+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Дек 2019
    Суд идоралари тадбиркорларни қўллаб-қувватламоқда
    Тарғибот тадбирлари Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман суди ташаббуси билан “Сиз тадбиркор учун нима қилдингиз?” акцияси доирасида “Тадбиркорлик соҳасида амалда бўлган қонун нормалари ва қонуности…
  • 28 Нояб 2019
    "МАНГУ ҲИЛПИРАЙВЕР, ЖОНАЖОН БАЙРОFИМ!"
    Андижон шаҳридаги 5-мактабгача таълим ташкилотида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 28 йиллигига бағишланган "Мангу ҳилпирайвер, жонажон байроғим!" деб номланган маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда…
  • 28 Нояб 2019
    Замонавий раҳбар, меҳрибон она, маҳоратли педагог, ижодкор тарбиячи
    Мудиралар беллашуви Жалақудуқ тумани мактабгача таълим бўлимида "Замонавий раҳбар, меҳрибон она, маҳоратли педагог, ижодкор тарбиячи" кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Мазкур танлов давлат мактабгача таълим…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:


Бошқоронғи аёлга эътибор керак!

Ҳаёт - ибрат мактаби

Дарс тугашига 10 минут қолганда, амалиётчи устозимиз Лола опа хонага кириб келиб, эртадан бошлаб 15 кун шаҳар туғруқхонасида амалиётда бўлишимизни айтди. Барча қизлар хурсандчиликдан қийқириб, чапак чалиб юборишди. Чунки, баҳор ҳавоси, тиғиз дарс жадвали, умуман, чарчоқ ҳисси билан юрган қизларга амалиёт бир нажотдек эди.

Туғруқхонадаги ҳаёт, чақалоқлар инга-ингаси, туғруқ столига яқинлашаётган бўлажак оналар, шунингдек, йиллаб фарзанд кутиб, "оналик бахтига эришармиканман" деб, энтикиб ҳавас қилаётган аёллар, барча-барчаси талаба қизлар учун ҳам қизиқарли, ҳам ҳаяжонли эди.

 Бизга бўлажак оналар соғлигини ҳимоя қилиш, янги туғилган чақалоқларни йўргаклаш, парваришлаш, муолажалар ўтказиш борасида амалий кўникмалар ўргатиларди.

Устозимиз бизларни туғруққа тайёрлаш бўлимига олиб кирди ва бажариладиган ишларни барчамизга тақсимлаб чиқди. Менга туғруққа тайёрлаш бўлимида даволанаётган икки аёл соғлигини назорат қилиш вазифаси юкланди. Биз ҳамширалар билан биргаликда барча муолажаларни биргаликда бажаришга ҳаракат қилардик.

Биринчи аёл 30 ёшда бўлиб, биринчи фарзандини дунёга келтириш арафасида эди. Соҳиба опанинг турмуш қурганига 10 йил бўлса-да, юкли бўлавермаган. Турмуш ўртоғи билан Яратгандан фарзанд сўрашган, яқинлари ажратмоқчи бўлсалар-да сабр қилишган. Оллоҳ уларнинг сабрига яраша сўраганини берди. Ота-она, қайнонаю қайнота, хуллас, барча яқинлари қувончининг чеки йўқ. Уни ёш боладай авайлашар, врач нима буюрса, муҳайё қилишарди.

Иккинчи аёл Умида опанинг ёши 24 да. Бу унинг иккинчи ҳомиладорлиги бўлиб, биринчи фарзанди нимжон туғилган, чилласи чиқмай оламдан ўтган экан. Мен у билан анча сирдош бўлиб қолдим. Унинг айтишича, биринчи фарзандига    бошқоронғилик анча оғир ўтган, камқонликда туққан боласи асоратлар билан туғилган. Иккинчи фарзандида ҳам ҳомиладорлиги оғир кечмоқда. Камқонлик, витаминлар етишмовчилиги аёлни анча қийнаб қўйган эди. Умида опа оиласида 14 киши яшаши, турмуш ўртоғи Расул ака устачилик билан шуғулланиши, ишлаш учун бошқа вилоятга кетганини айтди.

- Қайнонам "мен ҳам ўнта бола туққанман, бошқоронғи, камқон деган нарсалар менга бегона, бизнинг уйда    бошқоронғи деган гап бўлмайди, чунки сизни егингиз келаётган нарсаларни бошқалар ҳам егиси келади", дегани-деган, - хўрсиниб гап бошлайди Умида опа. - Ота-онам вафот этган. Опам ва укам ўз рўзғори билан оввора.

Эртасига Соҳиба опа кўзлари ёниб сўради:

- Бозорга помидор, бодринг чиқдимикан? Шунақаям шакароб егим келяптики... Агар имкон бўлса, бир донадан помидор-бодринг олиб келинг! Лекин...

Унинг кўзлари ёшланди.

- Ҳозир пулим йўқ, Расул акам бир-икки кунда келади. "Ўзингни эҳтиёт қил. Бу сафар фақат сен учун ишлаб келаман", деган. Пулингизни албатта бераман.

 Ўша куни онамга бўлган воқеани айтиб бердим. Эрталаб турсам, онам янги карамдан дўлма пишириб, помидор-бодринг билан сумкамга солиб қўйибди.

- Ҳомиладор аёлнинг даражаси шундайки, агар у "одам гўштини егим келяпти" деса, бир парча этдан кесиб бериш керак, деган гап бор. Чунки,   бошқоронғилик ҳаммада ҳар-хил бўлади. Агар егиси келган нарсани емаса, бола нуқсонли туғилади, дейишади. Шунинг учун келинчакнинг егиси келган нарсасини олиб бор, қизим, савоб бўлади. Кеча даданг "янгилик" деб, бозордан олиб келганди. Туғилажак гўдакнинг ризқи бор экан. Умидахонга салом айт, ўзини эҳтиёт қилсин...

Умида опа мени кўчадаёқ кутиб олди. У қўлига помидор билан бодрингни олди-ю, узоқ ҳидлади, бағрига босди, кўзлари ёшланди.

Бошқоронғилик шунақа бўларкан-да, дея ўйладим.   Кейин-кейин, ҳам назарий, ҳам амалий билимлар орқали ҳомиладорлик даври, бу даврда аёлларда кечадиган жараёнлар, учрайдиган касалликлар, токсикоз, соғлом фарзанд кўриш нималарга боғлиқлигини билиб олдим. Энг асосий англаганим шу бўлдики, аёлга бу вақтда катта эътибор керак.

Азиз қайнонажонлар! Сиз ҳам ёш бўлгансиз, келинлик вазифасини бажаргансиз, фарзанд кўришдан олдин албатта, бошқоронғи бўлгансиз. Шунинг учун "менинг уйимда   "бошқоронғи" деган гап бўлмайди"  дейишингиз ножоиз. Чунки, келин сизнинг набирангизни, авлодингизни юраги остида кўтариб юрибди.

Азиз йигитлар! Турмуш ўртоғингиз нечанчи фарзандига ҳомиладор бўлишидан қатъи назар, унга эътиборли бўлинг. Бошқоронғи вақтида егиси келган нарсаларни келтиринг, инжиқлигини кўтаринг, асабини зўриқтирманг, овқатланишига эътибор беринг. Дармондорига бой овқатлар ейишига ёрдам беринг. Чунки, бу нарсалар она ва бола саломатлиги учун жуда зарур. Шундагина, туғилажак фарзандингиз ёки набирангиз соғлом, бақувват, ақлли ва бенуқсон дунёга келади.

Замирахон МЎЙДИНОВА,

 

Андижон шаҳридаги "Обод" МФЙ фаоли.