+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

«ОИЛАМНИ САҚЛАБ ҚОЛИШНИ ИСТАЙМАН»

(6- сон) Аёлларга тавсиялар

Таҳририятга келган ушбу мактуб ҳар қандай ўқувчини ўйга толдиради. Ахир бир оиланинг барбод бўлишини, фарзандларнинг ота меҳрига зор бўлиб ўсишини ким ҳам истайди, дейсиз? Қолаверса, мактуб муаллифи айтганидай уларнинг тарбияси қандай кечади, улар эртага жамиятимиз учун муносиб инсонлар бўлиб камол топадиларми? Бу масала, нафақат, ўша оиланинг, балки бутун жамият олдида турган муҳим масаладир. Ана шундан келиб чиқиб, психолог Махфузахон Алимовадан мактуб хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, тавсия ва маслаҳатлари билан ўртоқлашишини сўрадик.

Қадрли Нилуфархон! Сиз оилангизни сақлаб қолиш учун бор имкониятларингизни ишга солишингиз керак. Энг муҳими, тушкунликка тушманг. Доно   халқимизнинг: "Сув бир лойқаланиб тинади" деган ҳикматомуз иборасини эсланг. Эр-хотиннинг бир-бирларини тушунмаслиги, келишмовчилик ва зиддиятлар ҳар қандай оилада ҳам учрайди. Тинимсиз жанжаллар, ақл кетганда айтиладиган ножоиз гап-сўзлар баҳона бўлиб оиланинг бузилишига йўл қўйиш мумкин эмас. Жуфтлар аввало, вазиятга вазминлик билан ёндашиб, ҳолатни  ақл кўзи билан таҳлил қилсалар ҳар қандай нохуш вазиятнинг олди олинади. Бундай вазиятда аввало, ғазабингизни енгинг, мулоҳаза билан иш юритинг. Руҳшуносларнинг қуйидаги тавсия ва маслахатарига амал қилсангиз, албатта, тўғри йўлни танлай оласиз, оилангиз билан боғлиқ кўнгилсизликларнинг олди олинади.

Оилавий ҳаёт - машаққатли меҳнат

Оилани саодат масканига айлантириш бир инсоннинг иши эмас. Уйингиздаги чиройли муҳит сиз ва турмуш ўртоғингизнинг муросаи мадора билан, бир-бирингизни тушуниб, камчилигингизга кўз юмиб, ютуғингизни ошириб яшаш эвазига келадиган неъматдир. Эр-хотиннинг бирга бахтли умргузаронлик қилиши уларнинг машаққатли меҳнатлари билан қўлга киритилади.

Оилавий ҳаёт вужуди меҳнат. Меҳнат бўлгандаям жуда оғир, машаққатли ва инсондан сабр-тоқат, матонат ва тиришқоқлик талаб қиладиган меҳнат. Меҳнатсевар инсон ҳеч қачон кам бўлмайди, муҳтожлик кўрмайди. Оилавий ҳаёт борасида ҳам шундай. Оиласини қадрлаган инсон уни барбод бўлишига йўл қўймайди. Оиласининг бахти, хотиржамлиги ва нуфузи учун курашади. Бу курашдан толмайди, аксинча,  завқланади.

"Қачон қарама у ўзига ўхшаган ғийбатчи аёлларга турмушимиздан шикоят қилиб нолигани нолиган", "Эрим мендан совуган, ҳар бир ишимдан айб топади". Оилавий муносабатларда бу каби гап-сўзларга, оила сирларини бошқаларга айтишга умуман йўл қўймаслик керак. Бир-бирингизни бегоналарга ёмонлашнинг нима кераги бор? Яқинларингизга оилавий ҳаётингизни давойи достон қилиб, уларни хавотирга қўйиб, бунинг устига орага совуқчилик туширишнинг асло кераги йўқ. Қолаверса, Аллоҳ ҳар бир инсонни муносибига қовуштиради. Халқимизнинг "Ўхшатмасдан учратмас" дегани бежиз эмас. Хуллас,бир-бирингизнинг айб-нуқсонингизни қидиришни бас қилинг, оилангизни сақлаб қолиш учун бор имкониятингизни ишга солинг.

- Бир-бирингизга таъна-маломатлар отишни тўхтатинг!

- Қачонлардир бўлиб ўтган майда дилхираликларни кўтариб юрманг, уларни умуман эсламанг!

- Баҳслашманг!

- Муаммоларни жанжал билан ҳал этолмайсиз. Бир-бирингизга самимий ва меҳрли бўлишга интилинг.

Нима қилиш керак?

Узоқ давом этаётган низоларни тўхтатишга ҳаракат қилинг. Жуфтингизнинг ижобий хусусиятларини эсланг. Агар сизда жуфтингизга нисбатан озгина меҳр сақланиб қолган бўлса, унинг бир пайтлари сизни мафтун қилган хусусиятлари ёдингизга тушади. Яна эр-хотин иккалангизнинг бирга ўтказган хуш дамларингиз, эсда қоларли бахтли кунларингизни эсланг. Шу инсон билан озгина бўлса ҳам бахтни ҳис қилган экансиз, демак, яна ана шундай бахтга мушарраф бўлишингиз мумкин. Жуфтингиз сабаб фарзанд деган неъмат билан тақдирланганлигингизни унутманг. Ана шуларни кўз олдингизга келтирсангиз, ҳар қандай кўнгил хираликни  четга суриб, оилангизни сақлаб қолишингиз керак.

Бунинг учун бир-бирингизга вақт беринг. Бу муддат орадаги низоларни бартараф қилинг, талашманг, тортишманг. Бироз муддат гаплашмай туриш ҳам наф беради.

Эркаклар ҳам масъулиятни унутмасин.

Эркак - оиланинг устуни, раҳбари. Аёли ва фарзандларини тўғри йўлга бошлайдиган, тарбия берадиган инсон. Эркак сўзи қаҳр-ғазаби билан эмас, балки, мақоми,  хатти-ҳаракатлари, амали билан ўрнак бўлиши керак. Оилани сақлаб қолишга кўпроқ эр масъулдир.

Аёлингиз сизга кераклигини билса,  ҳамма дилхираликларни унутиб, бағрингизга талпинади. Рафиқангизнинг қизиқишлари, ўй-хаёллари, орзусига эътиборли бўлинг. Касбий фаолиятидаги ютуқлари хусусида суҳбатлашинг. Дугоналари кимлиги, уларнинг оилавий аҳволи, феъл-атвори билан қизиқинг. Қисқаси, муносабатингиздан рафиқангиз сизга кераклигини, фикри ёдингиз унда эканлигини ва албатта, унга муҳаббатингиз баланд эканлигини ҳис қилсин.

Рафиқангизнинг босган қадамини пойламанг. Аксинча, шундай йўл тутингки, хотинингиз кун давомида нималар билан шуғуллангани, ким билан қандай мавзуда суҳбатлашганини сизга гапириб берсин. Бундай пайтларда сиз аёлингизни эътибор биланг тинглашга ҳаракат қилинг. Рафиқангизга ширин сўзлар айтинг, вақти-вақти билан турли совғалар хадя этинг.  хурсанд қилинг. Чиройли гуллар ёки бир дона шоколад беринг. Муносабатларингиз меҳр асосига қурилсин.

Аёллар, ёдингизда бўлсин!

Қадрли аёллар!  Ҳеч қачон қовоғингиздан қор ёғмасин!  Оилавий ҳаётда гина-қудратни  йиғиштиринг! Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун файз-барака кўтарилади, деган ҳикматли гапни асло унутманг. Уйингиздан барака аришини истамасангиз, ҳар қандай кўнгилхиралик келиб чиқишига йўл қўйманг, табассум қилинг. Табассум қилсангиз, хурсандчилик ўз-ўзидан келаверади.

Эркак оила бошлиғи бўлса, аёл хонадоннинг чироғи. Чироқсиз уй зулматда қолади. Зулматда вазиятни бошқариш ҳар қандай кучли раҳбарга ҳам қийин бўлади. Демак, оиланинг мустаҳкамлиги, бахти кўпроқ аёлга боғлиқ. Эрингиз билан муносабатларингизни аввалги ҳолатига қайтариш ўзингизнинг қўлингизда. У сизга керакли эканини ҳис қилсин. Эрингизга  "Уйимда мени севимли аёлим кутяпти" деган фикр ишдан қайтаётганида қанот берсин. Ишдан қайтгач, куни қандай ўтгани, ишида қандай ўзгаришлар борлигини сўранг. Буни терговдай эмас, дилдан ва самимий айтинг. Эрингизга маънавий қувват беринг.

Оилавий ҳаётнинг олтин қоидаси:

Азиз аёллар, унутманг! Бўлиб ўтган дилхираликларни  эслаш ва эрингиз маломат қилиш билан муносабатларни баттар чигаллаштирасиз. Эркакни жанжал, турли босим билан ўзингизда сақлаб қололмайсиз. Эрингизни ром этишнинг йўли - ширин сўз, меҳр-муҳаббат ва кўнгилсизликларни унутиш.

Ҳар бир инсонга оилавий бахт ва севиб-севилиб яшаш саодати насиб этсин!

 

Умида АДИЗОВА ёзиб олди.