+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

БАХТ ВА ФАРОFАТ ҚАСРИНИНГ СОҲИБАСИ БЎЛАЙ ДЕСАНГИЗ, ҚУЙИДАГИ ЎГИТЛАРГА АМАЛ ҚИЛИНГ!

Келинларга маслаҳатлар

Оила бахтини ушлаб, асраб қолиш кўп жиҳатдан келинларимизга боғлиқ. Аммо эри ёки қайнонаси билан орият ё "ҳуқуқ" талашадиган, биринчи кунларданоқ қайнонага ақл ўргата бошлайдиган, панду насиҳатини назарга илмайдиган, беҳурмат қиладиган келинлар ўзлари билмаган ҳолда ўз бахтларига зомин бўлиб қоладилар. Кейин афсус-надоматлар ичра идорама-идора юриб, "ҳақиқат" излашга тушадилар.

Қайнона билан тил топишиш, унга ёқишнинг ҳеч қандай яширин йўллари, сир-синоатлари йўқ. Фақат донишмандларнинг пандларига қулоқ солиш, катталарнинг насиҳатига кўникиш, қайнонани она ўрнида кўриб, у билан низо чиқаришдан, ихтилофга боришдан қочиш керак. Келинг, яхшиси қуйидаги ўгитларни ўқиб, унга риоя қилишга урининг:

1.    Қайнонангиз она бўлгани, ёши улуғлиги, тажрибаси катталиги, сиздан донороқ, тадбирлироқ бўлгани учун ҳам унинг иззат-ҳурматини жойига қўйинг. Ўзингизни асло катта тутманг, итоатсизлик кўрсатманг. Чунки онанинг ўғлидаги ҳақлари бисёр.

2.    Рўзғорнинг  бор-йўғига чидамли, сабрли, қаноатли бўлишга ўрганинг, айтганингиз бўлмай қолса, жанжал кўтаришни одат қилманг. Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжаи мутаҳҳарлари Ойша онамизнинг гапларини эсланг: "Муҳаммад (с.а.в.) хонадонидагилар Мадинага келгандан то ул зот вафот қилгунларига қадар ҳам лоақал уч кеча тўйиб буғдой нони ейишмаган. Расулуллоҳ хонадонидагилар бир кунда икки маҳал таом емагандирлар. Биз бир ойда бир марта бўлса ҳам ўчоққа ўт ёқолмас эдик, агар аҳёнда ҳадя қилинадиган озроқ гўштни ҳисобга олмасак, ейишимиз нуқул хурмо, ичишимиз сув эди".

3.    Ота-онангизга гап ташиб боришга, уйдаги сирларни кўчага чиқаришга одат қилманг. Бу билан қудалар ўртасидаги ҳурмат-оқибатни барбод қиласиз, турмушингизга совуқчилик тушириб, эрингиз хонадонига хиёнат қилган бўласиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда "Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, чақимчилик билан уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлғай", дейди.

4.    Нима иш қилмоқчи бўлсангиз, қайнона билан маслаҳатлашинг. Маблағингизни қайнона билан келишиб сарфланг, тежамкор бўлинг. Чунки у рўзғорнинг паст-баландини, оила сарфиётини, қаттиқ-қуруқни сизга қараганда яхшироқ билади. Ўзбошимчалик, итоатсизлик, пала-партишлик ўртадаги ишонч ва ҳурматни барбод қилади.

5.    Тилингизга эҳтиёт бўлинг, ёлғон сўзлашга ўрганманг. Катталарнинг иззат-нафсига тегадиган сўзлар билан дилозорлик қилманг. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): "Одамларни юзлари билан дўзахга ташланишларига фақат тиллари сабаб бўлади!" деганлар. Бир марта ёлғон гапириш билан бир умрга ишончдан чиқиб қолишингиз мумкин.

6.    Ота-онангизни соғиниб уйингизга ёки бирор жойга бормоқчи бўлсангиз, аввал қайнонангиздан (қайнотангиздан), сўнгра эрингиздан ижозат сўранг. Бу билан катталарни ҳурмат қилган, уларнинг кўнглини топган бўласиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад    алайҳиссалом ота-онага итоат этмоқни намозни вақтида ўқишдан кейинги Аллоҳ таолога энг маҳбуб (севикли) амал, деб ҳисоблаганлар.

7.    Бирор ножўя иш қилиб қўйсангиз ёки қайнонангизнинг бирор топшириғини бажармаган бўлсангиз, дарров узр сўрашга одатланинг. Халқимизда "Эгилган бошни қилич кесмас", деган нақл бор. Кечирим сўраш билан обрўйингиз тушиб, мартабангиз пасайиб қолмайди. Аксинча, янада ардоқли ва суюклироқ бўласиз.

8.    Қайнонанинг хизматидан асло бўйин товламанг. Чунки кўп ҳолларда жанжал-можаролар ана шу "қилди-қилмади"лардан келиб чиқади. Ахир сиз ёшсиз, ғайратингиз жойида, хизмат қилиш билан бирор жойингиз камайиб қолмайди. Бир саҳоба Пайғамбар алайҳиссаломдан "Эй Расулуллоҳ, менинг касалманд онам бор, уни ўзим овқатлантираман, сув ичираман, таҳорат қилдириб қўяман, орқамда опичлаб юраман, ҳаққини тўла адо қилибманми?" деб сўраганида, Расулуллоҳ: "Йўқ, юздан бирини адо этибсан, холос", деган эканлар.

9.    Қайнона кўз ўнгида эрингиз билан асло апоқ-чапоқ бўлиб кўринманг. Ўғлининг сизнинг пинжингизга кириб кетаётганини сезса, "Болам иккита бўлди", деб қувонган она ўзини камситилган ҳис этади, бу унга оғир ботади. Бунинг сабабчиси бўлган ўғлини "оғдириб олган" келинни ёқтирмай қолади.

10.  Хонадондаги қайнсингилларингиз, овсинларингиз билан аҳил бўлишга, уларнинг кўнглини топишга ҳаракат қилинг. Қайнонага ёқишни ўйласангиз-у, аммо унинг суюкли қизларига, сиздан олдин келиб қадрдонлашиб кетган келинларига нописанд муомалада бўлсангиз, ўша оилада ўз ўрнингизни топишингиз қийин кечади.

Бахт ва фароғат қасрининг соҳибаси бўлай, эримникида иззат ва ҳурмат топай, ҳаётим осойишта ўтсин десангиз, юқоридаги ана шу панд-насиҳатларни қулоққа олиб, бугунданоқ бажаришга киришинг. Эҳтимол, сиздан кўнгли совиб, бошини қаёққа уришни билмай юрган эрингиз учун бахт-иқбол эшикларини яна очиб бераётган бўларсиз?! Эҳтимол, келиндан ёлчимадим, дея хафсаласи пир бўлаётган қайнонангизнинг қалбини ёритарсиз.  Аллоҳ таоло ҳар бир қайнона ва келинни  бир-бирларига иссиқ кўрсатсин, қалбларида меҳр-муҳаббат, ишонч, оқибат уруғларини ўстирсин.

Мақсудахон ТУРFУНОВА,

 

Избоскан тумани Қораянтоқ маҳалласи отинойиси.