+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ОИЛАМ ТИНЧ БЎЛСИН ДЕСАНГИЗ

(13-сон) Психолог минбари

 «Ёшим 40 дан ошган, 2 нафар фарзандим бор, набиралиман. Турмуш ўртоғим билан ҳаётимиз бошиданоқ илиқлик билан бошланмади. У киши совуққон эди. Урушмасди ҳам, хақорат ҳам қилмас эди. Биз алоҳида уйга чиқиб кетганмиз. Эрим 10 йилча вақт давомида хорижга ишлагани бориб-келиб юрди. У сафарда юрган пайтларида мен мудҳиш хатога йўл қўйдим, эримга хиёнат қилдим. Энди ўзимни кечира олмаяпман. Виждон азобидан бир сафар, ҳатто ўз жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлдим. Лекин фарзандларимни ўйлаб, бу ишга жазм эта олмадим. Бу воқеага анча вақт бўлса-да, халоватим йўқ, руҳий тушкунликда кун ўтказаман. Нима қилишга хайронман?...

М.Андижон шаҳри»

Психолог эканимни эшитиб, менга учраган бу аёл билан узоқ суҳбатлашдим. У кўнгил майлига берилиб, қилган ножўя хатти-ҳаракати туфайли виждон азобида яшамоқда. Тўғри, синглимиз гуноҳ ишга қўл урган, лекин биз инсонмиз, билиб-бимасдан ҳато қилишимиз мумкин. Хато қилишдан аввал унинг оқибатларини ўйлашимиз керак, токи ҳеч ким бу аёл каби изтироб, виждон азобида қолмасин.

Азиз синглим, ўзингизни қўлга олинг. Ўз жонига қасд қилиш кечирилмас гуноҳ. Ҳар бир банда Яратганнинг ҳузурига ёруғ юз билан боришга интилиши лозим. Аввало сиз ўзингизни кечиринг, тавба қилинг. Юқорида айтганимиздек, инсон зоти борки, ҳаётда адашади, хато қилади. Асосийси, сиз ўз айбингизни тушунибсизми, мана шунинг ўзи катта гап. Таҳлилларнинг кўрсатишига, бу каби ва бошқа хатолар келиб чиқишига кишиларнинг бекорчилиги бош сабаб бўлади. Шундан келиб чиқиб, қуйидаги маслаҳат ва тавсияларимиз нафақат синглимизга, балки барча аёлларимиз учун фойдадан холи бўлмайди. Демак, ҳаётингизда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратинг:

Бекорчиликдан сақланинг!

Азиз аёллар! Агар сиз бирор жойда ишламасангиз, кунни бекор ўтказишга асло одатланманг, албатта, бирор фойдали иш билан шуғулланинг. Ўрганиш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди. Бугунги кунда бекор ўтиришнинг ўзи айб. Уйингиз томорқасидан унумли фойдаланинг ёки бирор ҳунар билан шуғулланинг. Бу билан ҳаётингиз янада мазмунли бўлади, қолаверса, оилангизга қўшимча даромад келтирасиз. Ўша ишингиз, ҳунарингизни фарзандларингизга ўргатасиз. Бу билан уларни ҳаётга тайёрлайсиз, меҳнаткаш, келажакда ўз ҳаётини қура оладиган кўникмани шакллантира оласиз.

Эътиборли бўлинг!

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, эркаклар ҳам аёлларига этиборли бўлишлари лозим. Аёл кишининг адашишига, ножўй қадам ташлашига турмуш ўртоғининг эътиборсизлиги, меҳр кўрсатмаслиги биринчи сабаб бўлади. Аёл меҳр-муҳаббат, ширин сўз гадосидир. Зотан, аёл эрининг икки оғиз ширин сўзидан ўзига руҳий мадад олсин, бурч ва масъулиятини янада теранроқ ҳис этсин. Эркакларимиз учун оддий, баъзан бачканадай туйилса-да, аёллар улардан ҳамиша эътибор, ширинсўз кутишларини асло унутмасликлари лозим. 

Ўтган воқеани унутинг!

Ҳаёт доимо равон бўлмайди, бир хилда кечмайди. Унинг баъзи йўлларида билиб-билмай адашиш, хатога йўл қўйиш мумкин. Лекин ўша хатоларни англаш ва ундан тўғри хулоса чиқариб олиш энг муҳим ҳисобланади. Айбингизни англадингизми, энди ана шундай хатони такрорламасликка қарор қилинг. Йўл қўйган хатоларингизни эслаб, дилингизни тирнайверманг. Бўлар иш бўлди, куйиб-ёнишингиз энди фойдасиз. Ҳаёт бардавомлигини, фарзандларингиз камолини ўйланг.

Уч ҳолатдан сақланинг!

Унутманг, ҳаётда учрайдиган уч ҳолат сизни ботқоққа ботиради, разолатга бошлайди. Булар - ношукурлик,  мақсадсиз яшаш, днгасалик ва бекорчиликдир.

Ношукур инсон ўзига берилган имконият ва неъматларни билмайди. Натижада уларнинг қадрига етмайди. Шундай экан, қўлингизда борига шукр қилишни ўрганинг.

Мақсадсиз яшаш мисоли денгизга елкансиз кемада чиқиш билан баробар. Елкансиз манзилга етиш мушкул бўлгани каби, мақсадсиз инсоннинг ҳам бахтли бўлиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши қийин кечади. Ҳаётда ўз олдингизга аниқ  мақсадлар қўйинг!

Дангасалик ва бекорчилик ҳаётдаги энг ёмон иллатлардир.  У инсонни разолатга, боши берк кўчага етаклайди. Уни фақат мустаҳкам ирода билан енгиш мумкин. Шу боис ҳам ҳаётингизда ана шу ҳолатларга асло йўл қўманг.

Муҳтарама опа-сингиллар! Оила муқаддас қўрғон, ана шу қўрғоннинг тинч ва мустаҳкам бўлиши учун қалбингиздан ўтаётган барча салбий ҳис-туйғуларни энг аввало ўзингиз бартараф қилишингиз керак. Доимо мулоҳаза билан иш юритинг, ортиқча шубҳа-гумонлардан тийилинг, фақат эзгу ишлар ҳақида ўйланг. Шунда ҳаёт йўлларидан тўғри одимлаб боришга ўзингизда куч топасиз, сиз учун энг азиз бўлган оилангиз ҳам тинч бўлади.

 

Маҳфузахон АЛИМОВА, психолог