  аёли яхши гапириб, кўнглини олиш ўрнига турмуш ташвишларини, етишмовчиликни рўкач қилиб, асабини эговлайверса эркак уйдан безиб, ҳаловатли гўша излаб қолади.

Ҳаётнинг қолипи йўқ, кўнгилга буйруқ бериш жуда қийин иш. Шундай экан, аёлларимиз ўз хонадонини оиланинг ҳар бир аъзоси, айниқса, турмуш ўртоғи учун ҳаловат масканига айлантира билиши лозим.

 

Муқаддасхон Солиева, Шаҳрихон тумани бош отинойиси:

- Аёл диёнатли, имони бут бўлсин. Динимизда эр ва хотиннинг зиммасига қатор бурч ва вазифалар юкланган. Эр-хотин энг аввало,  ана шу бурч ва масъулиятни ҳис этиб, унга амал қилиб турмуш кечириши лозим. Бу масалада айниқса, аёл кишидан катта сабр, матонат талаб этилади. Бундан ташқари, аёл ҳар доим назокатли, нафосатли бўлиши, ўзини қадрлай олиши керак. "Турмушга чиқдим, болаларим бор, эрни эгасига айландим" деган аёл ютқазади. Эрининг кўнглини олиш, унга севимли рафиқа бўлиш учун аёл масъул. Кўча-куй, гап-гаштакларга кетадиган вақтининг ярмини ўзига ажратса, ўзига қараса, эрига ғамхўрлик қилса, эркак ҳам кўчадан "кимнидир" излашга мажбур бўлмайди. Эркакка ҳам кўз очиб кўргани, аҳли оиласи туриб, бегона аёлга парвона бўлиш орзу эмас. Афсуски, баъзи бир аёллар ўзларининг қўполлиги, зиммасидаги бурч ва масъулиятни адо этмаслиги сабаб эрини шу йўлга киришига мажбур қилади.

Эрини ҳурмат қилмайдиган, кўнглига қарамайдиган аёл билан камдан кам эркаклар фарзандлари учун яшайди. Бу эркакнинг руҳиятига хос ҳолат. Шу ҳақиқатни тушунган аёл эрини ўзидан, оиласидан бездирмайди. Аёл эрини яхши кўрса, ҳурматини ўрнига қўйса, болалар ҳам отаси билан фахрланади. Бахти тўкис ва давомли бўлишини истаган аёл жуфтини беҳурмат қилмайди. Тақдиридан рози бўлган бандани Аллоҳ гўзал тақдир билан сийлайди.

*  *  *

Суҳбатдошларимизнинг бирортаси ҳам эрнинг кўз очиб кўрган, ўз жуфтини ташлаб, ўзга аёлга кетган, оиласини барбод қилган инсонни оқламади. Лекин бу ҳолатни юзага келишига кўпроқ аёл сабабчи бўлишини ҳам инкор этмадилар. Демак, бундан шундай хулоса қилишимиз керакки, инсонга етадиган яхшилик ёки ёмонлик феълимиздан эканлигини англаб олишимиз лозим. Бахт ҳам, бахтсизлик ҳам ўз ичимизда. Ўзимизни, қалбимизни ислоҳ этиш билан ҳаётимизни гўзал ва мазмунли қила оламиз. Аввало, ҳар бир инсоннинг ўзига инсоф берсин. Қолаверса, эр-хотин ўртасидаги муҳаббат ҳамиша парваришга муҳтож. Шу боис, эр-хотин бир-бирларини кўнглига қараб, ардоқлаб яшасин, оиласини муқаддас билсин. Севимли, бахтиёр жуфтлик бўлиш бахти барчага насиб этсин.

 

Умида АДИЗОВА тайёрлади.