+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАРДА НИМАГА КЎПРОҚ АҲАМИЯТ БЕРИШ КЕРАК?

(5- сон) Оила сирлари

Бугун арзимаган сабаблар туфайли айрим оилаларнинг бузилиб кетаётганлиги жамиятимиздаги оғриқли муаммолардан биридир.

Сир эмаски, миллатимиз вакиллари қадимдан жуфтига садоқат билан умргузаронлик қилган, оиласининг яхшисини ошириб, ёмонини яшириб пиру-бадавлатлик мақомига эришган. Момоларимиз хотин қўйган эркакка қиз узатишни шармисорлик деб билган, ажрашган эркаклар оила қурмаган қизларга оғиз солишга журъат қилмаган. Минг афсуски, бугунги кунга келиб ана шу ўзбекона андиша-ю орга путур етиб, ҳатто икки-уч марта хотин қўйган эркакларнинг қизларга уйланиш холатлари оз бўлса-да учрамоқда.  Ажрашган эркакнинг ортида қолаётган икки-уч бола, "турмуши бузилган"  деган тамға пешонасига ёпишган аёл турли муаммолар гирдобида яшашга мажбур бўлмоқда.

Айрим кишиларнинг оилавий ҳаётга енгил қараши оқибатида жуфтлар муносабати ҳам дарз кетган шишадек мўрт бўлиб қолмоқда, айрим оилалар парокандаликка юз тутмоқда. Бу эса айни пайтда оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш борасида жиддий ишларни олиб боришни тақозо этади.

Эр-хотин муносабатларининг босқичлари

Ҳар бир эр-хотин оилавий ҳаёт давомида турли босқичларни бошидан кечиради. Психологлар уларни қуйидаги беш даврга ажратган. Демак,

Муҳаббатга тўла дамлар. Оилавий турмушнинг илк дамлари. Севги-муҳаббатга лиммо лим тўлган даврлар. Жуфтлик бир-бирининг ҳуснига боқиб тўймайди. Совғалар, гуллар ва меҳр-муҳаббат оилавий ҳаётнинг дастлабки бир-икки йилида авжга чиқади. Энг қизиғи, бу даврда эр-хотин бир-биридан туйғу таъма қилмайди. Яъни, бир-бирларини яхши кўради, қадрлайди, меҳр беради.

Мослашиш ёки кўникиш   босқичи. Жуфтлик бир қанча вақт бирга яшаган, бир-бирига бўлган қизиқиш, эҳтиёжи бироз сўнган. Бирининг феъли иккинчисига малол келади. Энди қадр-қиммат деган тушунчалар юзага келади. Турмуш ташвишлари муҳаббат оловига сув пуркайди. Ўртада турли келишмовчиликлар юзага келади. Айнан мана шу давр улардан сабрли бўлишни тақозо этади.

Муроса босқичи. Юқоридаги ҳолатдан эсон-омон ўтиб олган эр-хотин энди бири бирига ён беришга, келишиб, муроса қилиб яшашга интилади. Ўртада фарзандлар бор, ажрашиш билан муаммо ечим топмайди. Яна ким биландир ҳаммасини бошидан бошлаш, эндигина ҳаёт оқимига мослашган туйғуларини янгилаш кўпчиликка хуш ёқмайди ва эр-хотин оила саҳнасида ўзига теккан ролни бажаришда давом этади.

Одатийликдан зериканлик босқичи. Оилавий муносабатларда эҳтирос ва муҳаббат сусайган давр. Эр-хотин бир-биридан зерикади. Шундай пайтда айрим табиати енгилроқ кишилар кўчадан "саргузаштли муҳаббат" излай бошлайди.

Мукаммал оила. Юқоридаги тўрт босқични ақл ва идрок билан ҳиссиётларини енгиб ўтган жуфтлик оилавий ҳаётнинг бешинчи босқичида кўпга ибратли оила бўла оладилар. Энди бу эр-хотинлар севги-муҳаббатга ёпишиб олмай, оила муқаддаслигини онгли равишда англаб етган ва никоҳ риштаси муҳаббатга эмас, меҳрга асосланиб боғланишини ҳис қилган бўладилар. Бу даврга келиб, жуфтлик бир-бирини ҳурмат қила бошлайди, бир-бирига билмаганини ўргатади ва энди ёнидаги шундай инсонни  йўқотишдан хавотирланади.     

Оилавий инқирозлар даври

Оилавий инқироз - муносабатларнинг янги даврга ўтишига тўғри келади. Таъкидланганидек, эр-хотин оилавий муносабатларнинг бир неча босқични бошдан ўтказадилар ва бу пайтда кимдир жуфтига ён беради, яна кимдир оиласини сақлаб қолиш учун севган ишидан кечади. Хуллас, бу жараёнлар босиқлик билан ҳал этилгунига қадар оила бир қанча таназзул даврини бошдан кечиради. Оила руҳшунослари оилавий муносабатларни ҳам  бир неча даврга бўлиб чиқишган:

- Оилавий ҳаётнинг илк йили - эр-хотин бир-бирининг феъл-атворини ўрганиши ва рўзғор тутуми, оилавий қоидаларни барпо қилиш даври.

- Турмушнинг 3-5 йиллари - илк фарзанднинг туғилиши, уй-жой, иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш ва оилада нафақат эр ёки хотин, эндиликда ота ва она ролидаги вазифаларни тақсимлаш ҳамда уларни масъулият билан бажаришни ўрганиш жараёни.

- Оилавий ҳаётнинг 7-9 йиллари - болаларнинг улғайиши, турмуш ташвишлари оқибатида жуфтлик ўртасида романтиканинг йўқолиши ва эр-хотиннинг одатий, мажбурият юзасидан кундалик муносабатга кўниккан давридир.

- Турмушнинг 15-20 йиллари - болалар улғайган. Фаолиятда ўсишлар ва ўзгаришлар, яхшигина ютуқлар қўлга киритилган. Бу ҳолатда баъзиларнинг оилавий ҳаётида маъно  йўқолгандай бўлади. Қолаверса, ёши ҳам қирқ-қирқ бешларга бориб қолган жуфтликнинг ҳар иккиси руҳият билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши мумкин.

Хиёнатдан сақланиш  керак

Бу - энг нозик масала. Аввало никоҳни муқаддас билиш, хиёнатдан сақланиш инсоннинг ахлоқ тушунчалари ва дунёқарашига боғлиқ. Қолаверса, инсон руҳиятида шаҳвоний нафс мавжуд ва бу истакни ҳамма ҳам ақл билан бошқаролмайди. Оилавий ҳаётда жуфтлар жинсий муносабатда ҳам бир-бирларининг кўнглини оғритмасликлари лозим.

Айниқса, жуфтидан қониқиш, ўзига нисбатан ишончсизлик, жуфтининг турмуш ўртоғини назарига илмаётгандек туюлиши, ўрталарида руҳий яқинлик мустаҳкам бўлиш билан боғлиқ жиҳатларига жиддий эътибор қаратишлари муҳимдир.

Инсон оилавий муносабатларда ўзига зарур бўлган нарсалар: севги, муҳаббат, ҳурмат, ишонч каби туйғуларни ўз жуфти, оиласидан тополмаса,      бошқа жойдан излашга тушади. Оилада бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун аввало, кўнгил яқинлигини бир-биридан топиши ва жинсий муносабатларга тирикчилик муаммоларининг дахл қилишига йўл қўймасликлари керак.

Оила мустаҳкамлиги кимга ёки нимага боғлиқ?

Оилани мустаҳкамлаш, никоҳни сақлаб қолиш - фақат бир кишининг иши эмас. Бунинг учун эр ва хотин бирдай масъулиятни ҳис этиши зарур. Бир-бирининг фикрини ҳурмат қилиш, муроса билан муаммоларни ҳал этиш ва ён беришда оилавий ҳаётнинг бахт калити яширинган.

Демак, низоларни бартарф этишда мулоҳаза билан иш юритиш лозим. Ҳеч қачон жуфтингизни бировнинг хотини ё эри билан солиштирманг. Ҳамманинг ўзига хос айби, камчилиги бўлади. Ахир, ўзингиз ҳам мукаммал инсон эмассиз-ку? Fазабингиз қайнаб, жаҳлингиз танангизга сиғмай қолаётганида ҳам жуфтингизни ҳақорат қилманг. Ўз масъулиятини ҳис қилган инсон, бурчини унутмайди. Бурчини унутмаган инсон   ишончни оқлайди. Ишончга муносиб инсон эса, албатта, меҳр-муҳаббат билан тақдирланади.

Оилавий ҳаётда бахтингиз бекам, меҳр-муҳаббатингиз бардавом бўлсин.

 Умида АДИЗОВА.