+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ УЧУН НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ КЕРАК?

8- (сон) Мутахассис тавсиялари

Тан олишимиз лозим, бугун оилавий муносабатларда арзимас муаммолардан зиддиятлар келтириб чиқараётган, никоҳ риштаси нечоғлик муқаддас эканлигини ҳис этмаётган кишилар орамизда кам эмас. Бу борада ёшлар, хусусан, қизларимизни турмушга тайёрлаш деганда сеп-сидирға, мебелу турли жиҳозларни тўплашга аҳамият қаратяпмизу лекин уларни оилага, бекаликка тайёрлашни, оила мустаҳамлиги кўп ҳолларда аёлларга боғлиқлигини, аёл ширинсўз, тадбирли, зукко ва пазанда бўлиши кераклигини ўргатишга панжа ортидан қараяпмиз. Кези келганда айтиш керакки, нафақат қизлар, балки йигитларни ҳам оилавий ҳаётга тайёрлаб боришга жиддий эътибор қаратишимиз лозим.

Мустаҳкам оила нималар асосига қурилади, деган савол табиий равишда кўпчиликни қизиқтиради. Мавзу доирасида "Оила" илмий, амалий маркази вилоят бўлими директори Дилдора Саматованинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик. У оилавий масалаларни ўрганиш бўйича мутахассислар томонидан муҳим дея эътироф этилган жиҳатлар хусусида қуйидагиларни гапириб берди:

 Бурч ва масъулиятни асло унутмаслик лозим

Ота-она фарзандини оилага тайёрлашни у турмуш қуриш ёшига етишидан анча олдин бошлаши лозим. Айниқса, қиз болага ёшлигидан оила сир-синоатлари, аёл кишининг масъулият ва мажбуриятларини тушунтириш, пазандалик, чеварликни ўргатиш, қолаверса, ўзига оро бериш, зийнатланиш ва орасталикка қатъий амал қилишни уқтириб бориш керак. Ўғил болаларга эса эркак киши оила устуни эканини, рўзғорнинг моддий-маънавий таъминоти унинг зиммасида бўлишини амалда кўрсатиб, тушунтириш билан бирга, хўжалик ишларини ҳам ўргатиб бориш муҳимдир.

Умуман олганда, оилада тўғри муносабатни шакллантириш ва йўлга қўйиш мустаҳкам оила қуришнинг асоси бўлиб хизмат қилади. Бу борада оиланинг ҳар бир аъзоси ўз бурч ва масъулиятларини тўла-тўкис адо этишига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Айримлар муносабатларга путур етиб, оила парокандалик ёқасига бориб қолганидан     кейин оилани сақлаб қолиш чораларини ўйлай бошлайдилар. Оилавий муносабатларга дарз кетган аксарият ҳолатлар таҳлил қилганда, эркак ҳам, аёл ҳам ўз вазифасини тўла-тўкис англамаслиги, зиммаларидаги масъулиятни ҳис қилмаслиги сабаб бўлганлиги кўринади.

 Оила мустаҳкамлиги нимадан иборат?

Бизнинг тасаввуримизда рисоладагидек эркак деганда асосан, топарман-тутарман, маошини хотинидан бекитмайдиган, уйим-жойим деб тинмайдиган эр, рисоладагидек аёл деганда эса пазанда, эпчил, ширинсўз, уй-рўзғор юмушларини бекаму кўст адо этадиган рафиқа жонланади. Албатта, бу нисбатлар ҳам ўз ўрнида тўғри. Аммо эр-хотинни бир-бирига яқинлаштирадиган ва оилани мустаҳкамлайдиган асосларга руҳий яқинлик, кўнгилдошлик ҳам киради. Пул топиб рўзғорни таъминлаш ва мазали таомлар қилишнинг ўзи билан оилавиий ҳаёт гўзал бўлмайди. Демак, оилани мустаҳкам бўлишида эр-хотин бир-бирини тушуниши, кўнгил яқинлиги бўлиши муҳимдир. Кўнгил яқинлиги ва ўзаро муҳаббат бор жойда моддий етишмовчилик ва бошқа қийинчиликлар осон енгиб ўтилади.  

 Муҳаббатнинг афзали -ҳурмат

Эр-хотин ўртасида аввало, ўзаро ишонч ва ҳурмат мустаҳкам бўлиши керак. Негаки, ўзаро ҳурмат бўлмаган жойда муносабатлар мўрт ва заиф бўлади. "Сенга тегиб нима кўрдим?", "Сен ношуд хотинсан" каби маломатлар шундоқ ҳам таранг тортилиб турган муносабатларни узиб юборади. Бежизга буюклар "Бошга бало недан келур, бир қаричлик тилдан келур" демаганлар. Бир-бирингизнинг ютуқларингизни кўра оладиган нигоҳингиз бўлсин. Муваффақиятларингиз, қувончли дамларингизни бирга баҳам кўринг. Ишда бирор яхши натижага эришсангиз, жуфтингизга "Бу - сизнинг ҳам ютуғингиз. Сиз бўлмаганингизда балки бундай ютуқларга эришолмасмидим" деган такаллуфни изҳор қилишдан тортинманг. Бу билан орангиздаги меҳр-муҳаббат янада мустаҳкамланади. 

 Кўзингиз "кўр" бўлсин

Оилангиз мустаҳкам, бахтингиз бардавом бўлишини истасангиз, жуфтингизнинг нуқсон ва камиликларига кўз юминг. Айбларини "кўрманг". Хато ва нуқсон сизда ҳам керагича топилади. Ўзингизга савол бериб кўринг, бу феълингизга ўзингиз қандай тоқат қилардингиз?  Зиддиятли вазиятлардан узоқроқ юринг. Унутманг, ҳар қандай одат такрорлангани сари одатийликка айланиб бораверади. Арзимаган нарсаларга дилхиралик келтириб чиқариш, жанжаллашиш, бир-бирини беҳурмат қилиш ҳеч қачон яхшиликка олиб бормайди.

 Баҳслашманг, бир-бирингизни тингланг

Жуфтингизнинг кайфияти яхши бўлмаслиги, чарчаган, зериккан бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда сўроқ-савол билан тергаш ўрнига унинг кайфиятини кўтаришга урининг, эрингиз ёки рафиқангизни маълум вақт дам олиб, ўзига келиб олишига имкон беринг. Агар ишдаги ёки кўчадаги кўнгилсизликни кўтариб келиб, аламини сиздан ёхуд болалардан олишга уринаётганида ҳам баҳслашманг. Бироз вақт ўтиб, ўзига келади ва мулоҳазангизни ётиғи билан тушунтириш имкони бўлади. Бир-бирингизни тингланг. Фақат эр-хотин эмас, ҳаётда бир-бирингиз учун яқин дўст бўла олинг!

 "Сеҳрли сўз"ларни кўп ишлатинг!

"Лаббай?", "Хўп бўлади!", "Сиз учун тайёрладим!", "Меҳр ва эътиборга арзийсиз!", "Сиз билан жуда бахтлиман!", "Бизга кераксиз!" каби жумлалар бахт эшигининг калити ҳисобланади. Оилангиз мустаҳкам, бахтингиз бардавом бўлишини истасангиз бу жумлаларни тез-тез ишлатинг.

Инсон ёлғизликда бахт ва ҳаловат тополмайди. Бу - ҳаётнинг исбот талаб қилмайдиган ҳақиқати. Шундай экан, оила мустаҳкамлигига ҳали оила қурмасдан аввал ҳаракат бошланг. Олдингизда бир мақсад бўлсин: турмуш ўртоғингиз сиз билан фахрланишини астойдил истанг. Ишонинг, бу истак турмушда учрайдиган барча қийинчиликларни енгиб ўтади ва   оилангиз мустаҳкам бўлишини таъминлайди.

Умида АДИЗОВА

 

ёзиб олди.