+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ҚАЙНОНАЛИК - ШАРАФЛИ ВА МАСЪУЛИЯТЛИ МАҚОМ

(4- сон)

Бизнинг суҳбат

Замирахон Тиллаева 1953 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топган. Олий маълумотли, Андижон давлат университетини тамомлаган, кўп йиллар таълим-тарбия соҳасида самарали фаолият олиб борган. 2 нафар фарзандни тарбиялаб камолга етказган, ҳозирда 6 нафар набиранинг севимли бувижонисидир. Нафақада бўлишига қарамай, вилоятимиз ижтимоий ҳаётидаги жараёнларда фаол    иштирок этиб келмоқда.

Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёш оилаларнинг ҳаётда мустаҳкам илдиз отиши ва жамиятда ўз ўрнини топишида  қайноналарнинг роли ниҳоятда катта. Ана шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишдаги тарғибот ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошида "Қайноналар мактаби" ташкил этилган.

Айни кунда ушбу жамоатчилик тузилмаси томонидан эътиборга молик тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ана шу ишлар, қолаверса, қайнона-келин муносабатлари, оила тутумлар, улар билан боғлиқ  халқимизнинг қадрият ва анъаналар, шунингдек, аёллар маънавиятига доир қатор саволлар хусусида "Қайноналар мактаби" раҳбари Замирахон опа ТИЛЛАЕВА билан суҳбатда бўлдик.

- Вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Қайноналар мактаби"нинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?

- Жамоатчилик асосида фаолият олиб борувчи мактабимиз қўмита ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, бир неча йиллардан буён самарали фаолият юритиб келмоқда. Мактабимизнинг асосий мақсади, оилалар мустаҳкамлигини, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, нотинч оилаларга кўмак бериш, хусусан, қайнона-келин, шунингдек, оиланинг  бошқа аъзолари ўртасида гўзал муносабатларини шакллантириш, бу борадаги халқимизнинг ўзига хос ва миллий анъаналарини давом эттириш, ёш оилаларда оила тутумларини жорий этиш, фарзанд  тарбияси билан боғлиқ ишларни самарали йўлга қўйиш бўйича  маҳаллалар, таълим муассасалари, айниқса, оилалар ўртасида кенг кўламли тарғибот ишларини олиб боришдан иборат. Бу ишларни ташкил этиш ва амалга оширишда энг аввало, вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари, уларнинг бошланғич ташкилотлари, шунингдек, маҳалла маслаҳатчилари, отин аёллар ҳамда таълим муассасалари билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

- Олиб борилаётган    тарғибот ишлари ҳақида тўхталсангиз?

- Тарғибот ишлари маҳаллалардаги кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган онахонлар, ижодкорлар, олималар кўмагида олиб борилмоқда. Айтиш жоизки, ўзига хос оилавий муносабатларнинг шаклланиши, фарзанд тарбияси, оила камолоти сингари кўплаб масалаларда қайноналар зиммасида улкан масъулият ва вазифалар борки, улар чиройли тарзда адо этилмаса, оила ҳаётининг изга тушиб кетиши анча оғир кечади. Шу боис ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина ўтган 2016 йилда маҳаллалар, шунингдек, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллежларда 200  дан ортиқ учрашув, давра суҳбатлари ташкил этилди. Ана шу тадбирларда кўплаб қайнона ва келинлар, уй бекалари, ёшлар иштирок этди.

- Бугунги кун аёлининг сурати ва сийрати ҳақида фикрларингиз?

- Бугунги кун аёлининг сурати ҳам, сийрати ҳам  гўзал. Бугун аёлларимиз оила юмушларидан ортиниб, раҳбар, депутат, тадбиркор, қўйинки, жамиятимиз ҳаётининг турли жабҳаларида, бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этаётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.  Бу борада юртимиз аёлларига жуда кенг имкониятлар яратиб берилган. Аммо айрим аёлларимизнинг хатти-ҳаракатларидан кўнглимиз хижил бўлади. Шундай аёлларимиз ҳам борки, уйида бир дунё юмуши турибди, фарзандлари унинг қаровига муҳтож, лекин у кўчага чиқиб олиб, ўтган кетган билан саотлаб гаплашиб туради, кимларнидир ғийбат қилиш билан олтинга тенг вақтини ўтказади.

Аёл учун энг улуғ мартаба унинг оналиги, фарзанд   тарбияси ва оиласининг тинчлиги-хотиржамлиги эканлигини ҳар бир аёл дилдан англаши лозим. Қолаверса, у фидойи бўлиши  оналик, аёллик, бекалик бурч ва масъулиятини ҳеч қачон эсдан чиқармаслиги керак.  Давлатимиз томонидан турли қонун ва қарорлар орқали ҳимояланиб, отамиз, ака-укаларимиз, турмуш  ўртоғимиз ва ўғлонларимиз қуршовида бахтли  яшаётган биз ўзбек аёллари - ана шу эъзозга муносиб бўлишимиз шарт. Шуни билдимки, ўзлигини англаган, зиммасидаги бурч ва вазифаларни адо этадиган опа-сингилларимиз оилада ҳам, жамиятда ҳам ҳурмат-эътиборга сазовор бўладилар.

- Тўй-маъракалардаги дабдабабозлик, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олиш ҳақида қанча кўп гапирилаётганлигига қарамай, бугун бу иллат барҳам топаётгани йўқ. Кўпчилик ана шу иллатлар аёлларнинг хоҳиш-истаги билан боғлайди. Сиз бунга нима дейсиз?

- Тўғри, кўп ҳолларда ана шундай иллатларнинг урчиб кетишига аёлларимиз сабаб бўлаётгани бор гап. Лекин шу ўринда мен бир нарсани алоҳида таъкидлашни истар эдим. Миллатимизда оила бошлиғи эркак ҳисобланади. У тўй-маъракаларда бу каби иллатларга йўл қўймаслиги, аёлини ўз измига солиши лозим. Мазкур масалада эрнинг айтганига итоат қилгувчи аёл шубҳасиз, мулоҳазали аёлдир. Юқоридаги каби иллатларнинг олдини олишда кексалар, кўпни кўрган онахонлар, фаол аёллар томошабин бўлиб турмасликлари керак, бунга йўл қўяётган аёлларга нисбатан кескин чоралар кўришлари лозим.

Афсуски, бугунги кунда айрим кишилар тўйни кўз-кўз қилиш, бойлигини, бошқалардан ўзининг устунлигини кўрсатишга уринмоқдалар. Фарзандлари оиласининг мустаҳкам бўлишини, уларнинг бахтли ҳаёти билан боғлиқ жиҳатларга иккинчи даражали масала сифатида қарамоқдалар. Бу моддий жиҳатдан бой бўлса-да, ўша кишининг маънавияти қашшоқ эканлигини кўрсатади.  Бу жуда ҳам ачинарли ҳол.   Кибрга берилиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш исломда ҳам, инсонийликда ҳам  қораланади. Айримлар "Тўйнинг ортиқча удумлари, сарф-харажатлари аёллардан чиқади" деб ҳамма айбни аёлларга ағдаришади. Мутлақо қўшилмайман бу гапга. Юқорида айтганимдай, эркак тўйнинг бошида туриб, аёлига гапини ўтказа олмаса, кераксиз сарф-харажатларнинг олдини ололмаса нима қилиб юрибди? Эркак киши оиланинг устуни бўлиб, аёл кишини йўлга солиши керак. Ҳамма нарса билимга бориб тақалади. Фарзандларимизни китоб ўқишга ўргатишимиз керак. Оила асосларини, муқаддаслигини болаларимизга тушунтиришимиз лозим. Оилани қадрлай олган, билимли болалардан ёмон одам чиқмайди. Демак - ҳамма гап тарбияда.

- Қайноналаримизнинг бугунги маънавий қиёфасига қандай баҳо берасиз?

- Орамизда шундай қайноналар борки, уларнинг қилаётган муомала-муносабатини кўриб, беихтиёр кўнгил қувнайди. Оилаларига ҳавас қиласан.  Шукрки, орамизда бундай қайноналар жуда кўп.

Қайноналик масъулиятли ва шарафли мақом. Унга ҳар бир аёл энг аввало, тайёр бўлиши керак. Яъни келин тушириб, бировнинг боласини хонадонимга олиб келиб, унга оналик қила оламанми, деган саволни ўзига бериши керак.  Қолаверса, келинга хизматкор сифатида эмас, у оиламнинг, зурриётимнинг давомчиси бўлади, деган назар билан қараши зарур. Келиндан жуда кўп нарсани талаб қилиш керак эмас, унга ўргатиш, панд-насихат, чиройли муомала билан уни  ўз измига сола билиш керак. Шундагина қайнона оиланинг мустаҳкам бўлиши учун таъмал тошини қўяди.

Тўғри, бугунги кунда қайнона бўлдим, деб кўксини кериб, келинини қийнаётган аёллар ҳам орамизда йўқ эмас. Яқинда олти ойлик келинчак менга мурожаат қилди: "Қайнонам ҳайит куни ота-онам юборган совға-саломларни кўриб, тозза жанжал кўтардилар "Ўғлимга урфдан қолган жемпердан қилишибди, кўйлаги ҳам турецкий эмас. Ҳамма куёвлар ҳозир турецкий кўйлак киляпти. Қудалар қўни-қўшнилар олдида уялтиришдими, қизларини олиб кетишсин" деб менга кун бермаяпти. Эримдан нажот истасам, у ҳам онасига қарши бирор сўз айта олмаяпти. Нима қилишга хайронман, ота-онам ҳам ойликка тирикчилик ўтказишади, оиламизни кўриб-билиб келин қилишганди. Бу гапларни онамга қандай айтаман? Ҳали узатилмаган синглим, уйланиши керак бўлган иккита укам бор. Қайнонам эса бу нарсаларни хаёлига ҳам келтирмайдилар..."

Келинни тинчлантириб,    уйига жўнатдим. Бир неча кун ўтказиб, ўша қайнона билан суҳбатлашдим. Қилаётган ишлари тўғри эмаслигини ётиғи билан тушунтирдим. Лекин у аёлни йўлга солиш осон бўлмади. Чунки у маънавияти хаминқадар, фикрлаш доираси ҳам тор аёл экан. Афсуски, орамизда бу каби қайноналар оз бўлса-да бор. Шу ўринда опа-сингилларимизга шундай маслаҳат берган бўлардим. Ўқимишли, кўпни кўрган аёллар билан тез-тез суҳбатда бўлинг. Китоб, газета ўқинг, турли сериалларни эмас, маънавиятни юксалтирувчи кўрсатувларни томоша қилинг. Шундагина юқоридаги каби кўринишлар нақадар ўринсиз эканлигини англайсиз, турли майдакашликлардан ўзингизни баланд тутасиз.

- Сизнингча, аёл киши, умуман, инсон ўз бахтига қандай эришади?

- Албатта, инсон меҳнати билан бахт топади, қадр-қиммат, эъзоз-эътиборга муносиб кўрилади. Ҳамма шароити тўкис хонадонда роҳатланиб яшаб, қиматли вақтларини беҳуда ишларга, кўча-куйда гап сотишга сарфлайдиган аёллар етишмовчиликдан нолиганини эшитганимда хафа бўлиб кетаман. Аёл ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланишни билса ҳеч қачон муҳтожлик кўрмайди. Ҳар ким ўз бахтини ўзи қуриб, фаровон турмушга ўз меҳнати билан эришади.

- Кўпчилик аёллар рўзғордаги етишмовчилик, кам-кўстда турмуш ўртоқларини айбдор қилишади. Эр-хотин қўш ҳўкиз, деган нақл бор элимизда. Аёл ҳам оиласининг фаровонлиги учун ҳаракат қилса яхши эмасми?

- Албатта! Эр-хотинлик, оиланинг мустаҳкамлиги ҳам ана шундай илдизларга бориб тақалади. Айрим аёллар "мен пул топяпман", "эрим мендан кам пул топади" деган гаплар билан оиласининг тинчини бузиб, гап-сўз бўлиб юришади. Бундай аёлларни мутлақо оқлаб бўлмайди. Рўзғор сизники, оила, уй-жой, эр, бола сизники. Хўш, ўз эрингиз, ўз фарзандларингиз, рўзғорингиз учун тиришсангиз, меҳнат қилсангиз бунинг нимаси ёмон? Оилангиз фаровонлиги, болангизнинг қорни тўқ, усти бутлиги сизнинг бахтингиз эмасми?

- Аёлни иқбол  чироғи, саодат посбони дея алқаймиз. Аммо кўп ҳолларда маиший ҳаётдаги кўнгилсизликларда аёллар бош сабабчи бўладилар...

- Бугунги аксарият келинларимиз сабр-қаноатли бўлиб ҳамма нарсага ўз меҳнати, ҳаракати билан эришиш ўрнига тезроқ бойиб кетишни, оиласи тўкис бўлишни истайди. Бу нотўғри! Афсуски, қиз узатаётган, ўғил уйлаётган айрим ота-оналар ҳам бу борада   фарзандларига етарли сабоқ бера олмаяптилар. Бу энг аввало, тарбия билан боғлиқ. Яъни бугун биз тарбия борасида халқимизнинг йиллар синовидан ўтган анъана ва тажрибаларидан унумли фойдалана олмаяпмиз.

Азал-азалдан тўй, қиз узатиш, ўғил уйлаш ширин ташвиш, тотли ҳаяжон билан кутиларди. Бугун эса бу муқаддас ва ширин дамларни дилгирлик, изтироб билан қарши олаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас.  Бунга айрим аёлларимизнинг молпарастлиги сабаб бўлмоқда. Қизига қиммат идишлар, чойшаб, пардалар, тақинчоғу кийим-кечаклардан сарпо тахлаган она қизига бекалик илмидан сабоқлар беришни унутиб қўймоқда. Ҳатто, бу сабоқлар ўшандай  оналарнинг ўзида ҳам йўқ. Оиланинг мустаҳкам қўрғон даражасига етиши, жуфтлар орасида ишонч, ўзаро-ҳурмат эътибор қарор топиши учун маълум вақт керак. Бу вақт эса аёл кишидан сабр-тоқатни талаб этади. Айрим аёлларда мана шу сабр етмагани учун ҳам баъзи бир оилалар пароканда бўлмоқда ёки бузилиб кетмоқда. Қиз бола онасидан андоза олиб рўзғорини юритади, онасининг отасига қилган муомаласига қараб эрига муносабатда бўлади. Оналарда гап кўп. Мендан дунёдаги энг оқила аёл ким, деб сўрашса, ҳеч иккиланмай "эрининг ҳурматини жойига қўйган аёл" деб жавоб берган бўлардим. Аёл қанчалик эгилгани, айниқса, ширин гап билан қайнонасини кўнглига йўл топа олгани  сари оилада шу қадар қадр топади, толеи кулади. Аёл қадрланган хонадонда улғайган фарзандлар эса шубҳасиз,    бахтли бўлади.

- Келинлик остонасида турган қизларга маслаҳатларингиз?

- Қизларимиз рўзғорнинг баланд-пастини бувижонлари, оналаридан ўргансинлар. Энг асосийси, турмушга чиқаётган қизлар оиланинг мустаҳкамлигини сақлаб қолувчи сеҳрли сўзлар "Лаббай", "Хўп бўлади", "Кечирасиз" кабиларни ўрганса, ҳаммаси рисоладагидек бўлиши шубҳасиз. Бошга келувчи омад ҳам, бало ҳам тилдан эканлигини унутмасликлари керак. Борадиган хонадонини обод қиламан, ўша ерда униб-ўсаман, турмуш ўртоғимнинг ота-онаси, жигарлари хизматини астойдил қиламан, деган ниятда бўлиши ва ана шунга амал қилиши лозим. Шундагина қизларимиз ўз бахтини ярата олади.

-     Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, соғ бўлинг.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.