+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

БАХТЛИ НИКОҲНИНГ АСОСЛАРИ

(21-сон) Психолог тавсиялари

Никоҳ узуклари тақилди, оилавий ҳаётга қадам қўйилди. Шу пайтгача бир-бирини ардоқлаб келган икки инсон, энди бир оила бўлиб яшай бошлади. Бироқ ҳамиша ёқимли ва ҳаммадан яқин инсон энди аввалгидай эмас. Нимага, деган савол қалбингизни ўртайди?.

Ҳаётингизга янги одамлар кириб келади, зиммангиздаги  масъулият ҳисси ортди. Ҳаёт эса олдингизга янги-янги синовларни қўя бошлайди. Бу каби синовлардан ўтиш, узоқ ва бахт-ли ҳаёт кечириш учун тинимсиз меҳнат қилишингиз, сабр-бардошли бўлишингиз керак. Бу эса ўз-ўзидан, осонликча бўлмаслиги аниқ. Тўғри, ҳар бир жуфтнинг, оиланинг ўзига хос муаммоси бўлади. Уларни ўзлари истаган тарзда ҳал этишни хоҳлайди. Лекин оилавий ҳаётнинг шундай шартлари борки, унга амал қилмасликнинг умуман имкони йўқ. Ана шу шартларга кўниб, мослашиб иш тутсангиз, бахтга тезроқ эришишингиз мумкин. 

Бу борада кўпроқ нималарга эътибор қаратиш лозим, қандай йўл тутсангиз тўғри бўлади? Шу ва бошқа қатор саволлар юзасидан психолог Маҳфуза Алимова қуйидаги тавсия ва маслаҳатлари билан ўртоқлашди.

 

Кўпроқ мулоқотда бўлинг

Оилавий  ҳаётингиз, келажагингиз хусусида иккингиз, яъни турмуш ўртоғингиз билан ўтириб гаплашиб олинг. Сиз авваллари муҳаббат ҳақида фикрлашгансиз. Энди оилали инсонсизлар. Оила ҳақида бир-бирингизнинг тасаввурингиз билан қизиқинг. Қарашларингиз мутаносиб бўлгани яхши. Сизга ёки унга нима ёқади, нима ёқмайди, қандай ҳолатда хафа бўласиз, нима қилсангиз бир-бирингизнинг кўнглингизни кўтаришингиз мумкин,  шулар хусусида батафсил гаплашиб олишингиз керак. Инсоннинг қисқа вақтда оилавий ҳаётга, бошқа оила муҳитига мослашиб кетиши осон эмас.  Умр йўлида бир-бирига ҳамроҳ бўладиганлар учун ўзаро ишонч ва феъл-атворини яхши билиб олиш фойдали. Бир-бирингизга феъл-атвориниз, фазилату нуқсонингиз ҳақида айтиб беришингиз бахтли турмуш учун биргаликда ҳаракат қилишга қўйилган илк қадам бўлади.

 

Шикоят қилманг

Ҳеч қачон турмуш ўртоғингизга оила аъзолари ва дўстларидан шикоят қилманг. Ва аксинча, ҳеч қачон турмуш ўртоғингизга яқинларингиз ва дўстларингиз устидан ҳам шикоят қилманг. Биринчидан, бу инсон сиз билан умрбод бирга яшайди. Унинг яхши ва ёмон томонларини бирдек қабул қилишингиз лозим. Оилавий муаммоларингиз ҳақида ўзгалар берадиган маслаҳат турмуш ўртоғингиз билан муносабатларингизнинг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Иккинчидан, сиз бўлиб ўтган дилхираликни унутиб юборасиз, лекин онангиз сизга озор берган одамни ҳеч қачон унутмайди ва кечирмайди. Шу боис бу борада жуда эҳтиёткор бўлинг, яқинингиз ҳақида кимларгадир шикоят қилишни умуман, эсингиздан чиқаринг.

 

Ўзгартиришга уринманг

Ўзингиз танлаган инсонни тарбиялашга, ўзгартиришга уринманг. Сизлар бола эмассиз, бир-бирингизнинг тарбиянгиз билан шуғуллансангиз. Ахир сиз уни бир пайтлар севгансиз, айнан ўша хислатлари учун ёқтиргансиз? Сизга ёққан одам энди ёқмай қоладими? Унинг қиёфасида бошқача инсонни кўраяпсизми? Тарбиялашга уринманг, характерини ўзгартираман, деб ўйламанг. Борича қабул қилинг, мослашинг ва ҳурмат қилинг.  Юқорида айтилганидек, бир-бирингизга маъқул ва номаъқул феълингиз ҳақида гаплашиб олганингиз яхши.

 

"Мен" эмас "биз" деб иш тутинг

Никоҳгача бўлган даврингизни эсланг, ҳар бир ишингиз биргаликда бўларди. Романтик учрашувлар, бирга вақт ўтказиш учун албатта, вақт топардингиз. Бундай учрашувлар ва дилдан қуриладиган суҳбатларни никоҳдан кейин ҳам давом эттиринг. Ўқиган китобларингиз, томоша қилган кинофильмларингиз, режаларингиз, орзуларингиз ҳақидаги фикр-мулоҳазаларингизни бир-бирингиз билан баҳам кўринг. Ҳар ким ўз дунёси, ўз иши билан банд бўлса, никоҳнинг, оиланинг қадр-қиммати пасаяди.

 

Гина сақламанг

Бир-бирингиздан аразлаб, гина-кудурат сақлаб юрманг. Муаммо кўпайтирманг. Зиддиятга бордингизми, ўз ўрнида ҳал қилинг ва гапни чўзманг. Турмуш ўртоғингиз сизни қўллаб-қувватлашини истаяпсизми? Буни очиқ-ойдин билдиринг. Бир-бирингизни кўпроқ тингланг ва тушунинг. Хатоларни кечиришга одатланинг. Оддийроқ айтганда "битта гапдан қолсангиз, осмон узилиб ерга тушмайди". Шундай қилсангиз, албатта ҳурматингиз ошади.

 

Яқинларингизга жуфтингизни яхши кўрсатинг

Ота-онангизни яхши кўрасиз, қадрлайсиз. Улар сиз учун энг азиз инсонлар. Лекин сиз улардан кўра турмуш ўртоғингиз билан кўпроқ бирга яшайсиз. Шундай экан, жуфтингизни ота-онангизга ёмон кўрсатманг. Ота-онангиз ва жуфтингиз орасида яхши муносабатни йўлга қўйиш учун нима керак бўлса қилинг. Шунда ҳам яқинларингиз, ҳам турмуш ўртоғингиз олдида ҳурмат топасиз.

 

Ўзингизга аталган вақтингиз бўлсин

Турмуш қургунингизга қадар сиз ҳаммадан айрилиб яшамагансиз, тўғрими? Дўсту дугоналарингиз, севимли машғулотингиз бўлган. Оила қурганингиздан сўнг ҳам бўш вақтингизни мароқли ўтказишга ҳаракат қилинг.  Бу турмуш ўртоғингизга ҳам маъқул бўлади. Чунки унинг ҳам ўзига ажратилган вақти, ўзининг дўстлари ва севимли машғулоти бор.

 

Эътибор

Яқин инсонингизни хурсанд қиладиган "сюрприз"лар қилишни унутманг. Ширин сўзлар билан кўнглини олинг. Ҳатто, чин дилдан билдирилган миннатдорчилик ҳам уйда муҳаббат муҳитини ўрнатади. Мақтов - эркакни бахтиёр қилиш ва қалбини забт этишга ёрдам берадиган энг мақбул усулдир.

 

Топганингизни баҳам кўринг

Оила бюджети ўртада бўлгани маъқул. Тўғри, ишлаб топган пулингизни ўзингизга, хоҳлаганингизча сарфлашни истайсиз. Лекин асосий даромад ва харажатлар ўртада бўлган, бир-бирингиздан бамаслаҳат оила маблағини бошқарганингиз яхши. Агар қайнота-қайнонангиз билан бирга яшасангиз, уларнинг йўриғига мослашишга, уларнинг айтганини қилишга ўрганинг.

 

Нозик муносабатлар

Бу масалада гапириш ножоиз бўлса-да, бир нарсани унутмангки, оилавий ҳаётда нозик муносабатларни энг охирги ўринга қўйиш у қадар тўғри эмас. Унинг завқини моддият билан ўлчаманг. Жуфтингиз билан нозик муносабатларингиз биргаликдаги бахтингиз ва завқингиз бўлсин. Эсингизда бўлсин, айнан шу муносабатлар бир-бирингизни яхши тушуниб, биргаликда бахт топа олишингизда катта ёрдам берди, шунда бошқа муаммолар сизларга  хавф сола олмайди!

 

Унутманг!

Мукаммал инсон бўлмайди. Севган инсонингизнинг қайси хусусиятига кўз юмиб, қайсинисини кечиришни ақл билан ҳал қилишингиз керак. Ҳаёт ойнага ўхшайди. Унга қандай ҳолатда боқсангиз ўзингизга шу нарса қайтади.

 

Умида Адизова ёзиб олди.