+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Йигитларимиз оила қуришга тайёр..ми?

Бугуннинг гапи

Шу кунларда шаҳримизда роса тўйлар кўпайган. Орзу-ҳавасли ота-оналар қишнинг совуқ кунларига қолдирмай фарзанди бошини иккита қилишни, қизи борлар "бировнинг омонати"ни эсон-омон ўз эгасига топширишни ният қилган.

Бугун оила қурга ёшларимиз рўзғор аравасини тортиб кета оляптими? Келин-куёвлар оилавий ҳаёт ҳақида етарли тушунчага эга бўлиб турмуш қурдими? Бугун бу каби саволларга ижобий жавоб беришга кўпчилик ўйланиб қолади.

 Биз қизларни оила қуришга тайёрлаш борасида кўп гапирамиз. Уларга муомала маданияти, тушган жойида куёвнинг яқинларига қандай муносабатда бўлиш, рўзғор илми, пазандалик, саранжом-саришталикни ўргатамиз. Уларнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитиш учун маҳаллаларда, таълим муассасаларида "Қизларжон" клублари, поликлиникаларда эса "Қизлар саломатлик марказлари" ташкил этилган. Буларнинг барчаси қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш, яхши тарбия топиши, хуллас, оилавий ҳаётга тайёрлашга кўмаклашиш учун  фаолият юритади.  Қизлар билан иш олиб борилмоқда. Хўш, йигитлар биланчи?.. Уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича нима ишлар қиляпмиз?

Ўтган йили кузда бир танишимиз қизини узатди. Не-не жойлардан совчи келмади, дейсиз, тақдир қўшилмаса қийин экан. Охири, бир йигитга узатадиган бўлишди. Йигит-қиз бир-бирига   маъқул бўлишди. "Йигитни суриштирдингларми? Қаерда ишлар экан? Тайинли ҳунари бор эканми?" дея сўрадим. "Яхши оиланинг фарзанди экан, куёв бўлмиш уйларни евроремонт қиладиган уста экан", дейишди. Қиз ҳамшираликка ўқиган, эпчил, тикувчиликдан хабари бор, пазандалик курсларида таҳсил олган, хуллас, бир оилани гулдай олиб ўтирадиган оқила ва уқувли эди. Орадан кўп ўтмай тўй бўлиб ўтди.

 Куёвнинг ҳунари мавсумий экан. Кимдир уйини таъмирлатса ёки янги бино қурса иш бўлади, бўлмаса йўқ. Тўйдан сўнг бир-икки марта ишга чиқдию, шу билан қиш ичи бекор қолди. Баҳорда эса, "ишлагани Россияга кетди", дейишди.

Келин-куёвлик ҳам бир давр. Айниқса, биринчи фарзанди туғилиб, ўзлари ота-она бўлиб, масъулиятли инсонга айлангунича, куёв-қайлиқ ҳаётдаги энг бахтли, бетакрор дамларни бошдан кечиради. Аммо, айрим оилаларда тўйдан ҳеч қанча ўтмай, турли муаммолар юзага келади. Куёвнинг тайинли бирор иши йўқлиги, оилага бош бўлиш, оилани моддий таъминлаш лаёқати йўқлиги эса муаммоларни яна кўпайтиради. Қийин шароитда қолган куёв ишлагани хорижга кетади. Янги оилага хали кўникмаган, турмуш ўртоғининг кўмагига муҳтож ёш келин қийин аҳволда қолади.

Тўғри, куёв тирикчилик, оилани боқаман, деб узоқ элларга кетади. Бундан асло кўз юмиб бўлмайди. Бироқ, хали бир-бирини яхши ўрганмаган икки ёшнинг узоқ вақт бирга бўлмасликлари оила мустаҳкамлигига қайсидир даражада раҳна солади.

Менимча, айни кунда биз йигитларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оила, оталик масъулиятини ҳис этиш, касб-ҳунарга йўналтириш борасида етарлича иш олиб бора олмаяпмиз. Агар йигитларимиз тайинли ишда ишлайдиган ёки тайинли ҳунари бор бўлса эди, оиласида муаммолар келиб чиқмас, иш излаб хорижга боришга ҳожат қолмасди.

Халқимизда "Йигит кишига етмиш ҳунар оз", деган мақол бор. Орамизда илмли, ҳунарли, оила, рўзғор, эр кишининг вазифаси нима эканлигини тушунадиган йигитларимиз жуда кўп. Лекин, эркатой, дангаса, бир ишнинг бошини тутмаган, тайинли касбу кори йўқ йигитларимиз ҳам йўқ эмас. Орзу-ҳавас билан, "келин олайлик, хизматимизни қилсин", деган ота-оналар хали оила масъулиятини яхши ҳис қилмайдиган ўғилларини уйлаб қўймасликлари керак. Минг афсуски, бугун келиндан, унинг ота-онасидан моддий манфаат кутадиган андишасиз йигитларимиз ҳам бор.

Шундай оилалар ҳам борки, келин оғриб қолса, "дам олиб келинг", дея дарров отасиникига жўнатиб юборади. Бу миллатимиз шаънига доғ бўладиган энг хунук ҳолатлардан биридир.

Келин касал ёки бошқоронғи бўлса, дори-дармонга пул     сарфлаган ҳам, егиси келган нарсани олиб берган ҳам бечора ота-онаси. Никоҳланаётганда бўлгуси хотинининг еб-ичиши, кийим-кечаги, ҳаражатларини таъминлашни бўйнига олган эркак нима учун зиммасидаги вазифани бажармайди, нима учун масъулиятни ҳис этмайди?

Ёш оилалар билан боғлиқ можаролар, ажримлар таҳлил қилинганда ёшларимизнинг оила қуришга ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр эмасликлари кўриниб қолмоқда. Айниқса, баъзи бир йигитларимизнинг уқувсизлиги, масъулиятсизлиги муаммоларни янада кўпайтираётганлигидан ҳам кўз юма олмаймиз.

Ана шундан келиб чиқиб, йигитларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласига   ҳам жиддий эътибор қаратишимиз керак. Уларга оиладаги эрлик, оталик вазифаларини, рўзғор юритиш илмини ўргатиш зарур. Хусусан, мактаблар, коллеж ва лицейларда ўғил болалар учун алоҳида "Рўзғор мактаби" тўгараклари ташкил қилинса, йигитларга турли ҳунарлар, пул топиш, уни иқтисод қилиб сарфлаш, эр-хотинлик муносабатлари, оилада қайнона-келин ўртасида можаро юзага келганда вазиятдан чиқиш каби оилавий ҳаёт сир-асрорлари ўргатилса, қолаверса, ота-оналар ҳам ўғилларини оила бошлиғи бўлишга лойиқ бўлганларида, оилани моддий таъминлай оладиган даражада салоҳиятга етганида уйласалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ҳабибахон ЖЎРАБЕКОВА,

 

"Оила"илмий-амалий тадқиқот маркази Андижон шаҳар бўлими раҳбари.