+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 28 Дек 2023
    Талабалар ташаббуслари қўллаб-қувватланади
    ёшлар ҳаёти Андижон давлат чет тиллар институтида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда институтнинг биринчи проректори Ботиржон Аҳмедов талабалар билан мулоқот ўтказди. Дастлаб у…
  • 28 Дек 2023
    Ватан ҳимояси - муқаддас бурч
    Мамлакатимизда ўтказилаётган "Ватанпарварлик" ойлиги доирасида Булоқбоши туманидаги 55- ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида "Ватан ҳимояси - муқаддас бурч" мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўқувчи ёшларнинг юртга…
  • 28 Дек 2023
    ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИДА КИТОБНИНГ ЎРНИ
    "Китоб - беминнат устоз" деб ёзганди буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий. Дарҳақиқат, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи китобдир. Шунингдек, китоб тарбия…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Бачадон миомаси қандай касаллик?

Шифокор минбари

 

Бачадон миомаси, бу аёлларда энг кенг тарқалган хасталиклардан бири бўлиб, барча гинекологик касалликлар ичида 40 фоизгача учраши мумкин. Бачадон миомаси аста-секинлик билан бачадонда жуда кичик шишларнинг пайдо бўлишидан бошланади.

 Ушбу хасталик билан боғлиқ асосий шикоятларда кўпинча беморларда қориннинг пастки қисмида оғриқ, жинсий йўллардан қонли ажралмалар юзага келиши, оғир ва узоқ муддатли ҳайз кўриш каби белгилар кузатилади. Ана шу ҳолат кузатилганда бемор кичик чаноқ аъзолари ультратовуш ташхиси текширувидан ўтиши мақсадга мувофиқдир.

Нима учун миома хавфли? Таҳлилларга кўра, мураккаб ва ўтказиб юборилган ҳолатларда миома бачадоннинг бутун юзасига ўсиши ва таъсир қилиши мумкин, бу эса бутун бачадонни олиб ташлашга олиб келиш эҳтимолини оширади.

Aфсуски, миомани консерватив даволаш фойдасиз бўлиб, кўпинча самарали натижалар бермайди. Шунинг учун бачадон миомасини жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш самаралироқдир.

Яқин йилларгача аёлга бачадон миомаси ташхиси қўйилса, "унда саратон жараёни бошланди" деб ҳисобланиб, миомани келтириб чиқарган шишлар бачадон билан бирга олиб ташланар эди. Лекин кейинги даврга келиб, бу касалликка, яъни бачадондаги шишларнинг пайдо бўлишига оддий ортиқ каби қараладиган бўлди. Бу шишлар саратон бошланишига олиб келмаслиги исботланди.

Бундан ташқари, аввал бачадон миомаси аёлларнинг 30 фоизида учраган бўлса, ҳозирги кунда 30 ёшдан ошган аёлларнинг 80 фоизида бачадон миомаси касаллиги мавжудлиги аниқланди. Бачадон миомаси кўпинча симптомлар(белги)сиз ўтади. Шунинг учун кўпчилик миома мавжудлиги ҳақида беморнинг ўзи ҳам билмаслиги мумкин. Бачадон миомаси кўп туққан ва боласини кўкраги билан эмизган аёлларда кам учрайди.

 

Бачадон миомаси келиб чиқишига нима сабаб бўлиши мумкин?

Аёлнинг гормонал фони нормада эмаслиги (эстрогенларнинг кўплиги, прогестерон ишлаб чиқилиши сустлиги ва ҳоказо) сабаб юзага келади. Бачадон миомаси аста-секинлик билан бачадонда жуда кичик шишларнинг пайдо бўлишидан бошланади. Бу шишларнинг ривожланиб кетишига қуйидагилар таъсир кўрсатиши мумкин:

-        аборт, ҳайз келиш муддатларининг бузилиши, аденомиоз, аёл организмидаги гормонал бузилишлар, юрак-томир тизимининг айрим касалликлари, анемия, ортиқча семириш, жарроҳлик аралашуви (бачадонни тозалаш, бачадон операцияси), эндометриоз.

 

Бачадон миомасини қандай аниқлаш мумкин?

Ультратовушли диагностика (УТД) орқали миомани келтириб чиқарувчи бачадондаги кичик шишларни аниқ диагностика қилиш мумкин. Бунда шишлар туфайли бачадон ҳажми ўзгаргани учун шишлар ҳажми ҳафта билан ўлчанади. Ҳомиланинг нечанчи ҳафтасига шишлар ўлчами мос келишига қараб, "7-8 ҳафталик" ёки ўтиб кетган ҳолларда "12 ҳафталик" шиш деб аталади. Шишларни ҳали ўсмасдан туриб диагностика қилиш учун эса бемор мунтазам шифокор назоратида бўлиши лозим.

 

Бачадон миомасини даволаш усуллари:

- дори ёрдамида даволаш;

- халқ табобати усулида (зулук курси, иглорефлексотерапия, картошка шарбати, шифобахш гиёҳлар йиғмаси, очлик курслари);

- бачадон артерияларини эмболизациялаш (бачадондаги шишларни қон билан таъминловчи йўлни йўқ қилиш);

-  шишларни консерватив йўқ қилиш (лапороскопия);

-  кучли ультратовушли даволаш;

-  бачадонни олиб ташлаш.

Вақтида аниқланган ҳажми 2-2,5 сантиметрдан ошмаган бачадон шишларини оддий гормонал ва халқ табобати усулларида даволаш билан йўқ қилиш мумкин. Шунинг учун касалликни ўтказиб юбормаслик уни даволашда енгиллик яратади.

 

Бачадон миомасининг олдини олиш учун нима қилиш керак?

- йилда бир марта бачадонни УТД қилиш лозим;

-        кичик бўлса-да, шишлар аниқланган ҳолда дарҳол даволаниш;

-        мунтазам равишда гинеколог кўригида бўлиш.

Касалликни даволаш албатта, мутахассис шифокор назорати остида олиб борилиши лозим. Даволаш дори-дармонлар, жарроҳлик йўли орқали амалга оширилади. Даво муолажасининг қай бирини танлаш, тўлиқ текширувдан сўнг, миома ҳажми ва турига қараб амалга ошириш шифокор томонидан белгиланади.

 

Сурайёхон ЗИЯЕВА,

Нилуфар ИШАНЧАЕВА,

Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий Тиббиёт маркази Андижон вилояти филиали шифокорлари.